Қайднома

Қидирув

Тақдир: Бемаъни сабаб ортидан амалга ошмай қолган трансферлар…-2

Тақдир: Бемаъни сабаб ортидан амалга ошмай қолган трансферлар…-2

  23.07.2020 03:52
  0
  396
Тақдир: Бемаъни сабаб ортидан амалга ошмай қолган трансферлар…-2

Давоми. Бошланиши газетамизнинг аввалги сонида.

КУЛГИЛИ, ЖИДДИЙ ВА БЕМАЪНИ САБАБЛАР ТУФАЙЛИ АМАЛГА ОШМАЙ ҚОЛГАН ТРАНСФЕРЛАР. Газетамизнинг аввалги сонида футболга дахли йўқ ғалати сабаблар туфайли амалга ошмай қолган 5та трансфер ҳақида ҳикоя қилган эдик. Бу сафар ўша мақола давоми ўлароқ, охирги паллада бузилган яна 5та келишув тарихига назар соламиз. Дейлик, польшалик Роберт Левандовски ҳозирда Германия эмас, балки Англияда голеадорлик қобилиятини намойиш этиши мумкин эди, бироқ бемаврид отилган вулқон унинг АПЛга йўлини тўсиб қўйган...

 

Футболчи: Роберт ЛЕВАНДОВСКИ

Амалга ошмай қолган трансфер йўналиши: «Лех» «Блэкберн Роверс»

Сабаб: Эйяфьядлайекюдль вулқонининг ҳаракатга келгани

Ҳа, бунга ишониш қийин, Роберт Левандовски вулқон туфайли Англия футболи билан юзлашмай қолган. 2018 йили Британия матбуотида «Челси» ва «Манчестер Юнайтед» клублари «Бавария» ҳужумчисига қизиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Лекин польшалик футболчи «қизил иблислар» либосини анча олдин - 2012 йилиёқ кийиши ҳеч гап эмасди. The Guardian нашри маълумотларига қараганда, ўшанда сэр Алекс Фергюсоннинг шахсан ўзи Робертга қўнғироқ қилиб, уни жамоасига таклиф қилган. Бироқ польшаликнинг ўша вақтдаги клуби - Дормунд «Боруссия»си трансферга қарши чиққан. Энди вулқон аралашувига келсак, бу воқеа 2010 йили рўй берган - 22 ёшли Роберт АПЛга йўл олиш учун реал имконият ҳосил қилганди. Познаннинг «Лех» клубида тўпурарлик маҳоратини намойиш этган ҳужумчи «Блэкберн» назарига тушади ва «дайдилар» устози Сэм Эллардайснинг ўзи Польшага сафар уюштириб, Левандовски билан учрашади. Якунда «Лех» трансфер учун 3-4 млн. евро сўрайди, клубнинг скаутинг бўлими футболчини тезда сотиб олишни талаб қилади, мураббий ҳам танишувдан ғоят хурсанд ҳолда қайтади. Шунингдек, Роберт Блэкбернда музокара олиб боришга рози бўлади. У шу аснода шаҳар ва жамоа базаси билан танишиб чиқишни ният қилганди. Бироқ польшалик иқтидорга туманли ўлкага йўл олиш насиб этмайди - апрель ойи ўрталарида Исландияда Эйяфьядлайекюдль вулқони иккинчи марта ҳаракатга тушади ва бутун Европа осмонини тутун қоплайди. Натижада қитъанинг кўплаб мамлакатларида халқаро авиарейслар тўлиқ тўхтатилади, жумладан, Буюк Британияда ҳам. Шу тариқа Левандовскининг Англияга сафари ҳам қолдирилади. Тез орада футболчи Дортмунд «Боруссия»сидан аниқ таклиф олади ва 2010 йили ёзги трансферлар бозорида 4,75 млн. евро эвазига Бундеслигага йўл олади. Эллардайс бу воқеани ҳалигача катта алам билан эслайди. Зеро, у поляк ҳужумчиси иқтидорига вақтида муносиб баҳо берган, фақат табиат аралашуви туфайли ундан фойдаланолмаганди. Қолаверса, «Блэкберн» раҳбарияти ўша йилнинг 13 декабрида мураббийни истеъфога чиқарганди.

 

Футболчи: ИСКО

Амалга ошмаган трансфер йўналиши: «Малага» «Манчестер Юнайтед»

Сабаб: номутаносиб катта бош

Иско 2012 йили Европанинг энг яхши ёш футболчиси сифатида тан олинади, Испанияда эса уни мавсум кашфиёти мақомига муносиб кўришади. Бироқ «Манчестер Юнайтед»нинг селекция бўлими иқтидорли йигитнинг на шахсий совринлари ва на унинг камтарин «Малага» сафида Ла Лига ҳамда ЧЛда кўрсатган ажойиб ўйинларига қарайди. ESPN нашрининг кейинчалик аниқлаштиришича, Иско иштирокидаги бир неча учрашувни шахсан ўзи кўриб чиққан клуб бош скаути футболчи «қизил иблислар»га мос келмаслиги хусусида хулоса чиқарган. Уни Исконинг тезлиги қониқтирмаган, шунингдек, ...бўйи 176 сантиметр бўла туриб, боши жуда катталиги ҳам ёқмаган. «Реал» эса футболчининг бошига қарагани йўқ ва 2013 йилнинг 1 июль куни у билан расман шартнома тузди. Мана, Иско улкан бошини пойтахт гранди манфаати йўлида ишлатиб, унинг таркибида имкони бор барча совринларни қўлга киритди. Жумладан, 2017 йили Европа суперкубоги учун айнан «МЮ»га қарши кечган баҳсда нималарга қодирлигини кўрсатиб, клуб вакилларини афсусланишга мажбур қилди. Яъни «Реал»нинг иккинчи голини уриш баробарида учрашувнинг энг яхши футболчисига айланди.

 

Футболчи: Андре ОНАНА

Амалга ошмай қолган трансфер йўналиши: «Аякс» «А» серия клуби

Сабаб: муаммоли тери ранги

Самуэль Это~О академияси ва «Барселона» тизимида тарбияланган камерунлик голкипер Андре Онана 4 мавсумдан буён «Аякс» дарвозасини қўриқламоқда. У Амс­тердам жамоасида биринчи рақамли дарвозабон ҳисобланади. Лекин 24 ёшли Онана янада ўсиш ва қора танли дарвозабонлар ҳам топ-клубларда бемалол муваффақиятли ўйнай олишларини ҳаммага кўрсатиб қўйиш илинжида кучлироқ чемпионатга йўл олишни истамоқда. Британия матбуотида ёзилишича, айни пайт дарвозабон «Челси» ва «Тоттенхем» каби клублар эътиборида турибди. Аслида Андре Нидерландия футболи билан анча олдин хайрлашиши мумкин эди - «Аякс» Европа Лигаси-2016|2017да муваффақиятли иштирок этгач (амстердамликлар фақат финалда «МЮ»га бас келолмагандилар - 0:2), камерунлик Италия «А» сериясининг номи ошкор этилмаган клуби билан шартнома тузиши кутилди. Лекин якунда деярли «пишган» трансфер амалга ошмади. Нега? Сабаби ошкор қилингани йўқ. Айтишларича, ўша «сирли» харидор футболчининг териси ранги туфайли хариддан бош тортган. Тўғри, Онананинг ўзи 2019 йилнинг охирида берган интервьюсида жамоа вакили юқоридан янги кўрсатмалар олганидан кейин музокара жараёнини бирдан тўхтатганини айтди, аммо клуб номини сир тутди. Хуллас, харидор клубнинг бош директори қора танли дарвозабон фанатлар билан алоқа масаласида қўшимча муаммо туғдиришини айтиб, шартнома имзоланишига қарши чиққан экан.

 

Футболчи: Маттейс де ЛИГТ

Амалга ошмай қолган трансфер йўналиши: «Аякс» «Манчестер Юнайтед»

Сабаб: ирсий жиҳатдан тўлаликка мойиллик

«Аякс» ЧЛ-2018|2019да барча-барчани ҳайрат кўчасига етаклади ва жамоанинг иқтидорли йигитларига талаб кескин ошди. Жумладан, ярим ҳимоячи Френки де Йонг 2019 йилнинг 1 июль куни «Барселона» сафини тўлдирди. Ёш ва бақувват ҳимоячи Маттейс де Лигтнинг эса Англияга йўл олиб, «МЮ» либосига бурканиши кутилганди. Унга Жозе Моуриньонинг шахсан ўзи катта қизиқиш билан қаради, ҳимоя марказидаги муаммоларни айнан голланд билан бартараф этишни режалаштирди. Бироқ нидерландиялик скаут Марсель Бут томонидан тайёрланган ҳисобот барчасини ўзгартириб юборди. Ушбу мутахассис «МЮ»да Луи ван Гал даврида иш бошлаганди. Хуллас, Бут футболчи ирсий томондан ортиқча вазн тўплашга мойил эканлигини айтиб, қимматбаҳо хариддан тийилиш ҳақида маслаҳат берди. Сабабни қаранг, Франк­нинг отаси вақтида ортиқча вазн муаммосига учраган ва ўғли ҳам бундан холи бўлмаслиги эҳтимоли. Ортиқча килограммлар эса суръат, чидам каби жиҳатларга таъсир қилади, албатта. Аслида Маттейснинг вазни бўйига мувофиқ - чамаси 90 кг. ва 189 см. Қисқаси, манчестерликлар якунда Гарри Магуайр номзодини ёқлаб, унинг учун «Лестер»га 80 млн. фунт тўлашди. Англиялик ҳимоячи ҳозирда «МЮ» сардори ва ўйини ҳам чакки эмас. Де Лигт эса нисбатан камроқ суммага сотилди. У «Ювентус»да бошида чиндан ҳам, бесўнақайроқ кўринди, лекин вақт ўтиши билан янги чемпионатга анча мослашди. «МЮ» адашганми ёки «Юве»? Бу саволга фақат вақт жавоб бериши мумкин.

Футболчи: Ламин ЯЛЛОУ

Амалга ошмай қолган трансфер йўналиши: «Салернитана» «Менеменспор»

Сабаб: фамилиядошларни адаштириш

Туркия чемпионати иккинчи дивизиони вакили - «Менеменспор» 2019 йили ёзги трансферлар муддатида ҳужум чизиғини кучайтиришни ўйлади ва скаутлар тавсия­си билан Италияда ўйнаётган африкалик Ламин Яллоу номзодига эътибор қаратди. Бу футболчи узоқ вақт «Кьево» ихтиёрида юрди. Гамбия миллий жамоаси ҳужумчиси бу оралиқда «учар эшаклар» сафида «А» серия­да дебют ҳам қилди, лекин асосан иккинчи дивизион клубларида ижара шартномаси бўйича тўп суриш билан чекланди. Хуллас, Яллоунинг вакиллари Туркия жамоаси  билан жуда тез келишувга эришишди, улар турклар илгари сурган барча шартларни ўйламай қабул қилишди. Ҳаттоки, томонлар одатга қўра, қўл бериб турган ҳолатда суратга ҳам тушишди. Бироқ кейинги 24 соат давомида барчаси чаппасига кетди ва Яллоу тиббий кўрикдан ўтолмагани учун келишув имзоланмаслиги эълон қилинди. Бир қарашда, ҳеч қандай ғайриоддий нарса йўқдек, фақат... Хуллас, «Менеменспор» ўзи мўлжалга олган Яллоу эмас, балки унинг фамилиядоши билан келишган экан. Яъни турклар Ламин ўрнига гамбиялик бошқа футболчи Алфа Яллоуни таклиф қилишган - соф адашмовчилик. У ўша пайт эркин агент мақомида эди, бунга қадар эса Португалия тўртинчи дивизионида «Алкошетенсу» клубида ўйнаган экан. Якунда Алфанинг нисбатан кучлироқ клубда ўйнаш режаси барбод бўлди, Ламин «Салернитана»да қолди, «Менемеспор» эса зарур ҳужумчига эга бўлмади...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz