Қайднома

Қидирув

«Бухоро» ҳолатига ким жавобгар?

«Бухоро» ҳолатига ким жавобгар?

  22.07.2020 06:02
  0
  588
«Бухоро» ҳолатига ким жавобгар?

Суперлига турнир жадвалининг охирги поғонасида бораётган «Бухоро»нинг кетма-кет омадсиз ўйинлари бугун кўпчиликни таажжубга солаётган бўлса, ажабмас. Ҳа, вақтида футболимизга кўплаб иқтидорларни тарбиялаб берган, молиявий муаммоларга ўралашиб қолган даврда ҳам, рақобатбардош жамоа сифатида юқори ўринлар учун курашган жамоа икки мавсумдирки, элитада роса қийналмоқда, атиги «жон» сақлаб қолиш ҳақида ўйлашига тўғри келмоқда. Табиийки, ҳар қандай клубда натижа ўхшамаган пайт асосий айбдор сифатида бош мураббий кўрсатилади. Ўзи қониқарсиз натижада биргина мураббийни қоралаш тўғримикан? «Ғалаба - футболчиларники, мағлубият - мураббийники». Бу гапни жуда кўп эшитганмиз, эшитамиз. Теран мушоҳада қилайлик, «Бухоро»нинг муваффақиятсизлигида ким айбдор - бош мураббийми ёки...? Қуйида бир қатор омилларни келтирган ҳолда, ушбу саволга жавоб излаб кўрайлик.

 

Бир эслайлик, «Бухоро» 2016 йили Тачмурод Агамуродов бошқарувида Олий лигада 4-ўринни банд этганди - клубнинг яқин тарихидаги энг яхши натижаси. Ҳа, вилоят ҳокимияти ва мутасаддилар ўша мавсум жамоага катта маблағ тикишди, таркиб савияси баланд бир қатор футболчилар билан кучайтирилди. Хуллас, Агамуродов ўзи истаган жамоани шакллантирди. Қолаверса, «Бухоро» бюджет бобида элита иштирокчилари орасида етакчи ўринларга чиқди. Бироқ 4-ўрин раҳбариятни қаноатлантирмади. Ўша йили Бухорода ҳаммаси аъло даражада йўлга қўйилган ва клубнинг совринли ўринларга илинишига атиги бир неча очко камлик қилганди. Муҳими, раҳбарлар томонидан жамоага кучли эътибор қаратилди. Ўшанда бизга ОЧЛда «2+1» кўринишида квота ажратилганди ва бухороликлар якунда халқаро майдондан четда қолишди. Оддий хулоса чиқарсак, барча - раҳбарлар, мураббийлар, ҳомийлар ва футболчилар бирдек ҳаракат қилишгани ҳисобига 2016 йили натижа анча яхшиланди. Бироқ кейинги мавсумдаёқ клубда кўп нарсалар ўзгариб кетди. Жамоа бош мураббийи ваколати Улуғбек Бақоевга топширилди. Муҳими, миллий жамоамиз собиқ ҳужумчиси мураббийликдаги дебют мавсумида жамоа билан 6-ўринни эгаллади. Тан олиш керак, бу муаммолар гирдобига кириб бораётган жамоа учун максимал натижа ҳисобланарди. Чунончи, бир қатор жиддий муаммолар юзага келган бўлсада, бухороликлар юқори ўринлар сари интилишди. Якунда ойлаб маош олмаган футболчилар жамоанинг кучли олтиликдан жой олишини таъминлашди. Сўзимизни Шавкат Муллажоновнинг фикрлари тўлдириши мумкин: «2016 йили Бухорода чиндан ҳам, аҳил ва иноқ жамоа шакллантирилган эди. Мураббийлардан тортиб, футболчиларгача - барча ўз ишини сидқидилдан бажарган. Ке­йинчалик бошқарув рулини Улуғбек Бақоев ўз қўлига олди. Катта муаммоларга қарамай, якуний натижа чакки бўлмади - 6-ўрин. Йигитларнинг ойлаб маош олмай, ўйнашганини ҳисобга олсак, аъло натижа! Кўринишидан, жамоада футболни тушунмайдиган баъзи кишилар бор. Номларни айтмайман. Қачонки, ҳар ким ўз иши билан шуғулланса, футболчилар фақат ўйин ҳақида ўйлашса, шунда натижа келаверади».

Энди бироз мушоҳада юритамиз. Пулсиз қийналган, молиявий муаммоларга ўралашиб қолган ўша «Бухоро» ва охирги 2 мавсумдаги жамоа­ни бир ўзаро таққослаб кўринг. Бақоев футболчиларни қийин шароитда муносиб ўйната олди, уларга мотивация берди. Демак, бунда мураббий устун чиқмоқда, тўғрими? Энди ҳозирги ҳолатга қараймиз, ўтган мавсум Бахтиёр Ашурматовга берилмаган имконият ва шароитлар Муҳсин Муҳаммадиевга яратилди. Канадалик, грузиялик футболчилар олиб келинди. Бироқ улар маҳаллий йигитлардан яққол ажралиб туришгани йўқ. Ўзи бизда маҳаллий футболчилар билан ҳам яхшигина жамоа шакллантириш мумкин. Буни  Бақоев ҳам исботлаб қўйганди. Дейлик, аввалги мавсумнинг иккинчи ярмида майдонда асосий ишни маҳаллий йигитлар бажаришди. Саламат Қутибоев, Асадбек Собиржонов ва бошқалар... Хуллас, Муҳсин Муҳаммадиев бир амаллаб, жамоани Суперлигада олиб қолди. Вазифа уддаланди. Аммо...

Афтидан, жорий мавсум ҳам «Бухоро»нинг чекига лигада қолиш учун «жон олиб, жон бериш» тушади, шекилли. Ҳозирда жамоанинг умумий ҳолатига ҳавас қилиб бўлмайди. Тожикистонлик мураббий эса матбуот анжуманларида натижа пастлигига турли сабабларни рўкач қилмоқда, баҳоналар топишга уринмоқда. Лекин факт шуки, карантиндан сўнг барча жамоалар бир хил шароитда. Муҳаммадиев шуни унутган кўринади. У тайёргарлик кеч бошлангани, легионерлар йўқлигини бир неча марта таъкидлади. Лекин мураббий қўл остидаги бор футболчиларни ўйнатиши керак эмасми? Муҳаммадиев клуб бошқарувига кеча келмадику, қишда шу йигитлар билан тайёргарлик йиғинларини олиб борди, уларнинг имконияти ва ички потенциалини яхши билади. Мураббийнинг ўз ихтиёридаги футболчилар салоҳиятига ишонмаслиги, улар билан бирор натижага эришиб бўлмаслигини айтиши тўғрими? Бу ҳар қандай футболчи руҳиятига салбий таъсир қилиши турган гап-ку. Балки биз билмаган қандайдир ишлар ҳам бордир. Лекин юқори савияли мутахассис ҳар қандай вазиятда жамоадаги бор футболчилар потенциалидан келиб чиқиб, иш юритиши керак-ку.

Энди Муҳаммадиев ва Бақоевни ўзингиз солиштириб кўринг. Аниқроғи, пул бўлмаган пайтда Бақоев «Бухоро»ни қандай ўйнатганию, Муҳаммадиев бугун йўлга қўйган ўйинни бир кўз олдингизга келтиринг. Карантиндан сўнг аксарият жамоалар ўзини ўнглаш йўлида жиддий курашмоқда, имкони борича очко жам­ғармоқда. Лекин «Бухоро» ҳамон «таътил»да. Шу кетиш бўлса, мураббийни вақтида алмаштириш керакдир... Зеро, жамоа айни пайт футболчиларни камситадиган эмас, руҳлантирадиган мураббийга эҳтиёж сезмоқда. Мана, Равшан Ҳайдаровнинг «Сурхон»да иш бошлагани жамоага дарҳол ижобий таъсир кўрсатди. Термизликлар Тошкентда «Локомотив»га қандай жанг таклиф қилишганини кўрдингизми? Дейлик, 2016 йилги мавсумнинг иккинчи ярмидан олдин Нўъмон Ҳасанов «Қўқон-1912» жамоасини оғир шароитда қабул қилиб олиб, уни ке­йинчалик кескин ўзгартирганди. Шу мисолларнинг ўзи «Бухоро»ни маҳаллий футболчилардан курашувчан жамоа туза оладиган мураббийга топшириш кераклигини кўрсатмоқда. Нима, Бухоро футболида янги Бақоевлар, Саломовлар йўқми?

Умуман олганда, «Бухоро» каби клублар ўз академиясига эга бўлмас экан, беқарорлик давом этаверади. Жамоада иш тўғри йўлга қўйилмас экан, у мавсумларни элитада қолиш ўйида ўтказаверади. Ҳаммасини ижобий томонга ўзгартириш учун эса, клубларни секин-аста хусусийлаштириш лозим. Вилоят ҳокимларининг футболга эътибор бермасликларидан нолиймиз. Лекин унутмайлик, уларда футболдан бошқа қанча ташвишлари бор? Бу ҳақда ПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев ҳам бот-бот гапирмоқда. Ўзимиз ҳам аввалги мақолаларимизда бу мавзуни етарлича кўтарганмиз.

Яна такрор айтиш керак, клубларимиз ўз академиясига эга бўлиши шарт. Шунингдек, болаларни клуб фалфасасига мос услубда ўйнатишга ўргатиш, уларни босқичма-бос­қич асосий таркибга қадар тортиш талаб этилади. Бу борада «Бунёдкор» ва «Насаф» клубларини намуна сифатида келтириш мумкин. Академияси бор жамоаларда таркиб билан боғлиқ муаммо учрамайди, ҳисоб. Яна футболчиларнинг майдонда ўзаро тушуниб ўйнашлари, жамоага мослашишлари масаласи ҳам кўтарилмайди. Клубларимиз ҳамон футболчилар билан асосан 1 йиллик шартнома тузмоқда. У бир мавсум 20та ўйинда қатнашадими-йўқ, йил охирида эркин агент мақомини олиб, хоҳлаган жамоага кетаверади. Клуб шахсий академиясидан лоақал бир-икки футболчи чиқарсин, уларни сотсин, трансферлардан фойда кўрсин. Ҳа, тушунамиз, бу ишларнинг йўлга қўйиб олиш учун ҳам пул керак, барчаси молиявий ҳолатга боғлиқ. Демакки, жамоалар билимли, салоҳиятли менежерларга муҳтож. Клублар четдан ўйинчи олиб келиб, фақат бугунги натижани ўйлар экан, узвий ривожланиш кузатилмайди. Савол - авваллари вилоятларда нега ҳақиқий футбол бор эди? Жавоб - клублардан маҳаллий футболчилар етишиб чиқарди. Ҳар бир жамоада 4-5 нафар таниқли маҳаллий футболчи ўйнарди. «Навбаҳор»да Шуҳрат Мирхолдиршоев, «Андижон»да Бахтиёр Ҳамидуллаев, «Нефтчи»да Умид Исоқов ва ҳоказо... Хулоса - Бухородан янги Саломовлар, Бақоевлар чиқишлари йўлида ҳаракатни бугундан бошлаш керак...

А.ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz