Қайднома

Қидирув

Идеал «қизил» қаҳрамон ёхуд ТРЕНТ АЛЕКСАНДЕР-АРНОЛЬД­ГА БАҒИШЛАНГАН МАҚОЛА

Идеал «қизил» қаҳрамон ёхуд ТРЕНТ АЛЕКСАНДЕР-АРНОЛЬД­ГА БАҒИШЛАНГАН МАҚОЛА

  24.07.2020 03:58
  0
  258
Идеал «қизил» қаҳрамон ёхуд ТРЕНТ АЛЕКСАНДЕР-АРНОЛЬД­ГА БАҒИШЛАНГАН МАҚОЛА

Трент болалигида голлар урса, ўзини кимсан Стивен Жеррарддек тутишга уринарди - бу ҳақда ўзи гапирган. Ҳа, Англия­-да кўпчилик шундай қилган, аммо ҳаммага ҳам Стиви Жи эътиборига тушиш насиб этган эмас. «Ливерпуль» афсонаси клуб тарбияланувчисини олдинда улкан муваффақият кутаётганини башорат қилган вақт Трент ҳали 17 ёшга ҳам тўлмаганди, қолаверса, Юрген Клопп «қизиллар» билан ҳали иш бошламаганди...

ШЛЯПА ИЧИДАН ЧИҚҚАН ЮТУҚ

Александер-Арнольд 6 ёшидан «Ливерпуль» академияда шуғуллана бошлаган. Клуб ўқувчилар орасида текинга кўрик ўтказган пайт қаҳрамонимиз Ливерпуль ғарбидаги авлиё Матфей католиклар мактабининг бошланғич синфида ўқирди. Ўқитувчи кимда тўп суриш иштиёқи борлигини сўрагач, синфдаги барча болалар қўл кўтаришади. Натижада кимнинг кўрикка боришини аниқлаш учун қуръа ташлашга тўғри келади. Хуллас, шляпага ўқувчилар исм-шарифи ёзилган қоғозлар солинади. Қўлга илинган парчалардан бирида Трентнинг фамилияси бор эди. Шу тариқа кўрикда қатнашган болакай майдонда болалар жамоаси мураббийи Иэн Барриган эътиборини тортади. Мутахассис дарҳол Трентнинг ота-онасини топиб, фарзандлари ҳафтада 3 марта гуруҳ машғулотларига бориши мумкинлигини айтади.

Трент Мелвуддаги машғулотлар базасига киришдан олдин хиёбонда ўртоқлари билан тўп ортидан югурарди. Ўша парк «Ливерпуль» базасига яқин эди. Болалар баъзан база олдига келиб, ичкарида бош суқиб, нималар рўй бераётганини кўришга уринишарди. Улар учун айниқса, Стивен Жеррард, Хаби Алонсо ёки Жейми Каррагернинг ҳаракатини кузатиш мароқли ҳисобланарди. «Машғулотларни тўлиқ томоша қилиш имконияти пасайгани сари ушбу маскан бизни ўзига кўпроқ тортаверарди», — деганди Александер-Арнольд 2017 йили ўзи асосий таркиб билан шуғуллана бошлаган пайт.

Трентнинг онаси Диана анча юмшоқтабиат бўлсада, ўғлини қаттиққўллик билан тарбиялаган, уни кичиклигидан тартиб-интизомга қатъиян бўйсунишга ўргатган. У тушлик пайти «Ливерпуль» академиясига қўнғироқ қилиб, бутун хона эшитадиган даражада баланд овозда гапириши мумкин эди: «Хайрли кун! Афсуски, Трент якшанба кунги ўйинга бормайди. У овқатини охиригача емади!» Натижада болакайнинг ноиложликдан таомни тугатишига тўғри келарди. Қўнғироқлар орасида бошқача мазмундагиси ҳам учрарди: «Трент бу ҳафта ўзини яхши тутди, шундай экан, бемалол машғулотларга қатнашиши мумкин. Лекин кейинги ҳафта ҳақида нимадир деёлмайман. Барчаси унинг ўзини қандай тутишига боғлиқ». «Ливерпул»дагилар бундай қўнғироқларга кўникиб қолишган ва талабчан онанинг гапларига ҳамоҳанг тарзда жавоб қайтаришарди. «Оилам менга кўп ёрдам берди, баъзида ҳаттоки, буни пайқамаганман ҳам. Ака-укам (Трент - уч ўғилнинг ўртанчаси) билан тўп тепганимизда, футболчи бўлиш учун шуғулланаётганим хаёлимга ҳам келмасди. Онам доим ёнимизда турарди. Унинг ўзи ҳафтада 4 марта машғулотларга олиб борарди, ўйинларимни кузатарди, ҳамиша «осмонларда учиб юришим»­нинг олдини оларди. Оддий айтганда, кичик муваффақиятдан ҳаволаниб кетишимга асло йўл қўймасди» - бу энди Трентнинг эътирофи. 10 ёшли Александер-Арнольдга таълим берган Дерек Уильямс эса унинг болалигини шундай таърифлайди: «Трент оғир-босиқ ва айтганингизга қулоқ соладиган йигитча эди. Кўпинча сукут сақларди, тўполон кўтармасди, нимани буюрсангиз, ҳаммасини бажарарди. Лекин журъатсиз эмасди. Аксинча, ҳар доим диққатини жамлаганини кўрардим. Айниқса, қийинчиликларга катталар каби муносабат билдиришидан қойил қолардим».

ТЕЗ ЮГУРИБ, ТЕЗ ҚАРОР ЧИҚАРИШ

Қаҳрамонимиз 14 ёшгача футбол ва регби машғулотларини умумлаштиради. Регбида фулбек позициясида ўйнар, футболда эса марказий ҳужумчи эди. Ўша пайт Трент Кросбидаги авлиё Мария мактабига қатнар, у ерда асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилар, футбол курслари ҳам йўқ эмасди. Ушбу мактабда ўқиш пуллик бўлиб, Александер-Арнольд бошқа иқтидорли болалар ва ўсмирлардан фарқли равишда, тўловни ўзи амалга оширарди. Ўз навбатида, ҳафтада 3 марта «Ливерпуль» академиясидаги маш­ғулотларда қатнашишга ҳам улгурарди. У 16 ёшида «Ливерпул»нинг U-18 тоифасидаги жамоаси сардорига айланди. Йигитчанинг истеъдодини бир неча йил мобайнида ўсмирларга устозлик қилиб, академиянинг барча босқичларидан ўтган мутахассис Пепин Линдерс ҳам юксак қадрларди. Маълумот учун, у бугунги кунда Юрген Клопп  штабида ишламоқда. Линдерснинг вазифаларидан бири - клуб тарбияланувчиларини асосий таркибга тортиш.

Трент академияда ярим ҳимоянинг барча нуқталарида тўп сурди. 17 ёшга тўлганида эса, ўнг қанот ҳимоясига муқим жойлашди. Линдерс бу борада алоҳида тўхталган эди: «Александер-Арнольд тез югуради, янада муҳими, тезкор қарор чиқаради. У ўйин­ни ажойиб тарзда тушуниши эвазига керакли пайт керакли жойда пайдо бўлади. Трентда позицион ўйинни тезлаштириш хусусияти бор. Унинг ижросидаги узатмаларни аввалдан тахмин қилиш ва тўхтатиш имконсиздир. Бу хусусиятлар айниқса, қанот ҳимоясида роса асқотади».

 

КЛОППНИНГ ТАЪСИРИ

Александер-Арнольдлар оиласининг «Манчестер Юнайтед»га боғлиқлик жиҳатлари кўп: тоғаси узоқ муддат «Олд Траффорд»да ишлаган, бувиси эса Алекс Фергюсон билан ишқий муносабатда бўлган экан. Гап-сўзларга қараганда, учрашувларнинг бирида Фергюсон иқтидори бутун дунёга ёйилган ўспиринга савол берган: «Нега «МЮ» сафига қўшилмадинг?» Трентдан эса оддий жавоб қайтган: «Чунки онам автомагистралларда бемалол машина ҳайдай олмайди». Тўғри, бу воқеанинг реал эканлиги тасдиқланмаган, аммо уни «Нью-Йорк Таймс» сингари жиддий манба келтирган.

2016 йил. Трент асосий жамоага жалб этилаётган пайт Клопп машғулотлардан кейин у билан футбол ҳақида жиддий суҳбатлашди. «Ливерпуль» академияси билан солиштирганда, катталар жамоасида футболчиларга кўпроқ эркинлик берилади. Тўғри, академияда мураббийлар шогирдлари билан тез-тез гаплашишади, лекин машғулотлар худди дарсга ўхшайди. Клопп эса суҳбат орқали Трентнинг асосий жамоага тезроқ мослашишига кўмаклашишни ўйлаган. Йигитчанинг дебюти 2016 йилнинг 25 октябрь кунига тўғри келди: «Тоттенхэм»га қарши кечган кубок учрашувида майдонга тушган вақт Александер-Арнольд 18 ёшда эди: «Бошида жуда асабийлашдим. Аммо дўст­ларим Ови Эжария ва Бен Вудберннинг мендан аввал дебют қилишгани бироз хотиржамлик бағишлади. Зеро, бир-биримизнинг ютуқларимиздан қувонардик, таассуротлар билан ўртоқлашардик. Ўйлашимча, «Тоттенхэм»га қарши кечган ўша баҳсда ёмон ҳаракатланмадим». Хуллас, Трент илк учрашувда 68 дақиқа тўп сурди, «Ливерпуль» ғалаба қозониб, кейинги босқичга чиқди. Қаҳрамонимиз нав­батдаги раунд ўйинида ҳам бошланғич таркибда майдонга тушиб, 76-дақиқада Дивок Оригини самарали узатма билан таъминлади. 2018 йилнинг боши эса юксалиш нуқтасига айланди. Трент мавсумнинг биринчи қисмида АПЛда атиги 2та ўйинни бошланғич таркибда бошлаган ва асосий вақтини захирада ўтказганди. Чунки ҳимоянинг ўнг қанотида Жо Гомес «гегемон» эди. Мавсумнинг иккинчи ярмига келиб, Жо жароҳатланиб, сафдан чиққач, Трентга йўл очилди. Яъни ёш футболчи бир уринишда самарали ўйнаб, унинг йўқлигини асло билинтирмади. Шу аснода қаҳрамонимиз мавсум финишига қадар барча турнирларда умумий ҳисобда 30 мартадан кўп майдонга тушди ва 5та самарали ҳаракатни амалга оширди. Мавсум-2018|2019ни эса асосий таркибнинг ўзгартирилмас футболчиси сифатида бошлади. Шу-шу Александр-Арнольд АПЛда камида 12та голга ассистентлик қилмаса, кўнгли тўлмайди.

«Ливерпуль» Европа Чемпионлар Лигаси финалида «Реал»га имкониятни бой берганидан сўнг Трент дарҳол ота-онаси ёнига ошиқди: «Аксарият ёш ўйинчилар алоҳида яшашга жуда эрта жазм этишади. Етарли маош ола бошлаганларидан кейин дарров бошқа уйга кўчиб ўтишади, аммо ҳаммасини пул билан ўлчаш тўғри эмас-ку. Ҳар ҳолда, пул барча муаммоларингизни ҳал қилолмайди. Ота-онам ва ака-укаларим ҳам ҳозирча бирга яшашимиз тарафдорилар». Қисқаси, 20 ёшли футболчи бошқа уйга кўчиб ўтишга унча шошилмади. Тўғри, 2019 йилнинг баҳорига келиб, Трент ўзига уй сотиб олди ва эндиликда алоҳида яшаяпти. Чемпионлар Лигасидаги муваффақият мустақил ҳаётга қадам қўйиш даврига тўғри келди. Энди Александер-Арнольднинг яна бир катта орзуси қолди - «Ливерпуль» сардори бўлиш.

Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz