Қайднома

Қидирув

Сульшер кашфиёти ёки Мэсон Гринвуд билан танишамиз...

Сульшер кашфиёти ёки Мэсон Гринвуд билан танишамиз...

  31.07.2020 01:46
  0
  351
Сульшер кашфиёти ёки Мэсон Гринвуд билан танишамиз...

МЭЙСОН ГРИНВУД БУ МАВСУМ КРИШТИАНУ РОНАЛДУ ВА УЭЙН РУНИНИНГ ЁШЛИГИДАН ЎЗИБ КЕТДИ. Кўпчилик қатори сезгандирсиз, «Манчестер Юнайтед» мавсум охирига келиб, жуда мафтункор футбол намойиш этди. Бундай тетиклик Алекс Фергюсон давридан кейин ноодатий ҳолдек туюлгани рост. Оле-Гуннар Сульшер гўёки, вазиятнинг ижобий тус олишига сабабчи эмасдек... Эҳтимол, барчаси мажбурий танаффус билан боғлиқдир?! Ҳар ҳолда, «қизил иблислар» айнан рестартдан кейин ёрқин ўйин кўрсата бошлашди. Айниқса, Сульшернинг ёш шогирдлари гиперсамарали ҳаракатларни амалга оширишди. Бруну Фернандешнинг креатив юришларига гап йўқ, Антони Мартиаль, Маркус Рэшфорд ва Мэйсон Гринвуд эса қойилмақом голларни ўйлаб топишди. Ҳа, франциялик футболчи ҳаттоки, «хет-трик» қайд этди, Маркус одатдагидек фаол, аммо «МЮ»нинг ҳақиқий кашфиёти - бу шубҳасиз, Мэйсон Гринвуд. 18 ёшли ҳужумчи аниқ замбарак зарбалари билан  кўпчиликни лол қолдирмоқда.

Гринвуд чиндан ҳам ажойиб футболчи. Унинг голлари шунчаки, омад маҳсули эмас. Мэйсон фақат шерикларининг қойилмақом комбинацияларидан кейин бўш дарвозани ишғол қилиш билан чекланмайди. У баъзан йўқ жойдан гол ҳосил қиладиганлар тоифасидан, тезлиги ҳам юқори, ҳар икки оёғида бирдек кучли зарба йўллайди. Асосийси, исталган нуқтадан мўлжални тўғри олишга қодир. Мэйсоннинг ҳаракатларига диққат билан эътибор қаратсангиз, йигитча кутилмаган нуқталардан дарвозани ўққа тутади, бу пайт рақибларининг босим уюштиришаётгани ҳам унинг учун аҳамиятсиздек туюлади. Бир қарашда, ортиқча уриниш бефойдадек кўринган паллада зарба йўллайди ва ...гол уради. Бу ноёб истеъдод маҳсули, албатта. «Шахсан мен 18 ёшда ҳозирги Мэйсондагидек ўйнолмаганман. Шубҳасиз, шундай. Гринвуд чексиз иқтидор соҳиби. Мана, жаҳоннинг энг яхши лигасида голлар ура бошлади. Тасаввур қилинг, Мэйсон салоҳиятини тўлиқ намоён этса, нима бўлади? Босим? Менимча, Гринвуд уни ҳис қилмаяпти. Ҳар ҳолда, майдонда футболдан роҳатланиш баробарида «МЮ» юлдузларидан сабоқ оляпти. Мэйсоннинг мутлақо хотиржам тўп суриши шундоқ кўриниб турибди, унинг учун ҳаммаси ҳали олдинда», - деди Сульшер яқинда ўз интервьюларидан бирида.

Тўғри, Гринвуднинг яқин келажакда дунё даражасидаги суперюлдузга айланиши ҳақида баралла гапириш ноўрин. Шунчаки, Мэйсоннинг айни пайтдаги мафтункор ўйинини эътироф этиш керак, холос. Энди унинг статис­тика борасида нималарга эришиб улгурганига қараймиз. Демак, 18 ёшли Гринвуднинг кўрсаткичлари Криштиану Роналду ва Уэйн Руни томонидан шу ёшда қайд этилган натижалардан салмоқлироқ. Мисол сифатида ушбу футболчиларнинг айнан «Манчестер Юнайтед»даги фаолияти инобатга олинмоқда. Умуман, «МЮ»нинг XXI асрдаги энг асосий тўпурарлари 19 ёшга тўлиш арафасида қандай статистика расмийлаштиришганини кўрсангиз, Гринвудга беихтиёр ёрқин келажак башорат қилишингиз ҳеч гап эмас. Ҳа, фақат Руни бу вақтга қадар кўпроқ гол урган, лекин ўйинлари ҳам шунга яраша мўл. Оддий айтсак, Гринвуд ўртача самарадорлик бўйича Криштианудан ҳам, Уэйндан ҳам ўзиб кетди. Дарвоқе, Мэйсон 1 октябрь куни 19 ёшга тўлади, демак, унда голлари сонини ошириш учун ҳали етарлича имконият бор.

Гринвуд Англия чемпионатида 9та гол муаллифига айланди. Мазкур кўрсаткичнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, «МЮ» вундеркинди фақат 7та ўйинни бошланғич таркибда бошлади. Яъни голлари сони «Юнайтед»нинг «асосий»сига кирганидан кўпроқ. Гўёки, нореал статистика. Албатта, Гринвудга жамоадошлари ҳам кўмаклашишмоқда. Мэйсон - Рэшфорд - Мартиаль ёрқин учлиги бу мавсум деярли барча рақиблар ҳимоясини ёриб ўтди. Инглизлар ва француздан иборат трио ҳисобида 61та гол бор! Мана бу чин статистика!

Англияда кўпчилик «янги Руни» вояга етгани ҳақида бонг урмоқда. Умуман, мамлакат футболининг янги авлоди барчада ёрқин таассурот уйғотмоқда. Туманли ўлканинг 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат терма жамоаси рўйхатига назар солсангиз, қойил қолишингиз турган гап. Таркиб чиндан ҳам, бу ёш тоифаси учун жуда қудратли. Гринвуд мавсум давомида барча турнирларда рақиблар дарвозасини 15 марта ишғол қилди. «МЮ» тинейжерлари сўнгги 37 йил бадали бу қадар самарали ўйнаган эмасдилар. Аниқроғи, 1983 йилнинг майидан буён «Юнайтед»нинг энг навқирон футболчиси (ҳали 19 ёшга ҳам тўлмаган) илк марта шундай натижа қайд этди. Ўшанда Норман Уайтсайд шу каби кўрсаткичга эришган пайт 18 ёшу 19 кунлик эди. Дарҳақиқат, Гринвуднинг бугунги ўйини таҳсинга сазовор ва энг асосийси, у мазкур натижа билан чекланиб қолмоқчи ...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz