Қайднома

Қидирув

Бемаъни сабаб ортидан...

Бемаъни сабаб ортидан...

  18.07.2020 01:36
  0
  654
Бемаъни сабаб ортидан...

КУЛГИЛИ, ЖИДДИЙ ВА БЕМАЪНИ САБАБЛАР ТУФАЙЛИ АМАЛГА ОШМАЙ ҚОЛГАН ТРАНСФЕРЛАР. Турли мамлакатлар чемпионатлари бироз ўзгарган тартибда давом эттирилмоқда, баъзилари финиш маррасига етди. Хуллас, навбатдаги трансферлар бозори ҳам яқинлашмоқда. Тушунарлики, ҳар бир «олди-сотди» ойнаси янги воқеликлар, турли миш-мишлар ва одатдагидек, баъзи муваффақиятсиз уринишларни тортиқ этади. Одатда кутилган трансфер оддий сабаблар туфайли амалга ошмай қолиши мумкин - жароҳат, тиббий кўрикнинг салбий хулосаси, агентларнинг катта ҳақ талаб қилишлари ёки сотувчи клубнинг ҳаддан ортиқ даражада кўп пул сўраши... Лекин футбол тарихида ностандарт сабаблар ортидан амалга ошмай қолган трансферлар ҳам етарли... Хуллас, championat.com сайтининг қуйидаги мақоласи ана шундай воқеликлар ҳақида.

 

Футболчи: Фрэнк УОРТИНГТОН

Амалга ошмаган трансфер йўналиши: «Хаддерсфилд» «Ливерпуль»

Сабаб: юқумли касаллик

Талаб даражасидаги ўйин салоҳиятига эга Фрэнк Уортингтон ўз даврида энг яхши футболчилар қаторига қўшилиши мумкин эди. 1972 йили Билл Шенклининг шахсан ўзи уни «Ливерпул»да кўришни истайди. Томонлар ҳаттоки, трансфер суммаси борасида ҳам келишиб олишади. Фрэнк «қизиллар»нинг барча шартларини қабул қилади ва тиббий кўрик учун клуб базасига ташриф буюради. Ана шу паллада кутилмаган муаммо туғилади - Фрэнкнинг қон босими меъёридан анча баланд чиқади. Бироқ кейинчалик ошкор қилинишича, келишувнинг бузилишига жинсий ҳаракат билан юқадиган инфекция сабаб бўлган.  Бундан бехабар Шенкли футболчидан бир ҳафта дам олиб, кейин қайта текширувдан ўтишини сўрайди. The Huddersfield Daily Examiner газетасида ёзилишича, иккинчи текширувда Уортингтоннинг қон босими янада ошгани ойдинлашади. Аслида гап бошқа томонда эди - Фрэнк юзага келган бир ҳафталик таътилдан фойдаланиб, Мальоркага борганди. Хуллас, у Испанияда спиртли ичимликлардан тийилмайди, боз устига, енгилтак қизлар билан учрашади. Буни эшитган Билл Шенкли эса тайёр шартномани шунчаки, ахлат қутисига ташлайди ва Фрэнкнинг онасига гулдаста юборади. Мавсум-1972|1973да «қизиллар» чемпионликни тантана қилишади, «Лестер» сафига қўшилган Уортингтон эса 16-ўрин билан чекланади. Имкониятни қўлдан чиқариш шу-да...

 

Футболчи: Гари МАКАЛЛИСТЕР

Амалга ошмаган трансфер йўналиши: «Лестер» «Ноттингем Форест»

Сабаб: ковбой этиги

Бунақаси фақат Англияда рўй бериши мумкин. Воқеа қаҳрамонлари - Брайан Клаф (Британия мураббийлик мактаби афсонаси ва «Ноттингем Форест» рамзи) ҳамда шотландиялик 26 ёшли ярим ҳимоячи Гари Макаллистер (шунинг баробарида гўёки, Голливуднинг таниқли актёри Жон Уэйн). 1990 йил Макаллистер фаолиятида жуда муҳим ўрин тутади - у «Лестер»даги 5 мавсумдан сўнг кучлироқ жамоага ўтишни режалаштиради. Чунки таклифлар етарли эди. Хуллас, «Ноттингем Форест» футболчи учун 1,15 миллион фунт тўлашга рози бўлади ва Гари «ўрмончилар» билан шартнома тузиш маросимига ковбой этигида боради. Клаф эса уни кўргани заҳоти оёғидаги пойафзалидан кўз узмаган ҳолда, сўроққа тутади: «Йигитча, сиз кимсиз?  Жин урсин, Жон Уэйн?»  Уэйн «Ғарб қироли» лақабини олган Голливуд тарихидаги энг талабгир актёрлардан бири эди. У 3 марта оила қуриб, 7 нафар фарзанд орттирган ва ўз мақомига мос равишда ғалати турмуш тарзига амал қилган. Клаф учрашув давомида Гарининг шахсий ҳаётига қаттиқ қизиқади. Якунда «ўрмончилар» келишувдан воз кечишади ва шотландиялик футболчи беихтиёр «Лидс»га ўтиб, Гордон Страчан, Дэвид Бэтти ва Гари Спидга қўшилиб, ярим ҳимояда ажойиб боғламни ташкил қилади. Ушбу квартет мавсум-1990|1991да «товуслар»нинг элит дивизионда 4-ўринни эгаллашларини таъминлайди, кейингисида эса Англия чемпиони мақомига эришади. Гари шунингдек, 2001 йили 5та кубок ютган «Ливерпул»даги муваффақиятли ўйинлари билан ёдда қолди. Умуман, Макаллистер фаолияти давомида юқори профессионаллик хислатларини намоён қилиб, 39 ёшига қадар муносиб тўп суради. Шундан келиб чиқсак, афсонавий Брайан Клаф шу трансфер ҳолатида яққол хато қилган. Энг муҳими, ковбой этиги ўйинчининг ўзи учун ажойиб тақдир йўлини очганди.

 

Футболчи: Али СИССОКО

Амалга ошмаган трансфер йўналиши: «Порту» «Милан»

Сабаб: тишга боғлиқ муаммолар

2009 йили Европанинг кучли 5та чемпионатида «Порту» чап қанот ҳимоясида порлаган Али Сиссокога талаб мислсиз даражада ортиб кетди. Январь ойида атиги 300 минг еврога харид қилинган футболчининг нархи кескин кўтарилган ва харидорлар ёзда «аждаҳолар»га нақ 10 миллиондан кўп таклиф қила бошлагандилар. Португалияликларга мурожаат қилганлардан бири - «Милан» музокара жараёнидан кейин Сиссоко учун 15 миллион евро тўлашга рози бўлди. Шартлашувга мувофиқ, франциялик футболчи «россонерлар» билан бирданига 5 йиллик битим тузиши ва ҳар мавсум учун 1 миллион миқдорида маош олиши керак эди. Хуллас, трансфер масаласида барчаси ҳал қилинган, фақат футболчининг италиялик шифокорлар назоратида текширувдан ўтиши қолганди. Жараёнда Али оғзини очмагунича ҳеч қандай муаммо аниқланмади, якунда тиш шифокори салбий хулоса чиқариб, клуб мутасаддиларига футболчи билан шартнома тузмаслик ҳақида маслаҳат берди. Клубнинг асосий «фигура»ларидан бири - Адриано Галлиани эса тиш билан боғлиқ муаммолар футболчининг ички аъзоларига ҳам таъсир қилиши, хусусан, унинг асабийлаштириши мумкинлиги ҳақидаги баёнотга ёпишиб олди. Натижада «Милан» келишувдан бош тортди. «Порту» эса бундан унча ранжигани йўқ, зеро, жамоа тезда янги харидор топиб, футболчи учун «Лион»дан 16,2 миллион евро олди. Чинакам португалча бизнес! 27 йил спорт соҳасида ишлаган таниқли шифокор Ренцо Мандоцци кейинчалик ушбу ҳолатга алоҳида изоҳ ҳам берди. Унинг сўзларига кўра, Алида гранулема (юрак тизими асоратига олиб келадиган бириктирувчи тўқима яллиғланиши) ёки ҳазм қилиш муаммоси аниқланган. Тажрибали Мандоццининг айтишича, у бундан олдин тиш касалликларининг трансферга халақит бергани ҳақида умуман эшитмаган. Қолаверса, шифокор гранулема ва окклюзия нуқсонларини тинчгина даволаш имконияти борлигини, бу каби муаммолар футболчининг ўйинига катта таъсир ўтказмаслигини ҳам айтган.  Эҳтимол, «Милан» вакиллари аслида шу аснода трансфер суммасини пасайтиришга уринишгандир... Буниси энди қоронғу.

 

Футболчи: Тибо КУРТУА

Амалга ошмаган трансфер йўналиши: «Генк» «Хоффенхайм»

Сабаб: мактаб имтиҳонидаги паст баҳо(математика фанидан)

Дюссельдорфнинг «Фортуна» клуби спорт директори Луц Пфанненштиль яқинда HLN (Бельгия) газетасига яқин ўтмишдаги қизиқарли воқеа хусусида батафсил гапириб берди. Ушбу собиқ голкипер 2010-2018 йиллар оралиғида «Хоффенхайм» клуби тизимида халқаро скау­тинг гуруҳи раҳбари сифатида ишлаган. Луц жамоадаги фаолиятининг илк босқичида «Генк» сафида кўзга ташланган икки ёш, истиқболли дарвозабон - Тибо Куртуа ва Коэн Кастельсни алоҳида кузатувга олган. Якунда Зинсхайм жамоаси Тибога аниқ шартнома таклиф қилган ва келишувни расмийлаштиришга жуда яқин келган. Бироқ Куртуа шу орада ўрта мактабда математика фани имтиҳонидан ўтолмагач, немислар тайёр келишувни бекор қилишган. 2011 йилнинг 1 август куни эса Куртуа ўрнига Кастельс Германияга йўл олди. «Хоффенхайм» бу кипер учун 1,2 миллион евро тўлаганди. Айни шу трансфер расмийлаштирилишидан бир неча кун олдин «Челси» Тибо Куртуани ўз томонига оғдириш йўлида деярли 9 миллион евродан воз кечди. Тўғри, у аввалига «Атлетико»да ижара муддатини ўтади, 3 мавсум давомида ажо­йиб ҳаракатлари билан кўзга ташланиб, «Манчестер Юнайтед»га кетган Давид де Хеа ўрнини сездирмади. Тибо кейинчалик «кўклар» афсонаси Петр Чехни асосий таркибдан четда чиқарди, Испанияга қайтганидан сўнг эса Кейлор Наваснинг «Реал»дан кетишига сабабчи бўлди. Энди Тибо Куртуа жами 12та жамоавий соврин соҳиби, Бельгия миллий жамоаси сафида эса 79та учрашув ўтказишга улгурди. Вақтида айнан Куртуа ўрнига «Хоффенхайм» таркибидан жой олган Коэн Кастельс бу борада асло мақтанолмайди. Чунончи, унинг ҳисобида атиги 1та соврин бор (Германия суперкубоги), қолаверса, бу кипер мамлакат бош жамоасидан анча йироқда (ҳали бирор халқаро учрашувда иштирок этмади).

 

Футболчи: Фелипе МЕЛО

Амалга ошмаган трансфер йўналиши: «Ювентус» «Реал»

Сабаб: ЖЧдаги қўполлик

Бразилия миллий жамоаси марказий ярим ҳимоячиси Фелипе Мело ЖЧ-2010га «Ювентус» футболчиси сифатида йўл олди. «Селесао» Африка заминидаги илк мундиалда ўз юришини 1|4 финалда тўхтатди - Жанубий америкаликлар Нидерландия термаси олдида ожиз қолишганди (1:2). Фелипо Мело шу омадсиз ўйиннинг 74-дақиқасида майдондан четлаштирилди. Ўта қатъий ва қўпол ўйин услуби билан танилган бразилиялик Арьен Роббенни қоида доирасида тўхтатиб қололмаслигини тушуниб, рақиб оёғига қасддан зарба берди - шубҳасиз, қизил карточка. Мело яқинда Испаниянинг as.com портали журналистлари билан суҳбатда носпортча ўша хатти-ҳаракати бошқа ишларига ҳам таъсир қилганини яширгани йўқ. Собиқ футболчининг айтишича, у ўша пайт, яъни ЖАР мундиалидан олдин «Реал» билан шартнома тузиш борасида келишиб олган экан. Қолаверса, «Ювентус» ҳам трансферга қаршилик қилмаган. Бироқ Роббенга нисбатан қасддан қўполлик саҳнаси «қаймоқранглилар» раҳбарларига шу қадар ёқмаганки, улар трансфер келишувини бекор қилишни пайсалга солишмаган. Кўринишидан, «Реал» Пепе ва Серхио Рамос олдига яна бир қўпол ўйинчини қўшишдан чўчиган, шекилли. Бошқача айтганда, Мадридда «асабийлар бандаси»ни кенгайтиришни хоҳлашмаган. Тўғри, Мело воқеаларнинг бундай тус олганидан унча куюнмаган бўлса керак. Ҳар ҳолда, у 2011 йилнинг 22 июль куни «Галатасарой» аъзосига айланиб, Туркиядаги 4 мавсумда нақ 8та соврин ютди. Умуман, Мело футболдаги тақдиридан мутлақо хурсанд...

--------------------------------------------------------    Давоми бор.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz