Қайднома

Қидирув

«Жангга фақат ёшлар билан» ёхуд яна Жалолиддинов ҳақида...

«Жангга фақат ёшлар билан» ёхуд яна Жалолиддинов ҳақида...

  30.07.2020 06:06
  0
  260
«Жангга фақат ёшлар билан» ёхуд яна Жалолиддинов ҳақида...

«УЗБЕКСКАЯ КУХНЯ» «ЛОКОМОТИВ» (МОС­КВА)НИНГ ЎЗБЕКИСТОНЛИК ЭҲТИМОЛИЙ ЯНГИ ФУТБОЛЧИСИ ҲАҚИДА. Россия чемпионати кўпчиликни ажаблантиришни яхши уддалайди, баъзида эса акси бўлади. Ҳаммаси воқеликларни ким қандай қабул қилишига ҳам боғлиқ. Кимлардир анчадан буён чемпионатда рўй бераётган воқеаларни циркка қиёслашади, айримлар эса ҳамон ҳайратланарли таассурот олишаётганини таъкидлашади. Шундай паллада Россия футболига ўзбек футболчиларининг янги авлоди кириб кела бошлади. Бир йил аввал Элдор Шомуродов ўзини кўрсатганди, ҳозир - Остон Ўрунов, келгусида бу ишни Жасур Жалолиддинов (Москванинг «Локомотив» клуби 18 ёшли ярим ҳимоячи билан 5 йиллик шартномани имзолади. Футболчи янги жамоаси таркибида 23-рақамда тўп тепадиган бўлди) амалга ошириши мумкин...

Жалолиддинов - европалик журналистлар эътиборини ўзига қаратган ўзбекистонлик дастлабки ёш футболчилардан бири. Бу вундеркинд ўтган йили The Guardian талқини бўйича аниқланган «2002 йилда туғилган энг кучли 60 нафар футболчи» рейтингидан жой олди. Дарвеқе, мазкур рўйхатда «Барселона» аъзоси Ансуман Фати ҳамда «Ренн»дан Эдуардо Камавинга ҳам бор эди. Навоийлик йигит 2 йил аввал Ўзбекистон чемпионатида майдонга тушган энг ёш футболчи сифатида рекорд ўрнатганди. У Суперлига доирасидаги «Бунёдкор» - «Қўқон-1912» учрашувида қатнашган пайт 16 ёшу 80 кунлик эди. Ўтган йиги эса Жалолиддинов «Узбекская кухня» ва sports.ru сайтининг «Ўзбек футболидаги 30 нафар энг таъсири кучли шахс» рейтингидан жой олди.

Жасур «Бунёдкор» академияси тизимига Самарқандда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги турнирдан кейин келган, ўша мусобақада йигитча тўп сурган жамоага айнан «қалдирғочлар» рақиблик қилишганди. Тўғри, «Бун­ёдкор» таркибидаги футболчилар бошқа жамоалар аъзоларига нисбатан 2 ёш катта эдилар. Шундай фарқ бўлишига қарамай (болалар футболида бу аҳамиятли, аслида), Жалолиддиновни дарҳол Тошкентга таклиф қилишди. Клуб йўналишининг ўзгарганини инобатга олсак (Ривалдо келган даврдаги катта маблағдан тортиб, академияни ривожлантиришгача), Жасурдан нимадир чиқмаса ҳам, «қалдирғочлар» ҳеч нарса йўқотмасдилар ва улар буни яширмадилар. Клуб анчадан буён асосий эътиборни ўз тарбияланувчиларига қаратмоқда. «Бунёдкор»да йўлга қўйилган скаутлар тизими «Пахтакор»никидан ҳам, «Насаф»никидан ҳам қолишмайди. Ҳа, клубдагилар ёшлар билан ишлашни қойиллатишади. Бунинг самараси ўлароқ, Жалолиддинов Черкизовога йўл олиш тараддудига тушди.

3 ҳафта аввал мамлакат чемпионатидан ўрин олган «Бунёдкор» - «Локомотив» ўйинида ишладим. Жалолиддиновнинг ўйинини жонли тарзда кўриб, унинг тўп билан ақлли муомалада бўлишини кузатдим. Жасур аксарият ўзбек футболчиларидан фарқли равишда, ҳужум пайти пассивликка берилмайди. Майдоннинг рақибга қарашли ярмида футболчиларни алдаб ўтишдан тийилиб, асосан қисқа ва узун узатмаларга таянади. Бошланғич тезлик, ажойиб зарба ва техника Жасурни бошқа тенгдошларидан ажратиб туради. Хуллас, Жалолиддинов чемпионатдаги рақиблари фонида катталарга хос футбол кўрсатади, бу эса Москва «Локо»си учун айни муддао. Шомуродовнинг Карпин даврида ўсишига эътибор қаратсак, Жалолиддиновни ҳам бошқа позицияга ўтказмаслик, унинг ўйин услубига алоқаси йўқ кўникмаларга урғу бермаслик керак. У ўзи ўйнаётган чизиқда керакли барча жиҳатларга эга. Ўз навбатида, ҳар икки қанотда бинойидек тўп суриши мумкин.

Ҳар доимгидек, Жалолиддиновнинг Россия клубига кўчиб ўтиши турлича қарашларни вужудга келтирмоқда. «Бу футболчи, ўйлашимча, Жоау Мариудан ҳам кучлироқ ўйнайди», - деди ўзбекистонлик ўйинчининг агенти Юрий Белоус. «Темирйўлчилар»нинг собиқ бош директори Илья Геркус эса бунга жавобан қуйидагича фикр билдирди: «Ўзбекистон миллий жамоаси Португалия термасидан қанча кучли бўлса, Жасур ҳам Жоау Мариудан шунчалик кучли». Бундай муносабатдан келиб чиқсак, Жалолиддинов РПЛ спорт жамоатчилигининг жиддий қизиқишига сабаб бўлди, бироқ бу эътибор минусга ишлаши ҳам ҳеч гап эмас. Деярли унинг келишидан олдин трансфер суммаси чамаси 300 минг евро эди, бир суткадан сўнг кўрсаткич миллионгача кўтарилди, ваҳоланки, бироз вақтдан кейин «Бунёдкор»нинг атиги 150 минг миқдорида компенсация олиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бу эса мазкур ҳолатда футболчиники эмас, унинг агентлари манфаатлари устунлик қилаётганини кўрсатмоқда.

Transfermarkt порталида Жасурнинг вакили сифатида Soccer Career Agency контораси кўрсатилган. Футболчи эса интервьюларида айнан Юрий Белоуснинг мижози эканлигини таъкидлади. Миш-мишларга ишонсак, унинг трансфери билан Ўзбекистон миллий термаси бош мураббийи Вадим Абрамов шахсан шуғулланаётган экан. Ушбу мутахассиснинг трансферга таъсири қанчалик юқори - айтиш қийин. Аммо «Бунёдкор»да ҳам айнан у бош мураббий. Умуман, Soccer Career Agency мижозлари орасида тошкентликлар кўп. Яна бир қизиқ факт: аввалроқ футболчига Туркиянинг «Бешиктош» клуби ҳам харидор бўлди. Музокара пайти истанбулликларни трансфер масаласида Абрамов билан ҳам гаплашиш кераклиги ҳайрон қолдирди. Асли реаллик қандай бўлишидан қатъий назар, факт фактлигича қолади. Агент Белоусми ёки бошқаси, асосий урғу футболчининг ўсишини таъминлаш эмас, балки унинг сотувидан мўмай даромад орттиришга берилмоқда.

Мазкур ҳолатда кўпчилик футболчилар бегона мамлакат, ўзга чемпионатда иқтидорларини намоён этолмасликлари эҳтимоли йўқ эмас. Ахир ҳар қандай рекламачи айтиши мумкин: «Маҳсулот қачонки, ташвиқотга эҳтиёж сезмаса, шундагина яхши бўлади». Биз ҳикоя қилаётган жараёнда эса трансфер нархи билан боғлиқ ноаниқликлар Жалолиддиновнинг фойдасига юрмаслиги турган гап. ОАВнинг жиддий эътибори, катта умидлар - янги ўзбек иқтидори учун жиддий синов. Унга хорижда омад тилаймиз, худди Остон Ўрунов сингари иши юришсин. «Уфа» футболчиси ҳам шундай даврда турибди, уни Россия чемпионатидаги топ-клуб ўз сафига қўшиб олишга интилмоқда. Қўшимча сифатида айтиш мумкинки, Жалолиддинов ҳали жисмоний ҳолатини яхшилаши керак. Ўзбек футболида унга Дониёр Нарзуллаев ва «Анжи»да ишлари юришмаган Достон Ҳамдамов рақиблик қилишади. РПЛда эса Артём Дзюба, Никола Влашич ва Эрик Бикфалфи кабиларга қарши тўп суришига тўғри келади. Бу ерда ҳимоя вакиллари билан рўй берадиган яккакурашларни гапирмаяпман. Одатда, навқирон пайти хорижга йўл олган ўзбекистонлик футболчилар чегара ортида муваффақиятли тўп суришади. Яққол мисол сифатида Максим Шацких ва Виталий Денисовни кўрсатиш мумкин. Ҳар иккиси Россия футболига эрта бош суққан. Лекин Макс ҳам, Виталий ҳам қуйи дивизионлардан старт олган. Кейинчалик ҳар иккиси топ-клубларда тўп суриш орқали миллий жамоага кирган. Ушбу рўйхатга Константин Сарсания ҳамда Марко Трабуккининг уринишлари натижасида «Ювентус» тизимида пайдо бўлган Илёс Зейтуллаевни ҳам қўшиш мумкин. Албатта, Санжар Турсуновни ҳам. Мазкур ҳолатда ягона истисно - Одил Аҳмедов. Бу энди алоҳида мавзу.

Юқоридаги мисоллардан келиб чиқиб, ўзбекистонлик йигитчага ишонч билдиргимиз келади. Жалолиддинов иқтидорли, лекин турли плюс-минуслар, воқеалар ривожига қараб, қийинчиликларга учрайди, барибир. Айни пайт асосийси, янги шароитга мослашиш. Мазкур ҳолатда «Локомотив» сафига ҳозир қўшиладими ёки қишда - бу аҳамиятсиз. Аксарият ўзбек футболчиларида қандайдир ўзгача иштиёқ борлигини кўрганмиз, хорижликлар ҳам уларга юқори баҳо беришган. Аммо Ғарбий Европа клубларига ўтишни ҳозирча ҳеч ким уддалолмаяпти. Аббос Махсталиев, Забиҳилло Ўринбоев кабилар кўрикларда қатнашиш билан чекланишди. Умуман, бундай ҳолат Жалолиддиновга ҳам ёт эмас. Лекин футболчилар қандай қийинчиликлардан ўтишмасин, уларга ишонишда давом этишимиз керак, барибир.

ЖОАУДАН КУЧЛИРОҚ ЖАСУР

Умуман, Россия матбуотида «Бунёдкор» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси ярим ҳимоячиси ҳақидаги таништирув мақолалари кўпаймоқда. Жумладан, «Спорт-Экспресс» нашри ҳам Жасурнинг трансферига алоҳида эътибор қаратди.
Трансфер

Ўзбекистон ОАВ «Бунёдкор» клубининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Жасур Жалолиддинов фаолиятини Москва «Локо»си сафида давом эттиришини тасдиқлади. Маълумотларга қараганда, томонлар музокаранинг якуний босқичидалар.

Футболчи

18 ёшли Жалолиддинов - ўнг қанотга ихтисослашган чапақай футболчи. Лекин ярим ҳимоя чизиғининг чап қаноти ва марказида ҳам рисоладагидек тўп суради. 2018 йили 16 ёшу 80 кунлик Жасур «Бунёдкор» сафида майдонга тушиб, Ўзбекистон чемпионати рекордчиси бўлган - энг ёш футболчи. 2019 йилнинг октябрида эса Буюк Британиянинг Guardian газетаси Жалолиддиновга жаҳон футболининг 60 нафар энг иқтидорли ёшлари рўйхатидан жой ажратди. Қизиғи, мазкур рўйхатда Россиядан вакил йўқ. Transfermarkt портали «Бунёдкор» либосида 32 марта майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3та гол ва шунча самарали узатма ёздириб қўйган Жалолиддиновнинг трансферини 450000 еврога баҳоламоқда.

Иқтидорли ярим ҳимоячи шу йилнинг февралида Беларусь термасига қарши кечган ўртоқлик учрашуви - (0:1)да Ўзбекистон миллий жамоаси сафида 45 дақиқа тўп сурди. Бу унинг учун деюбют эди.

«Бунёдкор»

Тошкент клуби бош директори Улуғбек Мирзаевнинг kun.uz сайтига берган интервьюсида таъкидлашича, ярим ҳимоячига «Андерлехт», Молдова, БАА ва Испания жамоалари даъвогарлик қилган, аммо расмий таклифлар «Локомотив» ҳамда «Бешиктош»дан тушган. Бош директор сўзларига қараганда, Жалолиддиновнинг ўзи айнан «Локо» вариантини танлаган. «Бунёдкор» мазкур келишув ортидан айтилганидек, 150000 эмас, балки 350000 евро олади.

Таъриф

Вақтида «Москва», «Ростов» ва «Локомотив»га раҳбарлик қилган, ҳозирда Жалолиддинов манфаатларини ҳимоя қилаётган таниқли менежер Юрий Белоус matchtv.ru сайтига берган интервьюсида трансферни тасдиқлаб, Жасурни алоҳида мақтади: «У ўз ёш тоифаси (2002 йил)да энг иқтидорли футболчи, Осиёнинг энг истиқболли иқтидорлари бешлигидан жой олган. Назаримда, Жасурнинг салоҳияти Жоау Мариуникидан баланд. Унинг яқин бир неча йил ичида «Локомотив» ўйинларини белгилаб берувчи ўйинчига айланишига шубҳа қилмайман».

Муносабат

Юрий Белоуснинг эътирофи «Локомотив»нинг собиқ президенти Илья Геркусга умуман маъқул тушмади. «Ҳа, Ўзбекистон миллий жамоаси Португалия термасидан қанча кучли бўлса, Жасур ҳам Жоау­дан шунча кучлироқ», - дея киноя қилди Геркус «Твиттер»даги саҳифасида.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz