Қайднома

Қидирув

Алишер НИКИМБАЕВ: «ҲАР БИР ДАВРНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ БОР...»

Алишер НИКИМБАЕВ: «ҲАР БИР ДАВРНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ БОР...»

  30.07.2020 03:52
  0
  595
Алишер НИКИМБАЕВ: «ҲАР БИР ДАВРНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ БОР...»

Газетамизнинг аввалги сонида таниқли футбол мутахассиси Алишер Никимбаевнинг sports.ru сайти «Узбекская кухня» блогига берган катта интервьюсининг дастлабки қисмини ҳавола этгандик. Қуйида суҳбатнинг давоми билан танишишингиз мумкин.

- Газетада чоп этилган дастлабки мақолангизни эслай оласизми?

- (Ўйланиб) Биринчисида нима ёзганимни эслаш қийин. «Физкультурник Узбекистана» - ўз номидан айтиб турибдики, нашрда нафақат спорт, балки оммавий мусобақалар ҳақида ҳам ёзилган. Мақоланинг муайян қисми айнан шундай турнирларга бағишланган. Эсимда, бир сафар таҳририят менга топшириқ бергач, стол тенниси ҳақида ёзганман. Тошкентда ўтказилган фахрийлар ўртасидаги чемпионат эди, шекилли. Аммо ўша мусобақанинг аҳамияти юқори эмаслиги сабаб, тафсилотларини эслолмайман. Журналист бўлганимдан кейинги ҳолатларни эса яхши эслайман. «Пахтакор» Душанбеда ўйин ўтказган, биз эса ўша шаҳарда яшайдиганларга буюртма берардик. Бу қатъий қоида эди: мухбир ўша ерга бориши керак ёки воқеа жойидаги журналистга буюрт­ма бериш лозим. Одатда «Советский спорт»нинг мухбирлар тизимидан фойдаланардик, чунки ушбу нашр мамлакатнинг ҳар бир йирик шаҳрида ўз ходимига эга эди. Хуллас, «Пахтакор» Душанбеда ўйнаганида, табиийки, «Советский спорт»нинг Тожикистондаги махсус мухбири Всеволод Юрескулга мурожаат этдик. Аммо у қандайдир сабабларга кўра, рад жавоби берди ёки ёзолмаслигини айтди. Натижада ҳисоботни телевизор орқали ёзиш менинг чекимга тушди. Яъни ўйин трансляциясини томоша қилиб, сўнгра ёзганман. Бугун бу оддий ҳол. Айни пайт журналистикамиз 99 фоиз ҳолатда шундай ишлайди, у пайтлар эса бунга бошқача қараларди. «Пахтакор»нинг ўйинида бевосита қатнашиб ёзган ҳисоботим эса «Арарат» билан баҳс­га тўғри келган ва у «Физкультур­ник»да чоп этилган. Дастлабки интервьюни эса 1991 йили Ҳамид Раҳматуллаевнинг вафот этганига бир йил тўлиши муносабати унинг беваси Людмила Маҳмудовна билан ташкил этганман.

- Аввалги интервьюларингизнинг бирида собиқ иттифоқ кубоги доирасидаги «Пахтакор» - «Нефтчи» (Боку) қарама-қаршилиги сиз учун жонли тарзда кўрган дастлабки ўйин бўлганини айтгандингиз. Агар хотирам панд бермаса, бу учрашув 1979 йилги авиаҳалокатдан кейинги ўтиш даврига тўғри келганди. Ўша машъум фалокатдан барча хабар топгач, Тошкентда нималар рўй берганини эслай оласизми?

- Сиз назарда тутган ўйин 1982 йилнинг март ойида ўтказилганди, адашмасам. Иттифоқ кубоги 1|8 финали, Тошкентда «Пахтакор» пенальтилар сериясида ғалаба қозонган. Жамоа ҳалокатга учраганида нималар содир бўлганини эса, унча эслолмайман, чунки ҳали 9 ёшга ҳам тўлмагандим. Аммо ҳозир шуниси ёдимдаки, «Ахборот» дастури орқали тобутларнинг машинада олиб кетилаётганини кўрсатишганди.

- Нега собиқ иттифоқ даврида авиаҳалокат бўйича ўз вақтида хабар берилмаган? Агар ташвиқот нуқтаи назаридан олсак, авиаҳалокат ўта махфий ҳолат ҳисобланмайди-ку?

- Хотираларимдан келиб чиқсам, фожиа ҳақида хабар беришмаган, деёлмайман. Ҳар ҳолда, телевидение орқали дафн маросимини кўрсатишган. Айтишларича, собиқ иттифоқ даврида рўй берган ҳалокатларнинг ҳаммасидан ҳам хабардор бўлмаган эканмиз. Ўша вақт давлат сиёсати шундай бўлган - одамлар фожиалар ҳақида камроқ билишлари керак эди, ҳукумат шу тариқа ҳаёт тарзи яхшиланади, деб ўйлагандир, эҳтимол. Аммо такрорлайман, «Пахтакор»-79 ҳалокати бў­йича хабарлар яширилганини эслолмайман. Қолаверса, биз яшайдиган хонадонда ҳам бир оиланинг икки вакили ҳалок бўлганди. Қиз Тошкентдан, йигит эса Минскдан. Улар эндигина турмуш қуришган ва қариндошлар билан танишишга кетишганди. Табиийки, бундан хабар топганмиз, чунки улар қўшни «подъезд»да яшашарди. Ҳукумат фожиа тафсилотларини яширгани ҳақидаги гапларга ҳам қўшилмайман. Умуман олганда, собиқ иттифоқда шунақасини кутиш мумкин эди. Қайсидир бутуниттифоқ янгиликларида бу ҳақда гапиришмагандир, эҳтимол. Аммо Ўзбекистонда ушбу воқеа юзасидан хабар берилгани айни ҳақиқат.

- «Пахтакор»нинг ўша таркиби чемпионлик учун курашиши мумкин эди» қабилидаги фикрларга қандай қарайсиз?

- Ростини айтсам, жамоанинг чемпионлик учун курашишига шубҳам бор эди. Ҳа, таркибда ёш, келажаги порлоқ футболчилар жой олишганди, жамоа Фёдоров сингари ўз юлдузларига эга эди. Бироқ бу чемпионлик учун етарли эмасди. Ўша пайт собиқ иттифоқ футболи навбатдаги гуллаган даврини ўтказаётган, унда 1978 йилги чемпион, кейинчалик еврокубокни қўлга киритган  Тбилиси «Динамо»си ҳам, 1979 йилги чемпион «Спартак» (Москва) ҳам, Киев «Динамо»си ҳам бор эди. Яъни жиддий рақибларнинг чемпионлик учун курашиш имкониятини қолдиришлари эҳтимоли кам бўлган. Аммо агар ўша фожиа рўй бермаганда, «Пахтакор» бемалол еврокубоклар йўлланмалари учун курашарди. Чунки жамоа ёш авлодини тарбиялаган, охир-оқибат, футболчилар бироз кечроқ бўлсада, таркибга кирдилар. Булар - Денисов, Кабаев, Шквирин. 80-йиллар бошларида жамоа «жон» сақлаш эмас, еврокубокларга йўл очадиган ўринлар ёки олий лиганинг бошқа позициялари учун курашиши мумкин эди. Бундай мавзу муҳокамаси ҳар доим осон кечмайди. Айтишадику - «Тарих истак майлини ёқтирмайди». Энг даҳшатлиси, ушбу ҳалокатнинг ўзбек футболига берган яна бир зарбаси шуки, 90-йиллар бошларида етарлича мураббийларга эга бўлолмадик. Аниқроғи, фожиа рўй бермаганида, ўша давр футболчилари фаолиятларини якунлаб, айримлар мураббийлик соҳасида иш бошлашарди. Буни кейинга қолдирилган зарба сифатида қабул қилиш мумкин. Дастлабки зарба - оилалар ўз қадрдонларини йўқотишди, «Пахтакор» ажойиб йигитларидан айрилди, кейинчалик эса ўзбек футболи бир неча мураббийлар, функционерлар, обрўли кишиларга эга бўлолмади. Агар улар тирик бўлишганида, ҳаммаси бошқача кечиши ҳам мумкин эди.

- Ўша таркибда ким ҳақиқий суперюлдуз эди?

- Бу албатта, Фёдоров. Бир тарихий воқеани ёдга олсам. 1975 йили иттифоқ миллий жамоаси, адашмасам, Италия термаси билан ўйнаганида, таркибга тушган футболчилардан 10 нафари Киев «Динамо»си аъзоси эди. Бу футболчилар ўша йили Европа суперкубоги ҳамда Кубок эгалари кубогини қўлга киритишганди. 11-йигит - Фёдоров. Бу ҳам унинг қандай юлдуз бўлганига ишора. У собиқ иттифоқнинг бош жамоасида 18та ўйин ўтказган. Албатта, Фёдоров ёнига Михаил Анни ҳам қўшиш мумкиндир, аммо мен учун айнан биринчиси улкан юлдуз ҳисобланади.

- Олег Базилевич («Пахтакор» бош мураббийи ўша ҳалокат пайти самолётда бўлмаган) расмий маълумотга ишонмаган. Сиз ишонасизми?

- Собиқ иттифоқда рўй берган воқеалар бўйича расмий маълумотга фақат ўша кезлари янграйдиган ҳар бир гапга ишонадиган кўзи ожизларгина ишонишлари мумкин эди. Шундай талқин ҳам борки, ўша ҳалокат тафсилотларини яширолмасдилар, чунки гап «Пахтакор» ҳақида бораётганди. Агар ўша самолётда жамоа учмаганида, фожиа ҳақида ҳеч ким гапирмасди. Собиқ иттифоқ давридаги кўп воқеалардан 20-30 йиллар ўтганидан кейингина хабар топганмиз. Чунки ҳаммаси сир тутилган. Расмий маълумотга кўр-кўрона ишонолмайман. Аммо ўзимнинг ҳам бу борада бирор талқиним йўқ. Қайси бири ҳақиқат, қай бири ёлғонлигини билмайман. Ҳозир ўша воқеа юзасидан турли фикрлар янграйди. Шундай экан, давлат ёлғон гапирганини била туриб, ўша пайтдаги маълумотга 100 фоиз ишонолмайман. Нега энди мазкур ҳолатда ҳам ишонишим керак?

- Спорт газетаси журналисти сифатида, 90-йилларда, интернет йўқ пайт жамоалар бўйича ахборот ва статистикани қандай олгансиз?

- Ўша пайтлар нафақат интернет, балки факс ҳам бўлмаган. Барча статистика қўлда юритиларди. 1982 йили, мактаб ўқувчиси бўлган пайтдаёқ умумий дафтар тутардим, унга иттифоқ чемпионатидаги ўйинлар натижалари ва голлар муаллифларини ёзиб борардим. Яъни ўйинларни ўзим кузатардим. «Советский спорт» газетасига ёзилганман, уни эрталаб эмас, тушликка яқин келтиришарди. Ўшанда уйга тезроқ бориб, газетани почта қутисидан олиб, уни очиб, қандайдир маълумотларни қўлга киритиш мақсадида мактабдан қочардим ҳам. Умуман, «Пахтакор» биринчи лигага тушиб кетганида, «Советский спорт» натижалар манбасига айланган. Яна радио орқали ўйинлар ҳақида маълумотлар бериларди. Кечки пайт, яқинларимга халақит бермаслик учун, балконга чиқиб, ўша ерда радиони ёқардим ва мамлакатнинг турли шаҳарларидаги ўйинлар трансляциясини эшитардим.

Европа чемпионатларини умуман кузатмасдик. Фақат «Футбольное обоз­рение» орқали баъзан еврокубоклар ўйинларидан лавҳалар кўрсатиларди. «АЗ-67» - «Раднички» ўйинини ҳамон эслайман. Номлар ғалати туюларди. Собиқ иттифоқ термаси иштирокидаги ўйинлар, клубларнинг еврокубоклардаги учрашувлари ТВ орқали намойиш этилмаганидан ке­йин яна нима ҳам дейиш мумкин?

- Бугун барча шароитларга эга журналистлар авлодига ҳавас қиласизми?

- Бунга асос борми? Ҳар бир даврнинг ўзига хос жиҳатлари бўлади, нимадир яхши, қайсидир томони ёмон, шундай экан, солиштиришдан маъни йўқ. Айтишим мумкинки, бизнинг давр­да ёзган мақолангиз остига исм-шарифингизни тўлиқ қўёлмасдингиз. Яъни муаллиф номи қисқача келтириларди. Қачонки, жуда жиддий ва катта материал тайёрласангизгина исмингиз тўлиқ ёзилишига муносиб бўлардингиз. Бугун эса биргина мақолани дурустроқ ёзмаган кичик журналистни ҳам ҳамма танийди. Фамилиясидан, исмидан, кўринишидан. Бу яхши ҳам, ёмон ҳам эмас. Шунчаки, бошқа давр.

Бизнинг пайт чекловлар кўп эди, бугунги авлод буни тушунмайди. Масалан, газетани мақолаларингиз билан тўлдиришингизга қарамай, исм-шарифингиз фақат бир марта қўйиларди. Битта сонда икки имзо - тақиқланган. Шунингдек, штатдаги ходимлар газетанинг битта сонида 50 фоиздан ортиқ гонорар олишмасди. Ярмини штатдан ташқарида ҳисоблашга тўғри келарди. Яхшики, бизга фотосуратлар етказиб берувчи Дмитрий Михайлов таҳририятда расман ишламасди, аммо футболнинг ашаддий мухлиси сифатида бирор ўйинни ўтказиб юбормасди. Ҳамкасбларимиздан яна бири гонорарининг маълум қисмини қайнотаси номига ёздирарди. Ҳам оиласи учун пул сақлаб қоларди, ҳам таҳририятнинг 50 фоизлик қоидаси бузилмаслигини таъминларди.

Интернет йўқлигида маълумотларни қаердан олганимиз ҳақида сўрадингиз. Ўша вақт барча материалларни қўлёзма шаклида топширардик ёки «машинка»да ёзардик. Агар мақола бошқа шаҳарда тайёрланса, таҳририятдан бирор киши ўша мухбирга қўнғироқ қилиб, унинг айтганларини қоғозга кўчириб оларди. Иттифоқо, Киевда ўтказилган Халқ­лар Спартакиадасида ишлаётган мухбиримиз тонгда алоқага чиқмади. Балки кечки зиёфат кучли бўлгандир, эҳтимол ухлаб қолгандир. Биз эса газетани тайёрлаётгандик. Биринчи саҳифада бўш жой турарди. Нима қиламиз? Ҳамма ваҳимага тушган. Хайриятки, якунда уни топдик ва газетани вақтида топширдик. Интернет йўқлигидан босма нашрлар аҳамияти юқори эди. Масалан, футбол федерацияси учун соҳага ихтисослашмаган нашрларнинг ташкилот ҳақида нима ёзиши муҳим саналган. У пайтлар мавжуд ҳолатнинг юқоридагиларга қандай етказилиши муҳим ҳисобланган, демакки, ижтимоий-сиёсий газеталарда нима ёзилаётгани эътиборда турарди. Федерация раҳбарияти ўшанда ўз матбуот котибларини қолдириб, сафар учрашувларига спорт журналистлари эмас, айнан ижтимоий-сиёсий газеталар вакилларини олиб кетиши ҳам мумкин эди. Бундай сафарлар эса аввалдан белгиланар, одамлар рўйхатга тушишга интилишарди. Лекин мен мазкур ҳолатдан фойдаланмаганман. Фақат бир марта жаҳон чемпионати саралаш ўйини ўтадиган Олма-Ота шаҳрига боргандим. Аниқроғи, ҳеч ким боришни хоҳламагани учун. Имконият туғилганида, Жакартага ҳам, Сеулга ҳам ошиқмаганман. Демоқчиманки, иш жараёнининг бош принципи ўзгарди. Энди ҳаммаси бош­қача...

Давоми бор


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz