Қайднома

Қидирув

Вадим Абрамов: "Белоус трансфердан 3 миллион евро ишласа ҳам, хурсанд бўлардим..."

Вадим Абрамов: "Белоус трансфердан 3 миллион евро ишласа ҳам, хурсанд бўлардим..."

  25.07.2020 23:40
  0
  511
Вадим Абрамов:

Шу кунларда Жасур Жалолиддиновнинг трансфери ҳақида нафақат Ўзбекистонда, балки Россияда ҳам кўп муҳокама бўляпти. Бу борадаги саволларга жавоб олиш учун Ўзбекистон миллий жамоаси ва «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов билан суҳбатлашдик.

Жалолиддиновнинг трансфери

Охирги вақтларда Жасур Жалолиддиновнинг трансфери борасида муҳокамалар кўп бўлмоқда. Келаси мавсумда ЕЧЛ гуруҳ босқичида ўйнайдиган Москванинг «Локомотив» клуби 2002 йилда туғилган ўзбекистонлик футболчи билан шартнома имзолашга яқин турибди. Бу трансфернинг суммаси ҳам аниқ – 350 минг евро. Аммо рус нашрларида трансфер «Локомотив»га 1 миллион еврога тушиши, катта пулни футболчининг агенти олиши ҳақида ҳабар пайдо бўлди. Кейинчалик бу трансфердан «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам манфаатдор экани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Абрамов бу борада саволларга жавоб берди.

«Бу трансфер қандай содир бўлгани ҳақида қисқача гапирадиган бўлсам, аввалига уни энг кучли ёш футболчилар 50талигига киритишди. Кейин Италияга бориб келди. Футбол кўриб юрган одам бизда шундай истеъдодли болакай борлигини билиши табиий эди. Уни кузата бошлашди ва менга алоқага чиқиб, Жалолиддиновнинг қандай футболчи экани ҳақида сўрай бошлашди. Нафақат менга, исталган жамоанинг бош мураббийига шогирди ҳақида маълумот сўраб чиқишлари одатий ҳол. Бунгача Испаниядан ҳам у ҳақда сўрашганди. Ўзбекистондаги кўп футболчилар ҳақида мендан сўрашади.

Менга Юра Белоус қўнғироқ қилди ва Жалолиддинов билан қандай боғланиш мумкинлигини сўради. Мен у билан танишман. Биз ўшанда БААда ОЧЛ ўйинида қатнашиш учун боргандик. Ўша ерда улар кўришиб, танишишди. Белоус унинг агентига айланди ва улар таклифлар бўйича ўзаро келишиб олишган. Менимча, ундан миннатдор бўлишимиз керак. Чунки Жалолиддиновнинг биз билан ярим йиллик шартномаси қолган ва агар биз уни «Локомотив»га бермасак, футболчи бепул кетиши мумкин эди. «Бунёдкор»дан қанча футболчилар шунчаки бепул кетиб қолишган.

Бу мавзу ҳақида бемаза гапларни ёзаётганлар бошқача ишлашга ўрганишган. Биз эса қандай ишлаш керак бўлса, шундай ишлаяпмиз. Биз Жасурни шунчаки «Локомотив»га қўйиб юбормадик, бу учун пул ишладик. Мен миллий жамоа бош мураббийи сифатида унинг «Локомотив»да ўйнаб кетишидан фақат хурсанд бўламан. Ҳозир Остун Ўрунов, Элдор Шомуродовлар Россияда яхши ўйнашмоқда. Олдинроқ Одил Аҳмедов бу чемпионатда ўзини кўрсатганди. Айнан улар сабаб бугун ўзбек футболчиларини Россияга чақира бошлашди. Бунгача Хитой биринчи лигасига, Малайзияга, Индонезияга бепул кетишарди.

Жалолиддинов учун жуда хурсандман. У истеъдодли футболчи. «Локомотив» яхши жамоа, у ерда футболчига яхши шартнома таклиф қилинади, адашмасам, 5 йиллик. У истеъдодли футболчи бўлмаганида бизда ўйнамасди. Мен унинг талантини бир кўришдаёқ сезгандим. Унга «Бешиктош», «Бенфика»лар ҳам қизиқиш билдирганди, лекин футболчининг ўзи «Локомотив»ни танлади. Менимча, у тўғри танлов қилди. Россияда яшаб кетиши ҳам осон, чунки менталитет яқин. Бундан ташқари, у рус тилини билади. Шартноманинг яхши томони шундаки, Жалолиддинов ярим йил бизда ижара асосида ўйнайди. Ҳозир эса у Москвага бориши ва мураббий уни кўриши керак.

Белоус  (суратда: (чамдан ўнгга) А.Толибжонов, В.Абрамов ва Ю.Белоус) трансфердан 900 минг доллар ишлади? У транфердан 3 миллион ишласа ҳам, хурсанд бўлардим. Чунки бу уларнинг иши. Буни «Локомотив»дан сўраш керак. Мен шуни биламанки, тўғри ишлаяпман. Футболчилар четга кета бошладими, демак миллий жамоа ёмон ўйнамаяпти. Олдинги келишимда ҳам футболчилар четга кета бошлаганди ва бундан доим хурсанд бўлганман. Мен ҳеч қайси агенти билан ишламайман. Менинг ишим мураббийлик.

Четдан туриб лой чаплаётганларни тушунмайман, уларнинг аниқ мақсади ҳам йўқ. Майли, бизни танқид қилишсин, мен танқидга доим тўғри қараб келганман. Лекин бизга қандай ишлашни ўргатишса, энсам қотади. Жалолиддиновнинг Россияга кетгани, Шомуродов ёки Ўруновнинг кетгани турган битгани футболимиз учун фойда-ку ахир. Тўғри, бу футболчилар ўша танқидчилар эшитишни истаган пул эвазига кетмагандир, лекин бу болакай учун ким катта пул бериши мумкин? Масалан, Шомуродов ҳам «Ростов»га кетиб ҳозирги ҳолатига чиқди. У «Бунёдкор»да қолганида, ҳозирги даражасига чиқмаган бўларди. Агар биз жаҳон чемпионатига чиқсак, четга кетадиган футболчиларимиз сони кўпаяди ва уларнинг нархи баландроқ бўлади.

Биласизми, коммунистлар тўғри айтишган: «Ўз лагеримизни кўздан кечиришимиз керак, революция душманлари ичимизда». Ўзбек футболида ҳам душманлар футболимиз ичида. Шундай бир гуруҳ шаклланиб қолган. Улар тўғри гапиришса ҳам майли эди, аммо улар оқни қора дейишмоқда. Бу одамлар вақтида Индонезия, Хитойга футболчи юбориб клубларга бир сўм ҳам фойда келтирмаган. «Бунёдкор»дан қанча футболчилар текинга кетиб қолганини биласизми? Шунчаки футболчиларнинг шартномаси тугайди, тушунарсиз агентлар пайдо бўлади-да, кетишади. Масалан, Ғиёсов шунчаки кетди-қолди. У миллий жамоага номзод футболчи бўлатуриб Корея биринчи дивизионига кетди. Мен унга қаерга кетяпсан, бу сенинг чемпионатинг эмас, дедим. Жалолиддинов эса яхши чемпионатга, яхши пул эвазига кетяпти. Бундан фақат хурсанд бўлиш керак эмасми?», деди Абрамов.

«Бунёдкор»да коронавирус

Абрамов «Бунёдкор» футболчиларида коронавирус аниқланиши билан боғлиқ ҳолатга ҳам ойдинлик киритди. Унинг айтишича, футболчиларда вирус ҳеч қандай аломатларсиз ўтмоқда: «Исломда (Қобилов) вирус аниқланди, аммо у майдонга тушганида ҳеч қандай аломат йўқ эди, табиийки иситмаси ҳам. Чунки бизда иситмаси борлар умуман машғулотда қатнашмайди. Ҳозир уч футболчимизда вирус аниқланган ва улар алоҳида шуғулланмоқда. Кўриб турганингиздек, уларда ҳеч қандай аломат йўқ.
Исломда иситма кўтарилган куни шифокор унга осма укол қилди ва исиғи тушди. Уни дарров алоҳидаладик. Кейинги кун машғулот ўтказмади. Кетма-кет икки кун ҳеч қандай иситма кузатилмади, лекин вазият бундай бўлгани сабаб барибир коронавирусга тест топшириш кераклигини айтдим. Ишонасизми, ҳамма ерда навбат катталиги сабаб тест топшириш имкони бўлмади. Шифокор менга қўнғироқ қилиб балки олмай қўяқолармиз, деди. Мен олиш керак, дедим ва улар МОҚга боришди. У ерда ҳам анализ олишмади, эмишки анализ фақат олимпиячилардан олинаркан. Мен МОҚ раҳбарига чиқдим ва шундан кейингина тест олишди. Жавобни уч кун кутдик. Футболчида ҳеч қандай аломат бўлмагандан кейин «Навбаҳор»га қарши майдонга туширдик», деди Абрамов.


Манба: kun.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz