Қайднома

Қидирув

“Навбаҳор”нинг муваффақиятида раҳбариятнинг ҳиссаси салмоқли

“Навбаҳор”нинг муваффақиятида раҳбариятнинг ҳиссаси салмоқли

  03.08.2020 17:40
  0
  217
“Навбаҳор”нинг муваффақиятида раҳбариятнинг ҳиссаси салмоқли

Коронавирус пандемияси туфайли  Coca Cola Суперлигада 15 августга қадар танаффус юзага келди. Айни пайтда Суперлиганинг 9та тури ортда қолди ва Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси мазкур турдан сўнг, 5та ғалаба, 2та дуранг ҳамда 2та мағлубиятни қайд этиб, 17 очко тўплаган ҳолда,

3-ўринда бормоқда. Тўплар нисбати эса 14-8ни ташкил этмоқда.

 Хўш, олдинги мавсумларда наманганликлар 9-турдан қандай натижани қайд этишган? Буни сўнгги 7та мавсум, яъни, 2013 йилгача бўлган чемпионатларга солиштирдик. 

2020 йил

9 ўйин, 5 ғалаба, 2 дуранг, 2 мағлубият, 17 очко. Тўплар нисбати 14-8.

3-ўрин

2019 йил

9 ўйин, 3 ғалаба, 4 дуранг, 2 мағлубият, 13 очко. Тўплар нисбати 14-10.

6-ўрин

2018 йил

9 ўйин, 3 ғалаба, 3 дуранг, 3 мағлубият, 12 очко. Тўплар нисбати 9-8. 12-ўрин

2017 йил

9 ўйин, 4 ғалаба, 3 дуранг, 2 мағлубият, 15 очко. Тўплар нисбати 9-7. 5-ўрин

2016 йил

9 ўйин, 3 ғалаба, 1 дуранг, 5 мағлубият, 10 очко. Тўплар нисбати 14-14.

9-ўрин

2015 йил

9 ўйин, 2 ғалаба, 2 дуранг, 5 мағлубият, 8 очко. Тўплар нисбати 9-13. 13-ўрин

2014 йил

9 ўйин, 4 ғалаба, 1 дуранг, 4 мағлубият, 13 очко. Тўплар нисбати 12-11. 6-ўрин

2013 йил

9 ўйин, 3 ғалаба, 2 дуранг, 4 мағлубият, 11 очко. Тўплар нисбати 11-14.

8-ўрин.

Мазкур рўйхатдан кўриниб турибдики, наманганликлар бу йил сўнгги 7 йил давомидаги энг яхши натижалардан бирини қайд этишмоқда.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, “Навбаҳор” ортда қолган 9та тур давомида ўз майдонида умуман очко йўқотмаган икки жамоанинг (“Бунёдкор” билан бирга) бири бўлиб турибди.

Албатта, жамоанинг ушбу муваффақиятида Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулло Ҳайитбаевич Бозоров, шунингдек, клуб раҳбарияти, жумладан, “Навбаҳор” ПФК вице-президенти Ойбек Арифович Саматовнинг ҳиссалари катта.

Жорий мавсум бошида Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулло Бозоров томонидан жамоанинг олдига юксак мақсад, яъни Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилди. Хайрулло Ҳайитбаевичнинг қўллаб-қувватлаши остида ака – ука Отабек ва Ойбек Саматовлар жамоа таркибини кучайтириш мақсадида, енг шимариб ишга киришишди ҳамда жамоанинг таркиби ўзагини сақлаб қолган ҳолда, “Навбаҳор”га янги футболчиларни жалб этишни бошлашди.

 “Лочинлар” қишки йиғинни Наманган, Тошкент ва Туркиянинг Белек шаҳарларида олиб бориб, мазкур йиғин давомида бир қатор назорат-синов баҳслари ўтказишди.  Шу билан бирга, жамоа мураббийлар штаби ушбу йиғин давомида кўплаб хорижлик ҳамда маҳаллий футболчиларни кўрикдан ўтказди. Айниқса, 20 нафарга яқин чет эллик ўйинчиларнинг “Навбаҳор” кўригида иштирок этишганини эътироф этиш жоиз.

“Навбаҳор” таркибига “Бухоро” клубидан ҳимоячи Тоҳир Шамситдинов, “Насаф” жамоасидан ҳимоячи Хуршид Мухторов ва ярим ҳимоячи Ислом Рашидхонов, “Динамо” клубидан ҳимоячи Миркомил Локаев, “Металлург” жамоасидан ярим ҳимоячи Ислом Исоқжонов, Жанубий Кореянинг “Сувон Самсунг Блюингз” клубидан ярим ҳимоячи Жавлон Иброҳимов, Россиянинг “Нижний Новгород” жамоасидан ярим ҳимоячи Павел Голишев, Япониянинг “Токушима Вортис” клубидан ҳужумчи Забиҳилло Ўринбоев, Беларуснинг “Гомель” жамоасидан россиялик ҳужумчи Руслан Болов, “Истиқлол” жамоасидан ярим ҳимоячилар – Сардор Теляков ҳамда Анвар Ҳожимирзаевлар қўшилишди.

 Бундан ташқари, “Пахтакор”дан маҳоратли ҳужумчи Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев ижарага олинди.

Юқоридаги рўйхатдан клуб раҳбарияти биринчи навбатда “Навбаҳор”га наманганлик футболчиларни қайтаришга аҳд қилганлигини ҳам билиб олиш мумкин, яъни Тоҳир Шамситдинов, Ислом Рашидхонов, Ислом Исоқжонов, Сардор Теляков ва Анвар Ҳожимирзаев, шунингдек, Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев Наманган футболи тарбияланувчилари ҳисобланишади.

 Мазкур ўйинчиларнинг қандай футбол намойиш этишаётгани барчага маълум ҳамда уларнинг натижаларига тўхталиб ўтирмаймиз. Фақатгина уларнинг кўпчилиги мунтазам равишда асосий таркибдан жой олишаётгани, шунингдек, Забиҳилло Ўринбоев ва Руслан Боловнинг голлар уришаётганини  ҳам таъкидлаш лозим.

Бир сўз билан айтганда, жорий мавсум трансферини ижобий баҳоласа бўлади ҳамда бу ўзини оқламоқда.

Кези келганида, жорий мавсум арафасида “Марказий” ўйингоҳ фойесида ўтказилган янги футболчиларнинг тақдимот маросими ҳам юқори савияда бўлиб ўтганлиги, 

мазкур маросимга таниқли спорт журналисти ва шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов,

 таниқли қизиқчи, сўз устаси Искандар Ҳамроқуловнинг таклиф этилишгани,

 ушбу тақдимот маросимининг юқори савияда ўтказилганлиги юртимиздаги кўплаб ОАВ ҳамда спортга ихтисослашган интернет сайтларида ҳам эътироф этилганлигини таъкидлаш жоиз.

Албатта, ушбу тақдимот маросимининг шундай савияда ташкил этилишида ҳам клуб раҳбариятининг салмоқли меҳнатлари самараси ётибди. 

 Таркибдаги янги футболчилар билан уйғун ҳолда,  жамоа сардори Азимжон Аҳмедов, дарвозабон Ўткир Юсупов, ҳимоячилар  - Мирзоҳид  Ғофуров, Игорь Голбан, ярим ҳимоячилар – Азизбек Турғунбоев, Иван Соловьёв, Аббос Ғуломов масъулиятни ҳис қилган ҳолда, тўп суриб, жамоанинг зафарларига муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда.     

Айнан шунинг эвазига бўлса керак, 3 августдан бошланадиган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг йиғинига 5 нафар (Ўткир Юсупов, Игорь Голбан, Азизбек Турғунбоев, Аббос Ғуломов ва Ислом Исоқжонов),

 шунингдек, Ўзбекистон – U-19 ёшлар термамизга бир нафар (Улуғбек Акназаров) футболчиларимиз жалб этилишди. Бу ҳам “Навбаҳор” клуби раҳбариятининг оқилона сиёсати самарасидир. Боиси, сўнгги 15 мавсум давомида миллий терма жамоамизга “Навбаҳор”дан бир вақтнинг ўзида 5 нафар ўйинчи ҳали жалб этилмаганди.

Кези келганида айтиш жоизки, гарчи бу йилги мавсум тақвими “лочинлар” учун оғир келган, яъни илк турлардаёқ жамоа ўтган йилги чемпион (“Пахтакор”) ва вице-чемпион (“Локомотив”), шунингдек, сафарда “Андижон” ҳамда “Насаф” клубларига қарши майдонга тушган бўлса-да, Андрей Канчельскис шогирдлари ушбу қийин вазиятдан чиқиб кета олишди.

Суперлиганинг 1-турида Тошкентда амалдаги чемпион “шерлар”га муносиб қаршилик кўрсата олган “навбаҳорчилар”  ўша ўйинда кўплаб хатоларга йўл қўйган учрашув бош ҳаками Ильгиз Танташев сабабли, 1:2 ҳисобидаги мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишганди.

  Ваҳоланки, наманганликлар мазкур баҳсни омадли тарзда бошлаб, россиялик маҳоратли ярим ҳимоячи Иван Соловьёвнинг голи эвазига танаффусга 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан чиқиб кетишганди. 

Аммо 2-бўлимнинг бошида Ислом Исоқжоновнинг майдондан четлатилиши 10 киши бўлиб қолган “Навбаҳор”нинг ўйинига салбий таъсир кўрсатди ва якунда жамоа ўз дарвозасидан 2та тўп ўтказиб юборди.

Айтиш лозимки, “Пахтакор” – “Навбаҳор” учрашуви бош ҳаками Ильгиз Танташевнинг ўша ўйиндаги фаолияти ЎФА ҳакамлар қўмитаси мутахассислари томонидан атрофлича ўрганилиб, бош ҳакам томонидан ўйин тизгини қўлдан чиқарилгани ҳамда интизомий қарорларидаги хатолари сабабли 1 ой муддатга Суперлига ўйинларидан четлатилиб, қуйи лигага туширилди.

Қисқаси, “Навбаҳор”нинг “Пахтакор”дан мағлубиятга учрашида ҳакамларнинг хатоси ҳам муҳим аҳамият касб этди ва бу кўпчилик мутахассис ҳамда мухлислар томонидан эътироф этилди.

Иккинчи турда Наманганда амалдаги вице-чемпион “Локомотив” қабул қилинди ва ўша ўйинда Андрей Канчельскис шогирдлари ишончли тарзда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

 Ўз ўрнида мазкур баҳсдан олдин клуб раҳбарияти томонидан Наманганда жорий мавсумнинг очилиш маросими ажойиб тарзда ўтказилганлиги,

 унга Ўзбекистон Футбол ассоциацияси 1-вице-президенти, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов,Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов, миллий терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедов ташриф буюришгани, шунингдек, вилоятимиз ҳамда Ўзбекистонинг таниқли санъаткорлари ижросида концерт дастури уюштирилганлигини ҳам таъкидлаш лозим.

 Андижонда бўлиб ўтган “водий дербиси”да жамоамизга бироз омад келмай, 0:0 ҳисобидаги дурангга имзо чекди.

  Шундан сўнг, коронавирус пандемияси муносабати билан Суперлигада танаффус юзага келди.

15 июндан бошланган рестартдан кейинги 4 - 9–тур баҳсларини ҳам  жамоамиз муваффақиятли ўтказди. Фақатгина “Бунёдкор” билан бўлган ўйинда “Навбаҳор”га бироз омад етишмади.

 Кези келганида таъкидлаш лозимки, рестартдан кейинги баҳслар пандемия сабабли, томошабинларсиз ўтказилаётган бўлса-да, “лочинлар” мухлисларсиз ҳам яхши ўйин намойиш эта олишларини исботлашмоқда.  

Шунингдек, клуб раҳбарияти Наманганда иқтидорли футболчиларга кўпроқ эътибор қаратиш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, бу йилдан “Навбаҳор-фарм” жамоасини ташкил этди ва мазкур фарм-клуб 1-лигада қатнашадиган бўлди. Ўтган мавсумда “Навбаҳор”нинг ёшлар жамоасида ўйнаган кўплаб маҳоратли футболчилар “Навбаҳор-фарм” таркибидан жой олишди. Шунингдек, кўплаб футболчилар кўрикдан ўтказилди ҳамда  улардан муносиблари танлаб олинди. “Навбаҳор-фарм”га “Навбаҳор”нинг таниқли собиқ футболчиси Рашид Ғофуров мураббий этиб тайинланди.

Шунингдек, клуб раҳбарияти томонидан “Навбаҳор”  - U-18, U-21 ёшлар, футзал ва аёллар жамоаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, ўтган мавсумда “Навбаҳор” – U-18 ёшлар жамоамиз 2-ўринни эгаллаган бўлса, Денис Тойменцов мураббийлик қилаётган ёшлар жамоамиз U-21 Биринчилигининг жорий мавсумдаги сўнгги 3та турида ғалаба қозонди.

Хуршид Тожибоев мураббийлик қилаётган футзал жамоамиз ўтган мавсумда 6-ўринни  эгаллади ва бу йилги чемпионатда  ҳам яхши иштирок этмоқда.

Карима Юлдашева мураббийлик қилаётган аёллар жамоамиз эса ўтган мавсумда мамлакатимизда илк маротаба ўтказилган Ўзбекистон Лига кубоги мусобақаси ғолибига айланди ҳамда ушбу кубокни қўлга киритганлиги учун клуб раҳбарияти томонидан муносиб тақдирланди.

 Қисқаси, Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Хайрулло Бозоровнинг футболга катта эътибор қаратаётгани самараси, шунингдек, клуб вице-президенти Ойбек Саматовнинг саъй – ҳаракатлари натижаси ўлароқ, “Навбаҳор” жорий мавсумда ижобий натижаларни қайд этмоқда.

 Умид қиламизки, жамоа бу йил ўз олдига қўйган юксак мақсадга эришиб, ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритади.

Бу йўлда жамоага омад ёр бўлишини тилаб қоламиз.

“Навбаҳор” ПФК матбуот хизмати. 


Манба: FCNAVBAHOR


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz