Қайднома

Қидирув

«Гладиатор» ақидаси ёки Артуро Видаль ҳақида "бадиа"

«Гладиатор» ақидаси ёки Артуро Видаль ҳақида "бадиа"

  25.07.2020 01:55
  0
  581
 «Гладиатор» ақидаси ёки Артуро Видаль ҳақида

Жамоатчилик томонидан «Чилилик гладиатор» мақомини олган «Барселона» вакили Артуро Видаль май ойининг 22-санасида 33 ёшга тўлди. Энг муҳими, фахрий футболчи майдонда ҳамон чин жангчилардек ҳаракатланади, муросасиз муносабати билан яққол ажралиб туради. Артуронинг ҳаёт ақидаларига эътибор қаратсангиз, барчаси ойдинлашади - у чиндан ҳам, табиатан жангчи характерига эга. Мана, Чили футболи юлдузининг ҳаёти ва турли вақтларда айтган гапларидан тузилган «гулдаста» (манба - football.ua сайти) бунга яққол далил.

*****

«Қирол Артур» яшил майдоннинг барча сир-синоатларидан яхши хабардор ва ҳар қандай вазифани уддалай олсада, жамоатчилик уни аввало,  чин жангчи сифатида ҳурмат қилади. Агар Артуро туғма жангчи бўлиб дунёга келмаганида, биз бугун уни етук футболчи сифатида кўрмасдик. Ҳаттоки,  у замондошларимиз сафида ҳам юрмасмиди...? Ҳар ҳолда, Видаль  чекига чақалоқлик давриданоқ ҳаёт учун курашиш тушди. Ичкиликка ружу қўйган отасининг қилмиши оқибатида ёниб кулга айланган уйда у ва ака-укалари фақат онаси туфайли омон қолишди. Аёл уларни нафақат қутқариб қолди, балки едириб-ичириш учун тинмай тер тўкди. Хуллас, болакайнинг ёруғ оламдаги илк таассуротлари унча яхши эмас:

- Ҳаётдан олган дастлабки таассуротим - очлик ва изғирин.

******

Артуро кейинчалик онаси қачондир енгил тин олиб, фаровон умр кечириши учун кучли футболчи бўлишга аҳд қилди:

- Аввалига менда ғалабага нисбатан ишончдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди.

- 14 ёшда эдим, онажоним одатдагидек уйга ўта ҳорғин ҳолда қайтди. Унинг аянчли ҳолатини кўргач, фаровон турмушга эришиш мақсадида футбол йўлини танладим.

- Кейин айнан футбол туфайли илк бора ҳаёт лаззатини туйдим - ниҳоят, ойимнинг бахтиёр чеҳрасини кўрдим!

******

Артуро иқтидордан бенасиб қолмаганди. Энг муҳими, у ўта меҳнаткаш йигитча эди. Машғулотлар майдони бора-бора Видаль учун энг қадрдон масканга айланди - у шу ерда еб-ичиб, шу ерда ухлаб дам оларди. Артуро шу тинимсиз интилишлари эвазига 18 ёшида Чилининг энг машҳур клубларидан бири - «Коло-Коло»да тўп сурди ва 3 марта чемпионлик нашидасини сурди (статистикаси - 56та ўйин, 5та гол). Шу тариқа йигитча Европа клублари эътиборини тортди. 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги ЖЧда Чили термаси сафида бронза медалини қўлга киритганидан кейин эса, унинг келажаги еврофутболда эканлиги ойдинлашди. Эътиборли томони, Видаль Жанубий Америка футболининг кўплаб иқтидорларидан фарқ­ли равишда, «кўҳна қитъа»даги фаолиятини Германияда, камтарин «Байер» таркибида бошлади ва 144та ўйинда 21та гол уриб, мухлислар эътирофига сазовор бўлди. Ўша вақт­даёқ кўпчилик муросасиз ўйинчига «Жангчи», «Аскар» ва «Гладиатор» каби лақабларни ёпиштирди. Чилиликнинг зарбаларидан азият чеккан жамоалар мухлислари эса унга «Разил» лақабини беришди. Видаль Германияда фаолиятини ҳужумкор футболчи сифатида бошлади, лекин тез орада дарвоза чизиғидан бошқа барча позицияларда ишончли тўп сурадиган чинакам универсалга айланди. Унинг ўзи маҳоратини турли нуқталарда синаб кўришни хуш кўрарди. Хуллас, амплуаси тез-тез алмашди, фақат курашга чанқоқлик хислати ўзгаришсиз қолди. Артуро ҳозир ҳам қайси чизиқда ўйнашидан қатъий назар, ҳамиша барчадан устун чиқишга интилади, бу йўлда на ўзи ва на рақибларини аяйди.

Айтишларича, агар тақдир тақозоси билан Артуронинг қандайдир расмий беллашувда акаси ёки укасига қарши майдонга тушишига тўғри келса, уларга ҳам сира ён бермас экан. Эҳтимол, бунда озгина муболаға бордир, аммо 2017 йили Конфедерациялар кубогида рўй берган можаро ушбу тахминни тўла тасдиқлаши мумкин. Якунда кумуш медаль соҳибига айланган Чили термаси финалда бундестим билан куч синашган, Видаль эса вазиятлардан бирида «Бавария»даги дўсти Жошуа Киммих билан тўқнашиб кетганди. Бир қарашда, можаро жиддий тус олган ва Германия термаси кашфиётининг фаолияти хавф остида қолгандек туюлганди. Яхшики, «жангчилар»ни тезда ажратиб олишган, ўйин якунида эса улар қучоқлашган ҳолда майдонни тарк этишган... Айтиш жоиз, чилилик футболчи «Бавария» сафига қўшилишидан аввал 4 йил давомида «Ювентус» шарафини муносиб ҳимоя қилганди - 171та ўйин, 48та гол. Муҳими, Артуро Апеннин диёрида совринларга кўмилди. Аниқроғи, 4 марта скудетто ютишдан ташқари, Италия суперкубоги (2та) ва кубоги соҳиби бўлди. Туринда ҳужумкор ярим ҳимоячи зиммасидаги вазифаларни шараф билан уддалаган чилилик бунга қўшимча тарзда афсонавий Андреа Пирлонинг асосий кўмакчисига айланди ва «кекса синьора» сафида шунга яраша нуфуз, обрў орттирди. Аммо Италияда баъзан унга чинакам ҳаёт-мамот жанги етишмаётгандек туюларди. Чунки айрим ўта кескин беллашувларни ҳисобга олмаганда, «Ювентус» «А» серияда жиддий қийинчиликларга дуч келмасди. Шунинг учунми, «Гладиатор» бироз зерика бошлади ва Германияга йўл олишни маъқул кўрди.

Тўғри, Бундеслигадаги вазият Италиядагидан деярли фарқ қилмасди - «Бавария» худди «Ювентус» каби ички мусобақаларда яққол фаворит эди. Факт шуки, Видаль 123та ўйинда 22та гол уриб, шахсий совринлар музейини 3та «Кумуш лаган», 2та суперкубок ва кубок билан бойитди. Ўзининг тан олишича, «Бавария»­даги фаолияти «Ювентус»дагисидан қизиқарлироқ бўлди. Бунинг асосий сабабчиси - бош мураббий. Гарчи Видалнинг Хосеп Гвардиола билан ҳамкорлиги узоққа чўзилмаган бўлсада, каталониялик мутахассис Артурога «беш» кетган ҳолда, унинг янги қирраларини кашф этди. Футболчи эса янада мукаммалроқ универсалга айланди:

- Ҳозирги савиямга айнан Германияда эришдим.

- Ўйлашимча, ўз иштироким билан Чилида «Бавария» мухлислар гуруҳининг пайдо бўлиши ва Бундеслигага қизиқиш кучайишига ҳисса қўшдим. Ҳозирги мартабага айнан Германия чемпионатида эришганим ҳаммага аён.

******

Клуб миқёсида Видаль учун забт этилмаган ягона чўққи - бу ЕЧЛ. У шу бўшлиқни тўлдириш мақсадида «Барселона» таклифини қабул қилди. Чилилик юлдуз ҳозирга қадар Каталония гранди сафида 90 мартача майдонга тушиб, 10та гол урди. У Испания­даги дебют мавсумидаёқ азалий орзуси рўёбини кўришга яқин келди. Лекин Ла Лига ва Испания суперкубогидаги ғалаба билан кифояланишга мажбур бўлди. Ҳамманинг ёдида - «Барса» ЧЛ финали йўлида «Камп Ноу»да «Ливерпул»ни йирик - 3:0 ҳисобида енгди, аммо «Энфилд»да шунчаки, куйиб қолди - 0:4. Каталония клубининг ўрта чизиғида савияли футболчилар жуда кўп ва Видаль айни пайт бошланғич таркиб ўйинчиси эмас. Лекин Каталонияда бир ажойиб гап бор: «Агар жамоа «симфония»ни ижро этмоқчи бўлса, Артур Мелони ёки «хэви металл» - Артурони майдонга туширинг». Нима ҳам дердик, энди «Жангчи» коронавирус юққан ЧЛда ғолиб бўлишга уриниб кўради. Янги мавсумда қаерда бўлиши хусусида эса, ҳозирча нимадир дейиш қийин.

 - «Бавария»дан кетган футболчи учун олға қадам ҳисобланадиган жамоанинг ўзи йўқ. Бироқ мен уни топдим - «Барселона».

- «Барселона» - дунёнинг энг сара клуби. Бу жамоада мавжуд барча совринларга эришишни истайман.

- Тоза «антимадридчи» эмасман. Чунки «Барселона»га қарши майдонга тушадиган барча жамоалар учун «анти»ман».

- «Барселона» қони - бу иборани кўп эшитганман. Аммо нима эканлигини билмайман. Аниқ билганим шуки, лоақал битта умумий жиҳатимиз бор. Бу - ғалаба иштиёқи.

- Табиийки, жаҳон чемпиони бўлишни хоҳлайман. Лекин бу орзуга эришолмасам керак. ЧЛ шоҳсупасига чиқиш эса, имкони бор иш.

- «Барселона»да барча ўйинчилар ҳужумга ўтишни билишлари шарт. Чунки рақиблар кўпинча бутун жамоа бўлиб ҳимояланишади. Бундай вазиятда ҳужумчилар триоси 8-10 нафар рақиб қаршилигини синдиролмайди. Шундай лаҳзаларда чизиқлар ўртасида ҳаракатланиб, рақиб ҳимоя қўрғонини ёриб ўтиш ва Месси, Суарес, Гризманн ёки Дембелега бўшлиқ яратиш - зиммамдаги вазифа. Муҳими, бу иш ўзимга ёқади!

*****

«Қирол Артур» Чили миллий жамоа­си шарафини янада кучлироқ иштиёқ ва жонбозлик билан ҳимоя қилади. У ҳозирга қадар 115 марта майдонга тушиб, 28та гол урди. Чили футболининг яна бир афсонаси - Иван Саморано ватандошига бежиз юксак баҳо бермаган: «У майдонда барча ишни қойиллатади: гол уради, тўп узатади, ҳужумга ўтади, ҳимояланади - Чили термасини елкаларида олиб юради». 2015 йили Чили мезбонлигида ўтган Америка кубоги турнири кунлари казинодан маст ҳолда қайтаётган Артуро машинаси полиция томонидан тўхтатилган ва футболчи судда жавоб беришга мажбур бўлганди. Айтишларича, Видаль ўшанда суд аъёнларига ўта таъсирчан ибора билан мурожаат қилган: «Қўлларимга кишан солиш билан Чилини ҳибсга олдингиз». Буни эшитган судья қоидабузарни 2 йил муддатга машина бош­қариш ҳуқуқидан маҳрум этган, лекин қонун талаб қилган қамоқ жазосидан озод қилган. Натижада Видаль мусобақадаги иштирокини давом эттирди ва чилиликлар якунда қитъа чемпиони бўлишди. Албатта, Чили термасининг Жанубий Америка чемпионатида қаторасига 2 марта ғолиб чиқиши, кейин Конфедерация­лар кубогида 2-ўринни эгаллашида қаҳрамонимиз хизматлари беқиёс. Бироқ шундай маҳорат соҳибининг Чилида атиги 1 марта йилнинг энг яхши  футболчиси сифатида эътироф этишгани ажабланарли ҳол. Қолаверса, уни яна бир борагина хорижда ўйнаётган чилилик энг яхши футболчи мақомига муносиб кўришган. Асл жамоавий жангчи бундан ташқари, «Ювентус» таркибида ҳам 1 марта йил футболчиси сифатида сов­рин олган. Шу жойда диққатни тортадиган битта факт - қаҳрамонимиз охирги 10 мавсумда жами 53 марта учрашувнинг энг яхши ўйинчиси бўлди. «Қирол Артур» бу борада дейлик, Серхио Агуэро ва Роберт Левандовски каби афсоналардан олдинда.

- Жангчи қўрқиши, йиғлаши мумкин, аммо ҳеч қачон таслим бўлмайди.

- Ўзимни Чили терма жамоаси тарихидаги энг буюк ўйинчи сифатида кўрмайман.

- Ярим ҳимояда жуда кўп футболчилар тўп суришади. Аммо улардан яққол ажралиб тураман. Бинобарин, бир вақтнинг ўзида ҳимояланиш, ҳужум қилиш ва майдоннинг барча нуқталарида ҳозиру-нозир бўлишни истайман.

- Ҳеч қачон келажак ҳақида бош қотирмайман, бугунги кун билан яшайман. Шу туфайли ҳар бир учрашувга сўнгги имкониятдек ёндашиб, бор кучимни сарфлайман.

- Урушда боғбон бўлишдан кўра, боғда жангчи бўлиш яхшироқ

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz