Қайднома

Қидирув

Чемпионлик шарафига ҳашамат

Чемпионлик шарафига ҳашамат

  07.08.2020 03:00
  0
  332
Чемпионлик шарафига ҳашамат

Криштиану Роналду Италиядаги чемпионлик шарафига ўзини ажойиб совғалар билан сийлади: аввалига 6 млн. еврога яхта сотиб олди, кейин ноёб Bugatti харидини расмийлаштирди. Чинакам ҳашамат!

***

 «А» серия якунланди ва футболчилар таътилга чиқа бошлашди. Жумладан, «Ювентус» билан чемпионликни нишонлаган Криштиану Роналду финишдан олдиноқ оиласи билан Италиянинг Тиррен соҳиллари бўйлаб денгиз саёҳатига чиқди. Криш олдинлари бундай сайрлар учун ижара асосида кема оларди. Энди эса унда дабдабали шахсий яхтаси бор. Унинг номи - Azimut Grande. Узунлиги - 27 метр, максимал тезлиги - 28 бурчак. Яхта ичида 5та каюта, 6та ваннахона, барча қулайликларга эга ошхона бор. Бу ҳаммаси эмас - релакс учун 2та ҳудуд, катта меҳмонхона ва дабдабали умумий ошхона ҳам Криш хизматига шай. Энг асосийси, яхтанинг баҳоси - 6 млн. евро. Алоҳида айтиш керак, Роналду бу транспорт воситаси харидини июнь ойидаёқ расмийлаштирганди.

***

Яхта - Кришнинг жорий ёз амалга оширган энг қимматбаҳо хариди эмас. У яқинда буюртма асосида ишлаб чиқарилган ноёб Bugatti соҳибига айланади. Аниқроқ айтсак, Франция компанияси ўз брендининг 110 йиллик юбилейи муносабати билан атиги 10 дона Bugatti Centodieci русуми ишлаб чиқаради. Tuttosport маълумотларига кўра, португалиялик юлдуз улардан бирига 8 миллион евро тўлади. «Учқур от»нинг максимал тезлиги 380 км.|соатга тенг. Атиги 2,4 сония ичида машина тезлигини 100 км.|соатга кўтариш имконияти бор. Дарвоқе, футболчи ўзи учун тайёрланаётган Centodieci  «тойчоқ»ини 2021 йилнинг ёзида олади. Маълумот учун, Роналдунинг автоколлекциясида 20тадан кўп автомобиль бор. Диққатга сазовор томони, португалиялик томонидан сотиб олинган охирги 4та автодан 3таси «Бугатти». У аввалига реклама суратга олиш жараёнида Bugatti Veyron русумига шу қадар маҳлиё бўлдики, уни дарҳол харид қилди. Кейин Bugatti Chiron учун 3 млн. евро тўлади. 2019 йилнинг апрелида эса Роналду жаҳондаги энг қимматбаҳо автомобиль - Bugatti Voiture Noire соҳибига айланди. Футболчи бу эрмак учун «атиги» 11 миллион евро тўлаганди.

 

РОНАЛДУНИНГ УЙДАГИ ЭРМАГИ - БИНГО ЛОТОСИ

Роналду 2003 йили Португалиядан Англияга кўчиб ўтганди. У дастлабки 3 ой давомида ҳафтада 2 марта репетиторга қатнаб, инглизчани ўрганган. Бироқ таҳсилни охирги етказмаган, яъни ташлаб қўйган. Хуллас, Роналду машғулотларда ҳеч ким билан гаплашмасди, асосан жим ишларди. Тўғри, имо-ишоралар ва футбол терминлари (пас, зарба, чап, ўнг...)дан фойдаланган, лекин тўлиқ муомала қилолмасди. Боз устига, Англияда дўстлари ёки танишлари йўқ эди ва бўш вақтда уйдан ташқарига чиқмасди. 2003 йилнинг декабрида икки мухлиса унга янги йил совғаси улашади. Аниқроғи, улар «Эвертон»га қарши кечган ўйиндан сўнг клуб автобуси ёнида кутиб туриб, Кришнинг қўлига бир пакет тутқазишади. Унинг ичида бинго ўйини ва унинг қоидалари ёзилган DVD-гайд (инглиз тилида) бор эди.

Хуллас, Криш субтитр ёрдамида бинго қоидаларини ўрганиб олади ва дарҳол ўйинга шўнғийди, чунки буни ёшлигидан билар, фақат баъзи шартларини унутганди. 2004 йилнинг март ойига келиб эса, ўз кошонасида кеча уюштириб, Сульшер, Клеберсон, Руни ва Форланни бинго столи атрофига таклиф этади. Кейинчалик эса доирани кенгайтириб, бинго баҳона футболга дахли йўқ дўстлар ҳам орттиради. Роналду 2016 йили бу ўйинга нисбатан муҳаббатини алоҳида тилга олганди: «Бу мени чиндан ҳам қизиқтириб қўйди. Аслида болалигимда ҳам бинго ўйнаганман, мухлисалар совғаси эса, ўйин жараёнида инглиз тили бўйича билимимни оширишда роса қўл келди. Демак, улардан миннатдорман. Бингода нимани ёқтираман? Сен барча рақамларни тўлдиришинг ва охиргисини узоқ кутишинг мумкин. Гоҳида охирги рақам ҳеч чиқмайди ва бошқа ўйинчилар сенга етиб олишади. Қисқаси, ажойиб ўйин, ҳалигача дўстларим билан баҳслашаман. Баъзан эса ўғлим рақибимга айланади, у ҳам бинго шайдоси».

Дарвоқе, испанлар кейинчалик бинго тизимидан фойдаланган ҳолда, Роналду фаолиятига боғлиқ график чизишди. Инфосабаб - Кришнинг ўйиннинг ҳар бир дақиқасида гол ургани.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz