Қайднома

Қидирув

ЯПОНИЯЛИК МАЭСТРО ёки «Ливерпуль» умидининг тарихи

ЯПОНИЯЛИК МАЭСТРО ёки «Ливерпуль» умидининг тарихи

  30.07.2020 01:14
  0
  421
ЯПОНИЯЛИК МАЭСТРО ёки «Ливерпуль» умидининг тарихи

Қандайдир сониялар ичида тўп унинг оёғи воситасида «Энфилд» майсасида бир сакради-ю, «Ливерпуль» дарвозаси тўридан жой олди. Футболчи ке­йинги сонияларда голни «Зальц­бург»­даги шериклари билан нишонлашга тушиб кетди. Қойилмақом техника, бурчакни яхшилаб мўлжалга олишни ва идеал ижро. Хуллас, япониялик Такуми Минамино қандайдир сониялар ичида бутун дунёга танилди...

«Энфилд»даги «Коп» трибунаси камдан-кам ҳолатда тин олади, лекин япониялик йигитнинг бетакрор зарбаси уни ҳам бир муддат жим туришга мажбур этди. Майдон четида эса Юрген Клопп унинг ҳаракатини диққат билан кузатаётган эди. Голдан кейин германиялик мутахассис иягини бир силадида, ёрқин таассурот олганини тан олгандек бўлди. Аслида «Ливерпул»нинг «РБ Зальц­бург» сафида порлаган осиёлик футболчига эътибор қаратишига фақат ўша гол сабаб эмас, албатта. Бинобарин, япониялик ҳужумчи бутун ўйин давомида «қизиллар»га сира тинчлик бермаган, жарима майдонига тез-тез ёриб кириб, клубдошларига бирин-кетин имкониятлар яратганди. «Ливерпуль» кийиниш хонасида тажрибали футболчилар «кўк самурайлар»нинг янги юлдузи ҳаракатини ошкора эътироф этиб, унинг олдида ҳеч нарса қилолмай қолганларини айтишдан уялишмади. «Бизга айнан у керак», - дейишди улар. Мағрур Юрген Клоппнинг эса тасдиқ маъносида бош ирғашдан ўзга иложи қолмаганди. Орадан бир неча ой ўтиб, англияликлар Такуми Минаминони 7,5 млн. фунт эвазига сотиб олишганини эълон қилишди. Буюк клуб тарихидаги биринчи япон - фахрланишга арзигулик ютуқ.

Минамино ҳар доим футбол ўйнашни ёқтирган. Болалигидаёқ акасининг тақиқлашига қарамай, унинг ортидан машғулотлар майдонигача борар, ўйин­ларга қўшилиб, ёши катта ва басавлат рақибларга дуч келарди. Аммо ўшалар ҳам тирранчанинг ноёб иқтидорини тан олишганди. Такумининг мураббийи Кейта Йошикава шогирди билан фахрланади, юқори даражага чиққанига қарамай, тинимсиз меҳнат қилишини эътироф этади. Минамино аввалига «Сересо Осака» клуби академиясида ўз услуби билан барчани лол қолдирди. У хоҳ машғулот, хоҳ ўйин бўлсин, рақибларини тин олдирмай, ҳар бир тўп учун охиригача курашарди. Ҳамиша энг яхши тўпурарлар қаторида юриши эса Минаминони бошқа иқтидорлардан ажратиб турарди. Ўзи япон футболида асосий урғу жамоавий ўйин ва прессингга қаратилади, Такумининг услуби эса ўзгача эди ва у майдонда яққол кўзга ташланарди. Клубнинг бразилиялик мураббийи Левир Кульпи ҳам ажабланарди. Маълумот учун айтиш керак, қаттиққўл ва тактик жиҳатдан етук бу мутахассис узоқ вақт «Сересо» ўсмирларини шуғуллантирган. Айнан унинг хизмати самараси ўлароқ, япон футболи Шинжи Кагава, Хироши Киотаке ҳамда Такаши Инуи каби ўйинчиларга эга бўлди. Маҳаллий юлдузларнинг янги авлоди орасида Минамино энг ёш дебютант эди. Кульпи йигитчани «Омия Аржия»га қарши баҳсда захирадан майдонга туширганида, у ҳали мактаб ўқувчиси бўлган. Ёмғир, нам­гарчилик, қолаверса, топширилган ролга ҳам кўникиш керак... Боз устига, изумисанолик йигитча марказий ҳужумчи позициясига мослашганди, бироқ мураббий 4-3-3 тактик схемасида унга қанотдан жой берди. Қаранг­ки, қанотга тасодифий кўчиш футболчининг ҳимоявий ҳаракатларга боғлиқ кўникмаларини ҳам яхшилади. «Академияда ҳеч қачон қанотда ўйнамаганим сабабли, дастлаб бироз ташвишландим. Ҳатто ўйнаётганимда ҳам, гўёки, ўзимни дарвозадан анча узоқда тургандек ҳис қилавердим, жамоамиз жарима майдонини қай тариқа ҳимоялашни билмадим», - дея эслайди Такуми ўша давр­ни. Хуллас, ёрқин ва агрессив ҳаракатланишга мойил Минамино янги ролга кўникишга кўп вақт сарфлади, дастлабки 3 мавсумда икки марта қизил карточка ҳам олди. Ўрганишини, мослашиши осон бўлмади.

Такумининг бош кумири - Япония ва Жанубий Кореяда ташкиллаштирилган ЖЧ-2002да ўзгача порлаган Роналдо. Япониялик қаҳрамонимиз ҳар жиҳатдан буюк ҳужумчига тақлид қилишга уринарди ва чаққонлиги, тезлиги ҳисобига рақиб ҳимоячиларини доғда қолдиришни уддаларди. Минамино ўрганишдан асло тўхтамади. «Сересо»да ҳам, «РБ Зальцбург»да ҳам унга жаҳлдорлик ва агрессивликдан ақл билан фойдаланишни ўргатишди. Мураббий Петер Цейдлер уни синчков футболчи сифатида мақтаганди: «Такуми жуда интизомли, айтганларимни бекаму кўст бажаришга интилади». Шу қатъий интизом самараси ўлароқ, япон йигити Зальцбургда анча етилди. Прессинг, тўпни олиб қўйиш, совуққонлик каби муҳим жиҳатларни талаб даражасида ўзлаштирди. Дейлик, «Ливерпул»га қарши кечган ўша баҳсда кўрсатган каромати Кульпининг қатъий ҳимоявий тизими ва «Зальцбург»даги саноқсиз мураббийлик сабоқлари Такуми ўйин улубига нечоғли таъсир қилганини яққол кўрсатди. «Буқалар»нинг ҳозирги бош мураббийи Жесси Марш ҳам япония­лик шогирдини мудом мақтов билан сийларди: «Минамино футболни нозик тушунади, тактикани яхши ўзлаштирган. Таки - мақсад сари дадил интилувчи, ҳар куни ўсишга эришишга қодир йигит». Америкалик мутахассиснинг фикрича, Минамино «Ливерпул»да ҳам эртами-кеч ўз ўрнини топади.

Япониялик футболчи ҳозирча янги мамлакатга кўникиш жараёнини бошдан кечирмоқда, шунга қарамай, Англия футболи ҳам унинг ижросидаги қойилмақом ҳаракатни кўришга улгурди. Минамино амалга оширган прессинг «Ливерпул»га озми-кўп фойда келтирди, Англия кубоги доирасида «Эвертон» ва «Шрусбери Таун» клубларига қарши кечган ўйинларда эса Такуми кескин равишда тўп олиб қўйишдан чўчимаслигини намоён этди. Фикрни жамлаш - бу японияликка хос хислат. У айниқса, «Стэмфорд Бриж»да ўзини кўрсатди. Рақамларда айтсак, «Челси»га қарши ўйинда икки марта тўпни эгаллаб олди, 3 бора муваффақиятли «подкат» ишлатди, яна битта самарали узатма муаллифига айланди. Клопп ундан айнан шундай ўйин кутганди - якунда германиялик мутахассис шогирдини мақтади, жамоага ҳали кўп керак бўлишини алоҳида таъкидлади. Ҳа, эртами-кеч япониялик ҳужумкор ярим ҳимоячининг ҳам вақти келса, ажабмас. «Қизиллар» сафидаги аксарият юлдузлар таркибга босқичма-босқич киришиб кетганлар. Мисол учун, Энди Робертсон, Фабиньо ва Алекс Окслейд-Чемберлен порлаш фурсатини сабр билан кутишган. Минамино айнан уларнинг йўлини такрорлаши мумкин. Ундаги чапдастлик, тезлик ва тактик кўникма Клопп тизимига тўлиқ мос тушади. Муҳими, Такуми ҳақиқий жангчи ва етакчи. Қаҳрамонимиз Англияга йўл олишига қадар «РБ Зальцбург» клуби ва Япония миллий термасида муҳим голлар уриб, ўйин тақдирига таъсир ўтказиш ҳадисини ҳам олди.

2018 йили Минамино Уругвай миллий термаси дарвозасига 2та гол урганида, ўша сира ён бермас Диего Годин ҳам ҳимояда ҳеч нарса қилолмаган эди. У 2019 йилги Осиё кубоги финалида ҳам дарвозабонни доғда қолдириш уддасидан чиқди, ЖЧ-2022 саралашида эса ҳозирга қадар майдонга тушган ҳар бир ўйинида гол урди - 4та учрашувда 5та! Такумининг «Зальцбург»даги статистикаси янада даҳшатли - 199та ўйин, 64та гол ва 44та самарали узатма. Ҳа, япон йигити балки Муҳаммад Салоҳ, Садио Мане ва Роберто Фирминоси бор клубда асосий юлдузга айланолмас, бироқ ундаги универсаллик ва ақл-заковат «қизиллар»га қўл келиши турган гап. Ишонч билан айтиш мумкинки, Такумида бора-бора мураббий ишончини тўлиқ қозониб, Дирк Куйт ҳамда Луис Гарсия сингари муносиб суғурталовчи ролини эгаллаш имконияти етарли. Унинг ўзи Австрияда ўйнаётганидаёқ айнан Клопп билан бирга ишлаш орзуси борлигини яширмаганди. Демакки, қитъадошимизда йўқотадиган нарсанинг ўзи йўқ. Гўёки, Минаминонинг Англияда муваффақият қозонишига шубҳаланиш асло ярашмайдигандек...

У.УМАРОВ таёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz