Қайднома

Қидирув

Афсунгар Гасперини билан яқиндан танишамиз...

Афсунгар Гасперини билан яқиндан танишамиз...

  19.07.2020 01:56
  0
  301
Афсунгар Гасперини билан яқиндан танишамиз...

Қуйидаги таҳлилий мақола «Аталанта»дек камтарин жамоани яққол кучайтирган ва «Валенсия»ни икки бора ишончли тарзда маҳв этган ҳолда (4:1 ва 4:3), ЧЛ чорак финалига олиб чиққан Жан Пьеро Гасперини фаолияти ҳақида.

Иқтидорлар кашфиётчиси

- Мураббий биздан жуда кўп нарсаларни талаб қилади, барча кўрсатмаларини бажариш осон эмас. Лекин дурустроқ эътибор берилса, ўйинчилар савияси тобора ошиб бораётгани яққол кўринади.  18 ёшида Германия­нинг олтинчи дизионида тўп сурган, «Боруссия» Д. ёшлар жамоасидаги тактик талабларни кўриб, эси оғиб қолаёзган, энди эса икки миллий жамоа ўртасида талаш бўлаётган «Аталанта» ҳимоячиси Робин Госенс­нинг Гасперини ҳақидаги эътирофи шундай. Немис аёли ва голландиялик оиласида дунёга келган ҳимоячи учун ҳозирда қитъанинг икки номдор термаси аёвсиз кураш олиб бормоқда. Бу Бергамода ўзининг орзулар жамоасини шакллантираётган 62 ёшли италиялик мутахассис фаолиятидан олинган биргина мисол. Гасперини ишловидан кейин ноёб иқтидор соҳиблари ёрқин юлдузларга айланишларига шубҳа йўқ. Тўғри, баъзан ижодга берилиб кетган донишманд Жан Пьеро худди ўрта асрлар кимёгарлари каби соф олтинни қўрғошинга айлантириб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас. Аммо ижара сафарларида саргардон юриб, адойи-тамом бўлган Марио Пашалични Европа савиясидаги ижрочи мақомига олиб чиққан ҳам шу мураббий. Хорватиялик футболчи Бергамодаги дастлабки мавсумида талаб даражасида тўп суролмаган бўлсада, мураббий унга ишонч билдиришдан зерикмади, Марионинг захирадан майдонга тушиб, муҳим голлар уриш хислатини кўп таъкидлади. Айнан Гасперини қистови билан жамоа раҳбарияти Пашаличнинг ижара келишуви муддатини узайтирди, энди бергамоликлар ярим ҳимоя­чи ҳуқуқини «Челси»дан 15 млн. еврога харид қилиш тадорикини кўрмоқдалар. «Ҳанузгача шу ерда қолишимнинг асосий сабабчиси - Гасперини», - дея очиқ тан олади футболчи. Дарҳақиқат, ўта муҳим голлари билан ўйин тақдирини ҳал қила бошлаган ротация ўйинчиси ЧЛда бурилиш нуқтасига айланган «Манчестер Сити»га қарши баҳс (1:1)да ўзини кўрсатди. Кейин Харьковда «Шахтёр» билан беллашувда навбатдаги мўъжизани намойиш этди. Охир-оқибат, гуруҳ босқичини 3та мағлубият билан бошлаган «Аталанта» якунда «плей-офф» йўлланмасини нақд қилиб, Гасперинини кийиниш хонасида рақс тушишга мажбур этди.

Истеъфодан шубҳасиз ишончга қадар

Италиялик мутахассис ҳозир 1997 йили дилига тугиб қўйган орзусини рўёбга чиқариш йўлида меҳнат қилмоқда. Ўшанда у «Ювентус» ёшлар жамоаси устози сифатида «Аякс»га малака ошириш мақсадида йўл олган ва Луи ван Галнинг такомиллаштирилган 3-4-3 тактик схемасига маҳлиё бўлиб қолганди. Бироқ бу йўл ўта машаққатли чиқди. Аввалига «Кротоне»ни «В» серияга олиб чиққан мураббий кейинчалик «Женоа» бошқарувида 2 марта ишлаб, Доменико Кришито ва Сальваторе Боккеттини кашф этди. Аммо унинг топ-клубдаги дебюти атиги 5та учрашувда ниҳоясига етди. Шу аснода Гасперини «Интер» тарихида бирор ўйинда ғалаба қозонмаган мураббийга айланди. Унинг бир мавсум давомида «Палермо»дан икки бора истеъфога чиқарилганини эса жиддий қабул қилмаслик керак. Чунки бу клуб президенти Маурицио Зампаринининг шошма-шошарлиги барчага маълум.

Мана, Гасперини «Аталанта»да Антонио Перкассидек ажойиб инсон билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлди. Бергамо жамоасининг собиқ ўйинчиси ҳозир уддабуро бизнесмен ва узоқни кўра оладиган донишманд раҳбар. Камтарин жамоани янги даражага олиб чиққан Перкасси Италия футбол федерацияси «Шон-шуҳрат уйи»дан жой олди. Гасперини дебют мавсумнинг дастлабки беллашувларида омадсизликка учраганида ҳам, Перкасси унинг дахл­сиз мураббий эканлигини таъкидлашдан чарчамади ва унга ўз ғояларини эмин-эркин амалга татбиқ этиш имкониятини берди. Кўпчилик учун беҳуда туюлган шу ишонч самараси ўлароқ, жамоа 1948 йилдан кейинги энг юксак кўрсаткичини қайд этди. Муҳими, мавсумни 5-ўринда якунлаган «Аталанта» 26 йиллик танаффусдан кейин яна еврокубокларга қайтди. Ўтган чемпио­натда эса совриндор учликка кириб, «А» сериянинг энг сермаҳсул жамоаси бўлди. Жан Пьеро якунда Италиянинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилди.

Ажабо, бергамоликларга шиддатли парвоздан кейин шармандали қулашни башорат қилган «донишмандлар» қаёққа ғойиб бўлишди? «Аталанта» мавсумнинг 3та учрашувида 7тадан гол урганида ва «Милан»­ни сўнгги асрдаги энг оғриқли мағлубият (0:5)га дучор қилганида, улар уялишмадимикан? Жорий мавсумдаги самарадорликданчи? Ҳаттоки, Криштиану Роналдудек «гол машинаси»га эга «Ювентус» ҳам самарадорлик борасида «Аталанта»дан анча орқада!

Юлдуз жамоа

Бергамоликлар парвозини кўпчилик мутахассислар мураккаб схемаларга асосланган юқори ва қисман персонал прессинг билан изоҳлашмоқда. Бир томондан, ўйинчилар ҳаракати автоматик тизимга яқинлашиб қолган. Бошқа томондан, Гасперини тактика танлашда шогирдларининг қайси жамоага қарши майдонга тушишларини инобатга олади, албатта. Мисол учун, бергамоликлар ЧЛда «Валенсия» билан кечган дастлабки беллашувда анъанавий «9-рақам»сиз ўйнашди ва бунинг эвазига майдон марказини ўз назоратларига олди. Шу тариқа жавоб учрашувига хотиржам йўл олиш имконияти яратилди. Қолаверса, парвоз рақиб майдонида ҳам давом этди. Умуман, ҳаммани бергамолик футболчиларнинг тараққиёти кўпроқ ҳайрон қолдирмоқда. Жамоанинг деярли ҳар бир вакили ўйинида яққол ўсиш кузатилмоқда. Масалан, 32 ёшли Алехандро Гомес ва «Месталья»да «покер» расмийлаштирган Йосип Иличич ҳозир ўз фаолиятларидаги энг ёрқин мавсумни ўтказмоқдалар. «Сампдория»да кераксиз бўлиб қолган Дуван Сапата эса аввалги чемпионат якунида иккинчи рақамли тўпурар бўлди ва бу ҳеч кимни ортиқча ажаблантирмади. Футболчилардан фақат мураббий кўрсатмаларини диққат билан уқиб олиш ва шунга асосан тўп суриш талаб этилади, холос. Гасперини яна Франк Кессиедаги етук ярим ҳимоячи лаёқатини ҳам аввалдан ҳис этгани билан мақтанишга ҳақли. Кўпчиликка нотаниш африкалик футболчининг трансфери «Аталанта»га 28 млн. евро келтирганди.

Жан Пьеро ёш иқтидорларга ҳам қунт билан ёндашади. Бунинг натижасида «Аталанта» академияси яна бутун мамлакатни лол қолдира бошлади. Унинг тарбияланувчиларидан бири - Алессандро Бастони ҳозир «Интер» ҳимоясида фаол ўйнамоқда, тажрибали Диего Годинни захирага ўтказиб қўйди. У 17 ёшли пайти «Аталанта»да дебют қилганди. Бастонининг жамоадоши - Роберто Гальярдини, «Милан» ҳимоячиси Андреа Конти ва «Ювентус»дан жонажон клубига қайтган Маттиа Кальдара ҳам академия билан ҳамоҳанг тарзда улға­йишди. Хуллас, бевосита Гасперини иштирокида йўлга қўйилган тизим самарали иш юритмоқда. Қизиғи, ижрочилар сони унинг фаолиятига путур етказмайди. Дейлик, Жанлука Манчини «Рома»га ўтиб кетди. Унинг ўрнини тўлдирадиган номзодлар эса етарли. Шу боис «Аталанта»нинг марказий ҳудудга қайси ўйинчиларни тушириши рақиб жамоалар учун чинакам жумбоқ. Марио Пашалич, Ремо Фройлер, Мартен де Рон, Руслан Малиновский ва қишда таркибга қўшилган Адриен Тамез камида 2 ёки 3та позицияда бемалол ўйнай олишади. Уларнинг орасида юлдузлар борми? Саволнинг жавоби оддий - Гасперини юлдуз жамоа мураббийи ва у ЧЛ чорак финалида!

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz