Қайднома

Қидирув

Энди навбат «Инзагилар дербиси»га

Энди навбат «Инзагилар дербиси»га

  01.08.2020 13:58
  0
  202
Энди навбат «Инзагилар дербиси»га

«Беневенто» «А» серияга қайтмоқда! Италия жанубидаги кичик шаҳарча жамоаси «В» серия финишига 7та тур қолган палладаёқ элита йўлланмасини расмийлаштирди. Италия футболида бунақаси 1978 йилдан буён илк марта рўй берди. Ўшанда «Асколи» олий дивизион йўлланмасини шундай эрта қўлга киритган эди. Тўғри, 42 йил аввал «В» серияда ғалаба учун ҳозиргидек 3 эмас, 2 очко бериларди. 76 очко (чипта расмийлаштирилган вақтда) эса - мутлақ рекорд.

«Беневенто» «А» серия йўлланмаси масаласи ҳал этилишига қадар 31та ўйиннинг атиги биттасида мағлубиятга учради - мавсум бошида «Пескара»га 0:4 ҳисобида ютқазганди. Камтарин жамоа шундай ажойиб кўрсаткични Италия миллий терма жамоаси ва «Милан» клуби афсонаси Филиппо Инзаги бошқарувида қайд этди. Аслида собиқ ҳужумчининг мураббийлик соҳасидаги илк иши унча ўхшамади: Пиппогол 2015 йили «Милан»ни «А» серияда 10-ўриндан юқорига кўтаролмади. Қолаверса, кейинчалик «Болонья»да ҳам раҳбарият ишончига киролмади ва 1,5 йил аввал истеъфога чиқди. Қаранг­ки, «Беневенто»да Инзагининг ишлари бирдан юришиб кетди.

Беневенто - Неаполь яқинида жойлашган шаҳар. Демакки, бизни келгуси мавсум қизғин «Жануб дербиси» кутмоқда. Ҳозирда Филиппо Инзаги шогирдлари қаторида «Наполи»нинг собиқ футболчилари ҳам бор. Дейлик, «Беневенто»нинг 38 ёшли сардори Кристиан Мажио фао­лиятининг 10 йилидан кўпроғини Неа­поль клубига бағишлаган. Шунингдек, мавсум бошида «В» серия етакчисининг ҳужум чизиғи Лоренцо Инсиньенинг туғишган укаси Альберто ҳисобига кучайтирилди. Гарчи кичик Инсиньенинг статистикаси Италия термаси аъзоси саналган акасиникидек салмоқли бўлмасада, ҳарқалай, ёмон эмас: 28та ўйинда 7та гол ва 5та самарали узатма.

Кутилишича, кейинги мавсум «Беневенто»нинг таркиби янада кучайтирилади. Transfermarkt портали эксперти Николо Скира май ойида клуб Себастьян Жовинкони Италияга қайтариш режасини тузаётгани ҳақида ёзганди. 2015 йили «Юве»дан Канадага йўл олган «реактив чумоли» ҳозир Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» жамоаси билан шартномага эга. Кейин­чалик жараёнга жиддийроқ инсайдерлар ҳам қўшилишди: Sky Sport Лоик Реми «Беневенто» билан битим тузишга улгургани, фақат тиббий кўрикдан ўтиш қолгани хусусида ёзди. Жаҳоннинг энг таниқли футбол журналистларидан бири Жанлука ди Марцио эса 2та янгиликни омма билан баҳам кўрди: Инзаги бошчилигидаги клуб «Парма»дан Жервиньо, шунинг­дек, германиялик Андре Шюррлени сотиб олмоқчи.

Бироқ Филиппо Инзагини ҳақиқий қарама-қаршилик Неаполда эмас, Римда кутаётгани аниқ. Унинг укаси Симоне пойтахтда «Лацио»ни жанговар клубга айлантирди. Ҳар ҳолда, «бургутлар» бу мавсум узоқ вақт «Ювен­тус»­га асосий рақиб сифатида гавдаланишди. Дейлик, мажбурий танаффусга қадар «Ювентус»га чемпионлик йўлида айнан римликлар жиддий рақобат туғдиришди. Аммо рестартдан кейин «Лацио»нинг ишлари орқага кетди. Кўпчилик билади, Филиппо футболчи сифатида укасидан анча устун эди. Мураббийликда эса ҳозирча кичик Инзагининг ошиғи олчи. «У ҳар жабҳада мендан яхшироқ, - деганди Пиппогол интервьюларининг бирида. - Симонедан фақат ўрганишим мумкин. У замонавий мураббий, «Лацио»даги ишидан фақат роҳатланиш керак...». Ака-ука Инзагилар ҳеч қачон битта клубда бирга ўйнашмаган, Италия термасида эса атиги 2 марта бирга майдонга тушишган - испанлар ва инглизларга қарши баҳсларда. Мураббий сифатида эса, ҳозирча бир маротаба тўқнаш келишди: 2018 йили аканинг «Болонья»си уканинг «Лацио»сига 0:2 ҳисобида ютқазди. Ўша ўйиндан ке­йин Пиппоголни мағлубиятлар серия­си таъқиб этди ва барчаси бир ойдан кейин истеъфо билан якунланди. Энди катта Инзагида келаси мавсум укасидан реванш олиш имконияти бор. Нима бўлган тақдирда ҳам, «А» серияда муросасиз қарама-қаршиликлар сони яна биттага ортиши муқаррар...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz