Қайднома

Қидирув

Клопп ва Гвардиолани ранжитаётган қоида

Клопп ва Гвардиолани ранжитаётган қоида

  31.07.2020 06:42
  0
  377
Клопп ва Гвардиолани ранжитаётган қоида

1994 йилдан буён АПЛда битта қоида кўпчилик эътирозига сабаб бўлмоқда. Гап олтин медаль тақсимотига боғлиқ қоида ҳақида кетмоқда: у чемпион жамоа­нинг барча футболчиларига тақдим этилмайди. Оддий айтганда, ким бўйнига олтин медаль тақишни хоҳласа, чемпионат давомида белгиланган миқдорда ўйин ўтказиши шарт. Мавсум-2012|2013гача бу меъёр 10та ўйинга тенг эди, кейин эътирозлар туфайли 5тага қисқартирилди.

Минимал белги 10та ўйинга тенг бўлган вақтда жуда кўпчилик қоидага қарши чиққан. Айниқса, Алекс Фергюсон ва Жозе Моуриньо фаол тарзда эътироз билдиришган.

***Сэр Алекс Фергюсон. «МЮ» мавсум-1993|1994да ғолиб чиққанида, атиги 14 нафар футболчи олтин медаль олган, холос. «Бу жамоанинг қолган ўйинчиларига нисбатан ҳурматсизликдир. Ҳа, таркибни камдан-кам ҳолатда ўзгартираман. Лекин мавсум давомида кўплаб йигитлар захирадан майдонга тушишди. Уларнинг барчалари «асосий»га катта ёрдам беришди. Биз ягона  жамоамиз ва ўйинчиларни шунчаки, гуруҳларга бўлиш нотўғри», - деган эди сэр Ферги. Дарвоқе, ўша мавсум 10та ўйин шарти туфайли Дэвид Бекхэм, Гари Нэвилл, Пол Скоулз ва Даррен Фергюсон индивидуал совринсиз қолишган.

***«Беназир» Жозе Моуриньо. 2006 йили португалиялик мутахассис Глен Жонсон, Манише, Лассана Диарра каби шогирдлари олтин медаль олишмаганидан нолиди. Моу жумладан, буни футболчиларни таҳқирлашга тенглаштирди: «АПЛ - ажойиб турнир, фақат шу қоидани ҳисобга олмаганда. Бу даҳшат! Энди нимадир қилишимиз керак, акс ҳолда, ўйинчиларнинг таҳқирланиши давом этади».

Ҳозирда лимит 5та ўйинга туширилган бўлсада, норозилар ҳамон бор. АПЛ одатда атиги 40та медаль ажратади. Уларни футболчилар ва мураббийларга етказиш керак. Умуман, бу қоида айниқса, Хосеп Гвардио­ла ва Юрген Клоппни асабийлаштирмоқда.

***Хосеп Гвардиола. «Сити»нинг мавсум-2017|2018даги ғалабасидан сўнг 5тадан кам ўйинда иштирок этган Лукас Нмеча, Фил Фоден ва Браим Диас «олтин» олишмади. Натижада Пеп «заҳри»ни сочди: «Ҳафсалам йўқолди. Ахир тез-тез ўйин қайдномасига тушадиган ёш йигитлар бор. Улар нега медаль олмасликлари керак? Бу бўлмағур қоида. Сеҳрли ғалабамиз ёшларга ҳам дахлдор-ку».

***Юрген Клопп. Энди немис мутахассиси жиғибийрон бўлмоқда. Айни шу қоида туфайли «Ливерпул»­да Харви Эллиот медалсиз қолади. Клоппнинг айтишича, Эллиот АПЛдан «олтин» олиши шарт (демак, Лига раҳбарияти ён бериши лозим), акс ҳолда, унга ўз медалини беради: «АПЛ ушбу қоидани ўзгартирса ва 1та ўйинда қатнашганларга ҳам медаль тақдим этса, яхши бўларди. Тўғриси, 5та ўйин қоидасини энди эшитдим. Буни ким ўйлаб топган? Менимча, яхши эмас. Сен йил давомида 5 миллион марта машғулот ўтказасан, четда эса кимдир медаль олиш учун камида 5та ўйин кераклигини белгилаб қўйган... Сафсата! Бу қанақаси? Биз ўйинларни санамаймиз. Бунинг ўрнига ғалаба қозонишимиз керак. Қисқаси, чемпион жамоанинг барча ўйинчилари медаль олишлари керак, ҳаттоки, ёшлар ҳам».


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz