Қайднома

Қидирув

Профессионал муносабат қани ёхуд ким айбдор Жўрабоевми ёки...

Профессионал муносабат қани ёхуд ким айбдор Жўрабоевми ёки...

  29.07.2020 12:00
  0
  725
Профессионал муносабат қани ёхуд ким айбдор Жўрабоевми ёки...

Суперлига 8-тур доирасида ўтказилган «Бунёдкор» - «Навбаҳор» ўйини (3:1)дан кейинги матбуот анжуманида меҳмон жамоа устози Андрей Канчельскис қўл остидаги футболчилардан бирининг хатти-ҳаракатидан қаттиқ норози эканлигини айтганди. Россиялик мутахассис айнан кимни назарда тутганини яширган бўлсада, уни майдонга бошқа туширмаслиги ҳақида гапирди. Табиийки, Канчельскиснинг бундай сўзларидан кейин кўпчилик ўша футболчи кимлигини билишга қизиқди, бу борада турли тахминлар юзага келди. Аниқроқ айтсак, аксарият футболга ихтисослашган ОАВда битта тахмин илгари сурилди. Қарангки, бундай тахминлар қайсидир маънода ўзини оқлади - россиялик мураббий чиндан ҳам, ҳимоячи Обид Жўрабоевни назарда тутган, шекилли...

Куни кеча турли манбаларда биринчи давра якунлангач, Жўрабоевнинг «Навбаҳор»дан кетиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Биз вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида футболчининг ўзи билан боғланганимизда, у қуйидагича фикр билдирди: «Аслида Канчельскис билан ўртамизда ҳеч қандай келишмовчилик йўқ эди. Алоҳида айтишим керак, она шаҳрим жамоаси шаъни учун ҳамиша боримни беришга ҳаракат қилганман, мураббийлар кўрсатмасига амал қилиб, ишончни оқлаш, ғалабага ҳисса қўшиш ва клубга муносиб футболчи эканлигимни исботлашга интилганман. Барчаси «Бун­ёдкор»га қарши учрашувда қайд этилган мағлубиятдан кейин бошланди. Аслида ўша ўйинга жамоамиз ютқазиб турган пайт қўшилдим ва бор-йўғи 8 дақиқа тўп сурдим. Кичик вазиятдаги хатом мураббийга мағлубият сабабидек кўринди, чоғи, у учрашувдан кейин навбатдаги тур баҳсларини ўринбосарлар сафида ўтказишимни айтди. Йўқ, на жамоа раҳбарияти ва на мураббийдан хафаман. Фақат менга нисбатан муносабат анча ранжитди. Нима учун фақат мен? Нега биргина хато учун шу даражада жазоланишим керак? Нима, бошқалар хато қилишмаяптими? Наҳотки, «Бунёдкор»га фақат мен туфайли ютқазган бўлсак... Буниси ҳам майли, айбни бўйнимга олиб, узр сўраш мақсадида  Канчельскис хонасига 2-3 марта бордим, мени қабул қилишни хоҳламади. Буни қандай тушуниш керак? Одатда мураббийлар ёши катта шогирдларига ҳурмат юзасидан алоҳида муносабатда бўлишарди, Канчельскис эса...

Жамоадан кетишим хусусида тарқалаётган гап-сўзларга ўзимнинг алоқам йўқ. Бу каби маълумотларни ким қаердан оляпти - билмайман. Лекин жамоадаги фаолиятим шу зайл давом этса, яъни Канчельскис чиндан ҳам, ўринбосарлар сафида ўйнатмоқчи бўлса, афсуски, унда кетиш ҳақида ўйлашдан ўзга чорам қолмайди. Айни пайт олдимда бир неча вариантлар ҳам бор. Зеро, бошқа жамоалардан аниқ таклифлар тушяпти».

Шу ўринда кичик мулоҳаза. Бир мақсад йўлида бирлашиб, маълум натижаларни қўлга киритиш илинжида шакллантирилган жамоа - мисоли катта оила. Шундай экан, оиланинг ҳеч бир сири ва ички низолари ташқарига чиқмаслиги керак. Жамоа муҳити ва унинг аъзолари ўртасидаги муносабатда баъзи тушунмовчиликлар юзага келиши мумкин, фақат бундай гап-сўзлар оммага ошкор этилмаса, яхши. Ўша куни Канчельскис нима мақсадда қўл остидаги футболчини жамоатчилик олдида танқид остига олгани сабаби номаълум, бироқ ҳар қандай вазиятда бундай масалалар оммага дастурхон қилинмай, ўзаро ҳал этилгани маъқул. Зеро, профессионал мураббий ҳар қандай ҳолатда ҳам, шогирдларини ҳимоя қилиш инстинктига эга бўлиши керак. Афсуски, Андрей Антанасовичда салбий натижалар таъсиридами, футболчиларни айблаш ҳолати учраб турибди. Бинобарин, бу унинг биринчи марта шундай иш тутиши эмас. Ёдингизда бўлса, мураббий ўтган йили биринчи давра ўрталари, яъни кўнгилсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилганида ҳам, клуб шаънига тўғри келмайдиган майда-чуйда гапларни тилга олганди. Базадаги сичқонлармией...

Ҳайрон қоласан киши. Ваҳоланки, одам ўзгалардан ниманидир талаб қилишдан олдин ўзини йўлга солиши керак. Наманган клуби мураббийи ўзини нечоғли назорат қилади - бу қоронғу. Бизга маълум бўлгани - берилган давр мобайнида жамоага муайян шакл-шамойилга эга қандайдир услуб жорий қилолмагани. Тўғри, «лочинлар» ўйинида мазмун ошгандир, лекин клуб мухлислари ва раҳбарлари ном даражасига кўра, баланд саналган мураббийдан кўпроғини кутишга хақлилар. Таққослаш учун айтсак, маҳаллий мутахасисларимиз - Миржалол Қосимов ва Андрей Шипилов деярли россияликка берилган вақтга тенг муддат ичида тегишлича АГМК ҳамда «Металлург»­ни яхшигина ҳолатга келтира олишди.

Хуршидбек, "ИНтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz