Қайднома

Қидирув

Алишер НИКИМБАЕВ: «Газетадаги ишим курьерликдан бошланган…»

Алишер НИКИМБАЕВ: «Газетадаги ишим курьерликдан бошланган…»

  22.07.2020 03:42
  0
  460
Алишер НИКИМБАЕВ: «Газетадаги ишим курьерликдан бошланган…»

Ўзбек футболидан озми-кўп хабардор кишилар Алишер Никимбаевни яхши танишади. Хориж, хусусан, ОФКга аъзо мамлакатлардаги фао­лияти орқали бой тажриба тўплаган ушбу мутахассис Ўзбекистон футболи ривожига ҳам ҳисса қўшган. Никимбаев жумладан, ўтган асрнинг 90-йиллари ўзбек спорт журналистикасини янги бос­қичга чиқишига хизмат қилган. Қарангки, эндиликда унга чет элда талаб юқорироқ. Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги муаллифи Евдоким Раимов яқинда Никимбаев билан шу ва бошқа мавзулар юзасидан бафуржа суҳбатлашди.

 

- Дастлаб сўнгги ойларнинг энг асосий мавзусига тўхталсак. Коронавирус шахсан сизга қандай таъсир кўрсатмоқда?

- Менга фақат касб нуқтаи назаридан таъсири бор. Март ойига белгиланган ФИФА кунлари Бельгия, Португалия, Швейцария, Хорватия миллий термалари иштирокида халқаро турнир ўтказишимиз керак эди. Унга жиддий ҳозирлик кетаётганди, мусобақа бошланиши учун деярли ҳаммаси шай ҳолатга келтирилганди, аммо коронавирус туфайли ҳаракатлар бекор кетди. Янги стадион очмоқчи эдик, буни ҳам кейинроққа қолдиришга тўғри келди (гап Educationcity аренаси ҳақида бормоқда - муаллиф). Якунда стадион очилди, аммо мухлислар иштирокисиз, онлайн-шоу уюштирдик. Сценарийни ўзгартириб, дастурнинг бир қисмини сўнгги ойлар мобайнида вирусга қарши матонат билан курашган шифокорларга бағишладик. Бинобарин, нафақат очилиш, балки стадион ва ходимларни синовдан ўтказиш муҳимроқ эди.

Мавжуд вазият шахсан мени шундай турнирда ишлаш имкониятидан маҳрум қилди. Бунга қўшимча равишда 3 ойдан ортиқ вақт мобайнида уйда туриб ишладик, чунки мусобақалар тўхтатилганди. 23 ёшлилардан тортиб, 14 ёшлилар учун мўлжалланган турнирлар давом эттирилмайди. Жамоалар янги мавсумни нолдан бошлайди, жорийси эса охирига етказилмайди. Олий лига, Амир кубоги, иккинчи дивизионни якунлаш режалаштирилган, чунки бу мусобақаларнинг ОЧЛ, Қатар Юлдузлар лигаси иштирокчиларини аниқлаш масаласига боғлиқлиги бор. Савол: қачон? ҚЮЛ 24 июлдан, иккинчи дивизион эса 4 августдан старт олади. Шунингдек, Амир кубоги ярим финал босқичи ҳам бор. Мазкур турнир ОЧЛ йўлланмасини тақдим этади. Уни кузда - октябрь ёки ноябрда ўтказамиз.

- Умуман, ушбу касалликка Қатарда қандай муносабатда бўлишяпти, унга қарши кураш қандай кетяпти? Ҳам маиший, ҳам футбол тарафлама...

- Қатарда ҳам қатъий карантин белгиланди. Деярли ҳеч ким уйдан чиқмади. Ҳаттоки, иш ёки савдо марказларига чиқишга рухсат берилганда ҳам, ёнингизда махсус илова ўрнатилган телефон бўлиши шарт эди. Ушбу илова ҳолатингизни кўрсатиб туради - соғлом, касал ёки шубҳа остида. Жамоат жойларига фақат соғлом бўлсангизгина чиқишингиз мумкин ва буни телефон кўрсатиб туради. Шунингдек, машиналардаги одамлар сони бўйича чекловлар ўрнатилди. Умуман, Қатар аҳоли сонига нисбатан касалланганлар сони бўйича етакчилар қаторида. Аҳолининг деярли 4 фоизи вирус юқтирди. Балки бу ҳам яхшидир. Тезроқ иммунитет шаклланади. Дейлик, Қатарда коронавирусдан вафот этиш кўрсаткичи дунё бўйича энг пастларидан биридир.

- Қатар мавзусига ҳали яна қайтамиз. Айтингчи, футбол ва журналистикадаги фаолиятингиз қай тариқа бошланган?

- Журналистика билан расман ҳарбий хизматдан қайтгач, шуғуллана бошлаганман. Ўшанда 1990 йилнинг ноябри эди, мени «Физкультурник Узбекистана» газетасига олишган, кейинчалик ушбу нашр «Спорт» номи остида чиққан. Ҳозир борми-йўқ, билмайман. Бундан аввалроқ ҳам ушбу газетада курьер вазифасида ишлагандим. Табиийки, бу журна­листлик иш эмас. 1990 йилдан ке­йин эса, журналист сифатида ишладим. Футбол ҳақида 1991 йилдан ёза бошладим. Газета учун «Пахтакор»нинг собиқ иттифоқ чемпионатидаги сўнгги ўйинлари ҳақида ҳисоботлар тайёрладим. Эсимда, шундай ҳисоботлардан бири «Советский спорт»­гача етиб борганди.

1997 йилгача фақат журналистикада фаолият юритдим. Мартда мени футбол федерацияси матбуот котиблигига таклиф этишди, ушбу лавозим эндигина ташкил қилинганди. Федерацияга тўлиқ ишга ўтмадим, чунки газетада мустақил ишлашни маъқул кўрдим. Ўша кезлар «Молодёжь Узбекистана»да ишладим, кўп ўтмай, фаолиятимга «Гол» газетаси ҳам кириб келди. Шу боис 1997 йилдан футбол федерациясида ярим «ставка» ишладим. 2000 йилнинг декабрида эса ташкилотга тўлиқ ўтиб, Мусобақалар ўтказиш бўлими раҳбарига айландим.

- 9-синфда ўқиётганингизда газетада спорт журналисти сифатида қайд этилганингиз ростми?

- Йўқ, 9-синфда спорт журналисти эмасдим, чунки собиқ иттифоқ қонунчилигида бу тақиқланганди. Ҳа, ўқувчилик даврим «Физкультурник Узбекистана»да мақолаларим чоп этиларди, аммо газета ходими бўлолмасдим.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz