Қайднома

Қидирув

Жаҳонгашта фирибгар: Бернио Верхаген ниҳоят 15 ойлик қамоқга ҳукм этилди

Жаҳонгашта фирибгар: Бернио Верхаген ниҳоят 15 ойлик қамоқга ҳукм этилди

  10.08.2020 19:15
  0
  315
Жаҳонгашта фирибгар: Бернио Верхаген ниҳоят 15 ойлик қамоқга ҳукм этилди

Нидерландиянинг Vice Sport нашри бош муҳаррири Сэм ван Раалте фаолияти давомида кўплаб футболчилар иштирокидаги ажабтовур ҳангомаларга дуч келган. У яқинда Приднестровья (Молдова таркибидаги тан олинмаган республика)нинг «Динамо-Авто» клуби футболчиси саналмиш ватандоши ҳақида алоҳида мақола тайёрлади. Аслида нидерландиялик ўртамиёна ўйинчиларнинг турли мамлакатларда фаолият юритишларида ажарланарли томони йўқ. Бироқ масала моҳияти шуки, «Динамо-Авто»даги нидерланд шунчаки, жамоа аъзоси сифатида қайд этилган, аммо лоақал бир марта ҳам майдонга тушмаган. Шунинг учунми, ван Раалте унинг тақдирига қизиқиб, барчасига ойдинлик киритиш мақсадида изланиш бошлади ва тез орада антиқа триллер муаллифига айланди. Янги «асар» мазмуни ҳаттоки, The Atletic нашрида ҳам чоп этилди.

Шов-шувли «асар» қаҳрамони - 25 ёшли Бернио Верхаген. У бундан 10 йил муқаддам «Виллем II» академияси тарбияланувчиси саналган. Бироқ Бернио клубда футбол сирлари эмас, фирибгарликни ўрганган кўринади. Верхаген кунлардан кунида ван Раалтега Молдовадаги фаолияти ҳақида гап бошлаб, йўллар мутлақо яроқсиз эканлигини айтади. Лекин футбол даражаси, ўз ўйини борасида индамайди. Фақат Молдова иқлими анча совуқлиги учун машғулотлар ва маҳаллий лигага мослашолмаганини маълум қилади. Яна шахсий агенти билан қандайдир муаммо юзага келгач, «Динамо-Авто» алоқани узгани ҳақида гапиради. Аммо жамоа мураббийи - машҳур Игорь Добровольский бу футболчи билан умуман ишламаганини таъкидлади. Клуб Верхаген трансфери ҳақидаги хабарни ҳам ўз сайтидан олиб ташлади ва қандайдир изоҳ беришдан бош тортди. Мақола чоп этилганидан кейин эса ван Раалте икки марта мактуб олди. Уларнинг бирида хат муаллифи Верхаген ҳаваскорлар даражасида тўп суриши, савияси ўта қониқарсиз эканлиги маълум қилган. Иккинчи мактубда эса, ван Раалтедан Верхаген гапларига ишонавермаслик сўралган.

Шунда муҳаррир ким ва нега футболчи ҳақида шунчалик салбий фикр билдираётганини аниқлаш мақсадида Верхагеннинг ўзига қўнғироқ қилади. Бироқ Бернио гаплашишни истамай, гўшакни қўйиб қўяди. Натижада ван Раалте унинг фаолиятини зимдан кузата бошлайди ва 1 йил ичида нақ 4та жамоа ихтиёрида бўлганини аниқлайди. Молдовадан кейин - ЖАР. Бернио «Кейптаун Сити» билан шартнома тузиб, бирорта ўйинда иштирок этмайди, 1 ойдан кейин жамоа билан хайрлашади. Кейптаунликлар эса унинг клуб президенти билан ёнма-ён тушган суратини дарҳол ижтимоий тармоқлардан олиб ташлашади. Бернио шундан сўнг Чилининг «Аудакс Итальяно» клубига йўл олади. Жамоа ҳаттоки, ўзининг матбуот хизмати воситасида Верхаген қудратли халқаро алоқалар кўмаги билан харид қилингани ҳақида хабар беради. Бироқ футболчи Чилида 61 кун яшаган бўлсада, клубнинг бирор ўйинида иштирок этмайди. Йил якунига келиб, Бернио Даниянинг «Виборг» клубида пайдо бўлади. «Верхаген маҳоратли йигит, унда ҳеч кимда йўқ хусусиятлар мавжуд. Бу ҳужумчини клубимизга яқин, ишончли кишилар тавсия этишди. Ўйлайманки, унинг салоҳиятини тўла-тўкис юзага чиқарамиз», - дея мақтанганди «Виборг» жамоаси спорт директори Жеспер Фредберг. Бироқ Верхаген 19 кундан кейин уйига кетиб қолади.

Молдова, ЖАР, Чили, Дания... 1 йил ичида дунёнинг турли бурчакларидаги 4та жамоада бўлиш... Таажжубки, ҳужумчининг охирги марта Голландия чемпионати 8-дивизиони (!)да майдонга тушгани ҳеч кимни ўйлантиргани йўқ. Гарчи бу жамоалар Верхагенга ҳақ тўланганини инкор этган бўлсада, у билан келишув расмийлаштирилгани - факт. Фақат иш ҳақи миқдори кўрсатилмаган, холос. Қизиқ, Бернио билан ёнма-ён юрган футболчилар нима дейишади? Мана, баъзи «эътироф»лар:

- Верхаген ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, ўта ношудлиги билан ҳаммамизни ҳайратда қолдирди.

- У жуда тезкор экан, фақат шу...

Ван Раалте футболчига қўнғироқ қилиб, трансферларига қайси агент воситачилик қилгани ҳақида сўраганида, у қўққисдан асабийлашади: «Тўхтанг, бундай бемаъни саволлар билан бошимни қотирманг, илтимос. Агар мен ҳақимда яна нимадир ёзадиган бўлсангиз, устингиздан судга шикоят қиламан».

Ван Раалте эса шундан кейин Дания матбуоти билан ҳамкорликда бу трансферлар қай тариқа амалга оширилганини ўрганишга киришади. Натижада «Виборг»нинг ҳужжатларни сохталаштириш ва шахсий маълумотларни ўғирлашга асосланган фирибгарлик қурбонига айлангани маълум бўлди. Шу тариқа бу иш Дания полициясига топширилди. Аввалига Даниянинг ВТ газетаси Верхагеннинг «Кейптаун Сити»га қай йўсинда ўтганини аниқлади. Stella Group  агентлиги (жумладан, Гарет Бэйл ҳам шу агентлик мижози) директори Мо Синух «Кейптаун»га Берниони катта маблағ эвазига Хитойга кетаётган футболчи сифатида таништирган ва ҳозирда фақат ўйин амалиётига муҳтожлигини қўшимча қилган. Клуб эса шундай нуфузли агентлик ва футболчи билан алоқа ўрнатишни шараф билган. Хуллас, Верхагеннинг Африка клуби таркибидан жой олиши хамирдан қил суғургандек осон кечган. Аммо ҳужумчи янги жамоаси билан машғулотларни бошлаб юборган паллада ҳақиқий Мо Синух клубга қўнғироқ қилади. Маълум бўлишича, у бундай футболчини танимас экан. «Кейптаун» манзилига йўлланган ҳужжатга эса Синухнинг интернетдан олинган сурати илова қилинганди. «Аудакс Итальяно» тарихи ҳам шунга ўхшаш: мажбуриятлардан холи келишув, Хитой сафари, бадавлат агентлик билан дўстлашиш имконияти. Кейинчалик бунинг ёнига «Аякс»дан қабул қилинган мактуб қўшилади. Аввалига ҳеч кимнинг эътиборини жалб этмаган имло хатоларига тўла хатда «Аякс» ҳамкорлик таклиф қилган, лекин аввало Мо Синух тавсия этган Верхаген билан шарт­нома тузишни сўраган...

Ниҳоят, ўтган йилнинг ноябрида Бернио Верхаген саргузаштларига нуқта қўйилди - у қамоқхонага тушди. Йўқ, қаллобликлари эмас, темир йўл яқинидаги киоск ёнида бир қизга куч ишлатгани учун. Футболчининг Чилидан ўзи билан олиб келган маъшуқаси Найарет Мучининг айтишича, Бернио қизни таҳқирлаган ва Даниядаги меҳмонхонада мажбуран сақлаб турган: «Верхаген - ўта даҳшатли алдоқчи. У ёнимга «Копенгаген» либосида келиб, шу жамоада ўйнашини айтганди. Одамлар шунчалик ёлғончи бўлишлари мумкинлигини сира ўйламагандим». Энг қизиғи, маҳбусларни битта ахлоқ тузатиш муассасасидан иккинчисига олиб ўтиш чоғи Бернио қочишга муваффақ бўлди ва «Инстаграм»да Швецияга кетаётганлигини маълум қилиб, ҳуқуқ-тартибот ходимларини чалғитишга уринди. Муҳими, полиция бунга учмади ва 12 соатдан ке­йин жиноятчини қайта ҳибсга олди. Бу сафар суд Верхагенга зўравонлик, таҳдид ва ўғирлик каби 10та айблов эълон қилди. 24 июнь куни эса суд Верхагенни 15 ой муддатга озодликдан маҳрум этди. Лекин фирибгарликка оид жиноий иш ҳали якунига етгани йўқ. Футболчининг ўзи ҳамон сохта Мо Синух қурбонига айланганидан ҳанузгача шок ҳолатида эканлигини айтмоқда.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz