Қайднома

Қидирув

Гочкули Гочкулиев: "Тачмурод Агамуродовдан бир умр миннатдорман..."

Гочкули Гочкулиев: "Тачмурод Агамуродовдан бир умр миннатдорман..."

  08.08.2020 22:15
  0
  188
Гочкули Гочкулиев:

"Пахтакор" ва "Бунёдкор" клубларидаги фаолияти орқали ўзбекистонлик футбол мухлисларига яхши таниш бўлган Гочкули Гочкулиев turkmenportal.com сайтига интервью берди. Қуйида ушбу интервьюни ўзбек тилида тақдим этамиз.

— Гочкули, ўқувчиларимизга эришган ютуқларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Туркманистонда «Копетдоғ» сафида икки бор чемпион бўлганман ва мамлакат кубогини қўлга киритганман. Илк хорижий клубим Қозоғистоннинг «Иртиш» клуби бўлганди. 2002 йилда «Иртиш»дан Тошкентнинг «Пахтакор» клубига кўчиб ўтганман, бу ерда тўрт бор Ўзбекистон чемпиони бўлдим. 2006 йилда Қозоғистонга қайтиб, Тачмурад Агамуродов мураббийлик қилаётган «Қайрат» сафида ўйнадим. Бир мавсум ўйнагач, 2007 йилда яна Ўзбекистонга бордим ва 2010 йилга қадар «Бунёдкор» таркибида тўп тепдим. «Бунёдкор» билан бирга уч марта Ўзбекистон чемпионати олтин медалларини қўлга киритдим.

— Сиз деярли 20 йил давомида турли клубларда, Туркманистон миллий терма жамоасида кўплаб мураббийлар қўл остида ўйнадингиз. Қайси мураббий билан ишлаш осонроқ, ким билан оғир эди?

— Агар мураббий сени захирада қолдираверса оғир бўлади. Агар мураббий сени асосий таркибда кўрмаса бу фожиа. Барча клублар ва Туркманистон терма жамоасида мен асосий таркибда майдонга тушардим. Бунинг учун футболчи яхши спорт формасида бўлиши, тактик схемаларни тўғри тушуниши, энг муҳими — мураббийнинг барча кўрсатмаларини бажариш. Менда барчаси осон бўлган (кулади). Мураббийларимга раҳмат айтаман. Тачмурад Шамакович Агамуродовни алоҳида кўрсатган бўлардим. Айнан у менда кучли ҳимоячини кўра олган ва «Копетдоғ» сафига жалб этганди. Ўшанда 19 ёшда эдим. Бу мен учун кутилмаган ҳол бўлганди. Ўша пайтда «Безмеина» сафида ўйнардим. Агамуродов қўл остида «Копетдоғ», «Иртиш» ва «Пахтакор»да ўйнадим. Шунингдек Туркманистон миллий терма жамоасида ҳам тўп тепдим. Тачмурад Шамакович ўйинлар вақтида деярли захира ўриндиғидан турмайди. У барча кўрсатмаларни ўйидан аввал ҳамда танаффусда беради. Бу Агамуродовнинг ўзига хос жиҳатларидан бири.

 — Болгариялик Христо Стоичков, украиналик Андрей Шевченко ва аргентиналик Лионель Мессига қарши ўйнаган экансиз. Улар билан қачон ва қаерда тўқнаш келгансиз?


— Ҳа бу юлдузларга қарши бир майдонда ўйнаганим рост. 1998 йилда «Копетдоғ» Осиё Кубок Эгалари кубоги ярим финалига чиққанди рақибимиз Саудия Арабистонининг «Ан-Насср» клуби бўлганди. Ар-Риёдга учиб борганимизда, мезбонлар бир қатор кучли легионерлар билан кучайиб олишгани маълум бўлганди. Улардан бири 1994 йилги «Олтин тўп» соҳиби, болгар футболи юлдузи Христо Стоичков эди.

Ўйиндан олдин Тачмурад Агамуродов менга шундай кўрсатма берганди — айнан Стоичковга қарши персонал ўйнаш. Ўша пайтда 20 ёшди эдим. Бошида кичик босим бўлганди, аммо ҳакам ҳуштак чалиши билан барчаси ўтиб кетганди. Учрашув «Ан-Насср»нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан тугаган бўлса ҳам Стоичков гол ура олмаганди. У ҳатто пенальтидан тўп кирита олмаганди. Унинг зарбасидан кейин тўпни Евгений Набойченко қайтарганди.

2004 йилги «Олтин тўп» соҳиби, Украина терма жамоаси тарихидаги энг яхши ҳужумчи Андрей Шевченкога қарши Москвадаги МДҲ кубогида ўйнаганман. Ўшанда «Копетдоғ» ярим финалда Киевнинг «Динамо»сига ютқазганди (0:5).

Замонамизнинг энг кучли футболчиларидан бири, аргентиналик Лионель Мессига қарши «Барселона» ва «Бунёдкор» ўртасидаги ўртоқлик учрашувида ўйнагандим. Ўша куни Мессига қарши айнан мен персонал ҳаракат қилганман. Бу баҳс 1:1 ҳисобида тугаганди. Месси ўша куни гол ура олмаганди (кулади).

— Месси билан футболка алмашмаганмисиз?


— Лео билан эмас, «Барселона» марказий ҳимоячиси Карлес Пуйоль билан футболка алмашганман.

— Бундан ташқари Бразилия терма жамоаси билан 2002 йилги Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган футболчи билан бир жамоада ўйнагансиз.


— Ривалдони назарда тутаяпсизми? Ҳа, Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби сафида 1999 йилги «Олтин тўп» соҳиби ва 2002 йилги Жаҳон чемпиони Ривалдо билан тўп тепгандим. У билан бирга уч марта Ўзбекистон чемпиони бўлгандик.

 — Гочкули, футболчи пенальтидан гол ура олмаса нимани ҳис қилади? ЖЧ-2010 саралаши доирасидаги КХДР билан ва «Копетдоғ»нинг Германиянинг «Герта» клубига қарши ўйинларни назарда тутаяпмиз.


— Барча футболчилар ҳаяжонланишади, буни кўп ўйлашади. Албатта, иккала ҳолатда ҳам жуда хафа бўлгандим. Немис клуби билан дуранг ўйнагандик. Баҳс 1:1 ҳисобида тугаганди. Сўнгги дақиқаларда пенальти тепиш имкониятига эга бўлдик. Дарвозабон зарба йўналишини топди ва тўпни қайтарди. Йигитлар қўллаб-қувватлашди, тинчлантиришди.

Мен корейсларга қарши баҳсдан кейин кўпроқ хафа бўлгандим… Ўша куни «Бунёдкор» сафида олган жароҳатим билан майдонга тушгандим. Миллий терма жамоа сафида ўйнашни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Бу ҳар бир футболчи учун байрам ва шараф. Ўша куни мен захирада ўтириб жамоадошларимга далда бўлмоқчи эдим. Аммо она заминга келганимда ва Туркманистоннинг яшил байроғига қараганимда, қийинчиликлар ва оғриқларни унутаман. Худди сенга қаердандир қўшимча куч келгандек. Учрашувдан олдин жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий билан алоҳида шуғуллангандим. Ўйин куни мураббийлардан мени майдонга туширишларини сўрадим. Терма жамоада штатли пенальтичи мен эдим. Аммо ўша оқшом пенальтидан гол ура олмагандим. Раҳим Қурбонмамедов бошчилигидаги мураббийлар ва футболчилар баҳсдан сўнг мени қўллаб қувватлашди. Ҳатто дунё юлдузлари ҳам баъзида 11 метрли зарбалардан гол ура олишмайди. Бундай вазиятда, «барчаси бизнинг қўлимизда эмас».

— Сўнгги савол, фаолиятида мана шундай ютуқларга эришган футболчи сифатида ёш туркманистонлик футболчиларга қандай маслаҳат бера оласиз?


— Спортдаги фаолияти ва ҳаётда тартибга риоя қилишларини тилайман. Ахир, футболчилар доим омма олдида бўлишади, уларни ёшлар, ўсмирлар кузатишади. Бундан ташқари Туркманистон миллий терма жамоасига ЖЧ-2022 ва Осиё Кубоги-2023 қўшма саралашида омад ёр бўлишини тилайман.

turkmenportal.com сайтидан Нарзулла таржима қилди


Манба: championat.asia


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz