Қайднома

Қидирув

Ёшларга йўл беринг…

Ёшларга йўл беринг…

  22.07.2020 09:07
  0
  463
Ёшларга йўл беринг…

Футбол бежиз миллионлар ўйини сифатида таърифланмайди. Зеро, футбол ақлини таний бошлаган боладан тортиб, қарилик гаштини сураётган кексагача -  барча-барчани ўзига ром этган. Мисол учун, футбол оламининг юлдузлари эстраданикидан анча кўп. Табиийки, бугунги футбол юлдузлари ёшлик пайти ҳозирги даражаларига яраша меҳнат қилишган. Яъни улар болаликдан қаттиқ шуғулланишган, майдонда ўзларини яхши томондан кўрсатишга уринишган. Айни шу тинимсиз ҳаракат самараси ўлароқ, улар бугун футболнинг энг юқори маррасидалар, мартабалари баланд.

Тушунарлики, дунё ҳудудларида ёш футболчилар тарбиясига турлича ёндашилади. Мисол учун, Жанубий Америкада аксарият болалар аввало, кўча футболи ёки футзалда чиниқишади, кейин махсус академиялар ва клублар тизимида шуғулланишади. Уларнинг бош мақсадлари тезроқ асосий жамоа таркибига қўшилиб, скаутлар назарига тушиш ва еврофутбол сари сафар бошлаш. Шимолий Америкада эса вазият бир мунча бошқача. Ҳар ҳолда, ҳудуд футболи охирги йилларда асосан АҚШда барпо этилган академиялар тарбияланувчиларига таянмоқда. Энг муҳими, бу борада олиб борилаётган ишлар зое кетаётгани йўқ. Тўғри, Шимолий Америка футболида Европада ном қозонган фахрийларга ҳам эътибор кучли. Бу мухлисларни қизиқтириш ҳаракатидир, албатта.

Африканинг кўплаб мамлакатларида аксинча, ёшларга айтарли шароитлар йўқ. Ваҳоланки, қитъада иқтидорли йигитлар сон-саноқсиз. Буни вақтида англаган Европанинг бир қатор академиялари Африка футболига сармоя киритиш асносида катта бизнесни йўлга қўйди. Яъни корчалон европаликлар иқтидорли африкаликларни топиб, уларни ўз даргоҳларида тарбиялашмоқда ва етук ижрочиларга айлантириб, турли клубларга сотишмоқда. Европанинг ўзида ёшларга эътибор ҳаддан ортиқ даражада яхши. Дейлик, клублар иқтидорли йигитларни эрта кунда катта-катта ўйинларда ҳам бемалол синаб кўради. Шунинг эвазига ҳар йили еврофутбол осмонида янги-янги юлдузчалар порлашмоқда. Битта оддий мисол - италиялик Николо Заньоло 2019 йили ЕЧЛда «дубл»га эришган энг ёш футболчи бўлди. Умуман, бу каби ёрқин мисолларни етарлича келтириш мумкин.

Австралияда ёшларга эътибор талаб даражасида. «Яшил қитъа» вакилларида ҳам Европа клубларига интилиш кучли. Улар асосан Нидерландия ва Бельгия лигалари орқали Германия ёки Англия чемпионатларига йўл очишади. Осиёга келсак, қитъа ҳудудларида ишлар бир хил эмас. Дейлик, Япония ва Жанубий Корея футболида мамлакат термаларига ҳаттоки, университет жамоаларидан ҳам ўйинчи жалб этиш тажрибаси бор. Хуллас, ёшларга етарли даражада имконият берилади. Ғарбий Осиёда яқин-яқинда ҳам акс ҳолатни кўриш мумкин эди. Яъни асосий урғу кучли легионерларга қаратилар ва бунинг ортидан маҳаллий иқтидорлар сояда қолиб кетишарди. Муҳими, эндиликда вазият ўзгарди, араблар ҳам Европа футболидан андоза олиб, академиялар ишини ўнглашмоқда, маҳаллий ёшлар қатори африкалик иқтидорларни жалб эта бошлашди. Хусусан, Қатарда жуда катта лойиҳа ишламоқда, араблар болаларни тарбиялашда испан ва итальян мутахассислари хизматидан кенг фойдаланишмоқда.

Марказий Осиёга қарасак, Эрон олдинда. Ўзбекистонда эса энди-энди кенг кўламли ишлар бошланди. Бизда бир ғалати тушунча бор - 23-24 ёшли футболчиларга келажак умиди сифатида қараймиз. Ваҳоланки, Европада 23-24 ёшли футболчи трансферлар бозорининг энг юқори нуқтасига чиқиб улгуради. Яна бир ёмон томони, кўзга ташланган ёш футболчи дарҳол пойтахт клубларига талпинади, аммо кучли рақобатда ўйин амалиётини йўқотади, захирада ўтириб қолади. Шу тариқа ижара сафарларига йўл олади ёки ортга қайтади. Бунинг оқибатида иқтидор завол кетади, терма жамоаларимиз жабр кўради. Пойтахтга талпинишнинг сабаби нима? Биринчиси - моддий манфаат. Иккинчиси - терма жамоа назарига тушиш. Учинчиси - хорижга йўл олиш истаги. Ҳар ҳолда, «Пахтакор», «Локоматив» ва «Бунёдкор» клубларида 2-3 йил ўйнаб, кучли скаутлар назарига тушиш имконияти бор. Зеро, россияликлар ҳам, араблар ёки япон-корейслар ҳам асосан шу жамоаларимизни кузатишади.

Хўш, умумий ҳолат қайта-қайта такрорланиши олдини олиш учун нима қилиш керак? Вилоятлар жамоалари ҳам чемпионлик учун чинакамига курашиши, лоақал ОЧЛга чиқиши шарт. Айни пайт ёш футболчиларни тарбиялайдиган 2та кучли базага эгамиз - «Насаф» ва «Бунёдкор» академиялари. Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоалари асосан шу академия­лар тарбияланувчиларидан фойдаланади. Яхши томони, «Бунёдкор» ҳам, «Насаф» ҳам ёшларни тарбиялаб, уларнинг трансферидан озми-кўп пул топишни бошлади. Фақат иқтидорлар учун олинган маблағ жой-жойига сарф­ланса, бас. Шунда академиялар самарадорлиги янада ошарди.

Ўз ўрнида савол - «Нега асосан шу 2та академиядан иқтидорлар чиқишмоқда, қолган даргоҳлар самараси қани?» Нима, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Сурхондарё, Наманган... вилоятларида иқтидорлар йўқми? Албатта, бор. Фақат мураббийларга озгина жасурлик етишмайди. Чунки улардан ёш футболчи кашф этишни эмас, натижа талаб қилишади. Бу масалада регламентга қандайдир шартлар киритилиши кутилган самарани бериши қийин. Мана, U-21 биринчилиги йўлга қўйилди, аммо эътибор паст, барибир. Мисол учун, U-21 турнирининг ҳар бир туридан лоақал 1та ўйинни трансляция қилиш иложи йўқми? Бу ёшларга қўшимча мотивация, мураббийларга эса имконият бўларди. Англияда қуйи лига клублари трансляциядан 50 миллион евро топар экан. Майли, бизнинг бу даражага етишимизга ҳали анча бор, аммо иқтидорларни вақтида пайқаш фойдадан холи эмас-ку. Яна уларда масъулият ҳиссини шакллаштириш ҳам мақсадга мувофиқ.

Нурмуҳаммад ИСМАТУЛЛАЕВ, ёш журналистлар мактаби тингловчиси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz