Қайднома

Қидирув

Тўп ҳақида нима биламиз?

Тўп ҳақида нима биламиз?

  06.08.2020 08:48
  0
  348
Тўп ҳақида нима биламиз?

Футбол бежиз жамоавий спорт турлари орасида «шоҳ» мақомига эга эмас. Ахир бу ўйин миллионлаб инсонлар қалбини забт этган. Мазкур спорт тури бошидан қизиқарлилиги ва жозибаси билан барчани мафтун этди, катта суръатда кенг оммалашди, буюк тарих ҳосил қилди. Мана, ҳозир 1та тўп топилган жойда 5-6 киши жамланиб, футбол ўйнашга шайланиши оддий ҳолга айланди. Хўш, миллиардлаб нигоҳларни ўзига қаратиб, буюк натижалар қайд этилишига замин яратадиган ҳамда бизга олам-олам қувонч, завқ бағишловчи митти дўстимиз - футбол тўпи тарихи ҳақида қандай маълумотларга эгамиз?

*** 1872 йили Англия футбол уюшмаси футбол тўпи юзасидан махсус стандартларни белгилайди. Унга кўра, тўпнинг айланаси 27-28 дюйм (68-71 см.) ва оғирлиги 368-425 грамм бўлиши керак эди. Эътиборли томони, тўп ўлчами ҳозирги кунга қадар ўзгаргани йўқ, фақат 1937 йилга келиб, вазни 410-425 граммга кўтарилди. Шу-шу стандарт вазн ҳам ўзгармаяпти.

*** 1930 йилги жаҳон чемпионати финал учрашувидан олдин Аргентина ва Уругвай терма жамоалари вакиллари қайси тўпдан фойдаланиш борасида узоқ вақт тортишиб, сира келишолмайдилар. Охир-оқибат, биринчи бўлимда аргентиналиклар тўпи, иккинчисида эса уругвайликларники билан ўйнашга қарор қилинади. Диққатга сазовор факт - танаффусга қадар 1:2 ҳисобида ортда борган уругвайликлар иккинчи бўлимда «ўз тўплари» билан ўйин боришини мутлақо ўзгартириб, якунда 4:2 ҳисобида ғалаба қозонишади.

*** 1855 йили резинадан тай­­­ёр-­ланган биринчи тўп тақдим этилади. У ҳалигача Онеонта шаҳри (АҚШ)да жойлашган Миллий шон-шараф залида сақланмоқда. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирида эса синтетик тўплар чармдан тайёрланганини тўлиқ алмаштирди. Бинобарин, синтетиканинг афзаллиги шуки, у намликни ютмайди ва тўпнинг оғирлиги ўзгармайди.

*** 1970 йилдан буён жаҳон чем-пионатларида Adidas компанияси тўпларидан фойдаланмоқда. Ушбу компания ҳар бир жаҳон чемпионати учун алоҳида буютма асосида янги дизайнда тўплар чиқармоқда.

*** 2001 йилнинг 24 август куни Харьков (Украина)да футбол тўпи ҳайкали тайёрланди. Эътиборлиси, қора гранит устига диаметри 1,5 метрга тенг тўп ўрнатилган бўлиб, тузилманинг умумий оғирлиги 2 тоннадан баланд.

*** Испания миллий жамоаси 2010 йилги жаҳон чемпионатида илк марта ғолиб чиққанидан кейин финалда «хизмат кўрсатган» тўп кимошди савдосида 78808 долларга сотилди.

*** 1999 йили бразилиялик Ри-валдо дунёнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди ва «Олтин тўп» совринини қабул қилди. Кейин орадан кўп ўтмай, уни 60 қисмга бўлиб, ҳар бирига ўз номи ёзилган кумуш пластина ёпиштириб чиқди. Ривалдо ушбу ўзига хос бўлакларни фаолияти давомида ўз муваффақиятига ҳиссса қўшган барча-барчага совға сифатида топширди - жамоадошлари, мураббийлар ва ҳаттоки, стадион фаррошига.

*** Замонавий футбол тўпларининг 80 фоизи Покистонда ишлаб чиқарилади, аксарияти Сиалкот шаҳридаги завод ҳиссасига тўғри келади.

*** 1862 йил - пуфланадиган каучукли камеранинг туғилган даври.

*** Шинага мунтазам шарсимон шакл бериш - мукаммал сферали тўп ишлаб чиқариш. Замонавий футбол тарихи шиналар қисмларини кесиш ва улашнинг бир нечта вариантларини билади.

*** 2006 йил - «перванел-турбин» шаклининг туғилган даври.  Материалларни кесишнинг мутлақо янги концепцияси тўп доирасини деярли мукаммал ҳолга келтиради ва янги елимлаш технологияси унинг ҳаво ўтказмаслигини таъминлайди.

*** Тўплар учун рангларнинг хилма-хиллиги ишлаб чиқувчиларнинг дизайн тушунчасидир.  Аммо футбол майдонида қор бўлса, ҳар доим ёрқин ранг (тўқ сариқ)ли тўп ишлатилади.

*** Замонамизнинг тиниб-тинчимаган олимлари зарбалар пайти электр энергиясини ишлаб чиқариш ва сақлашга қодир тўп ҳам яратдилар.  Уни асосан иқтисодий қолоқ мамлакатларда сотиш режалаштирилган. Бундай тўп атиги 15 дақиқа тепилса, қўл телефонини қувватлантирадиган даражада элект қуввати ҳосил қилади.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz