Қайднома

Қидирув

Футбол ҳам ташвишимизга шерик

Футбол ҳам ташвишимизга шерик

  29.07.2020 11:25
  0
  518
Футбол ҳам ташвишимизга шерик

Йирик ҳажмли романлар ёзишга устаси фаранг машҳур адиблар китобхон руҳиятини тарангликда ушлаб туриш учун ўзига хос йўл танлашади. Яъни бир асар доирасида воқеаларни бир неча сюжет чизиқлари орқали ривожлантиришади. Китобхон гоҳ у, гоҳ бу воқеа ортидан эргашиб, катта ҳажмли романни ўқиб тугатганини билмай қолади. Аввалги якшанба куни ижтимоий ҳаёт ва футбол оламида рўй берган воқеалар ана шундай романлардаги сюжет линиялари каби қизғин тус олди...

Бир томонда мамалакатимиздаги коронавирус билан боғлиқ хавотирли ҳолат ва шу туфайли Суперлиганинг ке­йинги турлари марказлаштирилган тизимда ўтказилиши, мажбурий форматнинг қизғин муҳокамаси, иккинчи томонда аҳолиси кўплиги жиҳатидан дунёни лол қолдирадиган Хитойда коронавируснинг жиловланиши ва футбол мавсумига старт берилиши. Шу воқеаларга параллель равишда туманли ўлкада мавсумнинг якунланиши, финишдаги ажойиб интрига! Очиғи, ҳаммаси аралашиб кетди. Ҳар бири ўқувчи учун муҳим. Ҳар қайсиси ҳақида алоҳида мақола ёзилса арзийди. Лекин давр шиддати биздан тезкорликни талаб қилади ва иложи борича барча мавзуларни битта сарлавҳа остида бирлаштиришга интиламиз.

«ИнтерФутбол» газетаси таҳририяти ҳар доим муҳим воқеаларга нисбатан ўз позициясини билдиради ва бунда мухлислар манфаатлари ҳамиша устувор туради. Ёдингизда бўлса, 2016 йили таҳририятимиз 12та жамоа иштироки кўзда тутилган элит лига ғоясини илгари сурган ва бунга мос формат кўпчилик эътиборига ҳавола этилганди. Орадан кўп ўтмай, 2018-2019 йилларда Суперлига шу ғоя ва формат асосида ўтказилди. Ўшанда таҳририятимиз футболимиз муҳитидаги вазият шундай форматни талаб қилаётганига эътибор қаратганди. Афсуски, ҳақиқий реалликни тан олишни истамаган мутасаддилар мавсум якунида таҳририятимиз томонидан таклиф қилинган форматни четга суриб қўйганди. Йўқ, касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Шу боис ПФЛ яна ўша форматга қайтишни лозим топмоқда. Бу ҳол таҳририятимиз йўли тўғри эканлигидан далолат.

Айни чоғда нима сабабдан бу мавзуни тилга оляпмиз? Гап шундаки, газетамизнинг аввалги сонида чоп этилган «Футбол ўйнашга кечикилмайди» номли мақолада Суперлига баҳсларини тўхтатиб туриш масаласи ўртага ташланганди. Мақолада Суперлигани давом эттиришдан мантиқ йўқлиги тегишли изоҳлар воситасида асослаб берилди. Аммо ПФЛ ўтказган видеоконференция натижасига кўра, Суперлига баҳсларини марказлашган тизимда давом эттиришга келишилди. Биз яна бир бор аввалги позициямизни таъкидлаймиз: ўт билаб ўйнашиб бўлмайди, мамлакатимиздаги вазият еврофутбол ёки Хитой ва Жанубий Кореадаги ҳолатдан мутлақо фарқли. Коронавирусдан зарарланиш хавфи кун сайин ортиб бораётган ва ижтимоий воқеликда бесаранжомлик кузатилаётган бир пайтда футбол кўнгилга сиғадими? Тўғри, қишлоқ-туманларда ва аҳоли сийрак жойлашган ҳудудларда коронавирус асоратлари сезилмаяпти. Бунинг таъсирида кўплаб мухлислар Суперлига давом эттирилишини исташмоқда. Биз эса вазият анча жиддийлигини яна бир бор такрорлаймиз. Ҳозирги ҳолатда Суперлига баҳсларини давом эттириш - коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни тушунмаслик билан баробар!

Ўтган ҳафта аввал РПЛ, кейин эса АПЛ якунланди. Ҳар икки чемпионат рестартида футболчиларнинг коронавирусга чалинишига алоқадор айрим ҳолатлар кузатилган бўлса-да, кейинчалик ҳаммаси изига тушди. Европада коронавируснинг ўта кучли тўлқини ўтиб кетганидан сўнг чемпионатлар қайта тикланди. Шунинг учун ўйинлар бир маромда кечди, айтарли муаммо кўзга ташланмади. Бизда эса вазият ўзгача. Коронавирус қай даражада ёвуз бало эканлигини халқимиз энди-энди ўз кўзи билан кўрмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташвишга тушганича бор. Мамлакатимиз пойтахтида коронавируснинг тарқалиши, ҳақиқатан ҳам, анчагина издан чиққан. Вирус ҳаво-томчи орқали юқаётганини ҳисобга олсак Суперлигани давом эттириш нечоғли хавфли эканлиги аёнлашади. Россия сайтларидан бирининг «Вазият шунчалар жиддийми?»  қабилидаги саволига «Нав­баҳор» бош мураббийи Андрей Канчельскис «Ҳа, шу сабаб карантин чоралари кучайтирилмоқда!» -дея жавоб қайтаргани бежиз эмас. Савол мазмунидан кўриниб турибдики, кўпчилик юртимиздаги пандемия жараёни даражасидан, ваҳимасидан бехабар.

Доно халқимиз «Боши деворга урилса, кўзи очилади!» - дейди кўпинча. Биз айтамизки, бошни деворга урмасдан туриб вақтида тўхтайлик. «МЮ»нинг мавсумдаги сўнгги голини уриб, осмонга сакраган ва қувончини жамоадошлари билан баҳам кўрган Жесси Лингард мухлисларимизни адаштирмасин, чалғитмасин. Унинг қувончи тушунарли. Бутун мавсум давомида ЕЧЛ йўлланмаси «қизил иблислар» учун саробдек кўринди. Охир-оқибат, улар «тулкилар»ни ер тишлатишди. Бунда шодлик ярашади. Чунки улар пандемияга панд бериб, ўзларини сақлашди. Бизда эса Суперлига жамоалари шу қийин ишни эплашолмади. Эплашолмагани учун айбламаймиз. Коронавирус балоси - кўпга келган «тўй». Унинг азоби, зарари, хунук оқибатлари шундоқ кўз ўнгимизда. Кўрмасликнинг иложи йўқ бу жараённи! Қаерлардадир гол уриб, бир-бирларини тортинмай табриклашмоқда. Биз эса Ўзбекистон Суперлигасида айни шундай ҳолатни чеклаш тарафдоримиз. Ғалати-а? Ақлга сиғдириш, қабул қилиш қийин-а буни?! Бошқалар ўйнасаю, сен мосуво бўлсанг... Лекин нима қилиш керак, вазият шунақа.

Эртага футбол ўйнаш, томоша қилиш учун бугун ўзимизни тийишга мажбурмиз. Тасалли шуки, март-апрель ойларида бўлгани каби футбол бутунлай биздан йироқ эмас. Мана, АПЛнинг сўнгги турида рўй берган қизиқарли ҳолатлар ҳамон мухлисларни завқлантирмоқда. Барибир, футболда адолат ўз сўзини айтиб, 4та суперклуб ЧЛ йўлланмасини қўлга киритди. Жозе Моунинг финишдаги юриши ҳам мақтовга арзийди. «Лестер», «Вулверхэмптон», «Шеффилд Юнайтед» каби камтарин клубларга бутун мавсум давомида намойиш этган қизғин ўйинлари учун офарин! АПЛ финиш маррасидаги интригаси билан гўзал!

Хуллас, бугун мамлакатимиз футбол мухлислари қалбида ташвиш ва завқ қоришиқ. Умид қиламизки, ташвишли кунлар тезда ўтиб кетади ва мухлислар стадионларда севимли жамоаларини ҳайқириб олқишлашади!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz