Қайднома

Қидирув

Куртуа атиги иккинчиси!

Куртуа атиги иккинчиси!

  31.07.2020 04:39
  0
  175
Куртуа атиги иккинчиси!

Бельгиялик Тибо Куртуа Испания чемпионати тарихида Мадриднинг икки гранд клуби - «Атлетико» ва «Реал» билан Ла Лига ғолибига айланган иккинчи футболчи бўлди. Ҳа, бунга қадар шундай натижа атиги бир кишига насиб этган экан - журналист Педро Мартиннинг «Твиттер» тармоғидаги саҳифасида ёзишича, ўтган асрнинг 50-йиллари Перес-Пайя ҳам «Реал», ҳам «Атлетико» либосида чемпионлик нашидасини сурган.

Ҳа, Тибо Куртуанинг Мадрид жамоаларига боғлиқ алоҳида натижасига биринчи бўлиб Bleacher Reporter эътибор қаратди. Хуллас, Испания пойтахти бельгиялик кипер фаолиятида муҳим ўрин тутади. Тўғри, Тибо ҳозирга қадар жами 4та клуб шарафини ҳимоя қилган ва уларнинг ҳар бирида миллий чемпионат ғолибига айланган:

«Генк» - 2010|2011

«Атлетико» - 2013|2014

«Челси» - 2014|2015, 2016|2017

«Реал» - 2019|2020

Куртуа «Атлетико» сафига 2011 йили қўшилган. У ўша вақтдаёқ ҳуқуқий жиҳатдан «Челси»га тегишли эди ва Мадридда нақ 3 мавсум ижара шартномаси асосида ўйнади. Бу орада дарвозабоннинг трансфер суммаси 25 миллион еврога кўтарилди, асосийси, у Мадридга чинакамига меҳр қўйди. «Ҳа, ҳамон «Челси» ихтиёридаман, лекин ҳаётимдаги энг асосий клуб - бу «Атлетико». Айнан «матрасчилар» сафида қисқа вақт ичида етарлича обрў топдим ва чемпионлик мақомига эришдим», - деган эди Куртуа вақтида.

2020 йилга келиб, бельгиялик дарвозабоннинг қарашлари бир мунча ўзгарди. Энди у «Атлетико»нинг ашаддий рақиби - «Реал» аъзоси. Тибо якунланган мавсум Испания чемпионатидаги қуруқ ўйинлар сони бўйича Франсиско Буйога тегишли рекорд ортида роса қувди. Бироқ озгина қолди - 18та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган бельгиялик охирги 3та турда «Гранада», «Вильярреал» ва «Леганес» футболчиларининг гол уришларига тўсқинлик қилолмади. Натижада «Реал»нинг собиқ кипери Франциско Буйога тегишли рекорд дахлсиз қолди. У мавсум-1986|1987 доирасидаги 19та ўйинда гол қўйиб юбормаган эди.

Айтганча, Куртуа карантин даврида, яъни Испания чемпионати тўхтатиб қўйилган вақт дангал гапирганди: «Менга ишонинглар, агар Примеро давом эттирилса, «Реал» чемпионликни қўлга киритади». Мана, у ҳақ бўлиб чиқди ва энди чемпионлик тақдим этган эҳтирослари билан ўртоқлашмоқда: «Икки ойлик нотинч танаффусдан қайтгач, қаторасига 10та ўйин­ни ўз фойдамизга ҳал қилдик. Жамоа­га мутлақо ишонгандим, якунда турнир шоҳсупасига чиқишимизга заррача шубҳаланмадим. Гарчи Каталониядан кўпчилик оғзимни ёпишим зарурлигини ёзган бўлсада».

Испания чемпионати-2019|2020 лауреатлари

 

Испаниянинг етакчи спорт нашри - Marca Ла Лиганинг якунланган мавсумини сарҳисоб қилиб, турли номинациялар бўйича индивидуал совринлар соҳибларини тасдиқлади.

Пичичи номидаги соврин (чемпионатнинг энг яхши тўпурари) - Лионель Месси («Барселона»), 25та гол

Сарра номидаги соврин (чемпионатнинг испаниялик энг яхши тўпурари) - Жерар Морено («Вильярреал»), 18та гол

Самора номидаги соврин (чемпионатнинг энг яхши дарвозабони) - Тибо Куртуа  («Реал»)

Муньос номидаги соврин (чемпионатнинг энг яхши мураббийи) - Зайниддин Зидан («Реал») ва Хулен Лопетеги («Севилья»)


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz