Коронавирус пандемияси даврида футболга нисбатан турлича ёндашувлар кўзга ташланмоқда. Кучли бешликка кирувчи Лига 1 аллақачон тугатилганию, Франция чемпиони муддатидан олдин эълон қилингани барчага маълум. Айни чоғда Бундеслига эрта давом эттирилиб, эрта якунланди. Мана, Ла Лига ҳам финиш нуқтасига етди, АПЛ ва «А» серия эса марра арафасида. Хуллас, саломатлик ва хавфсизликни биринчи ўринга қўйган французлар футболни четга суришди. Германия, Англия, Испания ва Италияда аксинча, чемпионатлар ўйинлари бир амаллаб давом эттирилди. Давом эттирилмаса ҳам бўлмасди-да. Чунки бу мамлакатлар иқтисодиётида футбол муҳим ўрин тутади, чемпионатларнинг ярим йўлда қолдирилиши бизнесга катта зарар келтиради. Хитойда эса вазият янада бошқача. Чин юртида футбол ҳозирча йирик бизнесга айланиб улгурмади. Фақат соҳага кўп миқдорда сармоя киритилди, маблағ сарфланяпти, холос. Аҳолиси 1,5 миллиарддан ортиқ бу мамлакатда коронавирусга қарши жиддий кураш чоралари кўрилди. Натижада ҳозирги кунда Хитойда коронавирус билан зарарланиш ҳолати деярли кузатилмаяпти. Шундай бўлсада, Хитой Суперлигаси стартига рухсат берилмади. Қаранг, коронавирусга чалиниш деярли йўқ, аммо футбол ўйинига йўл очишга шошилишмаяпти. Бошқача айтганда, хитойликлар футболга ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлишмоқда.
Хўш, шундай вазиятда мамлакатимизда миллий чемпионат ўйинлари давом эттирилиши керакми ёки баҳслар яна тўхтатилгани маъқул? Газетамизнинг мазкур сони қўлингизга етиб борганида, ПФЛнинг юқоридаги саволи жавобини билишга улгурган бўласиз. Биз эса ушбу мулоҳазаларни 19 июль - якшанба оқшомида ёздик. Хуллас, ПФЛ қандай қарорга келишидан қатъий назар, ўз позициямизни билдиришни лозим топдик.
Шарқона менталитет ва аҳоли сонидан келиб чиқиб, Хитой Суперлигаси старти кечиктирилди ва бу ўзини оқламоқда, назаримизда. Бинобарин, Хитойда коронавирус авж олса, уни жиловлаш қийин кечади. Бу мамлакатда коронавируснинг янги тўлқини ҳаттоки, инсоният тақдирига хавф солиши ҳам мумкин. Шунинг учун Хитой ҳукумати танлаётган йўл дунё миқёсида маъқулланмоқда. Бу ўринда Ж.Корея «К»-лигаси ва еврофутболни Хитойдаги ҳолат билан солиштириш ноўрин. Мамлакатимизда футболга муносабат кўпинча Европа андозаларига мувофиқ белгиланади. Узоқ йиллар мобайнида шундай муносабат футболимиз қон-қонига сингди. «Карантин даврида миллий чемпионат давом эттирилиши керакми ёки йўқ?» саволи кўндаланг қўйилганида, кўпчилик евроандоза нуқтаи назаридан фикр юритади ва Суперлига ҳам, Про-лига ҳам ўз йўлидан қолмаслигини истайди. Бизнингча, бундай ёндашув ўзини унча оқламайди. Суперлигамизни АПЛ, Ла Лига, «А» серия, Бундеслига, ҳаттоки, РПЛ ёки «К»-лига билан ҳам қиёслаб бўлмайди. Уларда бутунлай ўзгача вазият: онг юқори, интизомга амал қилиш қатъий, бизнес масаласи гоҳо саломатлик ва хавфсизликдан устун. Бизда эса футбол бизнесга асосланмаган ҳали. Жамоаларни сақлаб туриш асосан ҳокимликлар зиммасида. Коронавирус пандемияси давридаги иқтисодий пасайиш туфайли жамоаларни моддий жиҳатдан таъминлаш ҳокимликларни қийин аҳволга солиб қўйиши аниқ. Беморларни даволаш ва шифокорларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш долзарб вазифага айланган бир паллада футбол учун маблағ топиш ҳокимликлар учун бош оғриғидан бошқа нарса эмас. Албатта, «Пахтакор» ёки АГМК каби клублар фаолияти бундан мустасно. «Сурхон»нинг анчадан буён Термизга боролмаётгани ҳам фикримиз исботидир. Жамоа ўз майдонида тўп суришга имкон тополмаса ёки рақиб жамоа унинг стадионига боришни лозим кўрмаса, бундан футболга, мухлисга нима наф?!
Президент Шавкат Мирзиёев коронавирус пандемиясига қарши кураш жараёнида янги тактика ва стратегияга таяниш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди. Аввалги вазиятга биноан, Суперлига рестарти маъқул кўрилганди. Энди эса вазият ўзгарди. Мамлакатимизда коронавирусдан зарарланиш кучайди, ўлим ҳолатлари кўпайди. Вазият анчайин мураккаб ва бундай ҳолатда футболни давом эттириш кўпчиликнинг соғлигини хавф остига қўйиш билан баробар. Биламиз, бундан 60-70 йил бурун ўта қийин шароитда, камбағаллик ва қашшоқлик қуршовида ҳам, ота-боболаримиз футбол ўйнашган, кўришган. Лекин у пайтларда маълум хасталикдан оммавий зарарланиш хавфи йўқ эди. Инсон очлик ва қашшоқликка қарши курашиб, ўйин-кулги ва футболга вақт топади, бироқ у давоси топилмаган касаллик олдида чорасиздир! Чорасизлик ичра қийналаётган инсонни яна беш баттар қийнашнинг нима кераги бор?! Шундай экан, Лига 1 (Франция) ва Суперлига (Хитой) каби йўл тутишимиз даркор. Тўғри, Лига 1 якунига етказилмади, Хитой Суперлигаси бошланмади. Бу - уларнинг хоҳиши! Бизга ўзимизга яраша футбол тактикаси ва стратегияси зарур. Майли, соғлик ва хавфсизлик учун футбол баҳслари тўхтатилаверсин. Иккинчи марта рестарт бўлса, нима?! Ахир футбол халқимизнинг саломатлиги ва хавфсизлигидан азизми?! «Ҳар ёмоннинг бир яхшиси бор!» - дейди доно халқимиз. Шундай. Вақтинча танаффус «Пахтакор» ва миллий терма жамоамиз фойдасига ишлаб, футболимизнинг халқаро миқёсидаги муваффақиятлари бугунги қийинчиликларни унуттириб юборса, не ажаб?! Мулоҳазаларимизни якунлар эканмиз, ижтимоий тармоқларда 25 миллион эронлик коронавирус билан зарарлангани билан боғлиқ хабар тарқалди. Боз устига, яна 30-35 миллион эронлик тез орада коронавирус билан зарарланиши мумкин экан. Рақамлар ваҳималими? Албатта, ваҳимали! Аммо биз ваҳимага тушмайлик! Зеро, коронавирус пандемиясига куч берувчи энг ёмон иллат - ваҳима! Рақамларни келтиришдан мақсад эса, барчани ҳушёрликка чорлаш, огоҳликка ундаш! Коронавирусни жиловлаб, енгиб борсак, футбол ҳам кўнгилга сиғади, ўйналаверади! Унутмайликки, саломатликни асрашда кечикмаслик шарт, футбол ўйнашга эса ҳеч қачон кечикилмайди!
Муҳаммад ВАЛИ, InterFUTBOL газетаси
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20