Қайднома

Қидирув

Анвар ЖАББОРОВ: «Кучли кипер - ярим жамоа»

Анвар ЖАББОРОВ: «Кучли кипер - ярим жамоа»

  02.08.2020 01:40
  0
  373
Анвар ЖАББОРОВ: «Кучли кипер - ярим жамоа»

Айни пайтга келиб, бутун дунё футболида дарвозабонлар мураббийининг роли кескин ошди. Жамоалар бош мураббийлари голкиперларни ўйинларга тайёрлаш, таркибга айнан кимни қўйиш масаласида улар билан алоҳида шуғулланадиган мутахассислар кўмагига таянишади. Дейлик, бошқа амплуа вакиллари билан махсус ишлайдиган мураббийлар йўқ, ҳисоби (гранд клубларнинг йўриғи бошқа). Шунинг ўзи дарвозабонлар мураббийи футболда катта ўрин тутишини англатади. Бугунги суҳбатдошимиз - вақтида етук дарвозабон сифатида ном қозонган ва эндиликда ёш амплуадошларига сабоқ бераётган Анвар Жабборов. Бемалол айтиш мумкинки, ушбу мутахассис турли жамоаларда самаралари ишлаган, фақат киперлар мураббийининг хизмати ҳамиша ҳам кўзга ташланавермайди. Юртимиздаги клубларда ишлашидан ташқари, Қозоғистоннинг «Тараз» клубида ҳам тажриба оширган Анвар Жабборов бугунги кунда «Локомотив» ўринбосарлар жамоасида ёш киперларни астойдил шуғуллантирмоқда.

- Анвар ака, суҳбатимизни бироз ноодатий тусда бошласак. Маълумки, ўйиндан кейинги пенальтилар серияси дарвозабон учун энг мураккаб синов саналади. Чунончи, кўп нарса унга боғлиқ бўлади, жамоанинг барча аъзоларидан тортиб, мухлисларгача - ҳамма айнан кипернинг жасорат кўрсатишини кутади...

- Бир томондан қарасак, бу тўғри фикр. Лекин менимча, нуқтадан зарба йўллайдиган футболчиларга кўпроқ босим тушади. Чунки улар битта имкониятдан гол уришлари керак, хатога йўл қўйишлари мумкин эмас. Дарвозабон эса аксарият ҳолларда 4-5 марта «дуэл»га киришади ва уларнинг 1тасида устун келса ҳам, қаҳрамонга айланиши мумкин. Умуман олганда, пенальтилар сериясида ҳаммасини маҳоратдан кўра, кўпроқ руҳий ҳолат ҳал қилади. Шунингдек, назарий машғулотларда рақибларнинг пенальти тепиш усулларини ўрганиш ҳам фойдадан холи эмас. Масалан, «Қўқон-1912»нинг штатли пенальтичиси Мурод Холмуҳаммедов зарбаларини синчиклаб ўрганиб чиқиш имконияти бор - тўпни асосан қайси тарафга тепади, ердан қанча тепаликда ва ҳоказо... Демоқчиманки, бугунги футболда ҳисоб-китобнинг ўрни катта, фақат тинмай изланиш керак. Хуллас, айниқса, ёш дарвозабонларга дангасалик қилмай, ўз устиларида имкон қадар кўп ишлашларини тавсия қиламан.

- Хўш, «Локомотив» ўрибосарлар жамоасида камол топаётган дарвозабонларнинг умумий ҳолати қандай?

- Очиқ гапираман, Акбар Эргашев карантин туфайли юзага келган танаффусдан озгина ортиқча вазн билан келди. Муҳими, машғулотларда режа асосида ишлаб, оғирлигини меъё­рига келтирдик. Шоҳруҳ Исоқовда эса ҳаммаси жойида. Улар билан иложи борича кўпроқ гаплашаман, нафақат майдондаги хатти-ҳаракати, балки таш­қаридаги юриш-туришига ҳам қизиқаман - нима еб-ичяпти, уйида қандай муаммоси бор...? Масъул мураббий сифатида барчасини билишим шарт. Ахир машғулотларга тетик ва кайфияти чоғ ҳолда келмаса, иштиёқ билан ишламайди, кўрсатмаларни астойдил бажармайди ёки бажаролмайди. Хуллас, биринчи галда, шогирдларимнинг кўзига нигоҳ ташлайман, уларнинг руҳий ҳолатига эътибор қаратаман.

- Айтингчи, шахсан сиз учун тайёр дарвозабон билан ишлаш маъ­қулми ёки нолдан тарбиялаш яхши?

- Албатта, маълум кўникмаларга эга киперларни тўғри йўлга солиш осонроқ. Лекин бошланғич тарбияни нотўғри қабул қилган бўлса, анча қийнайди. Умуман, профессионал дарвозабонларга ниҳоятда қаттиққўл муносабатдаман. Принципим шунақа - бир марта айтаман, агар бажармаса, ўрнини иккинчи дарвозабон эгаллайди. Тўғри, ёш киперлар билан ишлашнинг ўзига хос нозик тарафлари ҳам бор. Ахир ўсмир йигитнинг хаёли бир жойда турмайди. Спортда овқатланиш тартиби энг асосий масалалардан бири эканлигини кўпчилик билади, аммо баъзи ёшлар бунга бепарво қарашади. Айниқса, нонушта тартибига диққат билан ёндашиш талаб этилади. Спортчилар рациони бежиз тузилмаган ахир. Дейлик, спортчи нонушта ёки тушликда етарли калория олмаса ёки меъёридан кўп таом истеъмол қилса, бу машғулотларга ўз таъсирини ўтказади, албатта. Умуман, нафақат овқатланиш, балки кун тартиби ҳам муҳим. Футболчи кечқурун соат 12-1да ётиб, эрталаб 8-9гача ухласа, машғулотларда лоҳас қатнашади. Демоқчиманки, ўз олдига катта мақсадларни қўйган футболчи аввало, кун тартибига қатъий риоя қилишни ўрганиши лозим.

- Ўғлингиз Эркин Жабборовнинг фаолиятини қандай баҳолайсиз? Ўйинларини ҳамон қолдирмай, кузатсангиз керак...

- Албатта. Лекин уйда мураббий эмас, ота ўрнида маслаҳат ва тавсиялар бераман. Эркин бугунги кунда «Оқ-тепа» клубида ўйнамоқда. Суперлига клубларидан таклиф олмадими, демак, ўз устида янада кўпроқ ишлаши керак. Ўғлим фаолияти давомида кўплаб клублар шарафини ҳимоя қилди. Дейлик, «Насаф» ва «Қизилқум»да ўйнади. Энди неча ёшгача фаолият олиб бориши ўзига, ички хоҳишига боғлиқ. Шу ўринда бир гап - Эдвин ван дер Сар 40 ёшида Англия чемпиони бўлган.

- Нима учундир ўзбекистонлик дарвозабонларга хорижда талаб кам. Ҳар ҳолда, бошқа чизиқ вакиллари орасида бир қатор легионеримиз бор, киперлар эса... Бунга қандай изоҳ берасиз? Мисол учун, Игнатий Нестеров Саудия Арабистони клубига бордию, маълум муаммолар туфайли тезда қайтди, Александр Лобанов ҳам Эронда узоқ қололмади...

- Ўзи футболчиларимизга кўп ҳолларда тил билмаслик панд беради. Ўз мисолимда айтсам, вақтида Ҳиндистонга борганимда, бир ойча роса қийналганман, ҳаттоки, ортга қайтишни ўйлаганман. Лекин сабр қилиб, мослашиб кетгандим. Инглизчада лоақал оддий элементар сўзларни ўрганиб олиш керак. Зеро, бу тил кўп мамлакатлар футболида асосий муо­мала воситаси саналади. Мана, оддий мисол, «Локомотив» директори Тўлабек Акрамов ҳам мураббийлар, ҳам футболчилардан инглиз тилини озгина ўрганишни талаб қиляпти. Ўринли талаб. Чунки тил билиш ҳамма жойда асқотади. Энди саволингизга келсак, вақтида Павел Бугало «Алания»да чакки ўйнамаган, Евгений Сафонов эса «Шинник»да ўзини кўрсатган. Ҳозир нега йўқ? Ишлаш ва яна ишлаш керак, тамом. 

- Дарвозабоннинг муҳим хислатларидан бири - ўйинни бошқариш. У бутун ўйин давомида жамоа­дошларига кўрсатма бериб, ҳушёрликда ушлаб туриши керак. Дейлик, Игнатий Нестеровда шундай хислат бор. Лекин аксарият ёш голкиперлар чўчишадими, негадир кўрсатма беришдан тийилишади...

- Шахсан мен машғулотларда шогирдларимга ҳамиша бақириб туриш кераклигини уқтираман. Албатта, дарвозабоннинг жим туриши сира ярашмайди. Чунки майдондаги ҳолат унга яхшироқ кўринади - рақиб ҳужум бошлаган паллада ҳимоячи ноқулай позицияда турибдими, дарҳол сигнал бериши шарт. Лекин жамоадошининг кичик хатосига ҳам бақиравериш но­ўрин. Бу кўп ҳолларда ўша футболчига акс таъсир этади. Умуман, дарвозабон майдонда ўзига хос мураббийга айланиши лозим. «Локомотив» ўринбосарлар жамоасида шуғулланаётган киперлардан ҳаттоки, машғулотларда ҳам жим турмасликни талаб қиламан: «Қанча кўп гапирсанг, кўрсатма берсанг, қолганларга шунча осон бўлади». Бу борада назарий машғулотларда ҳам алоҳида ишлаш зарур. Мисол учун, мен ўйинларнинг эртасига дарвозабонларни йиғаман ва хатоларини кўрсатишдан ташқари, қайси ҳолатларда жамоадошларига сигнал беришда кечикканини ҳам айтаман. Ўз навбатида, улар хатоларни тушуниб, муайян хулоса чиқаришлари керак. Тушунсалар, хатони такрорламайдилар. Асосийси - вазиятлардан тўғри хулоса чиқариш. Ўйлайманки, «Локо» тизимида шуғулланаётган голкиперларнинг келажаги бор. Фақат меҳнат қилиш, ҳаракатдан қочишмаса, бас.

- Энди ўтмишни бирров эсга оламиз - миллий чемпионатимиз йўлга қўйилган даврда «Пахтакор» бошқа клублардан яққол кучли эди. Лекин илк мавсумдаёқ кўплаб номдор футболчилар хорижга йўл олишган - Игорь Шквирин, Миржалол Қосимов, Геннадий Денисов... Кейинчалик яна Валерий Кечинов ҳам. Шу тариқа жамоа анча кучсизланган ва чемпионатимизда «Нефтчи»нинг  гегемонияси бошланган...

- Ўша йиллар «Пахтакор» учун ўтиш даври эди. Бир нарсани фахр билан айтишим керак, жамоамиз пастки поғоналарга тушиб кетган пайтлар ҳам мухлислар стадионни тўлдириб ўтиришарди. Кўп ўйинларда аксарият трибуналар тўларди. «Нефтчи»нинг гегемонлик ўрнатганига келсак, Юрий Саркисян Фарғонада чиндан ҳам, ажо­йиб жамоа шакллантирган эди. Лекин «Пахтакор» кейинчалик қаддини тиклади ва чемпионлик серияси бўйича рекордчига ҳам айланди. Илк мавсумни эсга олсак, 29 ёшда эдим. Жамоада мендан ташқари, Денис Иванков ҳам ўйнарди. Павел Бугало эса энди-энди кўзга ташланган иқтидорли киперлардан бири бўлиб, собиқ иттифоқ ўсмирлар терма жамоасига ҳам чақирилган эди. Умуман, ўша вақт терма жамоа­да Бугалодан ташқари, ўзбекистонлик яна 5 нафар футболчи ўйнаган - Ёрқин Назаров, Валерий Кечинов, Андрей Яровой, Тимофей Шабанов, Олег Шацких. Бугало жуда меҳнаткаш йигит эди, сира дангасалик қилмасди. Яна жуда камтар, ортиқча мақтовлардан ҳаволаниб кетмасди. Майдонда эса жамоадошларига тинмай кўрсатма берарди. «Дарвозабон - ярим жамоа» - бу ибора бежиз чиқмаган. Фақат кучли кипергина бу мақомга муносиб. Хусусан, Бугало кўплаб ўйинлар, жумладан, миллий жамоада ҳам, ярим жамоа эканлигини исботлай олган.

- Суперлигада ёш дарвозабонларга ишонч кам. Ваҳоланки, уларни расмий ўйинлар воситасида «пишитиб» бориш керак. Ҳар ҳолда, машғулотларнинг ўзи билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди...

- Оддий мисол, «Пахтакор» ўринбосарлар жамоаси дарвозабони Умид Ҳамроевнинг Элдор Суюнов ёки Санжар Қувватовдан кам жойи йўқ, менимча. Жуда иқтидорли йигит, имконият берилса, ўзини кўрсатади, албатта. У Жасур Абдураимов бошқарувида ўйнаган ёшлар терма жамоасида кўзга ташланган эди. Бироқ... Ўйин амалиёти берилмаяптими, такомиллашиш учун бошқа жамоага йўл олиши керак. Умид ҳозир 23 ёшда - айни ўйнайдиган вақти. Асосий таркибга кирса, эплаб кетади. Муҳими, ишонч ва имконият тақдим этилса, секин-аста ўзини кўрсатиб, юқори даражага чиқаверади. Ўзимиз ҳам бирданига кучли бўлиб қолмаганмиз. Дейлик, 18 ёшда дарвозабонликка ўтгандим.

- Айрим маълумотларга қараганда, Ўзбекистон миллий жамоасида Рустам Акрамовга дастлаб Виталий Суюнов ёрдамлашган, лекин Осиё ўйинларига Биродар Абдураи­мов борган. Шунингдек, таркиб ҳам кескин ўзгариб кетган экан...

- Ҳа, аввалига Виталий Суюнов ассистентлик қилган, таркиб асосан ёш футболчилардан тузилган. Якунда Осиё ўйинларига ёши катта футболчилар олиб кетилган. Масалан, Рустам Абдуллаев ва Нўъмон Ҳасанов сўнгги паллада таркибдан тушиб қолишганди. Бунда ажабланадиган томони йўқ - Сергей Лебедев ва Степан Атоян каби ўйинчилар юқори даражага чиқиб улгуришганди. 

-Якунда ёш дарвозабонларга қандай маслаҳат ва тавсиялар берасиз?

- Биринчи ўринда, дангасалик қилмай, тинмай ишлаш керак. Машаққатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ҳаттоки, уйда ҳам индивидуал тарзда шуғулланиш керак. Бу футболчининг ўзига фойда...

А.ИСКАНДАРОВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz