Қайднома

Қидирув

Жаъфар Ирисметов: «Ўрунов «Спартак»да бемалол ўйнаб кетади»

Жаъфар Ирисметов: «Ўрунов «Спартак»да бемалол ўйнаб кетади»

  03.08.2020 10:59
  0
  457
Жаъфар Ирисметов: «Ўрунов «Спартак»да бемалол ўйнаб кетади»

Ўзбекистон футболининг энг сермаҳсул тўпурарларидан бири, 2001 йили «Спартак» (Москва) сафида Россия чемпиони бўлган Жаъфар Ирисметов ҳамюртимиз Остон Ўруновнинг «қизил-оқлар» сафида бемалол ўйнаб кетишига шубҳа қилмаяпти. У Россия матбуотига берган интервьюсида ёш ҳамюртимизнинг келажагига катта ишонч билдирди.

- Ўруновнинг биз - «Пахтакор» билан шартномаси бор эди, - дея гап бошлади Ирисметов «СЭ» нашрига берган интервьюсида. - 16 ёшида ўринбосарлар сафида майдонга тушди, унга асосий футболчилардан бири сифатида қараб, биринчи жамоага киритишни режалаштиргандик. Лекин воқеалар бошқача ривож олди. Остоннинг агенти томонидан тузилган шартномада амалдаги келишувни бир тарафлама бекор қилиш бўйича банд киритилган экан. Бу йигитнинг феъл-атвори бироз оғир. Қисқаси, қолишни истамади. Ота-онаси ҳам агенти билан бирга «Пахтакор»дан кетиши кераклигини таъкидлашди. Ўшанда «Ростов»нинг Шомуродовдан кейин Ўруновни ҳам сотиб олмоқчи бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

- Лекин «Ростов» билан келишув амалга ошмади...

- Ҳа, аммо Остон бизнинг сафимизда қолишни ҳам хоҳламади. Уни тезда Россия ёки Қозоғистонга кўчириш кўзда тутилганди ва трансферни амалга ошириш учун «Навбаҳор» қулай вариант бўлиши айтилди. Шу тариқа Ўрунов Наманганга йўл олди ва ёш бўлишига қарамай, жуда яхши тўп сурди. Кейинчалик Тошкентнинг «Локомотив» клубидаги фаолияти унча муваффақиятли чиқмади.

- Нега?

- Чунки Остонни дарҳол сотишга уринишди. Техника асосий жиҳат саналган Ўзбекистон чемпионатида эътибор узатма орқали ўйнашга қаратилади. Ўрунов эса кўпроқ яккакурашларга мойил футболчи - курашиш, тўпни олиб қўйиш, уни ўзи билан олиб юриш... Умуман, унинг кетгани тўғри бўлди.

- Сизнингча, Ўрунов қайси позицияга мос?

- Таянч чизиғига. «6-рақам», нари борса, «8-рақам» позициясида ўйнаши мумкин. Аммо «10-рақам»га мос эмаслиги аниқ. Ҳар ҳолда, узатмалар ор­қали тўп суриш унга тўғри келмайди. Кўпроқ ўйинни бузишга мойил.

- Қанотларни ёпиш-чи?

- Уни ҳам эплайди. Остон - универсал, аммо фикримча, қанотларда имкониятлари чекланади.

- Кўпчилик сизнинг 2001 йили «Спартак» сафига қўшилганингизни эслади. Нима деб ўйлайсиз, Ўрунов Москва жамоасида ўйнаб кета оладими?

- Менинг ҳолатим бироз бошқача эди. Ҳа, ҳамма умид боғлаган, мен эса ўзим кутмаган жойда пайдо бўлгандим. Ҳамдўстлик кубоги, кейин Чемпионлар Лигаси... Ўрунов эса мамлакатингизга мослашди, чемпионатдан хабардор, қолаверса, бугунги «Спартак» ҳам бош­қача. Бир жумлани ўқидим, гўёки, Остон кучсиз легионер эмиш. «Спартак»­да ҳозир ким кучли? Менинг буюк футболчилар билан курашишимга тўғри келган, унинг рақобатчилари эса Тил ва Крал. Улар буюкми? «Спартак» ушбу ўйинчилар билан 7-ўринни эгаллади. Ҳа, Остон Ўзбекистондан, нима бўпти? Ахир Шомуродовга қайси мамлакатдан эканлиги халал бермади-ку. «Спартак»нинг сўнгги харидларидан хулоса чиқарсак, Ўрунов туфайли мухлислар ранжимасалар керак. Ўзбекис­тон иқтидорларга бой. Шунчаки, бу футболчиларнинг услуби Россия чемпионатига мос эмас. Остон эса айнан керакли ўйинчи.

- Сиздан фарқли равишда, унга осонроқ бўлишига яна қандай омиллар бор?

- Ўрунов ҳужумчи эмас, голлар уриши шарт эмас (кулади). Яна биласизми, менга кам тўп узатишган. Шундай ҳоллар бўлганки, 3 киши дарвозабон олдига чиқиб борганимизда ҳам, тўпни мен томон йўллашмаган. Ҳаттоки, Романцев бу борада йигитларга дакки берган. Эҳ, эслашга ҳожат йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, «Спартак»да тўп сурганимдан фахрланаман, мухлислар мени унутишмаганидан хурсанд­ман. Умид қиламанки, Ўруновнинг ўйинлари ҳам ҳамманинг ёдида қолади. Бу йигитда барча зарур жиҳатлар мавжуд, фақат уни тактик жиҳатдан бироз ўқитиш керак.

- Феъл-атвори оғир эканлигини айтдингиз...

- Қайсар. Бироз ўжарлиги бор. Ниманидир хоҳласа, унга етмагунча тинчимайди. Аммо Россияда балки улғайиб, ўзгаргандир. Асосийси, ёнида тўғри одамлар бўлишсин.

- Русчани яхши тушунмайди. Бу муаммоми?

- Рус тилини яхши билардим, аммо бу ёрдам бермаган. Ўйлашимча, Остон ҳали ёш, ўрганиб олади. Мен собиқ иттифоқ даврида улғайганман, у эса бошқа мамлакатда...

- Нима деб ўйлайсиз, «Спартак» уни 5-10 миллионга сота олармикан?

- Позиция енгил эмас. Дейлик, Шомуродовга эътибор тортиш нисбатан осонроқ. Осиёда эса таянч чизиғи вакиллари танқислиги мавжуд. Бу ерда уни ривожлантириш мумкин.

- Ўруновнинг «Спартак»даги ўйин­ларини кўриш учун Россияга келасизми?

- Коронавирус билан боғлиқ вазият имкон берса, албатта! Дарвоқе, «Спартак» музейига кирганимда, у ерда ўзимни ҳам топдим. Бу жуда ёқимли! Кўчада мухлисларнинг танишгани ҳам кишини қувонтиради. «Спартак» - ажойиб фанатларга эга буюк клуб. Ушбу жамоа таркибига қўшилаётгани - Ўруновнинг омади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz