Қайднома

Қидирув

Алишер Никимбаев: «Камчиликлар ҳақида гапирилмаса, ривожланиш мумкинми?»

Алишер Никимбаев: «Камчиликлар ҳақида гапирилмаса, ривожланиш мумкинми?»

  05.08.2020 16:20
  0
  415
Алишер Никимбаев: «Камчиликлар ҳақида гапирилмаса, ривожланиш мумкинми?»

Газетамизнинг аввалги сонларида таниқли мутахассис Алишер Никимбаевнинг sports.ru сайти «Узбек­ская кухня» блогига берган катта интервьюсининг дастлабки қисмлари эътиборингизга ҳавола этилганди. Мазкур суҳбатнинг давоми ҳам қизиқарли мавзуларни қамраб олди.

- Ўзбекистон футбол федера­циясининг биринчи матбуот котиби саналасиз. Бу қандай содир бўлганди?

- Адолат юзасидан айтаман, бир ўзим эмасдим. Ярим «ставка» ишлардим, иккинчи «ставка» эса, бугун «Металлург» клубида фаолият юритаётган Комил Жумаевга тегишли эди. Яъни биз биргаликда ишлардик. Қайси биримиз дастлабки матбуот котиби эканлигимизни билмайман. Иккаламиз ҳам биринчи эдик. Ўша пайт бош котиб Зокир Қурбонов яқин ёрдамларидан икки нафарини таҳририятга жўнатиб, қай йўл билан бўлсада, мени ишлашга кўндириш зарурлигини тайинлаган. Тўлиқ ўтишимни сўрашди, лекин кўнмадим. Фақат ярим «ставка» ишлашим мумкинлигини айтдим. Чунки таҳририятдаги ишимни сақлаб қолиш мен учун муҳим саналарди.

- Четдан қараганда, ўша пайт клублар ва ЎФФда матбуот хизматининг зарурлиги тушунчаси кечроқ пайдо бўлгандек...

- Даставвал, 90-йиллар охиридаги матбуот хизмати ва ҳозиргиларининг вазифалари ўртасидаги катта фарққа тўхталсам. Олдинлари ижтимоий тармоқлар бўлмаган, интернет сайтлари ҳам. Бугун эса вазифалар ўзгарган. Зарурат ҳақида гапирганда, ўшанда ҳам буни тушунишмаган, ҳозир ҳам барча клубларимиз матбуот хизмати нега кераклигини тўлиқ англаб етганини айтиш мушкул. Аксарият клубларда матбуот котиблари ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар ва «Телеграм» каналларини юритишсада, уларнинг кўпи аслида жамоада ҳужжат ишлари, рўйхатга олиш билан шуғулланади, айримлари ҳаттоки, лицензиялаш ҳужжатларини тайёрлашга ҳам масъул. Алоҳида ажратиб, кимнидир ранжитмоқчи эмасман, клубларимиз камдан-кам ҳолларда матбуот котиби имкониятларидан тўлиқ фойдаланади. Ўзингиз қаранг, қайси матбуот котиблари жамоалар билан сафар учрашувларига боришяпти, қайсилари хорижий йиғинларда қатнашишади?

Қатарда Европа клублари - «Бавария», «Аякс», Россия жамоаларининг матбуот хизмати қандай йўлга қўйилганини кўряпман. Бизнинг клублар фаолияти билан солиштирганда, ер билан осмончалик фарқ бор. Бизда матбуот хизмати нега кераклигини тўлиқ тушунишмайди, унинг асл вазифалари, мақсадларидан бехабарлар. Шунчаки, солиштириш учун айтаман: 1997 йили ЎФФга ўтганимда, терма жамоанинг деярли ҳар бир ўйини учун дастурчалар чиқарардик. Бугунги кунда нафақат термалар, балки айрим клубларда бундай дастурчалар йўқ. Босма маҳсулот ўтмишда қолди. Ваҳоланки, дастурча нафақат босма нашр, балки сувенир маҳсулот саналади. Унга талаб бор, ўйлашимча, буни йўлга қўйиш керак. Аммо бу клублар учун - ҳар доим ҳам қопланавермайдиган харажат.

- 2000 йилги Осиё кубоги арафасида терма жамоа тайёр эмаслиги ҳақида бонг ургансиз. Турнир тан­қидларингиз тўғри эканлигини кўрсатганди. Қизиқ, ўша мақолаларингиз ЎФФнинг амалдаги раҳбариятига ёқмаслигини ўйламаганмисиз? Боз устига, матбуот котиби эдингиз.

- 1999 йили «Гол» газетасида катта мақола чиқди, унда терма жамоага муносабатни ўзгартирмасак, Ливанда панд ейишимизни дангал ёздим. Ростини айтганда, муваффақиятсизлик кўлами бу қадар кенг бўлишини ўзим ҳам ўйламагандим. Ҳа, кимларгадир ёқмаслигини тушуниб турардим. Аввал ҳам федерация раҳбарияти билан орамизга совуқчилик тушган, низо туфайли ҳаттоки, ташкилот биносига киришимни тақиқлашганди. Ҳа, амалдаги матбуот котиби учун бу маъқул эмас. Шу боис ҳам, ўз фикрларимни билдириш, уларни ёзиш мақсадида тўлиқ «ставка» ишлашни истамаганман. Афсусланишимга асос йўқ. Нима керак, деб ҳисоблаган бўлсам, шуни қилганман.

- Сизни ЎФФдан бўшатишга неча марта уринишган?

- Билмайман. 1999 йили ўша мақола чоп этилгач, бир йил мобайнида федерацияга кирмадим. Рости, ишдан бўшатишганига ишончим комил эди. Ташкилот раҳбарияти ўзгаргачгина ичкарига киришимга рухсат беришди. 2000 йили бўлим бошлиғи лавозимига тайинлашгач, бир йил мобайнида федерацияда ишлаганимдан хабар топдим. Қизиқ, шу пайт маошимни ким олган экан? Ахир ўзим ишдан бўшатилганман, деб юргандим-ку.

2004 йили кетишга қарор қилдим, кўчиб ўтишга тайёрланаётгандим, чунки Москвада чиқадиган «Известия» газетасидан таклиф тушганди, у ердан хонадон излаётгандим. Шунда мени Мусобақалар ташкил этиш бўлимидан Терма жамоалар билан ишлаш бўлимига ўтказмоқчи эканликларини билдиришди. Натижада қолдим. Ўша йили ОФКдан ҳам таклиф олдим, бироқ яна қолишга кўндиришди. Ҳа, умуман олганда, бу ишда гўёки, қил устида юргандек бўласан. Терма жамоанинг навбатдаги мағлубияти истеъфога чиқиш билан якунланиши мумкин. Шундай ҳам бўлди. Бош жамоамиз 2010 йилнинг мартида ўз майдонида БАА термасига ютқазди, ваҳоланки, Осиё кубоги йўлланмасини муддатидан аввал қўлга киритганди. Миржалол Қосимов (миллий жамоанинг ўша пайтдаги бош мураббийи) бўшашга ариза ёзди, терма раҳбарияти ўзгаргач, Терма жамоалар билан ишлаш бўлими аъзоларини ҳам янгилашга қарор қилишди. Ўшанда янги мураббийга янги бўлим керак, деб ҳисоблашганди. Шундагина Терма жамоа­лар марказида ортиқ ишлолмаслигимни тушундим. Кейин федерация президенти ёрдамчиси лавозимига таклиф қилишди. Шу тариқа 2010 йилнинг апрелидан 2011 йилнинг февралигача Мираброр Усмоновга ёрдамчилик қилдим.

- Футбол федерацияси президенти ёрдамчиси нима билан шуғулланади? У раҳбарнинг «ўнг қўли»ми?

- Ушбу лавозим янги йўлларни очди, янада глобал вазифаларга эътибор қаратиш имконини берди. Ўша давр 2та Осиё чемпионатини қабул қилганмиз. Бири - футзал бўйича, иккинчиси - 16 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида. Бошқа лойиҳалар ҳам бор эди, хусусан, U-17, U-20, аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари мезбонлиги учун ҳужжатлар тайёрлаганмиз. Ўша пайт ФИФА Конгрессини ўтказишга даъвогарлик қилганмиз. 2011 йилнинг февралида ҳужжатларни ўзим олиб борганман. ОФКга ўтишимни билганим ҳолда, ушбу лойиҳа билан шуғулланишда давом этганман. Собиқ иттифоқ пайти буни «Дембеллар аккорди» дейишарди. Яъни истеъфодан олдин қайсидир вазифа бажарилади. Аслида ўз ишим билан фахрланаман, чунки вазифамни уддаладим. Биз ҳужжатлар тайёрладик, бунинг учун ФИФА олдида уялиб қолмадим. Аммо бу нафақат менинг, балки ўшанда ишлаган бутун бошли жамоа - халқаро бўлим, дизайнер, маркетинг бўлимининг меҳнати маҳсули. Босмахонадан рўйхат китобини олар эканмиз, барчани тўплаб, ушбу лойиҳани бошлаганимизда шундай ажойиб ишни амалга оширишимиз мумкинлигига ишонмаганимни тан олдим. Якуний натижа кутганимдан ҳам аъло эди. Ўйлашимча, агар инсон футболни яхши кўрса, ҳар доим чора топади.

- Яқинда Ўзбекистонда икки машҳур журналист - Бобур Акмалов ва Жамолиддин Бобожоновни давлат каналини фактларни бузиб кўрсатиши бўйича танқид қилишгани учун «Спорт» телеканалидан бўшатишди...

- Бошидан гапирсак, уларнинг истеъфосига фактларнинг бузиб кўрсатилгани сабаб бўлмаган. Аниқроғи, этика бузилишида айбланишган. Уларга қарши чиққанларнинг фикрича, ҳамкасбларни танқид қилиш мумкин эмас. Ҳаттоки, «Твиттер»да ҳам ушбу масала баҳс-мунозараларга йўл очди: бу этика бузилишими? Мени ҳам футбол федерациясини тан­қид қилганликда айблашган, ваҳоланки, ташкилотдан кетгандим. Журналистлар билан рўй берган мазкур воқеа - абсурд. Журналист танқид қилишга ҳақли, боз устига, улар «Спорт» телеканалида ишлашган ва бошқа канални танқид остига олишган. Умуман, камчиликлар ҳақида гапирилмас экан, қандай қилиб ривожланиш мумкин?

- Ўзбекистон терма жамоаси билан рўй берган, мухлислар билмайдиган бирор қизиқ ёки нохуш воқеа ҳақида гапириб берсангиз.

- Номаълумлари бўлмаса керак. Қачондир барчаси ҳақида гапирилган. Шу боис ҳам «Телеграм»да канал очганман, айни мавзуда ёзаман. 1992 йилги воқеани эслашим мумкин. Тожикистонда биринчи ўйинимизни ўтказгандик, тўғри, у ФИФА рейтингига кирмаган ва миллий жамоамизга очко ёзилмаган. Ўша пайт Тожикистонга тўғридан-тўғри самолёт учмасди. Жамоа Сариосиё (Сурхондарё вилояти)гача парвоз қилиб, Душанбега автобусда борганди. Биз ҳам, Тожикистон томони ҳам энг кучли таркибини тўплаганди. Рақиб сафида кучли легионерлар тўп суришарди: Муҳаммадиев, Рахимов, Мананников. Бизда ҳам хорижда ўйнайдиган футболчилар етиб келишганди, ҳаттоки, Андрей Пятницкий. Унинг келиши сўроқ остида турганди, муҳими, Душанбедаги меҳмонхонада ҳозир бўлди. Афсуски, ўша терма жамоани сақлаб қололмадик, Пятницкий Россия термасида ўйнашни ихтиёр этди, ундан кейин Валерий Кечинов ҳам шундай йўл тутди.

- «Баҳрайн иши». Ўшанда аслида нима бўлганди?

- Ростини айтганда, бу мавзуни турли интервьюларимда тез-тез тилга олганман, барчасини яна бир марта гапиришга хоҳишим баланд эмас. Ўшанда нима рўй берганини билиш ҳамма учун қизиқ. Одамлар кўпинча бир хил савол беришади. 15 йил ўтди, аммо ҳамма фақат мендан сўрайди. Ҳеч ким ўша пайт ишлаган бош котибдан сўрамайди. Ўша терманинг менежерига савол беришмайди. Хуллас, Терма жамоалар бўлими раҳбари сифатида балогардонга айланганман. Ҳаммаси оддий эди. Ҳакам пенальтини қайта тепиш имкониятини бермади, урилган голни эса ҳисобламади (ўйинни япониялик Тошимицу Йошида бошқарганди). Футболчиларимиздан бири зарба йўлланишидан олдин жарима майдончасига кириб кетган. Ҳакам пенальтини қайта ижро этиш кераклигини қайд этган, бироқ баҳрайнлик футболчилар уни ўраб олиб, ниманидир тушунтиришга уринишган. Шунда рефери қарорини ўзгартириб, эркин зарба йўллаш кераклигини кўрсатди. Катта эҳтимол билан ўша йили қоидаларда ўзгаришлар рўй берганидан бехабар ҳакам стресс ҳолатида хатога йўл қўйганди. Ўша пайт ҳисоб 1:0 эди, пенальти аниқ амалга оширилгач, 2:0 бўларди ва ўйинни ўз фойдамизга ҳал этишимиз мумкин эди.

- Яқинда бир фактдан бохабар бўлиб, ажабландим. Баҳрайн термасига қарши кечган ўйин билан боғлиқ машмашаларга Марко Трабукки (асли келиб чиқиши Қозо­ғис­тондан бўлган италиялик футбол агенти - муаллиф)нинг ҳам алоқаси борлиги ростми?

- Ўйиндан сўнг федерацияда йиғилдик, кўпчилик эмасдик. Ҳамма ўз иши билан шуғулланарди. Бухгалтерия чипталар сотувидан тушган даромадни ҳисоб-китоб қиларди. Терма жамоалар маркази вакиллари ҳам шу ерда эдилар. Учрашувдан кейинги айрим ҳужжатларни расмийлаштирардик. Халқаро бўлим ўз вазифасини бажарарди. Раҳбарият ҳам шу ерда, бошқалар ҳам келишди. Жумладан, терма жамоа менежери, шунингдек, бош мураббий ва Илёс Зейтуллаевнинг агентлари ҳам. Гап Марко Трабукки ҳамда Боб Хоугтоннинг агенти Саймон Томпсон ҳақида бормоқда. Раҳбарият хонасида бўлганлардан яна бирининг исмини ошкор этмайман. Умид қиламанки, қачондир унинг виждони уйғониб, барчаси қандай рўй берганини ўзи тушунтиради. Хуллас, у ФИФАга хат йўллаш ташаббуси билан чиқди. Трабукки ФИФАнинг собиқ бош котиби Мишель Зен-Руффинен билан таниш эканлигини айтиб, ундан маслаҳат сўрашни таклиф қилди. Зен-Руффинен мактубга нималар ёзиш кераклигини айтиб турди.

- Федерация раҳбарларини шикоят ёзишдан қайтаришга уринмадингизми?

- Эътироз беҳуда эканлигини таъкидлаб, фикрларидан қайтаришга ҳаракат қилдим. РФИдаги ҳамкасбларимга қўнғироқ қилиб, Колосковнинг фикрларини билишга қизиқдим. Бу пайтда русларнинг ўз ўйинлари бўлган, адашмасам, рақиб Лихтен­штейн ёки Люксембург эди (Россия термаси шу куни Лихтенштейн жамоаси билан ўйнаб, 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган, Кержаков «дубль» қайд этганди - муаллиф), саралаш баҳсларида қатнашишаётганди. Улар кейинроқ боғланишим кераклиги, иккинчи бўлим энди бошланганини айтишди. Бир соатдан кейин қўнғироқ қилганимда, «Колосков шикоят ёзишга ҳожат йўқлигини айтди» қабилида жавоб беришди. Ўша пайт бу мутахассис ФИФА ижроқўми аъзоси саналарди. Шундан сўнг «Агар менинг фикримни эшитишни хоҳламасангиз, бошқа кишиникини тақдим этаман», дедим. Аммо Колосковнинг тавсиясига ҳам қулоқ тутишмади. Ўйлашимча, одамлар эҳтимоли бор оқибатлардан ўзларини ҳимоялашга уринишганди. Кейинги учрашувни хитойлик ҳакамлар бошқаришлари белгиланган эди. У пайт Чин юртидаги ҳакамлар коррупцияга муккасидан кетишганди. 2000 йиллар ўрталарида Хитой чемпионати коррупция энг кўп урчиган турнирлардан бири ҳисобланар, ҳакамлар, федерация раҳбарларига нисбатан тез-тез жиноий иш қўзғатиларди. Хуллас, хитойлик ҳакамлар жавоб баҳси натижасига таъсир кўрсатишлари мумкинлиги, мазкур ҳолатда 1:0 кўринишидаги устунлик етарли бўлмаслиги назарда тутилди. Боб Хоугтон бундан бехабар эди. Эртасига азонда Баҳрайнга чартер рейс белгиланганди. Мураббий вазиятдан самолётда хабар топди. Манзилга етиб бордик, меҳмонхонага жойлашдик, машғулот ўтказдик. Кейинги куни ФИФАдан қўнғироқ қилиб, «Йигитлар, ортга қайтинглар, ўйин бўлмайди», дейишди. ФИФАнинг фавқулодда вазиятлар қўмитаси дастлабки учрашув натижаси бекор қилингани, ўйин қайта ўтказилишини билдирди. Биз эса, Баҳ­райнда эканлигимиз, биринчи беллашувни шу ерда ўтказиб, жавоб баҳсини Тошкентда ташкил этишимиз мумкинлигини айтдик. Бироқ рад жавоби беришди. Қўшимча сифатида айтишим керак, менга гўё, ўша мактубни ком­пьютерда шахсан ўзим ёзгандек муносабатда бўлишган. Унга умуман тегмаганман ҳам. Виждоним тоза, минимум 300 фоиз! Ушбу шикоятнинг ёзилишига қарши эдим. Нисбатан обрўлироқ мутасаддининг таклифини билдирдим, аммо унга қулоқ тутишмади. Такрорлайман, хатга қўлимни ҳам теккизмаганман. Одамлар истаганларини ўйлашлари ва гапиришлари мумкин, аммо 15 йилдан буён ҳамон шу гапни эшитяпман. 3 йил аввал ўша шахсга шикоят ёзиш ташаббуси ундан чиққанини айтдим, табиийки,  ўзини жинниликка солди, инглиз тилини билмаслиги, шу боис мактубга алоқаси бўлмаганини айтди. Инсон қилган иши учун масъулиятни ўз зиммасига олиши лозим. Афтидан, тақдир шуни тақозо этди, «Баҳрайн воқеаси» билан яшаш пешонамга ёзилган экан.

- Футболчиларнинг ўзлари ўйинни қайта ўтказишга қандай қарашди?

- Улар ҳаммаси ҳал этилганидан кейингина вазиятдан хабар топишди. Қарор футболчиларга ёқмади, уларни тушуниш мумкин. Дейлик, Максим Шацких агар имконият берилса, Баҳрайнда рақибни енгишларини айт­ганди. Чунки бир ойдан сўнг ҳис-ҳаяжон бошқача бўлади, таркиблар ҳам ўзгаради. Қолаверса, Баҳрайн термасининг жароҳатланган футболчилари тикланишга эришишганди. Бизда эса Николай Ширшов шикаст­ланганди. Аслида у карточкалар туфайли  биринчи ўйинда қатнашолмаганди, кейин жароҳати панд берди. Яъни бир ой ичида ҳаммаси бутунлай ўзгариб кетди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz