Қайднома

Қидирув

Шунчаки, тирик «Маскот»

Шунчаки, тирик «Маскот»

  02.08.2020 07:18
  0
  423
Шунчаки, тирик «Маскот»

Томмазо Берни - «Интер»нинг учинчи дарвозабони. Унинг ёши 37да. Авваллари Италиянинг қатор клубларида ўйнаган, жумладан, «Лацио»да ҳам. Шунингдек, «Брага»да фаолият юритди, Италия ёшлар терма жамоасида кўриниш берди. Энди диққат қилинг, «Интер» сафига 2014 йили қўшилган Берни катта футболда охирги марта 8 мавсум (!) аввал расмий ўйинда иштирок этганди. Аниқроқ айтсак, у 2012 йилнинг октябридан буён соф захирачи ролида!

Энг қизиқ факт - Томмазо 6 мавсумки, «Интер» ихтиёрида ва бу оралиқда бирор марта расмий ўйинда қатнашмаган бўлсада, 2 марта қизил карточка олди. Қойилмисиз? Қанақасига шундай бўлиши мумкин? Ҳа, футболда «қизил» ишлаш учун майдонга тушиш шарт эмас, бунинг учун захира ўриндиғига жойлашган ҳолда, ҳакамлар ёки рақиб жамоа аъзоларини ҳақоратлашнинг ўзи етарли. Бу айнан Бернига хос «жасорат»...

*** Берни Томмазо 2020 йилнинг январида «Интер» - «Кальяри» баҳсида Лаутаро Мартинесни майдондан четлатган ҳакамга қарата кинояли қарсак чалганди.

*** 2020 йилнинг июнида «Парма» билан ўйин пайти шунга ўхшаш ҳолат учун иккинчи бўлим ўрталарида «қизил» олди - ҳакамга бақиргани туфайли.

Энди савол - Томмазо «Интер»да нима қиляпти ўзи? Жавоб оддий - клуб тарбияланувчилари масаласида белгиланган лимитни тўлдирмоқда.

*** Қоидаларга мувофиқ, еврокубокларда жамоа рўйхатига унинг тизимида лоақал 3 йил ўйнаган 15-21 ёшли 4 нафар футболчи киритилиши шарт. Берни ушбу квотага жуда мос тушади.

*** Томмазо аслида тартиб-интизомга риоя этган ҳолда, машғулотларни сира қолдирмайди, ёшларга тавсия­лар беради, кийиниш хонасида муҳит яхши бўлишини таъминлайди.

*** Клуб иштирокидаги барча тадбирларда қатнашади. Масалан, бир сафар ҳаттоки, «Интер»нинг расмий дўконида ҳам ишлади. Айрим мижозлар уни танишди, албатта. «Интер»­нинг Осиёдаги турнеси пайти Данило Д~Амброзио билан Сингапурда ўтказилган ошпазлар фестивалига борди ва нонушта тайёрлади. Буларнинг барчаси «Интер»нинг йилига 200 минг евро маош оладиган футболчисига тааллуқли гаплар. Қизиқ, мухлислар у ҳақда қандай фикр­далар?

*** Бернини маскот ва болл-бой сифатида ҳам кўришади;

*** Шунча маош олишига қарамай, Бернига имтиёзлар яратилгани улар учун ғалати туюлади: кунига икки соатлик машғулот, стадиондан энг яхши жой, дўстлар учун текин чипталар ва шунга ўхшаш бошқа бонуслар;

*** Унинг ўрнини фаолиятини якунлаш арафасида турган футболчи эмас, бирор ёш дарвозабон эгаллаши мумкин эди.

Аммо бу каби эътирозлар Бернининг ўзи эмас, балки раҳбарият манзилига йўлланади. Томмазонинг қизиқишлари доираси кенг - китоб ўқишни ёқтиради, ўтган асрнинг 60-йиллари маданияти ихлосманди, гитара чалади, «Инстаграм»да ҳаёт мазмуни ҳақида фикрлар ёзиб, ушбу мавзуни мухлислар билан муҳокама қилади. Айниқса, италиялик адиба Куки Галлманнинг «Африка ҳақидаги орзуларим» китоби Бернида катта таассурот қолдирган. Унда муаллиф Кенияга эри ва ўғли билан қай тариқа кўчиб боргани тўғрисида ёзган. Ҳаттоки, 2000 йили мазкур асар асосида фильм ҳам суратга олинган, унда бош ролни Ким Бейсингер ижро этганди (харажати 50 миллион долларга тенг фильм муваффақиятга эришмаган, яъни чамаси 15 млн. даромад келтирган, холос). Эътиборли томони, Берни ушбу асар таъсирида ўз тўйини айнан Кенияда ташкиллаштирди, маросимни маҳаллий қабила вакиллари билан бирга нишонлади. У мазкур тадбир қадимий қадамжо, ўтмишга боғлиқ ерда ўтишини хоҳлади. Ўз навбатида, Галлман хоним билан ҳам учрашди.

У.Умаров тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz