Қайднома

Қидирув

Жониворпарвар Хаверц...

Жониворпарвар Хаверц...

  28.07.2020 10:09
  0
  559
Жониворпарвар Хаверц...

21 ёшли Кай Хаверц - Бундеслиганинг асосий кашфиётларидан бири. «Байер» ярим ҳимоячиси трансферига ҳаттоки, Эрлинг Холандникидан ҳам баландроқ нарх қўйилмоқда. Чунки уни сотиб олиш илинжидаги топ-клублар навбатда турибди. Шунга яраша, йигитчанинг трансферига 100 миллион евро ва бундан ҳам кўпроқ тўлашга тайёр харидорлар бор. Қаранг, шундай футболчи уйида 3та эшак боқмоқда. Кай жониворларга ҳамиша ғамхўр...

Кай Хаверц - Томас Мюллернинг замонавий кўриниши, фақат универсаллик бобида «Бавария» вакилидан устунроқ. Оуэн Харгривз уни Михаэль Баллак ва Месут Озилнинг қоришмаси сифатида таърифлаётган бўлса, «Байер» бош мураббийи ёрдамчиси Марсель Даум ёш плеймейкернинг ўйинидаги жозибани Зайниддин Зиданнинг футболчилик даражасига тенг­лаштирди. Хаверцнинг Леверкузен жамоасидаги шериги Ларс Бендер фикрига эътибор беринг: «Кайнинг тақдирига буюк бўлиш ёзилган. Жамоа шундай истеъдодга эга эканлигидан фахрланса арзийди. Бундай ўйинчини аввал кўрмаганимни биринчи марта айтганимда, у 17 ёшда эди. Турли мақтовларга қарамай, Кай ўта камтар. Ҳамиша оиласига яқин, ихтиёридаги ҳар бир нарсани қадрлайди. Агар 20-21 ёшда менинг атрофимда шундай гап-сўзлар урчиганида, ўзимни қандай тутардим - билмайман. Хаверцни айнан камтарлиги учун қаттиқ ҳурмат қиламан».

Хаверц чиндан ҳам ажойиб йигит, мана, Бундеслигада бир неч­та рекордни янгилади, чемпионатнинг энг ёш дебютантига айланди, Германия чемпионатида 50та ўйин ўтказган, бир мавсумда 17та гол урган энг ёш футболчи бўлди. Кайнинг бўйи - 190 сантиметр, шунга қарамай, жуда абжир, техникаси юқори. Ўзининг айтишича, 15-16 ёшида бўйи тез ўса бошлагач, тиззаси ва белидаги муаммолар туфайли футболни ташлаш ҳақида ҳам ўйлаган экан. «Байер»да Хаверцни ҳар томонлама иқтидор сифатида алоҳида қадрлашади. Бунга унинг фақат яшил майдондаги чиройли ҳаракати сабаб эмас. Мисол учун, Кай пианино чалишни қойиллатади, тез-тез қайиқ ва гидроциклда сайрга чиқади.

Хаверцда яна ноодатий хоббиси ҳам бор - уйида 3та эшак боқади. «Болалигимдан эшакларни жуда яхши кўраман, - дейди Хаверц. - Лоақал битта эшак боқиш ёки бутун бошли фермага эга бўлишни орзу қилардим. Иттифоқо, туғилган кунимда ота-онам ниятимни амалга ошириб, иккита хўтикча совға қилишди. Кейин­чалик яна битта эшак харид қилдик - уни кушхонадан олдик. Бечорани ўлимдан асраб қолганимиздан роса қувондим. Яқин келажакда жониворлар ҳимояси билан боғлиқ муаммо бўйича астойдил ишлайман, бу борада дастлабки қадамни ҳам ташладим. Умуман, барча юмушлар - оила, ҳайвонлар, одамларга кўмаклашиш, мусиқа ҳаётимда катта роль ўйнайди. Мавқе мен учун унча муҳим эмас. Тўғри, ташқи кўринишимга эътибор бераман, албатта, шунингдек, ўзимга ёққан либосларни сотиб олиш учун пулни аямайман. Аслида ўзингиз учун нимадир харид қилишдан кўра, кимгадир совға бериш ёқимлироқ. Коронавирус туфайли Германияда кўп нарса ўзгарди, аммо айни шу давр зарур жиҳатларга эътибор қаратиш нечоғли муҳимлигини ҳам кўрсатди».

C.РАҲМОНОВ таёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz