Қайднома

Қидирув

Асли – япон, лақаби – «хитойлик» амалда Испания футболи юлдузи

Асли – япон, лақаби – «хитойлик» амалда Испания футболи юлдузи

  09.08.2020 01:37
  0
  499
 Асли – япон, лақаби – «хитойлик» амалда Испания футболи юлдузи

Ушбу мақола «Манчестер Сити» клуби сардорлик боғичига муносиб кўрилган ва Европа Чемпионлар Лигасида ғалаба нашидасини суришни орзу қилаётган Давид Сильва ҳақида.

«Манчестер Сити» ҳақида турлича фикр билдириш мумкин. «Шаҳарликлар»нинг кадрлар сиёсати ҳаммага ҳам ёқмайди, айримлар буни сунъий кучайиш сифатида тилга олишади. Шу сабабданми, «Сити» еврокубоклардан 2 йилга дисквалификация қилинганида, футбол жамоатчилиги ортиқча афсусланмаганди, гўё. Ҳар ҳолда, молиявий томондан бақувват клуб УЕФА қарорига қарши чиқиб, суд орқали дисквалификация­ни бекор қилганида, кўпчилик унча хурсанд бўлгани йўқ, аксинча, пул ўз кучини кўрсатганини таъкидлади. «Манчестер Сити»нинг молиявий қуддатию, сиёсати ўз йўлига. Клубни кенг доирада ёқтиришмасада, таркибида бир футболчи борки, унга ҳаттоки, рақиблар мухлислари ҳам ҳурмат билан қарашади. Гап Хосеп Гвардиола дружинасининг испаниялик сардори Давид Сильва ҳақида кетмоқда. 15, балки 16 йил бўлдики, Давид футболга фидокорона меҳнат қилмоқда. Жумладан, «Манчестер Сити» сафига қўшилганига 10 йилдан ошди. Англия клуби чин афсонасига айланиш камдан-кам испания­ликка насиб этади. Давид Сильва эса шундайлардан биридир, шубҳасиз. У яна Испания миллий термасида ҳам муносиб ўйнаб, халқаро даражада қўлга киритиш имкони бор барча сов­ринларга эришди, ҳисоб. Мана, 34 ёшида ҳам яшил майдонларда ёшлардан қолишмай, тер тўкмоқда.

Давид Сильва - жаҳон чемпиони, Европа чемпионатида эса олтин медалга икки марта эга чиқди. Клуб футболидаги кароматига келсак, АПЛдек мураккаб лигада 4 марта чемпионлик мақомига эришди. Унинг жамғармасида яна 2та Англия кубоги ва 5та Лига кубоги ҳам бор. Хуллас, Сильванинг бой коллекциясига ҳозирча фақат Чемпионлар Лигаси бош соврини - «шалпангқулоқ» етишмаяпти, холос. «Сити» бу йил ички мусобақада «Ливерпул»ни олдинга ўтказиб юбордими, энди коронавирусга чалинган ЧЛда ғалаба қозонишга уриниб кўради, албатта. Жамоа бу масалада ҳеч бўлмаганда, ўз сардори учун борини бериши шарт.

Чап оёғида кучли зарба йўллайдиган, ажойиб техника ва шиддатли тезликка эга Давид Сильва вақтида шайх Мансурнинг энг қимматбаҳо харидларидан бири бўлганди. Аниқроқ айтсак, «Манчестер Сити» хўжайини 10 йилча олдин Испания миллий жамоаси ва «Валенсия» клубининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси трансфери учун 28,5 миллион евро ажратганди. Умуман, «Сити» айнан шундан кейин трансферлар бозорида «қоп-қоп» пул сарфлай бошлади. Қисқаси, 10 йил олдин испан футболчиси учун шунча маблағ берилгани шов-шувли воқеа сифатида кўрилган. Албатта, трансфер етарли баҳс-мунозараларга ҳам йўл очган. Тўғри, эҳтимол, жаҳон ва Европа чемпиони учун шунча нарх белгиланиши баъзиларни ҳеч ажаблантирмагандир... Алоҳида айтиш керак, ўша пайт «Валенсия» молиявий муаммога йўлиққан ва шу боис ўз етакчилари, аниқроғи, икки Давид - Вилья ҳамда Сильвани сотишдан ўзга чора тополмаганди. Ажабланарли томони шуки, 24 ёшли футболчининг ўзи «Манчестер Сити» сафига қўшилишда ортиқча иккиланмади, ваҳоланки, клуб ҳали совринлари билан сира мақтанолмасди ва аксарият легионерлар учун энг мақбул вариант ҳисобланмасди. Боз устига, Сильвада «Реал» либосини кийиш имконияти ҳам бор эди. Футболчининг Мадрид гранди сафида ортиқчалик қилмаслигига ҳеч ким шубҳаланмасди ҳам. Давид яна шериги ва адаши Вилья ортидан юриб, «Барселона» вакилига айланса ҳам бўларди. Аммо жанублик, ҳаттоки, нафақат жанублик, балки асли келиб чиқиши бўйича Канар оролларига дахли йўқ йигит нисбатан зерикарли ва серёмғир Манчестерга йўл олди. Бу ўзгача чорлов эди. Демак, Давид салоҳиятини бошқача муҳитда синаб кўришни истаган. Бинобарин, испаниялик кўплаб футболчилар туманли ўлкада бинойидек тўп суролмаганлар. Тан олиш керак, Испанияда ўз салоҳиятларини борича кўрсатишга муваффақ бўлган англияликлар ҳам кўп эмас.

Амалда хавотирлар ноўрин эканлиги тезда ўз исботини топди - Давид Англияда йўқолиб қолмади. Аксинча, қисқа вақт ичида ўзига нисбатан ишончини ошириб, «Манчестер Сити» номи остида ривожланаётган организмнинг алмаштирилмас бўлагига айланди. «Сити» Давид Сильва кўз ўнгида, янада аниқроғи, унинг бевосита иштирокида араб шайхининг оддий лойиҳасидан қудратли жамоага айланди. Даставвал, «шаҳарликлар»нинг 2010 йилнинг кузида «Челси» устидан қозонган ғалабалари сенсация сифатида қабул қилинди. Баҳорда эса Сильва ва унинг шериклари Англия кубогини қўлга киритишди, яна ярим йилдан сўнг «Сити»дан таниқли ҳамшаҳри «калтак еди» - гап «Олд Траффорд»да қайд этилган машҳур 1:6 ҳисоби ҳақида бормоқда. 2012 йилнинг баҳорига келиб, Манчестернинг мовий қисми ниҳоят, чемпионликни ҳам тантана қилди. Давид Сильванинг ушбу йирик муваффақиятга қўшган ҳиссаси беқиёс бўлди. Эҳтимол, у Карлос Тевес ҳамда Марио Балотелли соя­сида қолиб кетгандир (одатда, ҳужум чизиғи вакиллари Давид тўп сурадиган ўрта позициядагилардан фарқли равишда, доимий эътиборда ўйнашади), аммо испаниялик довруқ қозонишни пайсалга солмади, барибир. Яъни бошқаларга гол уришда яқиндан ёрдамлашиш баробарида бу ишни ўзи ҳам ўрнига қўйди. Муҳими, у Марио сингари тентаклик қилмади, Карлос каби қайсарлиги билан можаро кўтармади. Англиядаги дастлабки мавсумда 6та гол ва 14та самарали узатма, иккинчисида эса 8та гол ва 21 марта ассистентлик - қойил­мақом статистика. Ҳаттоки, «Сити»нинг барча турнирларда иши қовушмаган учинчи мавсумда ҳам Давидга айтарли эътирозлар бўлмади. Бўлиши мумкин ҳам эмасди, зеро, у 5та гол уришдан ташқари, яна 13тасига ҳаммуаллифлик қилди.

Мана, Сильванинг «Сити»даги 10 йиллиги ҳам ортда қолди. Натижа - 430та ўйин, 73та гол. Шайх Мансур клуби эришган барча ютуқлар Сильва билан чарбарчас боғлиқ. Испания­лик ярим ҳимоячи ҳар бир муваффақиятга салмоқли улуш қўшди. Балки «Манчестер Сити»нинг фақат бир футболчиси - «шаҳарликлар» тарихидаги энг яхши тўпурар Серхио Агуэро фойда келтириш масаласида Давидга рақобат туғдириши мумкиндир. Аммо «Сити» сафини испанияликдан бир йил кейин тўлдирган аргентиналик ҳужумчи голларидан қарийб ярмини Сильва иштирокида урганини эътиборга олиш зарур. Баъзан «хитойлик» ижросидаги заргарона узатмалардан кейин, гоҳида у бошлаган ва ривожлантирган ҳужумлар якунида. Мазкур ҳолатда Агуэронинг маҳсулдорлиги бир мисол сифатида келтирилди, холос. Аслида «Сити»нинг аксарият ҳужумлари Давиднинг бевосита иштирокида амалга ошади.

Нега «хитойлик»? Испанияда Давидга қисман «хитойлик» лақаби ёпиштирилган. Бунга футболчининг ташқи кўриниши сабабдир. Балки бундай муносабат футболчини ранжитиши мумкин, ахир у хитойлик эмас-да. Айрим манбаларда келтирилганидек, филиппинлик ҳам эмас. Давид аслида  япон. Қисман, албатта. Аниқроқ айтсак, онаси - келиб чиқиши япониялик қиз Канар оролларидаги оиладандан бирида қўним топган. Яъни уни сақлаб олишган. Испанияликларга хос исм-шариф соҳибаси Эва Сильва айнан ўша ерда полиция офицери Фернандо Хименес билан танишади. Дарвоқе, Давид оиладаги 4 фарзанднинг тўнғичи ва айнан у укаларига нисбатан японларга кўпроқ ўхшайди. Бўлажак футболчининг оиласи охир-оқибат, Валенсияга кўчиб ўтгач, Фернандо Хименес «Месталья» стадиони хавфсизлигига жавобгар сифатида иш бошлайди. Давид аслида футбол машғулотларини Гран-Канария оролида бошлаган, бироқ 14 ёшида миллионлар ўйини бўйича мукаммам таълим олиш учун қадрдон уйини ташлаб, Валенсияга йўл олади. У ерда Сильвадан асосий таркиб футболчиси - «янги Пабло Аймар» тарбиялашга бел боғлашади. «Хитойлик» «кўршапалаклар»нинг асосий таркибида кўриниш беришидан олдин икки мавсум «Эйбар» ва «Сельта»да ижара келишуви асосида ўйнайди ва клубга жуда яхши тавсифнома билан қайтади. Таъкидлаш жоиз, Давиднинг нафақат ҳужумчи орти, балки ҳар икки қанотда бирдек барқарор тўп суриши мураббийларда ёрқин таассурот қолдирарди. Ваҳоланки, Сильва - ҳақиқий чапақай.

2006 йили Давид нафақат «Валенсия» клуби, балки Испания миллий термаси асосий таркибида ҳам дебют қилди, тез орада ҳар икки жамоада етакчилардан бирига айланди. Асосан чап қанот ярим ҳимоячиси позициясида ўйнаган йигитча бошидан кўплаб самарали узатмалар муаллифига айланди, ўзи ҳам тез-тез гол урди. Айниқса, узоқ масофалардан чиройли голлар ҳосил қилиш ҳадисини ўзлаштирди. «Хитойлик»нинг зарбаларидан жабр кўрган жамоалар орасида Россия термаси ҳам бор. Европа чемпионати-2008 ярим финалида Игорь Акинфеев дарвозасига йўлланган 3та голдан биттаси Давид ҳисобига ёзилганди. Сильва «Мес­талья»да ўзини анча қулай ҳис этарди, бироқ юқорида таъкидланганидек, клуб молиявий муаммолар туфайли истиқболи баланд футболчини эрта кунда сотишга мажбур бўлди. Давиднинг Евро-2008да кўрсатган ёрқин ўйинларидан кучли таассурот олган шайх Мансур эса, йирик сумма ажратишда ортиқча ўйланиб ўтирмади. Унинг қарори нақадар тўғри эканлиги тезда исботланди.

Қўшимча сифатида айтиш керак, «Манчестер Сити» испаниялик япон Сильва тимсолида чинакам фидойи ўйинчига эга бўлди. Футболчилар орасида бундай олижаноблари кам учрайди. Давид ҳамиша ҳам клуб, ҳам унинг мухлислари ҳақида фақат илиқ фикрлар билдиради: «Умид қиламанки, қачондир биз ҳақимизда ҳам худди «Барселона»дек гапиришади. Ҳозирча юксак даражага яқинлашганимизни айтиш қийин, аммо эндиликда ҳисобимизда Англия чемпионатидаги муваффақият ҳам бор». Давид «шаҳарликлар»га нечоғли содиқлигини майдонда ҳам кўрсатмоқда. Ўз навбатида, Мадриднинг «Реал» клубига рад жавоби бергани ҳам мухлисларни алоҳида қувонтирди. Ахир у «Қироллик клуби»дан бир эмас, кўп марта таклиф олган. Давид Сильва шу фидойилиги ортидан жамоада сардорлик даражасигача чиқди. У клуб тарихидаги энг тажрибали ва ҳурматга сазовор футболчилардан биридир. Ҳаттоки, бошқа клублар мухлислари ҳурматини ҳам қозонди. Масалан, ўғли Матео нуқсон билан туғилганида, шифокорлар чақалоқ ҳаётини сақлаб қолишга интилаётганларида, кўплаб англияликлар мазкур жараёнга бефарқ қарамадилар. Матео шифохонадан чиққанида эса, 100 минглаб киши енгил нафас олди. Улар орасида нафақат «Манчес­тер Сити», балки бошқа клублар фанатлари ҳам бор эди.

Давид миллий жамоа тарихидаги энг кучли таркиб аъзоси сифатида Испания футболи солномаларидан ўрин олди. Японларнинг ҳам Сильвани чинакамига ардоқлашларига шубҳа йўқ, гарчи у Япония термаси аъзоси бўлмасада. Ахир Давид она томонидан шу миллатга тааллуқли етук футболчи-да. Ҳар ҳолда, «кунчиқар юрт» фуқаролари «Манчестер Сити» афсоналаридан бирининг тақдирига асло бефарқ қарамайдилар.

Айтганча, 24 августда "Манчестер Сити" билан тузган шартномаси якунига етадиган ярим ҳимоячи Давид Сильва "Лацио" ўйинчисига айланишга яқин. 34 ёшли испаниялик футболчининг Рим клуби билан музокаралари якуний босқичда. Бу ҳақда Николо Скира хабар бермоқда.

"Лацио" хавбекка 3 йиллик шартнома ва бонуслардан ташқари йилига 3 миллион евро маош таклиф қилди. Клуб президенти Клаудио Лотито Сильва билан яқин кунларда келишувга эришилишига ишонмоқда. Олдинроқ, ярим ҳимоячига БААнинг "Шабаб Ал Аҳли" ва "Ал Наср" клубларидан ҳам таклиф бўлганди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz