Қайднома

Қидирув

FIFA ўйинининг яратилиш тарихи билан танишамиз...

FIFA ўйинининг яратилиш тарихи билан танишамиз...

  17.07.2020 07:20
  0
  426
FIFA ўйинининг яратилиш тарихи билан танишамиз...

The Sims, Battlefield, Dragon Age, Need For Speed, Mass Effect - агар видеоўйинларга бирор марта яқинлашган бўлсангиз, Electronic Arts империясидан хабардорсиз, албатта. Аммо юқорида қайд этилган ўйин иловалари кейинроқ чиқди. Буюклар қаторида 1-ўрин FIFA International Soccer ўйинига тегишли. Диққатга сазовор томони, бошида бу илованинг шу қадар оммалашишига ҳеч ким ишонмаганди...

Шифохона, Лондон, Канада...

1993 йил. EA компанияси шахмат, скейтборд, аскарлар ва коинот билан боғлиқ ўйинлар иловасини ривожлантира бошлади. Катталарга мўлжалланган ягона спорт лойиҳаси эса, Америка футболига тааллуқли эди. Бош офисда ўтириб, бош қотирадиган лойиҳачилар ўша вақт соккер ҳақида умуман ўйлашмаган ҳам. «АҚШда бу спорт турига танқидий руҳ билан қарашарди, - дейди EA асосчиси Трип Хокинс The Guardian нашрига берган интервьюсида. - Соккерни Америка футболига жойлашолмаган болаларнинг кўнгилхушлик воситаси сифатида қабул қилишган».

Бугун сизга тақдим этилаётган воқеанинг бош қаҳрамони - ишлаб чиқарувчи Ян Циан. Ванкуверга кўчиб ўтган хитойлик муҳожир Electronic Arts компаниясида фаолиятини йўлга қўйиш учун 10 йил сарфлади, тажрибавий ўйинларда футболчилар позицияси бўйича узоқ муддат бош қотирди. Жавобни эса отаси даволанган шифохонадан топди. Циан отаси инсультга чалинганидан хабар топгач, дарҳол Пекинга йўл олди. Муайян режа чизилган қоғозни олгач эса, дарҳол ортга қайтишга уринди. Канадага тезкор чипта топиш учун синглиси ёрдами билан авиакомпаниядаги танишига пора беришгача борди. Ушбу воқеа май ойида рўй берди. Янги ўйин иловаси эса октябрда тайёр бўлиши керак эди - компания унинг тақдимотини Рождество байрамига мўлжаллаганди. Чунончи, раҳбарлардан бири йўлакда кетаётиб, ходимларнинг кераксиз лойиҳа прототипи учун жон куйдиришаётгани устидан чиқади ва аниқ муддат белгилайди.

Воқеанинг яна бир қаҳрамони - ЕАнинг собиқ ижрочи-директори Марк Льюис. У 1991 йили компаниянинг Европадаги филиалини очиш мақсадида Лондондан қўним топди. Шу тариқа туманли ўлкада футболга алоқадор кишилар билан учрашди, Британиядаги ўйинлардан илҳомланди. Бош офис лойиҳага ҳамон қарши эди, бироқ Льюис ғояни амалга оширишга астойдил бел боғлаб, қисқа муддатда икки гейм-дизайнер ҳамроҳлигида тажрибавий илова тайёрлади. Умуман, 12 ҳафта мобайнида Ливерпулда бўлажак ўйиннинг уч хил варианти шакллантирилди, унда камералар жойлашуви ва футболчиларнинг тўп билан ҳаракатланишлари тасвирланди. Якунда ЕА бош қароргоҳи ҳам розилик берди, аммо Льюис олдига шарт қўйди - «Лондондаги тажрибасиз бўлим эмас, Канадада ишлайсан». Циан уни айнан шу ерда учратди. «Америкаликлар янги лойиҳага айтарли қизиқишмади, - дея эслайди ўйиннинг Европадаги маркетинги бўйича менежери Том Стоун. - Ҳурмат сақлаган ҳолда айтишим мумкин, FIFAнинг муваффақияти сири шундаки, ўйин бош офисдан ташқарида ишлаб чиқилган».

Gucci боғичи ва Мессини барчадан аввал пайқаш

Ортда қолган йиллар мобайнида ўйинни ҳақиқий футболга имкон қадар яқинлаштиришга интилишди. «Сўнгги 20 йилда FIFA номи остида чиққан ўйин иловалари ягона фалсафа асосида яратилди, - дейди британиялик журналист, видеоўйинлар бўйича эксперт Кейс Стюарт. - Буни бошқачасига «Голливудга мувофиқлик» сифатида таърифлаш мумкин. Ўйинлар реалликка яқин кўринишда, анимация ҳайратланарли даражада аниқ, намойиш пайти мўъжизавий графикни кўриш мумкин». Мураккаб ва назардан четда қоладиган техник-тактик алгоритмлар (жамоа уюшқоқлиги, суръат, майдондаги жойлашув)дан ташқари ўйиндан олинадиган визуал таассуротни икки параметр белгилайди: футболчилар ҳаракати ва ташқи кўриниши.

5 йил аввал нисбатан нотаниш қиёфаларни кўчириш масаласи FIFA вакилларини анча гангитиб қўярди. Муҳташам фотостудия, 20тадан кўп камера барча ҳаракатлар, ҳаттоки, ажинлар ва бош тузилишини суратга олади. Ўйинчилар учун мазкур жараён анча осон кечади: FIFA ўйини техник бўлими йирик клублар базасига барча ускуналар билан боради, кўчма студияни ўрнатади ва юлдузлардан бор-йўғи 2-3 дақиқа ажратишни сўрайди. The Capture Lab раҳбари Найжел Нанн TechRadar вакилларига берган интервьюсида бирга ишлаётган аксарият футболчилар FIFA иловаси фанатлари эканликлари, шу боис съёмкаларга бажонидил кўнишларини таъкидлайди. Улар кўзгу олдида ўзларига қарашади ёки соч турмакларини аввалдан янгилашади. Найжелнинг айтишича, техник бўлимга футболчилардан жуда кўплаб илтимослар тушади: кимдир ўз имиджи ўзгартирилишини хоҳлайди, баъзилар дейлик, бурун тузилиши ёки бутса рангини янгилашни сўрашади. Вақтида «Ницца»нинг ёш иқтидорли футболчиси саналган Аллен Сент-Максимен мурожаати бунга яққол мисол. У бир неча ой мобайнида нафақат чиройли ўйини, балки ҳар бир баҳсда бошига Gucci боғичини тақиб олиши билан ҳам назарга тушганди. EA Sports ўтказган сўровда FIFA ўйинчилари Сент-Максименни энг яхши навқирон футболчилар рейтингида юқори ўринларга муносиб кўришди. Компания бу ҳақда «Твиттер»даги саҳифаси орқали хабар берганида, Сент-Максимен алоҳида изоҳ ёзиб, ўйин иловасидаги кўринишига боғични ҳам қўшишларини сўради. Унинг шу биргина изоҳи 500 «ретвит» ва 2,3 минг «лайк» тўплади.

FIFA футболчиларнинг феъл-атвори бўйича ҳам астойдил изланади, катта база тузади - гигант архивда 20000га яқин профессионал ўйинчи ҳақида маълумотлар бор. EA Sports мазкур базани шакллантириш учун (20 минг футболчининг ҳар бирига тааллуқли 30тача турли хислат) бутун дунё бўйлаб таҳлилчилар тизимини йўлга қўйган. Мисол учун, Кёльнда жойлашган марказ ишини германиялик Михаэль Мюллер-Меринг раҳбарлигидаги жамоа бошқаради. Унинг таркибида уч нафар испан, инглиз, француз, италь­ян, немис, голланд, португал, ҳаттоки, венгр, исланд ва украин ҳам бор. Бундай хилма-хиллик исталган мамлакатни максимал даражада тушуниш учун зарур. Мюллер-Мерингнинг яқинда Sportbuzzer.de нашрига берган интервьюсида айтганларига қараб, таҳлиллар сифатига баҳо бериш мумкин. Мутахассис суҳбат давомида аср ибтидосида фаолиятини қай тариқа бошлагани ҳақида гапирди: «Испаниялик муҳарриримиз Серхио «Барселона»нинг аргентиналик бир футболчисига юқори баҳо берганди. Ўша йигитча 17 ёки 18 ёшда эди, у ҳақда эшитмагандим, чунки ҳали ўйинларда қатнашган эмасди. Серхиога катта баҳо беришга шошилмаслигини айтсам, у дарҳол сўзимни бўлди: «Йўқ, ҳали кўрасан, у жаҳоннинг энг яхши ўйинчиларидан бирига айланади». Шу тариқа Лионель Месси FIFAда дастлабки рейтинг очколарига эга бўлди».

«Қариялар», Kasabian ваяпонлар

FIFA иловасининг ҳал қилувчи хусусияти - реалликни таъминлаш учун чемпионатлар, клублар ва ҳаттоки, муайян юлдузларга тегишли лицензиялар қўлга киритилган. FIFA дастлабки ўйин ташкил этилган вақтдаёқ мазкур принципга амал қила бошлаган. Дейлик, ЕА мувофиқликни таъминлаш мақсадида 1994 йили тўғридан-тўғри сайёрамизнинг бош футбол ташкилоти - ФИФА билан боғланиб, шу 4та ҳарф ҳуқуқига эга бўлди. «Келишув жуда тез амалга ошди. Ушбу номдан фойдаланиш йўлида арзимас маблағ тўлагандик, - дейди Том Стоун. - Ўша пайт ФИФАда мавжуд имкониятларни тўғри баҳолай олмайдиган қариялар фаолият юритишарди...». Йиллар ўтгач, ФИФА вакиллари ташкилот брендининг салоҳияти нечоғли юқори эканлигини тушуниб, ЕА билан янги музокара жараёнида нархни кўтара бошлашди. Бунга параллель равишда компания бутун бошли лигалар ва алоҳида жамоалар билан келишувларга эришди. Ўтган асрнинг 90-йиллари ўрталарида ном ҳуқуқини бу тахлит сотиш кўпчилик учун янгилик ҳисобланарди. FIFA спорт маркетингини инқилоб сари етаклади: бозор баҳосини белгилаш, юридик формалар ишлаб чиқиш, кичик нюансларни инобатга олишда ўзгаришлар кузатилди.

Энди лицензиялашнинг мазкур тизими алоҳида саволларни келтириб чиқармоқда. Масалан, АҚШда кучли спортчилар таналаридаги татуировкалар бўйича ҳам келишувга эришиш талаб этилади. Зеро, бу суратлар тату усталарининг интеллектуал мулки ҳисобланади ва расмий рухсатсиз ёки ҳуқуқни сотиб олмасдан уларни ўйинга киритиш мумкин эмас. Лицензиялаш сиёсати туфайли ЕА гейминг соҳасидаги барча рақобатчиларини ортда қолдирди. Ҳаттоки, футболчилар ҳаракати ва реалликка яқинлик масалаларида илғор саналганлар ҳам чорасиз қолишди. FIFA айнан брендлар хилма-хиллиги туфайли XXI аср­даги ягона рақобатчиси - Япониянинг Konami студиясига тегишли Pro Evolution Soccer ўйинини ҳам шунчаки, «ўлдирди».

PESда асосий эътибор тактика ва футболчилар ҳаракатидаги аниқликларга қаратилди, бироқ вақт ўтгани сари сохталик кўпчилик жонига тегди. Чунки машҳур Неймар ёки «Челси»нинг ўрнига қалбаки ном (дейлик, G.Valente ёки ФК «Лондон» ёзувлари) ишлатиларди. EA Sports эса реалликка интилишда барча деталларни инобатга олди: стадионларнинг номи ва ташқи кўриниши, ҳақиқий шарҳловчилар, уларнинг ҳар бир ўйинга мос равишда алоҳида нутқ сўзлашлари, голларни нишонлаш, мураббийлар, об-ҳаво, либослардаги нақшлар, телетрансляцияларда кўзга ташланадиган инфографикалар дизайни, трибуналар шовқини, футболкаларда кўринадиган ҳомийлар рамзлари, билбордлар... Буларнинг барчаси эффектни таъминлашга хизмат қилади. Ҳаттоки, мусиқа ҳам мос келиши керак (ўйинлар орасида, созламаларни кавлаётганингизда, трансферларни амалга ошираётганда, янги футболчиларни қидираётганда, тактика танлаётганда турли тароналар янграйди). FIFA алоҳида саундтрек ёзмайди, барча қўшиқлар реал ижрочилардан олинади. Уларнинг айримлари машҳур, баъзилари эса йўқ: Gorillaz, Kasabian, Muse ёки Childish Gambino кабилардан тортиб, турли мамлакатларнинг нотаниш санъаткорлари ижодига ҳам жой ажратилади.

Бугун FIFA трендларда яққол кўзга ташланади. Ўйинда аёллар жамоа­лари ҳам пайдо бўлмоқда, қиз номусига тегиш бўйича айблов эълон қилингани ортидан Криштиану Роналду сурати ўйин иловаси муқовасидан олиб ташланди. Дунё аҳли бунинг нимадан далолат эканлигини тушунади ва мазкур ўйинга нисбатан меҳр ортаверади.

Факт. Forbes маълумотларига қараганда, 2016 йили истиқболига ҳеч ким ишонмаган ўйин лойиҳаси EA компанияси даромадининг қа-рийб 40 фоизини таъминламоқда.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz