Қайднома

Қидирув

Евро-88 ни эслаб: Битта ғалабадан кейинги юксалиш...

Евро-88 ни эслаб: Битта ғалабадан кейинги юксалиш...

  23.07.2020 01:04
  0
  483
Евро-88 ни эслаб: Битта ғалабадан кейинги юксалиш...

Нидерландия миллий жамоаси афсоналаридан бири Марко ван Бастен УЕФА расмий сайтига берган интервьюсида асосан Евро-88 ҳақида гапирди ва турнир доирасидаги ўйинлардан бирини фаолиятидаги бурилиш нуқтаси сифатида тилга олди. У жумладан, финалда собиқ иттифоқ термаси дарвозасига йўллаган мўъжизавий голини ҳам ёдга олди, албатта.

Биринчи ўйинда томошабин...

- Бутун мавсум давомида жароҳатлар билан курашганим боисми, бош мураббийимиз Ринус Михелс қитъа биринчилиги доирасидаги илк ўйинда Босманни майдонга туширди. У аввалги қатор учрашувларда ўзини яхши томондан кўрсатган ва таркибда қандайдир ўзгариш қилишга ҳожат қолмаганди. Ахир ғалаба қозонган таркиб ўзгармайди, Нидерландия термаси эса чемпионат арафасида фақат ижобий натижалар қайд этганди. Ўшанда захирада қолганимдан асло ранжимагандим. Чунки яхши спорт формасида эмасдим. Қисқаси, «Менинг жойим бошланғич таркибда» қабилида ўйлашга асосим йўқ эди. Шунчаки, кузатдим, бошқалардан ўргандим ва ўз имкониятимни кутдим.

Англия термаси билан ўйин, «хет-трик»

- Ажойиб хотиралар. Бу Нидерландия миллий жамоаси, ўзим ва бутун фаолиятим учун энг муҳим ўйин ҳисобланади. Ўша ғалабадан кейин ҳаммаси мутлақо ўзгарди. Ўзи мавсум жуда мураккаб келган, мени жароҳатлар қийнаб юборганди. Англия термасига қарши баҳсдан сўнг ишларим бирдан юришиб кетди. Ўйинда 3та гол урдим ва биз мураккаб курашда инглизлардан устун келдик.

ГФР термасига қарши ярим финал

- О, қандай ўйин, қандай рақобат... Рақиб сафида Юрген Колер алоҳида ажралиб турарди. Иккимиз ҳам астойдил курашаётгандик. Баъзан у ғалаба қозонса, баъзан мен устун чиқардим. Муҳими, ҳар доим бир-биримизга ҳурмат билан ёндашганмиз. Футболда энг асосийси ҳам шу. Гамбургда кечган ўйин алоҳида аҳамият касб этарди. Немисларни мағлубиятга учратиш, боз устига, буни Германияда амалга ошириш - ноёб ҳодиса. Учрашувлардан олдин барча газеталарда менинг Колерга қарши ўйнашим тўғрисида ёзишди. Аммо ўзим фақат жамоамиз ҳақида ўйлардим. Яъни мени кўпроқ Нидерландия термасининг ГФР жамоасига қарши қандай қаршилик кўрсатиши ўйлантирарди. Энг яхши томони - ЖЧ-74даги мағлубиятдан сўнг мазкур ярим финалда ғалаба қозониб, реванш олишни уддаладик.

Финал

- Ажойиб ҳолатда эдик. Барчаси бизнинг фойдамизга ишлар, йигитларда кучли ишонч барқ ураётганди. Менимча, турнир давомида жамоамиздан кимдир алоҳида асабийлашмаган бўлса керак. Жумладан, финалда ғалаба қозонишимизга шубҳаланмадик. Умуман, бутун чемпионатда ғолиб чиқишимизга чин дилдан ишонгандик. Ўйлашимча, футболчилар жамоамиз чиндан ҳам, кучли эканлигини қалбан ҳис қилишган. Тўғри, дастлаб бироз хавотирга тушганимиз ҳам рост. Тўғрироғи, ютқазиб қўйиб, ноқулай аҳволга тушишимиз мумкинлигидан озгина чўчиганмиз. Асосийси, майдонда ўта ишончли тўп сурдик. Ўзи йирик турнирларда бу жиҳат жуда муҳим саналади.

Ўша мўъжизавий гол

- Ҳаммаси кеча рўй бергандек кўз ўнгимда - иккинчи бўлим кетаётган ва тан олишим керак, бу паллада бироз толиққандим. Арнольд Мюрен мен томон узатма бергач, бир лаҳза ўйлаб қолдим: «Хўш, тўпни қабул қилиб, ҳимоячиларни алдашга уринасанми ёки таваккалига зарба йўллайсан?» Албатта, бундай зарба самара келтириши учун омад ҳам кулиб боқиши даркор. Ҳаммаси идеал кўриниш олди. Баъзан футболда шундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Бу барчаси керакли даражада амалга ошадиган камсонли вазиятлардан биридир. Умуман, Евро-88га боғлиқ кўплаб воқеаларни сўзлаб беришим мумкин, аммо голдан кейин қандай фантастик ҳиссиётларни бошдан кечирганимни ифодалашим қийин, барибир. Нидерландия термасида шундай дамларни кўрганим учун ўзимни бахтиёр сезишим керак. Ўшанда ишонч билан ўзимизга нидо қилганмиз: «Ҳисоб 2:0, энди ғалаба қозонмасак, уят...». Хуллас, голдан шу қадар завқланганманки, нималар қилганимни тушунолмай қолганман. Ўша палладаги реакциям ҳам шундан далолат беради. Шунчаки, ўзимга савол бердим: «Ўзи нима бўлди?»...

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz