Қайднома

Қидирув

РОМАРИО: «Бутун миллатни сармаст қилган эдик»

РОМАРИО: «Бутун миллатни сармаст қилган эдик»

  28.07.2020 03:17
  0
  470
РОМАРИО: «Бутун миллатни сармаст қилган эдик»

Бразилия миллий жамоаси бундан 26 йил муқаддам, 1994 йилнинг 17 июль куни АҚШда ўтказилган ЖЧ финалида Италия термасини маҳв этиб (0:0, пен. серияси бўйича - 3:2), жаҳон кубогининг 4 карра соҳибига айланган эди. Қизиғи шундаки, «селесао»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Карлос Альберто Паррейра якунда мусобақанинг бош қаҳрамонига айланган Ромариони анча вақтгача таркибга жалб этишни лозим топмаган ва буни матбуотда ҳам дангал айтганди: «Йўқ, Ромариони эслашни ҳам истамайман». Ҳаттоки, азалий рақиб - Уругвай термаси билан тўқнашувдаги йўқотишлардан кейин ҳам мураббий ўз фикрини ўзгартирмади. Бироқ тез орада жамоа жароҳатлар гирдобига тушиб қолгач, Ромариони қайтариш тарафдорлари босими кучайиб кетди ва Паррейра чорасизликдан «Барселона» вакилини рўйхатга киритди. Қўшимчасига, Ромариога асосий таркибдан ҳам жой берди. «Пакана» эса бунга жавобан энг муҳим паллада гол уриб, жамоага «Олтин маъбуда»ни абадий сақлаш ҳуқуқини олиб берди. Қолаверса, бу Бразилия футболи учун охирги 24 йил бадалидаги дастлабки жаҳон кубоги эди. Йил якунида Ромарионинг ўзи «Олтин тўп» соҳибига ҳам айланди. Бразилиялик афсона яқинда ғалабанинг 26 йиллиги муносабати билан FIFA.com сайтига интервью бириб, айнан АҚШ мундиали воқеаларини ёдга олди.

- Бразилия терма жамоасининг чемпионлик унвонини қўлга киритишига айнан қачон узил-кесил ишонч ҳосил қилган эдингиз?

- Табиатан ҳамиша жамоамнинг зафар қучишига қалбан ишонганман. Ўша мундиал ҳақида гапирсам, ўзим жуда яхши спорт формасида бўлиб, Бебетодек ажойиб ижрочи ёнида тўп сураётгандим. Тўғри, ярим ҳимоячиларимиз техник салоҳият бобида унча мақтанолмасдилар. Лекин ақлга таяниб тўп суриш асносида зиммаларига юклатилган вазифаларни аъло даражада бажаришарди. Ҳимоя чизиғимиз эса анча мустаҳкам эди, унча-мунча рақибга ён бермасди. Энг муҳими, дарвозани ўша вақтнинг энг моҳир киперларидан бири Таффарель қўриқларди. Шунингдек, захира ўриндиғидан жой олган футболчилар ҳам асосий таркиб аъзоларидан сира қолишмасдилар. Шуларни назарда тутсак, Америкадан жаҳон тождори сифатида қайтишимизга шубҳаланган эмасдим. Буни ўйинлар арафасида берган интервьюларда билдирган фикрларим ҳам тасдиқлайди. Асосийси, Яратгандан бу менинг чемпионатимга айланишини сўрагандим.

- Нидерландия терма жамоаси дарвозасига Бебето томонидан урилган голни нишонлаш саҳнаси мухлисларда унутилмас таассурот қолдирганди - «чақалоқ алдаш». Қизиқ, уни ким ўйлаб топганди?

- Ўша оқшом Бебето учун муҳим аҳамият касб этганди. Гап шундаки, учрашув арафасида рафиқасининг кўзи ёриганди. Ана шу хушхабар голни шу тариқа нишонланишига туртки берганди. Унинг ҳаракатига ёнида турган Мазиньо қўшилди, мен ҳам қараб туролмадим. Шу тариқа уччовлон мухлисларга ўзига хос рақс туҳфа этдик.

- Ярим финал тақдирини ҳал қилган ягона голни бош билан ургандингиз. Ундан қандай таассуротлар қолган?

- Дурустроқ ўйлаб кўришга арзийдиган гол. Атиги 168 сантиметр бўй билан 183-184 сантиметрга тенг швециялик новча ҳимоячилардан баланд­роқ сакрагандим. Бундай воқеа футболда камдан-кам учрайди. О, қандай ярим финал! Ўз ўрнида, ажойиб узатма учун Жоржиньодан бир умр миннатдор эканлигимни айтишим керак. Яна Яратганга шукрона келтираман - шундай сакраш ва дарвозабонни доғда қолдиришга қодир қилиб қўйгани учун.

- Бебето билан ўта самарали жуфтлик ҳосил қилгандинглар. Ҳамкорлигингиз айнан қачон бошланган?

- Илк марта 1988 йили Сеул Олимпиадасида бирга ўйнаганмиз. Кейинчалик бир қатор мусобақаларда дуэт сифатида майдонга тушдик ва бора-бора бир-биримизни сўзсиз тушунадиган даражага етдик. Аслида терма жамоанинг тактик машғулотларида иккимиз кўп қатнашмасдик. Бунинг ўрнига майдонда алоҳида шуғулланардик. Бебето доимо ақл билан тўп сурарди. Бу хислати самарадорликни ошириб боришимда роса қўл келган. Хуллас, бир нигоҳ ташлаб, унинг кейинги лаҳзада қандай иш тутишини тушунардим. Бебето эса мени қайси томонга югуришимни осонгина илғарди.

- Паррейранинг айтишича, финалдан кейинги пенальтилар серияси учун футболчиларни танлаб олаётган вақти сиз кўнгилли равишда бу вазифани зиммангизга олган экансиз...

- Ўша оқшомга қадар бутун фао­лиятим давомида 1 ёки 2 марта пенальти тепгандим. Ўзи жамоамизда 5 нафар футболчи мунтазам равишда «нуқта»дан зарба йўллаш устида машқ қиларди. Мантиқан олганда, ўша куни айнан улар тепишлари керак эди. Лекин муайян паллада жамоани руҳан қўллаб-қувватлашга жазм этдим. Албатта, турнирнинг ҳал қилувчи ўйинида масъулият ўта юқори бўлади. Шундай нозик вазиятда ҳар қандай синовга тайёр эканлигимни намо­йиш этадиган пайт келганини англадим. Қисқаси, қандайдир ички нидога таяниб, мураббийдан ўзим илтимос қилдим. У барчани тушунди ва якунда ватанимга чемпионликни тақдим этган голлардан бирини урдим.

- Майдон марказидан «нуқта» томон йўл олган футболчининг миясида қандай хаёллар чарх уради?

- Менимча, кўп нарса ўша лаҳза ва ўйиннинг аҳамиятига боғлиқ. Шахсан мен ўша пайт ҳар қачонгидан хотиржамроқ эдим ва диққат-эътиборимни шу зарбага қаратганман. Тўғри, 50 қадамга яқин масофани босиб ўтгунга қадар кўнглимдан кўп нарсалар ўтди: болалигим, ота-онам, яқинларим, кубок ва унинг халқим учун қанчалик муҳимлиги... Тўпни «нуқта»га қўйганимда эса зил-замбил масъулиятни ҳис этдим. Ахир бутун Бразилиянинг бахтиёр ёки мотамсаро бўлиши шу зарбага боғлиқ эди.

- Роберто Баджонинг ноаниқ зарбасидан кейин аввало, нимани ўйладингиз?

- Ўз бурчимни адо этганим, муҳими, чемпионлик унвони билан қайтиш ҳақида берган ваъдам устидан чиққанимни ҳис этдим. Бунда ёлғиз ўзим эмас, бутун жамоамизни назарда тутяпман. Ана шу аҳил жамоа­нинг кўмагисиз ҳеч нарсага эришолмасдим. Албатта, ЖЧ-94даги иштирок - ҳаётимдаги энг буюк муваффақият.

- Бош совринни юқори кўтарган Дунга ёнида туриш қандай ҳиссиётлар бағишлади?

- Ўша лаҳза завқини ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Мўъжизавий дақиқа! У биз билан абадий қолади. Билмайман, Дунгами ёки Бранко, кимдир секин шипшиганди: «Мендан узоқлашма, кубокни олганимда, сенга тутқазаман». Умуман, бу ҳаяжонли ҳиссиётни тўлиқ таърифлашнинг иложи йўқ. Уни фақат совринни қўлга олган футболчи билади.

- Кубокни кийиниш хонасига олиб киришганида, қандай воқеалар юз берди?

- Барча жамоадошларим қандайдир жиннилик қилишди. Шахсан ўзим кубокни ўпган ёки қучоқлаган ҳолда 3000 мартача суратга тушдим. Ахир бу бутун бир авлод муваффақияти эди. Бунгача қанчадан-қанча машаққатлар, нафрат ва танқидларга дуч келгандик. Хайриятки, олтин авлод эканлигимизни исботлай олдик.

- Ватанга қайтгач, Бразилия кўчаларида қандай манзарага дуч келганингларни тасвирлаб бера оласизми?

- Кўрганларим шуки, кўчалар шод-хуррам кишиларга тўлиб кетганди. Заҳматкаш халқимизга, гўёки, очиққан кишига энг тансиқ таомни тортиқ қилгандек эдик. Ҳар ҳолда, ғоят бахтиёр чеҳраларни кўриб, қувончимиз ўн чандон ошди. Бу манзара абадул-абад хотирамиздан жой олди.

А.ҲАМИДОВ таёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz