Қайднома

Қидирув

Яна ФИФА, Инфантино, тергов...

Яна ФИФА, Инфантино, тергов...

  06.08.2020 03:23
  0
  414
Яна ФИФА, Инфантино, тергов...

Халқаро футбол уюшмаси - ФИФА ташкилотнинг амалдаги президенти Жанни Инфантинога нисбатан Швейцария прокуратураси томонидан қўзғатилган тергов ишларида ҳамкорлик қилишга тайёр. Футбол салтанатининг бош амалдори ташкилотда юз берган коррупцияга оид можаро юзасидан тергов кетаётган паллада Швейцария бош прокурори Михаэль Лаубер билан бир неча марта хуфёна учрашганликда айбланмоқда. Хусусан, ФИФАнинг собиқ раҳбари Йозеф Блаттер Одоб-ахлоқ қўмитасидан Инфантинони эгаллаб турган лавозимидан четлатишни сўради...

Халқаро ташкилот маъмурлари амалдаги президент устидан қўзғатилган жиноий ишга изоҳ беришди. Бинобарин, айбловга кўра, Жанни Инфантино ички можаро юзасидан тергов бошланган пайт қонунга зид ҳаракатларни амалга оширган. «ФИФА Швейцария махсус федерал прокурори халқаро ташкилот президенти Жанни Инфантино ва мамлакат бош прокурори Михаэль Лаубер ўртасидаги хуфёна учрашувларни ўргана бошлаганини тан олади. ФИФА жумладан, ташкилот раҳбари Швейцария маъмурлари ихтиёрида ва ҳар доимгидек, тергов жараёнига тўла имконият яратиб беради», -  дейилади баёнотда. Инфантинонинг ўзи ҳам ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва ҳукумат вакиллари билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини таъкидлади. У шунингдек, айнан ФИФА вакилларининг фаоллиги туфайли коррупцион можаронинг айрим айбдорлари аллақачон жазо олиб улгуришганини ғурур билан эслатди: «2015 йили ФИФА ташкилот сифатида қандай ҳолга келиб қолгани, аввалги нуфузини тиклаши учун суд аралашуви зарур бўлганини кўпчилик яхши эслайди. Президентлик лавозимида иш бошлаганимдан ке­йин дастлабки кундан эътиборан ҳукумат раҳбарлари билан ўтмишда ташкилот ичида йўл қўйилган қонунбузарликларни текшириш ва аниқлашга бош мақсад сифатида қарадим».

Жиноий иш қўзғатилгани 30 июль куни Инфантинога нисбатан айбловларни текшириб кўришга масъул сифатида тайинланган махсус прокурор Штефан Келлер томонидан эълон қилинди. Унинг фикрича, ФИФАдаги можаро кўриб чиқилаётган пайт ташкилот президенти Швейцария бош прокурори билан хуфёна тарзда алоқа ўрнатган. Гап икки амалдор ўртасидаги 3та учрашув ҳақида бормоқда. Унинг тафсилотлари тегишли маҳкамаларга етказилмаган. Юқори Вале туманининг прокурори Ринальдо Арнольд мазкур жиноий ишнинг учинчи аъзоси сифатида айбланмоқда. У худди Инфантино сингари ўз хизмат мансабини суистеъмол қилганлик, сирларни ошкор этганлик, жиноятчиларга шерик бўлганлик ва иғво тарқатганликда айбланмоқда.

Таъкидлаш жоиз, аввалги ҳафта Лаубер ўз лавозимидан воз кечишини эълон қилганди. Баҳорда уни бир қатор қонунбузарликлари, жумладан, ФИФА­даги можаролар тергови пайти йўл қўйган хатолари фош этилди. Бироқ у ҳозирча айбловларни тан олмади, худди ФИФА раҳбари каби. «Швейцария бош прокурори билан учрашиш мутлақо тўғри ва қонунийдир. Бу қандайдир қонунга зид ҳаракат эмас. Аксинча, ФИФА президентининг вазифаси. Бир қатор масалаларга ойдинлик киритиш учун Швейцария прокуратурасига мурожаат қилиш ва қонунга зид ҳаракатлар билан ташкилотга зарар келтирганларни жазога тортишни сўрагандим», - деди Инфантино ўз баёнотида. Айни пайт можаро туфайли ўз лавозимини Инфантинога бўшатиб берган халқаро ташкилотнинг собиқ раҳбари Йозеф Блаттер ФИФАдаги тегишли маҳкамаларни мустақил тергов олиб боришга чақирмоқда: «ФИФА Одоб-ахлоқ қўмитаси Инфантинога қарши жиноий иш қўзғатиши шарт. Вазият шуни тақозо этмоқда. Умуман, Инфантино ўз лавозимидан четлатилиши керак».

Швейцария прокуратураси ва ФИФА раҳбарияти ўртасидаги пинҳона учрашувлар хусусидаги гумонлар 2 йил аввал пайдо бўлганди. Айтишларича, Арнольд вақтида Инфантинони прокуратура материаллари билан таъминлаб турган, Лаубер билан учрашув ташкиллаштирган, шунингдек, ташкилот офисида тинтув ўтказилиши ҳақида олдиндан хабар берган. Маълумотларга кўра, бу учлик вакиллари эски танишлар бўлишган. Эслатма, Швейцария прокуратураси 2015 йили ташкилот амалдорларига нисбатан тергов ишлари бошлаган, уларни коррупция ва фирибгарликда айблаганди. Айни ўша пайт Блаттерга қарши ҳам жиноий иш очилган ва якунда у Одоб-ахлоқ қўмитаси томонидан лавозимидан четлатилганди. Кейинчалик бир қатор миллий ассоциациялар раҳбарлари ҳам ҳибсга олиндилар. Энди воқеалар қандай тус олишини эса, вақт кўрсатади...

У.УМАРОВ тайрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz