УЕФА шу йилнинг 15 февраль куни «Манчестер Сити» клубини 2 мавсумга халқаро турнирлардан четлатиб, қўшимчасига 30 млн. евро миқдорида жаримага ҳам тортганди. Бундай жиддий жазонинг асосий сабаби сифатида «Иттиҳод» стадионига боғлиқ имзоланган ҳомийлик шартномасида йўл қўйилган қаллобликлар ва клубнинг молиявий «Фэйр-плей» қоидасига амал қилмаганлиги кўрсатилганди. «Барча далилий ҳужжатларни ўрганиб чиққан суд палатаси «Манчестер Сити» клуби УЕФАнинг лицензиялаш ва молиявий «Фэйр-плей» қоидасига амал қилишда жиддий хатоликларга йўл қўйганини тасдиқлади. Шунингдек, клуб 2012-2016 йиллар оралиғида ҳомийликдан тушган даромадини бўрттириб кўрсатиш асносида шу давр ичида молиявий зарар кўрмай фаолият юритгани ҳақида ёлғон ҳисобот берган», - деб ёзилганди халқаро ташкилот баёнотида. Натижада «шаҳарликлар» нафақат 2 йиллик дисквалификация ва йирик миқдордаги жаримага дучор бўлишди, балки уларга 2016 йили АПЛда қўлга киритилган олтин медалдан ҳам айрилиш хавф солди. Яъни чемпионлик унвони ўша мавсум 2-ўринни эгаллаган «Ливерпул»га олиб берилиши хусусида гап-сўзлар тарқалди. Орадан атиги 1 ҳафта ўтгач, «Сити» Буюк Британиядаги таниқли адвокатлардан бири, Лордлар палатаси аъзоси ва Қироллик маслаҳатчиси Дэвид Пэнникни ишга ёллаб, УЕФА қарори юзасидан апелляция ёзди. Тажрибари ҳуқуқшунос клубни халқаро ташкилот жазосидан қутқариши лозим эди. Бу борада Пэнникнинг ҳар бир иш куни учун 20000 фунт стерлинг миқдорида гонорар ваъда қилинди.
Мана, «Сити»нинг адвокат хизматига сарфлаган харажати ўзини тўла-тўкис оқлади. Ҳар ҳолда, Хосеп Гвардиола жамоаси дисквалификациядан қутулди. Қолаверса, Пэнникнинг талабларига асосан, 30 «лимон»ли жарима ҳам 10 миллион еврога туширилди. Тажрибали ҳуқуқшунос аввало, УЕФАнинг «Манчестер Сити»га қарши тўплаган айбномасидан бир қатор хатоликларни аниқлади. Шунингдек, клубнинг молиявий фаолиятига қонунга зид равишда аралашгани учун ташкилотга қатъий эътироз билдирди. Қарангки, УЕФА охир-оқибат, хатоларини тан олишдан ўзга чора тополмади. Марҳамат, халқаро ташкилотнинг судга йўллаган баёноти билан танишинг: «УЕФА САSнинг мазкур жиноий ишга боғлиқ хулосасини қабул қилади ва камчиликлар - қонунбузарликни тасдиқлайдиган ишончли далиллар етарли эмаслиги, уларнинг кўпида жазо муддати ўтиб кетганини инобатга олади. Ташкилот мазкур иш юзасидан бошқа изоҳ бермайди». Қисқаси, гарчи САS ва УЕФА ўртасида тўғридан-тўғри алоқа бўлмасада, халқаро ташкилот «Сити»дан дисквалификация жазоси олиб ташланишига монелик қилмади.
Бир қарашда, лорд Пэнник мазкур апелляция ишидан кейин чинакам юлдузга айлангандек. Лекин у бусиз ҳам дунё миқёсида ўз ишининг устаси сифатида ном қозонишга улгурган. Келинг, яхшиси, унинг аралашувидаги шов-шувли можаролар билан танишиб чиқайлик:
Брекситни 2 марта кейинга сурди. Буюк Британиянинг энг машҳур адвокатларидан бири саналган лорд Пэнник мамлакатнинг Европа Иттифоқи аъзолигидан чиқишга уринишида Қироллик котибига қарши чиққан Жин Миллер манфаатларини ҳимоя қилди. Пэнник бунда парламентнинг бош вазир қарорига таъсир ўтказиш ҳуқуқидан унумли фойдаланиб, Брекситни 2 марта кейинга сурди. Олий суд адвокатнинг даъвосини инобатга олиб, Буюк Британия ЕИдан чиқиши учун парламент далолатномасига эга бўлиши шартлиги хусусида ҳукм чиқарди. Тўғри, ҳукумат кейинчалик ўз мақсадига эришган бўлсада, ҳуқуқшунос парламентни тарқатиб юборилишига қарши курашни давом эттирди ва 2019 йили бу ишда ҳам ғалаба қозонди.
Ходорковскийни ҳимоя қилди. Лорд Пэнник 2011 йили инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судида Михаил Ходорковский манфаатларини ҳимоя қилди. Адвокатлар Ходорковскийга нисбатан қўзғатилган жиноий иш ва унинг ҳибсга олиниши Россия ҳукумати учун сиёсий далил вазифасини бажаришини исботлай олмадилар. Бироқ суд нефть магнатининг ҳуқуқлари поймол этилганлиги хусусидаги шикоятда кўрсатилган 15та банддан 8таси ўринли эканлигини тасдиқлади ва Россия ҳукумати Ходорковскийга товон сифатида 35000 доллар тўлаши ҳақида ҳукм чиқарди.
Греция қиролига қарши чиқди. Дэвид Пэнник асрлар алмашуви даврида 1974 йили тахтдан ағдарилган Константин II мулкини давлат томонидан приватизация қилинишида Греция ҳукумати манфаатларини ҳимоя қилди. Ҳуқуқшуноснинг фикрича, қирол давлат раҳбари бўлиб турган даврда ўз қаср ва саройларига шахсий мулк сифатида қараши мумкин эди. Суд эса кўчмас мулк қирол ва унинг оиласига тегишли эканлигини тасдиқлади. Лекин 1994 йили парламент томонидан қабул қилинган қонунга биноан, қироллик мол-мулклари давлат ҳисобига ўтказилганини ҳам инкор этмади. Охир-оқибат, Греция ҳукумати қиролга товон пули тўлади, аммо қаср ва саройлар, виллалар давлат ихтиёрида қолди.
Пойгачилар жамоасини қутқарди. 2005 йили «Сан-Марино» гран-при турнирида техник регламентга риоя қилмаган БАР жамоаси ЖЧдан четлатилиш хавфи остида қолди. Текшириш чоғи болидда яширин бак борлиги ва унга ёнилғи қуйилганида, автомобиль вазнига 10 килограмм қўшилиши ошкор бўлди. Пойгада эса вазни 600 килограммдан юқори болидлар қатнашишига рухсат бериларди. БАРнинг вазни эса бўш яширин бак билан ҳисоблаганда, 596 кг. бўлиб, бу болидга 15 сония устунлик берарди. Айбловчилар машинанинг яширин бакига сўнгги «пит-стоп»да ёнилғи қуйишганига эътибор қаратишди. Бироқ БАРни ҳимоя қилган Пэнник бу қалтис вазиятда ҳам ўзини йўқотиб қўймади. Ҳа, пойга жараёнида машинанинг вазни 600 килограммдан кам бўлмаслиги шарт. Аммо ёнилғи болид вазнининг бир қисми бўлолмаслиги қаерда кўрсатиб қўйилган? Шу тариқа БАР жамоаси дисквалификация жазосидан қутулиб қолди.
Рунининг дисквалификация муддатини қисқартирди. Уэйн Руни 2011 йилнинг октябрида Евро-2012 саралашидан ўрин олган сўнгги учрашувда Черногория терма жамоаси аъзоси Миодраг Жудовичга нисбатан қўполлик ишлатгани учун 3та учрашувга дисквалификация қилинди. Дэвид Пэнникнинг ишонарли даъво аризаси туфайли жазо 2та учрашувга камайтирилди. Натижада Руни гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи беллашувида майдонга тушди ва Украина термаси дарвозасига урилган ягона гол муаллифига айланди. Якунда Англия термаси «плей-офф» босқичига йўл олди, турнир мезбони эса, курашни барвақт якунлади...
А.ҲАМИДОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20