Қайднома

Қидирув

Тезкор ва тўғри трамплин

Тезкор ва тўғри трамплин

  05.08.2020 19:34
  0
  466
Тезкор ва тўғри трамплин

Охирги пайтлар легионерларимиз сони сезиларли даражада ортааётгани сир эмас. Бири араб диёрини танласа, бошқаси корейслар чемпионатини маъқул кўрмоқда. Айрим йигитларимиз хориж жамоаларида асосий футболчилар қаторига қўшилишга ҳам улгурган бўлсалар, баъзилари ўз имкониятларини кутишмоқда. Клубларимиз ҳам муваффақиятли трансферлар ортидан ҳаминқадар пул олмоқда. Легионерга айланаётган футболчиларимизнинг мақсадлари эса аниқ - Европага йўл очиш. Бунда эса ҳозирги жамоалари трамплин вазифасини ўтаб бериши кутилмоқда. Трамплин. Тўғри ва тезкор трамплин. Ўзбек футболчилари билан шартнома тузган хориж клубларининг ҳеч қайси бири «Уфа» ва «Энергетик-БГУ»чалик очилиш учун ўнг келмаган бўлса керак...

 

«Энергетик-БГУ»дан бошлаймиз. Беларусь чемпионати иштирокчиси саналган «талабалар» ўзбекистонлик икки нафар футболчи билан шартнома тузишгани ҳақида хабар чиққанида, бизда бу жамоани ҳали ҳеч ким билмасди. Қолаверса, Беларусга йўл олган икки футболчидан бирини ўзимиз ҳам яхши танимасдик. Таниганимиз - Жасур Яхшибоев. Олимпиада саралашидаги омадсизликдан сўнг унга ҳам кўп танқид тошлари отилди. Мана, қисқа вақтда ўша омадсизликда футболчилар эмас, балки мураббий бош айбдор эканлиги икки муҳим фактор билан исботланди. Икки муҳим факторнинг бири - Яхшибоев. Иккинчиси эса сал кейинроқ Уфа томонлардан салом йўллади.

Тез орада жамоасининг муҳим футболчисига айланган Яхшибоев тўпурарлар пойгасида ҳам етакчи бўлиб олди. Охир-оқибат, чемпионатнинг етакчи жамоаси билан шартнома тузди. Муҳими, Жасур янги жойда ҳам ўзини йўқотиб қўймади ва энди жамоа билан чемпионлик ва еврокубоклар йўлланмаси учун курашмоқда. Беларусдаги иккинчи футболчимиз Шаҳбоз Умаровга келсак, тўғриси, бу йигит ўзимизда ҳам нотаниш эди. Қарангки, айтарли ҳеч ким билмайдиган шу йигитимиз ажойиб голлари билан БАТЭдек клубни ўзига маҳлиё қилди ва фаолиятида олдинга яхшигина қадам ташлади. Ушбу футболчилар «Энергетик-БГУ» сафида таништирилганида, либосларидаги «7» ва «11» рақамларини кўриб, очиғи, кўзларимга ишонмагандим. Муҳими, улар қисқа вақт ичида ўз рақамларга лойиқ эканликларини исботлашди.

Энди Бошқирдистон томонларга йўл олсак. Саноқли ойлар ичида трансфер нархи бир неча баравар ошиб кетадиган футболчилар камдан-кам учрайди. Улар орасида бизнинг Остон Ўрунов ҳам бор. Бир неча ой давомида Остоннинг трансфер баҳоси нақ 10 карра ошгани замирида аввало, ўзининг меҳнати, иқтидори, қолаверса, «Уфа» жамоаси ва мураббийлар штабининг ҳиссаси катта, албатта. Мана, Остон шундай жамоа билан хайрлашиш арафасида турибди. Юқорида Остон Ўруновнинг таркибга олинмаганлигини Олимпиада саралашидаги омадсизликларнинг иккинчи фактори сифатида шаъма қилдик. Барчаси кундек равшан - мураббийнинг яққол хатоси. Ахир ўша Любинко Друловичга керак бўлмаган Остон бугун Россия грандлари диққат марказида турибди. Буёғига қоракўзларимизни қисқа вақт­да юлдузга айлантирган бу жамоаларга янги Остон, Жасур ва Шаҳбозларни жўнатишимиз керак. Савол туғилади - бизда номзодлар борми? БОР! Менимча, ўзига хос қадрдонимизга айланган «Энергетик-БГУ» ва «Пахтакор» ўртасидаги ҳамкорлик тўхтаб қолмаслиги керак. Дейлик, «Қизилқум»даги Достон Иброҳимов, АГМК­даги Ҳожимат Эркинов ҳам аслида «Пахтакор»га тегишли. Яна анчадан буён порлаши кутилаётган «Навбаҳор» вакили Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев бемалол номзод бўла олади. Беларусда кейинги трансферлар ойнаси сентябрда очилади. Бунгача эса ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ. «Уфа»га эса Ойбек Бозоровни тавсия этиш мумкин. Яна бир номзод - «Навбаҳор»даги Азиз Турғунбоев. Бу йигитлар Россияда ўйнаб кета олишадими? Агар имконият берилса, Бозоров ҳам, Турғунбоев ҳам ушлаган жойини маҳкам тутадиганлардан. Меҳнатдан қочмайдиган иқтидор ўз ўрнини топади, барибир. Фақат битта муаммо бор - уларнинг ҳозирги жамоалари пойтахтники эмас. Инчунин, футболчиларимиз асосан пойтахт клублари орқали легионерга айланишмоқда. Лекин «Иштаҳа ов­қат пайти келади» мақолига амал қилиб, авжи трансферлар вақтидан унумли фойдаланиб қолиш керак...

Орол НОРБОЕВ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz