Қайднома

Қидирув

«Бавария»даги донишманд бобо

«Бавария»даги донишманд бобо

  08.08.2020 01:23
  0
  375
«Бавария»даги донишманд бобо

«Бавария» раҳбарияти мавсум-2014|2015 якунида клубнинг қаторасига 3-марта Бундеслига шоҳсупасига кўтарилганини нишонлаб, бош мураббий Хосеп Гвардиола шарафига пиво души ташкиллаштирганди. Гранд билан 15 йилдан буён узлуксиз ҳамкорлик қилаётган ассистент мураббий Херманн Герланд эса, бу томошани бир четда жилмайганча кузатарди. Бу ҳолдан ажабланган Bild журналисти ундан нега Гвардиола ёнида эмаслиги сабабини сўрайди. Шунда мураббий оддий жавоб беради: «Йигитлар билан теппа-тенг югуриб-елиш, шўхлик қилишга ярамайман, кексайиб қолдим. Кейин мендан пиво ҳиди анқиб туришини истамайман. Лекин хурсандчиликни томоша қилиш мароқли. Биласизми, бу катта шараф! Клубни бутун қалбим билан севаман. Ваҳоланки, бавариялик эмас, вестфалияликман». Ўша пайт 60 ёшда бўлган Герланд яна 2 дақиқадан кейин Бастиан Швайнштайгер устидан аямай пиво сочиб, кейин ўзини четга олганди...

 

Херманн Герланд аслида Мюнхен клубига 1990 йили келган. Лекин 5 йилдан кейин мустақил фаолият юритишни ҳавас қилиб, «Нюрнберг», «Арминия», «Теннис-Боруссия» ва «Ульм» клубларида ўз салоҳиятини синаб кўрган. Ишлари унча ўхшамагач, тезда «Бавария» тизимига қайтган. Мутасаддилар унинг ёшлар билан ишлаш қобилиятига ҳамиша юксак баҳо берадилар. Шахсан Франц Беккенбауэрнинг ўзи Гер-ланд­нинг қайтишини омадга йўйганди: «Бу «Бавария» учун чинакам бахт, омад. Клуб ўзининг узоқ йиллик тарихида Герландга ўхшаган асл профессионалларга унча кўп дуч келгани йўқ. Энди тизимимиздан жуда кўп савияли футболчилар етишиб чиқишига шубҳа қилмайман. Ахир биздан Херманн бор-да». Беккенбауэр ўринбосарлар жамоасини айнан Герландга топшириб, нишонни бехато урганди - бу тез орада тўлиқ исботланди. Зеро, мураббий 8 йиллик иши давомида грандни бир қатор ноёб иқтидорлар билан сийлади:

*** Томас Мюллер. Герланднинг суюкли шогирди. 2009 йили «Бавария» раҳбарияти Томасни «Хоффенхайм»га сотишни мўлжаллаётганидан хабар топган мураббий трансферга қатъий қаршилик кўрсатади: «Агар охирги йиллардаги энг иқтидорли футболчини сотсанглар, мен билан ҳам хайрлашаверинглар».  Натижада трансфер режаси бекор қилинади. Кейинчалик Мюллернинг ўзи устози ҳақида алоҳида тўхталганди: «Херманн - суюкли устозим. Узоқ йиллар давомида ундан кўп нарсалар ўргандим. Мураббий зарур маслаҳатлар бериш ва қўшимча машғулотлар ўтказишга доимо тайёр».

*** Филипп Лам. Герланд вақтида бу шогирдига ажойиб таъриф берганди: «Лам шу қадар сифатлики, бу борада Бавария колбасаси билан бемалол баҳслашади». Шундан кейин жамоа вакиллари Лам ва Герланд устидан анчагача кулиб юришди.

*** Бастиан Швайнштайгер.  Енгилмас Басти жамоа билан хайрлашув чоғи клубнинг барча аъзоларига Beats брендига мансуб қулоққа тақиладиган эшитиш воситаси совға қилди. Герланд эса совға маъносини тушунмади ва уни олмади. Шунда Франк Рибери бренд аҳамиятини айтиб, англашилмовчиликка барҳам берди.

*** Матс Хуммельс. Герланд бу футболчининг Дортмунд «Боруссия»сига трансферини катта хатолик сифатида тилга олганди.

*** Тони Кроос.

*** Хольгер Бадштубер. Хольгернинг отаси мураббийнинг таниши эди. У вафот этгач, Герланд кичик Бадштуберни ўз оталиғига олди.

Херманн 2011 йилдан буён «Бавария» бош мураббийи ассистенти лавозимида ишламоқда. У шу давр ичида Луи ван Гал, Юпп Хайнкес, Хосеп Гвардиола, Карло Анчелотти ва Ханс-Дитер Флик билан ҳамкорлик қилди. Хуллас, Герланднинг хизматига эҳтиёж сезмаган ягона мураббий - Нико Ковач. Гвардиола тил масаласида муаммога дуч келганида, унинг номидан футболчилар билан айнан Херманн мулоқотга киришарди. Мана, Герланднинг ассистентлик фаолиятидан 2та муҳим воқелик:

1. Гвардиола 2013 йили клуб раҳбариятидан Герландни лавозимида қолдиришни талаб қилди. Чунки унга ўйинчилар, айниқса, етакчиларга фикрини ўтказа оладиган нуфузли кўмакчи зарур эди. Пеп жумладан, шундай деганди: «Херманн улкан ҳажмда иш бажаради. Лекин асосий юмуши - немис тилида сўзлашадиган футболчилар билан алоқани мус­таҳкамлаш. Фаолиятимнинг дастлабки босқичида тил ўрганишга кўп вақт сарфладим. Шунинг учун якка тартибдаги суҳбатларни Герландга қўйиб бердим. Футболчилар машғулотларга қандай баҳо беришаётганини ҳам Херманн орқали билиб оламан. Тилни ўзлаштирганимдан кейин ёрдамчимнинг юмушлари бироз енгиллашди. Лекин шунда ҳам кўп ёрдами тегади». Герланд бунга жавобан таҳлил илмини юксак мақомга олиб чиқди: ҳар ҳафта бош мураббий билан компьютер қаршисида ўтириб, рақиблар тактикасини муҳокама қилишарди.

2.  Нико Ковач таслим бўлган ҳолда, жамоадан кетгач, унинг ўрнини эгаллаган Ханс-Дитер Флик ишни Герландни ўз ўрнига қайтариш билан бошлади. Натижасини ҳамма билади...

СЎЗ

- Бохумда туғилдим, «Бохум»да тўп сурдим. Бу клубга 20 йиллик умримни бағишладим. Қисқаси, «Бохум» - қадрдон уйим. Лекин «Бавария» ҳақида ҳам худди шундай фикр­даман. Мюнхенни севаман, мухлисларимизга ҳурматим чексиз. «Бавария»сиз ҳаётим тўлақонли бўлмасди. Херманн Герланд.

Хуршидбек тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz