Қайднома

Қидирув

Жомадонингизни йиғиштираверинг...

Жомадонингизни йиғиштираверинг...

  08.08.2020 03:00
  0
  284
Жомадонингизни йиғиштираверинг...

Европанинг кучли миллий чемпионатларида навбатдаги мавсум ҳам хотима топди. Вирусга чалинган ва роса қийналган мавсум... Шу мураккаб даврда ҳам қитъанинг деярли барча етакчи клубларида деярли ёки умуман ўйнамаган ҳолда, катта маош олиб юрган футболчилар топилади. Табиийки, жамоалар энди қимматга тушган бундай ўйинчилардан тезроқ қутулмоқчи. Айтарли майдонга тушмаган ҳолда, манфаатли шартнома бўйича бинойидек ҳақ олган бу футболчилар катта эҳтимолки, навбатдаги мавсумни бошқа жойда бошлашади.

Альфонс Ареола («Реал», ижара)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 245 минг евро

Трансфер ҳуқуқи «ПСЖ»га тегишли франциялик голкипер ўтган йили ёзда «Реал»нинг ижара келишувини қабул қилди ва Мадридда Тибо Куртуа ўринбосарига айланди. Натижаларига келсак, Ареола мавсум давомида барча турнирлар доирасидаги 9та ўйинда иштирок этиб, 11та гол қўйиб юборди. Захира кипери учун оддий ҳол. Фақат шуниси борки, Альфонснинг маоши жуда катта - йилига 2,7 млн. евро! Шунинг учун Зайниддин Зидан ҳамюртини Парижга қайтариб юборишга қарор қилди. Келаси мавсум Мадридда захирачи ролини украиналик Андрей Лунин эгалласа керак.

Седрик Соареш («Арсенал» ижара)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 370 минг евро

«Арсенал» Седрикни қишда «Саутгемптон»дан қарзга олиб турди. Бироқ португалиялик футболчи «канонирлар» сафига тизза бўғимига боғлиқ жароҳат билан қўшилди. Боз устига, машғулотларга қайтгани ҳамоно бурнини синдириб олди. Оқибатда Лондон клубининг атиги 5та ўйинида иштирок этиб, 1та гол урди («Норвич» дарвозасига). Шунга қарамай, бош мураббий Микель Артета португалиялик ҳимоячи ҳаракатидан қониқди ва у билан тўлақонли шартнома тузилишини хоҳламоқда. Бироқ клуб раҳбарияти бу фикрга қўшилмоқчи эмас.

Тило Керер («ПСЖ»)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 380 минг евро

Париж гранди Керерни 2018 йили ёзда «Шальке»дан 37 млн. еврога сотиб олганди. Футболчи биринчи мавсумда тез-тез асосий таркибда майдонга тушди, бироқ кейингисининг старти арафасида тиззасидан жароҳатланиб, 6 ой муддатга сафдан чиқди. Германиялик ҳимоячи шу тариқа жорий йил бошидан «ПСЖ» сафида барча турнирлар ҳисобидан 16 марта кўриниш бериб, 1та гол урди. Тўғри, Лига 1 мавсуми муддатидан олдин тугатилмаганида, бош мураббий Томас Тухель ҳамюртига балки кўпроқ вақт ажратармиди? Лекин факт шуки, якунланган мавсум Керернинг 1та ўйини «ПСЖ»га деярли 400 минг еврога тушди.

 

Фил Жонс («Манчестер Юнайтед»)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 650 минг евро

Англиялик футболчи якунланган мавсум «МЮ»нинг бошланғич таркибидан бутунлай тушиб қолди. Оле-Гуннар Сульшер баъзида уни ҳаттоки, ўйин қайдномасига ҳам киритгани йўқ. Хуллас, Жонс бутун мавсум бўйи атиги 8та ўйин ўтказиб, Англия кубогида «Транмир Роверс»га қарши кечган баҳсда урилган ягона гол билан чекланиб қолди. Июль ойи ярмида эса Жонснинг трансферга қўйилиши ҳақида хабарлар тарқалди. «Қизил иблислар» янги футболчилар хариди учун қўшимча маблағ тўплаш мақсадида Филни ҳам сотмоқчилар. Айни пайт бу футболчининг трансфери чамаси 7 миллион еврога баҳоланмоқда.

Маркос Рохо («Эстудиантес», ижара)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 550 минг евро

Аргентиналик футболчи мавсум бошида Оле-Гуннар Сульшер ишончини йўқотди. Ҳар ҳолда, норвегиялик мутахассис Рохони кўпинча қайдномага ҳам киритмади. Ҳимоячи оқибатда жонажон клуби «Эстудиантес»га қайт­ди - ижара келишуви асосида. Маркос Жанубий Америкага йўл олишига қадар «МЮ»нинг 9та ўйинида иштирок этганди. «Эстудиантес» либосида эса атиги бир марта майдонга тушиб, 1та голга ассистентлик қилди. Кейин футболчи бел соҳасига дахлдор муаммо туфайли четга чиқди, бу орада Аргентина чемпионати коронавирус ортидан тўхтатилди. Рохонинг агенти Жонатан Барнеттга ишонадиган бўлсак, унинг тез орада «МЮ» билан батамом хайрлашиши эҳтимоли катта.

 

Дэниель Дринкуотер («Бернли» ва

«Астон Вилла», ижара)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 1,2 млн. евро

«Лестер»даги чемпионлик мавсумидан кейин «Челси» сафига қўшилган Дринкуотер бутунлай ўзгарди-қўйди. Ваҳоланки, лондонликлар унинг трансферига Н~Голо Кантеникидан анча кўп сарфлашганди - 38 млн. евро. Бироқ Дэниель франциялик «чумоли»дан фарқли равишда, Роман Абрамович ихтиёридаги клуб ўйинига мослашолмади. Дейлик, ортда қолган 3 мавсумда «кўклар» либосида атиги 23 марта майдонга тушиб, 1тагина гол урди. 30 ёшли футболчи якунланган мавсумнинг биринчи ярмини «Бернли» ихтиёрида ўтказиб, 2тагина ўйин ўтказди. Йил бошида Дринкуотерни Бирмингемнинг «Астон Вилла»сига юборишди, бироқ у бу клубда ҳам ўзини ўнглолмади - АПЛ доирасида атиги 4та ўйин. Қисқаси, Фрэнк Лэмпард бу футболчига ортиқ умид боғламаяпти ва шу ёзда ундан бутунлай қутулмоқчи.

Юлиан Дракслер («ПСЖ»)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 550 минг евро

Вақтида германиялик энг иқтидорли футболчилар сирасига кирган Дракслер қитъанинг етакчи клублари ўртасида талаш бўлганди. Юлиан якунда «ПСЖ»ни танлади, бунда парижликларнинг унга бир йил учун 10,2 млн. евро миқдорида маош ваъда қилишгани катта роль ўйнагани аниқ. Дастлабки 2 йил давомида «ПСЖ»нинг 93та ўйинида қатнашган футболчи якунланган мавсумга келиб, Томас Тухель назаридан қолдими, бошланғич таркибдаги ўрнини йўқотди. Тўғри, бунда тизза жароҳатининг таъсири ҳам бор, албатта. Мавсум давомидаги натижасига келсак - 19та ўйин, 7та самарали узатма. Чакки эмасдек, аммо маошини назарда тутсак...

 

Месут Озил («Арсенал»)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 800 минг евро

Германиялик ярим ҳимоячи фаолияти мобайнидаги энг ёмон мавсумлардан бирига юз тутди: барча турнирларда атиги 23та ўйин, 1та гол, 3та самарали узатма. Қолаверса, Озил Англия чемпионати тикланганидан ке­йин жароҳат туфайли «дам» олишда давом этди. Диққат қилинг, гап АПЛда энг кўп маош оладиган футболчилардан бири ҳақида кетмоқда. Эътиборли томони, Месут келаси ёзгача мўлжалланган шартномаси якунига қадар «Арсенал»дан кетмоқчи эмас. Bild нашри маълумотларига кўра, Озил Туркиянинг «Фенербахче»сидан тушган таклифга рад жавоби бериб, Микель Артета ва бошқаларга Лондонда қолиш нияти жиддий эканлигини билдирди...

Лука Йович («Реал»)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 1 млн. евро

Якунига етган мавсумда анча эффектли ўйнаши кутилган яна бир футболчи. «Реал» Йовични ўтган ёзда нақ 53 млн. фунтга сотиб олганди. Албатта, Мадридда серб йигити дарҳол энг яхши хусусиятларини намойиш этиб, асосий ҳужумчилардан бирига айланишини кутишди. Амалда эса у Карим Бензема билан рақобатда устун келолмади. Хуллас, 22 ёшли Йович Ла Лига доирасидаги 17та ўйинда 2та гол ва 1та самарали узатма муаллифига айланди, холос. Marca газетаси маълумотига кўра, мадридликлар энди Лукани сотиш вариантлари устида бош қотиришмоқда.

 

Гарет Бэйл («Реал»)

Мавсумдаги 1та ўйинининг ўртача баҳоси: 1,4 млн. евро

Бутун мавсум давомида испаниялик журналистлар танқиди остида қолган Бэйл бунга қўшимча равишда «Реал» мухлислари нафратига ҳам учради. Умуман, 31 ёшли юлдуз футболчи мутлақо эффект беролмади: барча турнирларда 20 марта майдонга тушиб, 3та гол ва 2та самарали узатма билан чекланиб қолди. Мадридликлар анчадан буён катта маош оладиган футболчини сотишга уринишмоқда, бироқ унинг ўзи шартномаси охиригача «Реал»да қолмоқчи. Буни Гаретнинг агенти Жонатан Барнетт ҳам тасдиқлади. У яна мижози «Реал»нинг аксарият аъзолари каби яхши ҳолатда эканлигини таъкидлади. Агар Бэйл чиндан ҳам, Мадридда шартномаси муддатини якунлаб қўйишни хоҳласа, унда «қаймоқранглилар»­нинг 2 йил давомида унга яна 60 млн. евро тўлашларига тўғри келади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz