Қайднома

Қидирув

Али ал Моаз: «Амбиция кун сайин ортмоқда»

Али ал Моаз: «Амбиция кун сайин ортмоқда»

  18.07.2020 08:35
  0
  586
Али ал Моаз: «Амбиция кун сайин ортмоқда»

Қатар миллий жамоасида етакчи ҳужумчи ролида кўзга ташланишга улгурган ёш Али ал Моаз қисқа фаолияти давомида бир қатор нуфузли турнирларда иштирок этди, айниқса, тезкорлиги билан мутахассислар эътиборига тушди. У жумладан, 2015 йили Янги Зеландия майдонларида ўтказилган U-20 тоифасидаги кичик мундиалда қатнашди. Кейинчалик БААда ташкиллаштирилган Осиё кубоги-2019 турнирини энг яхши тўпурар мақомида якунлаб, Қатар термасининг тарихда илк марта қитъа чемпио­ни бўлишига муносиб ҳисса қўшди. Асосан шу муваффақият самараси ўлароқ, қатарликлар Америка кубоги-2019да меҳмон сифатида қатнашиб, КОНБЕМОЛ аъзоларига қарши учрашувларда ўзига хос имтиҳон топширишди. Шу тариқа Али ал Моаз афсонавий «Маракана»да ўйнаш имкониятига эга бўлди. FIFA.com сайти яқинда энди 23 ёшни қарши олган истиқболли ҳужумчини суҳбатга чорлади. Футболчи ўз навбатида, мулоқот давомида алоҳида таъкидлади: «2 йилдан кейин мамлакатимизда бўлиб ўтадиган ЖЧда имкон қадар муносиб тўп суришни мақсад қилганмиз ва ҳозир бор эътибор шунга қаратилган. Ўйлайманки, мундиалгача талаб даражасида тайёргарлик кўрамиз. Нафақат Қатар термасида, балки бутун мамлакатимизда ЖЧга нисбатан амбиция кундан-кунга ортиб бораётгани - айни ҳақиқат».

 

- Миллий жамоангиз ўтган йили Осиё чемпионатида ҳайратомуз футбол кўрсатди. Айтингчи, қитъа биринчилиги шахсан сизга нима берди?

- Тўғриси айтсам, турнирга аввало, чорак финалга чиқишни мақсад қилган ҳолда киришган эдик. Гуруҳ босқичи ўйинларидан кейин Ироқ ва Жанубий Корея термаларини маҳв этдик. Шу тариқа дастлабки вазифани ортиғи билан уддаладик. Ярим финалда эса майдон эгаси - БАА термасига тўқнаш келиб, мезбонлар тўсиғидан ҳам ўтдик. Натижада жамоамиз иштаҳаси ўз-ўзидан очилиб, ғолиб чиқишимизга ишонч туғилди. Умуман олганда, бутун мусобақа давомида бизни ажойиб кайфият тарк этмади. Шахсан мен ўз олдимга энг яхши ҳужумчилар қаторига кириш вазифасини қўйгандим, ўйинлардаги ҳаракатим жамоадошларимга қўшимча мотивация бериши керак эди. Бу борада астойдил тер тўкдим. Мусобақа нима берди? Биринчи навбатда, савиям сезиларли даражада ошганини айтишим жоиз.

- Осиё чемпионатидаги ёрқин иштирокдан кейин Америка кубогида ҳам Қатар терма жамоасининг даст­лабки голини ўз номингизга ёзиб қўйдингиз. Жанубий Америка вакилларига қарши баҳслар Қатар термаси учун ғоят фойдали бўлгани таъкидланмоқда. Сизнингча ҳам, турнир кучли эффект бердими?

- Аввало, таъкидлашим керак, Америка кубогидек йирик турнирда иштирок этганим билан алоҳида фахрланаман. Мисол учун, Парагвай термасига қарши беллашувда имкониятни бой бераётгандик. Шу паллада менинг голимдан кейин ўйинимиз жонланди ва якунда 2:2 ҳисобида дуранг натижага эришдик. Умуман, бу мусобақада қатнашиш ҳар бир жамоадошимга ўзгача ғурур бағишлади. Ўйлайманки, Жанубий Америкада муносиб ўйин кўрсатдик, асосийси, янги тажрибани ўзлаштирдик, ўйиннинг кўплаб жиҳатлари бобида олдинга яна бир қадам ташладик. Жумладан, Аргентина миллий жамоасидек кучли рақибга қарши кечган ўйин - биз учун бебаҳо тажриба! Ҳар ҳолда, бизда ҳар доим ҳам бундай жамоалар билан куч синашиш имконияти туғилмайди. Тўғри, ўша учрашувда мағлубиятни тан олдик, аммо номдор рақибларга қарши майдонга тушиш қўрқувидан фориғ бўлдик, менимча.

- Вақтида 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги ЖЧда ҳам қатнашгансиз. Бу мусобақанинг бошқа турнирлардан фарқли томони нима? Умуман, ёшлар мундиали фойдаси айнан нимада кўринади?

- Тушунарлики, жаҳон кубоги қитъа миқёсидаги мусобақа ёки саралаш учрашувларидан кескин фарқ­ланади. Зеро, бу турнирда дунёнинг энг сара жамоалари ўзаро куч синашади. Ўз тажрибамдан айтсам, Янги Зеландиядаги мусобақа ўйинлари жуда оғир кечди. Муҳими, ёшларга хос кучли иштиёқ ва эҳтирос билан тўп сурдик. Албатта, ёшлар миқёсидаги турнирлар иқтидорли йигитлар учун айни муддао. Бу -катталар футболига қадам ташлаш майдони. Энди бизни олдинда энг йирик мусобақа кутиб турибди. Ўйлайманки, ЖЧ-2022 футбол тарихида ўзгача из қолдиради. Қатар термасига келсак, 2022 йили ўз юртимизда майдонга тушамиз, демак, ҳар қандай рақибдан тап тортмаган ҳолда ўйнашимиз тайин. Бундан ташқари, мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари ҳам катта аҳамият касб этади.

- Қатар миллий жамоасининг ҳозирги таркибида Янги Зеландияда ўйнаган футболчилар кўпчиликни ташкил этишади. Шундай экан, ҳамжиҳат ҳаракатланиш қандайлигини биласизлар. Бу навбатдаги мусобақада нечоғли қўл келади, сизнингча?

- Янги Зеландияда чиндан ҳам, ўз ёш тоифамизда мураккаб турнир синовидан ўтдик. Мусобақа бизга буюк келажакка ишонч билан қарашни, юксакликка интилишни ўргатди. Бунга қадар ёш футболчиларимизнинг ёндашуви бошқача эди, ватан жамоасида ўйнаш нимани англатишини ҳеч ким теран тушунмасди. Айниқса, ЖЧ йўлланмасини қўлга киритганимизгача. Муҳими, нафсониятимиз, иштиёқимиз ўсишда давом этмоқда. Ортда қолган турнирларда тўпланган тажриба ўз мамлакатимиздаги мундиалда ишонч билан тўп суришимиз имконини беришига аминман.

- Қатар миллий жамоаси ОФК миқё­сидаги ЖЧ-2022|ОК-2023 қўшма саралаш турнири «Е» гуруҳида пешқадам бўлиб турибди. Сизларга мусобақа мезбони сифатида мундиал йўлланмаси кафолатланган. Хўш, саралаш мусобақасига қандай баҳо берасиз?

- Бунинг аҳамияти катта. Зеро, биз Осиё кубоги-2023 турнири йўлланмасини гуруҳ ғолиби сифатида қўлга киритишни истаймиз. Ҳозиргача бир қатор жиддий ўйинларда майдонга тушдик. Дейлик, Ҳиндистон термаси Дохада жамоамизни анча қийин ҳолатга тушириб қўйди. Яна Уммон термасини енгишда ҳам роса тер тўкишимизга тўғри келди. Умуман, саралаш ўйинларига худди финал раунди баҳс­ларидек ёндашяпмиз. Олдинда Хитой термаси билан ўйинимиз бор. Бу учрашувни ҳам чемпионга хос тарзда ўтказиб, ўтган йилги зафаримиз тасодиф эмаслигини исботламоқчимиз. Қисқаси, яқин йиллар ичида жамоамизни маҳв этиш осон бўлмайди...

- Айни пайт Қатар мундиалини қандай тасаввур қиляпсиз?

- О, тасаввурим чексиз. Ҳозирнинг ўзида юртимизга келган ҳар қандай мухлис Қатар томони амалга оширган бунёдкорлик ишларидан лол қолишига кафолат беришим мумкин. Балиқ овлаш билан донг таратган Ал-Вакра меросини ёдга солувчи чиғаноқ шаклидаги «Ал-Жануб», чўлда кўчманчи элатлар севиб фойдаланадиган ўтовни эслатувчи «Ал-Байт» стадионлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Шунингдек, замонавий услубда қурилган «Халифа», олд томони ярқираб турувчи «Ал-Райян» ва чинакам меъморчилик марвариди саналмиш «Ал-Тумам» ареналари ҳам мухлисларни ҳайрат кўчасига етаклашига шубҳа йўқ. Уларнинг ички безаклари Қатар халқининг ўлмас меросини ифодалайди.

- Қатар терма жамоаси чемпионатни қандай аниқ мақсадлар билан қарши олади? Мўлжал нима?

- Бош мақсадимиз - шайх Тамим бин Ҳамад ал Тани ва барча юртдошларимиз фахрланадиган даражада тўп суриш. Халқимиз миллий жамоамиз, улкан муваффақиятларга эришган авлод вакиллари билан чинакамига фахрланишини истаймиз. Бутун жамоамиз кучли иштиёқ ва ўзгача амбиция таъсирида нафас олмоқда. Лекин аниқ мўлжал ҳақида баралла гапиришим ножоиз. Бинобарин, амбициямиз кун сайин ортиб бормоқда. Фақат ваъда беришим мумкин - жамоамиз бир қатор «сюрприз»­лар намойиш этиш ва турнирда узоқроқ иштирок этишга тайёр.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz