Қайднома

Қидирув

Хуш қайтибсан, «Лидс»!

Хуш қайтибсан, «Лидс»!

  22.07.2020 01:12
  0
  321
Хуш қайтибсан, «Лидс»!

Вақтида оппоқ либоси ва чиройли ўйини билан кўпчилик меҳрини қозонган «Лидс» 16 йиллик танаффусдан кейин Англия футбол пирамидасининг юқори бўғинига қайтадиган бўлди. Чемпионшипда 3-ўринда бораётган «Вест Бромвич» навбатдаги турда «Хаддерсфилд»га ютқазгач, пешқадам «Лидс»нинг финишга қадар 3-ўринга тушиб кетмаслиги ойдинлашди (Чемпионшипда дастлабки 2 поғонани эгаллаган клублар тўғридан-тўғри йўлланма олади). Яна 2 кундан кейин «Лидс»нинг ўзи «Дерби Каунти»ни енгиб, 1-ўринни расмийлаштирди?

Диққатга сазовор факт - «Ливерпуль» Англияда жорий йилгисидан аввалги чемпионликни мавсум-1989|1990да нишонлаган бўлса, «Лидс» ўшанда ҳам элит дивизионга қайтган эди. Қаранг, қандай ажойиб ўхшаш сценарий. Ҳозирда «Лидс» дунёнинг турли бурчакларидан қутловлар қабул қилмоқда. Ҳаттоки, узоқ Аргентинадан ҳам табрик йўллашди. Аниқроғи, жамоа бош мураббийи Марсело Бьелсанинг илк клуби - «Ньюэллс Олд Бойс» «телба»нинг Англиядаги ютуғига бепарво қарагани йўқ. Зеро, Бьелса «Олд Бойс»нинг миллий чемпионатда икки бора ғолиб чиқишини таъминлаган эди. Кейин «Боруссия» Д. ҳам «Лидс» хурсандчилигига қўшилди. «Манчестер Сити» ҳимоячиси Бенжамен Менди эса аргентиналик мураббийни алоҳида қутлади (улар «Марсел»да бирга ишлашган). Табиийки, Марсело Бьелсанинг ўзи ҳозир «еттинчи осмонда учмоқда». Яна Жеймс Милнер жуда хурсанд  - у фаолиятини айнан «Лидс»­да бошлаганди.

«Твиттер» тармоғида «Лидс» АПЛ йўлланмасини қўлга киритишидан 1 ҳафтача олдин ҳаётдан кўз юмган Жек Чарльтонни ҳам эслашди, албатта. Ахир у клубнинг чинакам афсонаси (бутун фаолиятини «Лидс»га бағишлаб, жами 773та ўйин ўтказган - жамоа рекорди).

Ҳақли ғалаба, чиройли қайтиш. Лекин «Лидс»нинг ютуғидан нега деярли ҳамма-ҳамма қувонмоқда? Бунинг бир неча сабаблари бор. Асосийси, кўпчилик уни қўмсай бошлаганди. «Лидс» - Англиянинг 3 карра чемпиони. Юқори лигада 12 мавсум ўйнаган жамоа айниқса, ўтган асрнинг 90-йиллари охирида кучли таассурот уйғотган эди. Ўшанда «Лидс» ёш ва қувноқ таркиб билан халқаро майдонда ҳам чакки ўйнамаган - аввалига УЕФА ярим финалида ўйнаган, йўл-йўлакай Россиянинг «Локомотив» ва «Спартак» клубларини турнирдан чиқариб юборган ҳолда. Ке­йинги мавсум эса ЧЛ ярим финалини ҳам забт этган. Мана, ниҳоят, жамоа энди яна элит гуруҳга қайтади. 16 йил олдин АПЛ билан хайрлашган «Лидс» бир неча мавсум ҳаттоки, Биринчи лига (Англияда 3-даражали дивизион)да иштирок этди. Ўтган мавсум эса Бьелса дружинаси Чемпионшипда жуда яхши қадам босди, фақат якунда барчасини барбод қилди - охирги 4та турда атиги 1 очко олди. Боз устига, «плей-офф»да ҳам омадсизликка учради. Бу сафар эса аввалги хатолар такрорланмади ва йўлланма муддатидан олдин расмийлаштирилди.

Марсело Бьелса ҳақида матбуотда миллион-миллион қатор «эътироф» ёзилгандир. У ниҳоят, мавсум-2020|2021да АПЛда дебют қилади. Дарвоқе, «Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола аргентиналик мутахассисни илҳомлантирувчи шахс сифатида кўп мақтаган. «Интрига»ни кутаверинг - Пеп кейинги чемпионатда Бьелсага рақиб сифатида дуч келади.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz