Қайднома

Қидирув

Статистика: "Гол+пас" бўича ўртача кўрсаткичинг қандай?

Статистика: "Гол+пас" бўича ўртача кўрсаткичинг қандай?

  28.07.2020 06:51
  0
  466
Статистика:

Лионель Месси бу мавсум Тьерри Анрининг нақ 17 йил дахлсиз қолган рекордини такрорлади. Яъни янги асрда битта чемпионат давомида ҳам гол уриш, ҳам унга ассистентлик қилиш борасида 20талик довондан ўтган иккинчи футболчи бўлди. Soccer.ru сайти шу баҳона замонавий футболдаги универсал аскарларга эътибор қаратди. Биз эса навбатдаги фотожамланмада «гол + пас» бўйича XXI аср етакчиларини эътироф этиб, реал эффектлиликни намоён қилиш учун ўртача ҳисобда 1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат миқдорини ҳам назардан қочирмаймиз. XXI асрнинг энг буюк гол ижодкорлари рўйхатига 18 июль ҳолати бўйича 500тадан кўп гол + самарали узатма тўплаган футболчилар киритилган. Улар атиги 10 нафар.

10-ўрин - Уэйн РУНИ (Англия)

Гол: 365та

Самарали узатма: 180та

Ўйин: 868та

«Гол + пас»: 545 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 0,63 балл

Нафақага чиқиш арафасида турган Уэйн Руни кучли ўнликда. «Шрек» бутун фаолияти давомида ажойиб ҳужумчилар даврасида тўп сурди. У бу борада худди ҳозирги Карим Бенземага ўхшайди - гол уриш баробарида ассистентлик қилишни ҳам ўрнига қўйган. Хуллас, 1та ўйин учун «Гол + пас» тизимида 0,63 балл тўплагани барчасини кўрсатиб турибди.

 

9-ўрин - Самуэль ЭТО’О

(Камерун)

Гол: 408та

Самарали узатма: 116та

Ўйин: 805та

«Гол + пас»: 524 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 0,65 балл

Неймар ва Халкда Камерун футболи фахрини кучли 10таликдан чиқариб юбориш имконияти етарли. Лекин эътиборга олиш керак, Самуэлнинг ўтган асрдаги голлари ҳисобга киритилган эмас. Асосийси, Это~О ҳам қизғанчиқ эмасди ва тўпни қулай вазиятда турган шеригига узатишни пайсалга солмасди. Дейлик, у Жозе Моуриньо манфаатлари йўлида ҳаттоки, қанотда ҳам ўйнаган. Факт шуки, Самуэль 21-асрда жами 524та голда бевосита иштирок этган - салмоқли натижа!

 

8-ўрин - Карим БЕНЗЕМА

(Франция)

Гол: 338та

Самарали узатма: 177та

Ўйин: 738та

«Гол + пас»: 515 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 0,70 балл

Зайниддин Зидан ёқимтой ҳужумчисини голлар уриш миссиясига қайтарди. Умуман, Криштиану Роналдунинг «Реал»даги энг яхши мавсумларида ҳам франциялик ажойиб «қуролбардор» эди. Фақат португалиялик юлдузнинг Мадриддаги тарихи якунланаётган пайт Бензема футбол ва самарадорликдан бироз чалғиди. Мана, энди ҳаммаси яна жойида. Карим «Реал»нинг янги тарихидаги энг яхши ассистент - шу фактнинг ўзи оғир тош босиши турган гап.

 

7-ўрин - Серхио АГУЭРО (Аргентина)

Гол: 414та

Самарали узатма: 131та

Ўйин: 733та

«Гол + пас»: 545 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 0,74 балл

Бир қарашда, Серхиони буюк футболчилар қаторига қўшиш қийин. Эҳтимол, унга етакчилик қобилияти ва ЧЛ ёки ЖЧ каби йирик турнирларнинг ҳал қилувчи ўйинларидаги аниқ зарбалар етишмас... Лекин Агуэронинг голга боғлиқ статистикаси шунчаки, зўр. Дейлик, у АПЛ тарихидаги энг яхши легионер тўпурар ҳисобланади.

 

6-ўрин - Тьерри АНРИ

(Франция)

Гол: 369та

Самарали узатма: 190та

Ўйин: 716та

«Гол + пас»: 559 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 0,78 балл

Буюк Анри дейлик, Лионель Месси ёки Криштиану Роналдудан фарқли ўлароқ, океан ортида ҳам ўйнади. У ерда эса майдон бурчагидан ҳам гол уриш муаммо эмас. Лекин франциялик ҳужумчи репертуарида юқори савияда, яъни «Арсенал» ва «Барселона» учун урилган муҳим, чиройли голлар ҳам етарли. Анри энди мураббий, демак, статистикаси бошқа ўзгармайди. Факт битта - 21-асрда 559та голда иштирок этгани айёр Тьеррини унутишга йўл қўймайди.

 

5-ўрин - Златан Ибрагимович (Швеция)

Гол: 523та

Самарали узатма: 198та

Ўйин: 864та

«Гол + пас»: 721 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 0,83 балл

Златан ўзининг шахсий рейтингида ҳамиша 1-ўринда, лекин реалликка қарасак, швециялик мағрур ҳужумчи 1та ўйинга тўғри келадиган ўртача гол яратиш кўрсаткичи бўйича атиги 5-қаторни банд этиб турибди. Тўғри, фақат голлар сонини олсак, Ибрагимович футбол тарихининг элит рўйхатида. Бинобарин, жаҳон футболида атиги 28 нафар тўпурар фаолияти давомида расмий ўйинларда 500та гол маррасидан ўзгани билан мақтаниши мумкин. Ибра эса шулардан бири. Ҳа, унда ассистентлик кўрсаткичи ҳам чакки эмас - деярли 200та ҳолатда гол ҳаммуаллифига айланган. Футболнинг тирик афсонаси!

 

4-ўрин - Роберт ЛЕВАНДОВСКИ (Польша)

Гол: 468та

Самарали узатма: 134та

Ўйин: 699та

«Гол + пас»: 602 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 0,86 балл

Поляк қойилмақом спорт формасида ва ҳали ЧЛда ҳам голлар уриб, «шалпангқулоқ» кубокни боши узра баланд кўтармоқчи. Зеро, у ҳозирга қадар бу турнирда ғолиб чиқмаган, гарчи ёшлигида «Боруссия» Д. билан финалда ўйнаган бўлсада. Левагол -тажрибали, етук ва рақибларни сира тан олмайдиган голеадор. Ҳозирга қадар катта футболда «Гол + пас» тизими бўйича 602 балл тўплагани чин юлдуз эканлигидан далолат, албатта.

 

3-ўрин - Криштиану РОНАЛДУ (Португалия)

Гол: 731та

Самарали узатма: 259та

Ўйин: 1007та

«Гол + пас»: 990 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 0,98 балл

Айни ҳолатда Роналду голлар сони бўйича Мессидан олдинда, аммо ёшдаги фарқни ҳам инобатга олиш керак - икки юлдузда ўйинлар миқдори тенг эмас. Яна бир томони борки, Роналду шу кетишда 40 ёшида ҳам қаердадир бир мавсумда бемалол 20талаб гол уриши мумкин. У ҳозирча «А» серияда рекордлар ўрнатиш билан овора. Криш фаолиятидаги 1000-голда иштирок этганини нишонлашга яқин - шунчаки, космос!

2-ўрин - Луис СУАРЕС

(Уругвай)

Гол: 461та

Самарали узатма: 255та

Ўйин: 716та

«Гол + пас»: 716 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 1,00 балл

Ҳақиқий монстр! Гарчи Роналдуга нисбатан деярли 300тача кам ўйинда қатнашган бўлсада, «Гол + пас» тизими бўйича ўртача 1 балл даражасини ушлаб турибди. 716та ўйинда 716та голга ҳисса қўшиш - ажойиб. Суарес катта эҳтимолки, фаолияти якунига қадар 500та гол маррасига ҳам етади. Хуллас, «тиши ўткир йўлбарс»га гап йўқ. У «Барселона» учун Бензема каби - Месси соясида юриб ҳам, 716 марта самарали ҳаракатни амалга оширгани кўп нарсадан далолат.

 

1-ўрин - Лионель МЕССИ

(Аргентина)

Гол: 700та

Самарали узатма: 326та

Ўйин: 865та

«Гол + пас»: 1026 балл

1та ўйинга тўғри келадиган самарали ҳаракат даражаси: 1,18 балл

Ақлни шошириб қўядиган статистика. Гол борасида ҳаммаси тушунарли, Лео шунчаки, тўпурар машина! У шунинг баробарида ассистентлик масаласида ҳам тенгсизлар қаторида. Жами 865та ўйинда 1026та самарали ҳаракатни назарда тутсак, Хосеп Гвардиола 2007 йили «Барселона» юлдузларини йиғиб, уларга нега Леони алоҳида мақтагани сабаби ойдинлашади: «Сизлардан агар кимдир бу йигит бошқа сайёрадан эканлигини тан олмаса, демак, у футболни тушунмайди». Жуда баландпарвоз ва қатъий гап, лекин Пеп мутлақо ҳақ эди...

----------------------------------------------

Изоҳ: охирги ҳафтада бўлган ўйинлар статистикаси ҳисобга киритилмаган.

«Гол + пас» бўйича 500 очко маррасига яқинлашганлар - Томас Мюллер (475 балл), Клас-Ян Хунтелар (497 балл), Неймар (495 балл) ва Халк (485 балл). Демак, элит гуруҳ яқин орада икки нафар бразилиялик билан бойиши мумкин. Айтганча, «ПСЖ» ҳужумчиси ўртача кўрсаткич бўйича Криштиа­ну Роналдудан ҳам олдинда...

А.ҲАМИДОВ таёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz