Қайднома

Қидирув

Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади: «Навбаҳор» ФКга пул йиғилаётгани қанчалик ҳақиқат?

Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади: «Навбаҳор» ФКга пул йиғилаётгани қанчалик ҳақиқат?

  25.07.2020 20:58
  0
  454
Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади: «Навбаҳор» ФКга пул йиғилаётгани қанчалик ҳақиқат?

Бир неча кун аввал Наманганнинг «Навбаҳор» футбол клуби россиялик мутахассис Алексей Беленковга 500 минг АҚШ доллари тўлаши кераклиги ҳақида хабар қилинганди.

Ижтимоий тармоқларда «Навбаҳор» томонидан тўланиши лозим бўлган ушбу сумма вилоятдаги корхона ва ташкилотлардан ҳомийликка мажбурлаш йўли билан йиғилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Шунингдек, ушбу хабарларга вилоят ҳудудидаги тижорат банклари томонидан «Навбаҳор» ФК ҳисобига ўтказилиши режалаштирилган ҳомийлик маблағлари ҳақида маълумот акс этган сурат ҳам бириктирилган.

Тижорат банклари «ўз ҳохишлари билан» ҳомийликда иштирок этишаётгани ҳақидаги хабарлар қанчалик ҳақиқат эканини аниқлаш учун суратда акс этган жадвалда миқдор жиҳатдан энг кўп режа қўйилган АТ «Агробанк»нинг республика бошқаруви матбуот хизмати билан боғландик. Афсуски, ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб ололганимизча йўқ.

АТБ «Ҳамкорбанк» Наманган филиали билан боғланганимизда бундай маълумотлар банк сири ҳисобланиши ҳамда бу ҳақда учинчи томонга маълумот берилмаслигини маълум қилишди.

АКБ «InfinBank» филиали вакили эса ҳомийлик пуллари ўтказилаётганини, бироқ маблағлар банкнинг эмас, транзит ҳисоб рақамлардан, яъни клуб ишқибозлари бўлган кўнгилли фуқаролар тақдим этган пуллар ҳисобидан ўтказиб берилаётганини таъкидлади.

ПФЛ директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев мазкур масала юзасидан фикр билдирар экан, ПФЛда бундай маълумот йўқлигини, бу каби масалалар клубнинг ички иши эканини маълум қилди.

«Навбаҳор» футбол клуби расмийлари билан боғланишга уринишларимиз самара бермади.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳомийлик деганда, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик мақсадларида бошқа юридик ва жисмоний шахсларга мол-мулкни, шу жумладан пул маблағларини қайтармаслик шарти билан ёки имтиёзли шартларда беришда, улар учун ишлар бажаришда, уларга хизматлар кўрсатиш ва уларни бошқача шаклда қўллаб-қувватлашда ифодаланадиган ихтиёрий беғараз ёрдами тушунилади.

Ҳомийлик фақатгина ихтиёрий асосда амалга ошириладиган беғараз ёрдам эканини ҳисобга олсак, бу фаолиятга мажбурий равишда жалб этиш жиддий қонун бузилиши ҳисобланади.

Зеро, Конституцияда давлат барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши белгилаб қўйилган. Шунинг учун, ҳомийликка мажбурий жалб этиш ҳаракатларида мулк дахлсизлигига таҳдид ҳам ўз аксини топади.

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади деганларидек, агар ростдан ҳам «Навбаҳор» ФК ўзининг А.Беленков олдидаги мажбуриятини бажаришда бошқа ташкилотларнинг ҳомийлик маблағини жалб этган тақдирда, бу ҳақдаги маълумотларни бекитишнинг имкони йўқ. Чунки «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг 5-1-моддасига кўра, ҳомийлик олувчилар олинган ҳомийлик хайрияларининг ҳисобини юритиши ҳамда ҳомийлик хайриялари олинган кундан эътиборан ўн кун ичида оммавий ахборот воситаларида, шунингдек мавжуд бўлган тақдирда ўз расмий веб-сайтларида олинган ҳомийлик хайриялари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиши шарт. Акс ҳолда, қонун бузилишига йўл қўйилган бўлади.

Дарвоқе, «Ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддасида устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналарининг ҳомийликка сарфланадиган ҳар йилги харажатлари ўтган йилда олинган соф фойданинг 10 фоизидан ошмаслиги кераклиги ҳамда бу харажатлар улар бизнес-режасининг ўтган ҳисобот давридаги соф фойдага тааллуқли қисми кўрсаткичлари бажарилганда амалга оширилиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Бундан чиқадики, борди-ю ушбу маълумотлар тасдиқлангудек бўлса, жадвалда акс этган айрим (давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган) банклар бу каби «хайрия»ларда орқа-олдига қараб олишлари лозим бўлади.

Айтиш керакки, ҳомийлик пулларини банклар ёки фуқароларнинг мажбурий ёки ихтиёрий ўтказаётганидан қатъи назар, яна бир ачинарли томони – бу пулларнинг клубни ривожлантиришга эмас, клуб раҳбариятининг хатосини тузатишга сарф бўлаётганида.

Сўзимиз якунида спорт журналисти Бобур Акмаловнинг айни вақтдаги футболимиз ҳақида айтган қуйидаги фикрларини эслаб ўтсак, зарар қилмайди:

«Менимча, футболни тўхтатиш керак. Ўзбекистон халқи бундан ҳеч нарса йўқотмайди. Бугунги кунда футбол давлатнинг, демакки, халқнинг бўйнида ортиқча юк. Суперлигадаги барча клубларни халқ боқади, футбол одамлари ўзбекистонликларнинг солиқлари ва табиий бойликлар орқасидан келадиган пулларни ейишади. Пандемиясиз ҳам бизнинг зиммамизда ўтириб, тузукроқ натижа кўрсатмаган футболимиз ҳозирги оғир шароитда минг чандон ортиқча.

Бу мавсум футболидан воз кечавериш керак иккиланмасдан. Миллиардларни ўпқондек ютадиган клублар кейинги йилга тайёрланаверсин. Ана, Франция, Нидерландлар ва ҳатто Бангладеш футболни тўхтатди – бирор ери камайиб қолмади. ФИФА «Олтин тўп»ини бу йил бермайдиган бўлди. Ақлли қарор.

Яшашни, яшаб қолишни эплаб олайлик, футбол кўнгилга сиғадиган кунларга ҳам етармиз, насиб бўлса».

Банк муассасаларидан футбол клуби учун пул йиғилаётгани ҳақидаги ҳолат бўйича Наманган вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкидан муносабат кутиб қоламиз.

Аббос Салайдинов, ҳуқуқшунос


Манба: kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz