Қайднома

Қидирув

«Пахтакор» фалокати – тузалмас дард

«Пахтакор» фалокати – тузалмас дард

  11.08.2020 01:56
  0
  612
«Пахтакор» фалокати – тузалмас дард

Бугун 11 август. Бутун ўзбек футболига адоғи йўқ дард улашган кун. Футболимиз тараққиётини неча йилларгадир ортга сурган, салбий таъсири ҳозиргача сезилаётган машъум фалокат рўй берган кун. Ахир марҳум «пахтакорчилар» тимсолида футболимиз нафақат энди кучга тўлган ўйинчилар, балки бўлажак мураббийлар ва функционерларни ҳам йўқотган. Бугун йилларга писанд қилмай, ҳамон қалбимизни тирнаётган ўша машъум фалокатга 41 йил бўлди...

Даҳшатли фалокат

Ҳа, 41 йил олдин Днепродзержинск осмонида икки самолёт тўқнашуви оқибатида рўй берган аянчли фожеа эсланса, нафақат ўзбекистонлик, балки бутун собиқ иттифоқ ҳудудидаги футбол ихлос­мандлари қалбида ўша эски дард қайта жонланади. Ҳозир 1979 йилнинг 11 августида кенг осмонда икки самолётнинг қандай тўқнашиб кетгани ва бу фалокат 178 нафар инсон ҳаётига зомин бўлгани ҳеч ақлга сиғмайди. Айтишларича, ўша вақт фожеани яширишга уринишган, аммо даҳшатли хабар тезда бутун иттифоқ бўйлаб тарқалган. Чунки «Пахтакор» 1979 йилги мавсумда чиндан ҳам, яхши ўйнаётган ва бундай жамоанинг бирданига йўқ бўлиб қолишини яшириш мантиқсиз эди. Чунончи, «пахтакорчилар» орасида собиқ иттифоқ терма жамоасига чақирилаётган ўйинчилар ҳам бор эди.

Эҳ, қанақасига шундай машъум воқеа рўй бериши мумкин? Бу савол ҳамон футбол жамоатчилигини қийнайди. Даҳшатли тўқнашувнинг баёноти эса жуда-жуда юзаки ва жўн: «1979 йилнинг 11 август куни соат 13:35да Украина осмонида, 8400 метр баландлик даражасида Тошкент - Гурьев - Донецк - Минск (борт - 65 735) ва Челябинск - Воронеж - Кишинёв (борт -  65 816) йўналишларида парвозни амалга ошираётган икки самолёт тўқнашиб кетди. Фалокат оқибатида жами 178 киши, жумладан, Минскка собиқ иттифоқ чемпионати олий лигаси навбатдаги тур ўйини учун йўл олган «Пахтакор» клубининг 17 нафар аъзоси ҳалок бўлди». Энг аламлиси, Тошкент - Гурьев - Донецк - Минск рейси бўйича учаётган самолёт парвознинг охирги қисмини амалга ошираётганди. Таъкидланишича, лайнер соат 13:11да Минск томон йўналиш олганди, бундан сал аввалроқ, яъни соат 12:53да ТУ-134 самолёти Воронеждан парвознинг иккинчи қисмига киришганди. Ушбу авиаҳалокат узоқ вақт кенг муҳокама қилинмаган ва кўпчилик кенг осмонда икки ТУ-134 қандай тўқнашиб кетиши мумкинлигини тахмин қилган, холос. Бунда аниқ далиллар эмас, халқ ичидаги гап-сўзларга таянилган. Тахминлар эса турлича эди...

Хилма-хил версиялар ичида ақлга сиғмайдиганлари ҳам, фантастикадек туюладиганлари ҳам бор. Айримлар ҳаттоки, авиаҳалокатда коммунистик партиянинг ўша вақтдаги бош котиби Леонид Брежневни ҳам айблашган. Унинг шахсий самолётига йўл бўшатиш учун 2та фуқаролар лайнерини ракета билан уриб туширишга тўғри келган эмиш... Яна кимлардир буни икки республика раҳбарларининг рақобати оқибатига йўйиб, сиёсий фалокатга йўйишган, ҳаттоки, террористик ҳаракат талқини ҳам йўқ эмас. Лекин бундай фаразлар факт олдида ҳеч нарса эмас - ўзбек футболи забардаст ўғлонларидан айрилганди.

Расмий маълумотларга кўра, тергов натижаси инсон факторига бориб тақалган. Диспетчерлар мураккаб ҳолатни тўғри баҳолай олишмаган, фразеология ва радиоалмашув қоидасини инобатга олишмаган, учувчилар булутли ва ёмғирли ҳавода иккинчи самолётни кўришмаган. Оқибатда 8400 метр баландликда Молдовага қарашли ТУ-134 Минскка учаётганинг қаноти ва дум қисмига урилиб, дарҳол портлаб кетган. Минск лайнери эса талофат ва кучли зарбага қарамай, яна маълум муддат учган, бироқ 4500 метр баландликда портлаб, Куриловка қишлоғига сочилган. Орадан чамаси 1 йил ўтиб, қўпол хатога йўл қўйган 22 ёшли диспетчер Николай Жуков­скийга нисбатан 15 йиллик қамоқ жазоси тайинланган. Унинг ҳамкасби - 29 ёшли катта инструктор Владимир Сумской ҳам шундай жазога лойиқ кўрилган.

 

Фалокат сири тўлиғ очилмаган...

Мана, ўзбек футболи байроқдорининг ҳалокатга учраганига 41 йил бўлди. Ортда қолган вақт давомида бу борада жуда кўп мақолалар ёзилди, ҳаттоки, «Пахтакор» фалокати сири» номли ҳужжатли фильм ҳам ишланди. Бироқ жамоа мураббийи Идгай Тазетдиновнинг беваси - Алла Сергеевна Шулепина-Тазетдинованинг фикрича, ҳали жавобсиз қолган саволлар бисёр. У марҳум «пахтакорчилар» хотирасига атаб, ёдгорлик мажмуаси барпо этилиши жараёнида деярли 1 ой давомида Куриловка қишлоғида яшади ва Минск томон учган ТУ-134 қулашининг охирги лаҳзалари гувоҳлари билан суҳбатлари натижасида бу каби саволлар янада кўпайди. Куриловкаликлар орасида самолётнинг ерга урилиши, жасадлар ва буюмларнинг ўрмонга сочилиб кетганини кўрганлар бор. Умуман олганда, икки лайнернинг ҳалокати сири тўлиқ очилмаган.

Айтганча, ўша жамоадан саноқли кишилар тирик қолишган. Булар - жароҳат туфайли сафарга чиқмаган Тўлаган Исоқов, Александр Яновский, Анатолий Могильний ва аёли ҳамда ўғлининг ҳолидан хабар олиш учун Сочига вақтлироқ учган катта мураббий Олег Базилевич.

 

Бундан 41 йил олдин самога сочилган «Пахтакор»-79нинг марҳум аъзоларини яна бир бора ёд оламиз:

Владимир Васильевич Чумаков (шифокор) - 08.12.1932, 47 ёш

Идгай Борисович Тазетдинов (мураббий) - 13.01.1933, 46 ёш

Мансур Иномжонович Толибжонов (маъмур) - 04.04.1944, 35 ёш

Владимир Васильевич Макаров (ярим ҳимоячи) - 09.03.1947, 32 ёш

Юрий Тимофеевич Загуменних (ҳимоячи) - 07.06.1947, 32 ёш

Александр Иванович Корчёнов (ярим ҳимоячи) - 04.05.1949, 30 ёш

Сергей Константинович Покатилов (дарвозабон) - 20.12.1950, 29 ёш

Виктор Николаевич Чуркин (ҳужумчи) - 25.01.1952, 27 ёш

Михаил Иванович Ан (ярим ҳимоячи) - 19.11.1952, 27 ёш

Николай Борисович Куликов (ҳимоячи) - 25.04.1953, 26 ёш

Константин Александрович Баканов (ярим ҳимоячи) - 25.05.1954, 25 ёш

Олим Масалиевич Аширов (ҳимоячи) - 25.01.1955, 24 ёш

Владимир Иванович Фёдоров (ҳужумчи) - 05.01.1956, 23 ёш

Владимир Валиевич Собиров (ҳужумчи) - 14.01.1958, 21 ёш

Шуҳрат Мусинович Эшбўтаев (ҳужумчи) - 08.02.1959, 20 ёш

Равиль Рустамович Агишев (ҳимоячи) - 14.03.1959, 20 ёш

Сирожиддин Аҳмедович Бозоров (ҳужумчи) - 10.08.1961, 18 ёш

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz