Қайднома

Қидирув

Халқ тарихининг бир бўлаги

Халқ тарихининг бир бўлаги

  11.08.2020 04:02
  0
  381
Халқ тарихининг бир бўлаги

1979 йил 11 август... Ўзбекистон узра қуёш қорайган, ўзбекистонликлар учун дунё торайган сана! Ўша кун Сирдарё ва Амударё уввос солиб тўлқинланган, Орол денгизида сўнгги бор довул турган бўлса, не ажаб. Балки ўша кун айнан шундай воқеалар кузатилмагандир. Лекин табиат биз билмаган кўринишда тинчсизланганига, безовталанганига ишончимиз комил. Хал­қимиз онгу шуурида эса чақмоқ чаққани, қалб осмонларида момоқалдироқ гумбурлагани рост...

- Машъум хабарни туш пайти эшитдим, - дея эслайди меҳнат фахрийси Халилулла Тожимуҳамедов. - Ахбор ака Имомхўжаев Самар­қанд дарвозасидан нарироқда, Каттабоғ кўчасида яшарди. У кишининг ҳовлиси томон чопдик. Ахбор акани тополмай, Мустақиллик майдони қаршисидаги собиқ қўғирчоқ театри жойлашган, ҳозир Шароф Рашидов бюсти ўрнатилган ҳудудга жўнадик. 10-15 нафар мухлис. Шу жойда футболчилар билан учрашиб турардик тез-тез. Борсак, мухлислар тўпланган, йиғи-сиғи. Ишониб-ишонолмай айтилаётган гап-сўзлар. Ўшанда илк бор бир-бирига бегона одамлар худди яқинлар каби мотам тутишгани, «Бандалик», дея бир-бирларидан кўнгил сўрашганини кўрганман. У кунларни унутиб бўлмайди, биродар!

- Ёзги таътил пайтидан фойдаланиб, бир гуруҳ талабалар Тюмендаги қурулиш отрядида иш бошлагандик. Қурулиш отряди раҳбари авиаҳалокат ҳақидаги хабарни айтганида, бепоён ўрмон бағрига сиғмай қолганмиз. Турли миллат вакиллари биз билан бирга аза тутишган. Ўзимизга келиб олишимиз учун бизни бир ҳафта безовта қилишмаганди. «Пахтакор» собиқ иттифоқ халқлари учун Ўзбекистон тимсоли эди. «Пахтакор» гуллаган пайт биз талабалик гаштини сурганмиз. Ҳар ўйиндан кейин талабалар шаҳарчасига пиёда қайтардик - буниси таниқли олим Бахтиёр Исоқовнинг хотиралари.

- «Пахтакор»-79ни эсласам, тунлари ҳалигача уйқум қочади. 1979 йилнинг августида Истра дарёси бўйида, Москва вилоятида жойлашган санаторийда дам олаётгандим. 12 август куни 60 км. йўл босиб, Москвага, ЦСКА ўйинига бордим. Учрашув тугаши арафасида стадион диктори авиаҳалокатни эълон қилди. Унгача Минск­даги ўйин нима учун ўтказилмаганини аниқлолмагандик. Бутун стадионга сукунат чўмган, ҳамма карахт бўлиб қотиб қолганди. Дунё зимистонга айланганидан дам олишни йиғиштириб, дарҳол Тошкентга қайтганман. Владимир Фёдоровнинг суратини кўтариб майдонга тушганимиз, гулдасталар тутганимиз ёдимиздан чиқмайди! - дея улуғвор сўзлар билан хотираларини якунлайди фидойи мухлис, академик Ғуломжон ака Ҳамидов.

- Владимир Фёдоров ҳозиргача мен учун энг яхши футболчи. У собиқ «Дўстлик» меҳмонхонаси атрофидаги кўп қаватли уйда яшарди. Суҳбатлашиш ва дастхат олиш учун квартирасига ҳам борганман. Отаси билан кўришганман, адашмасам, бир қўли ногирон, дилкаш инсон эди..., - сайхунободлик Аҳмаджон ака Алламуродов шу сўзларни айтганда, овозлари титради.

- Муҳаммад Вали дўстим, қўнғироқ қилганингиз яхши бўлди. Кўнглингиз сезганда. Мени медаль билан тақдирлашди, - дея одатдагидек хушкайфиятда сўз бошлади академик Баҳодир Валиев. Табриклаб мукофот тарихи билан қизиқдик. Марказий Осиё ёзувчи ва тарихчиларининг «Янги овоз» ижодий уюшмаси Баҳодир акани халқаро «Турон бирлиги» фахрий медалига муносиб кўрибди. Яна бир бор табриклагач, мақсадимизни тушунтирдик. Шунда суҳбатдошимиз хотиралар уммонига чўкди: «Отам Мирҳабиб ака, таниқли актёр Набижон Собиржонов, диктор Абдулла Матназаров билан бирга стадионда «Пахтакор» ўйинларини мириқиб кузатардик. «Пахтакор»нинг ҳар бир ўйинини байрамдек кутардик. Авиаҳалокатни эшитгач, Юнус­обод Оқтепасидан «Қозоғистон» кинотеатри олдига, «Бинокор» хоккей клуби аъзоси Самохваловнинг ёнига чопганман. У хабарни тасдиқлагач, оёқларим бир муддат ўзимга бўйсунмай қўйганди. Ҳа, «Пахтакор» халқ бирлигининг рамзи эди. «Шерлар»нинг янги наъраси футбол дунёси узра янграшини истаймиз. Андрей Якубик 100тадан ортиқ гол уришига «Пахтакор»нинг руҳи сабаб бўлганини айтганди фахрланиб. Руҳлар ҳамон уйғоқ...».

Баҳодир ака билан мулоқотимиз тугагач, жияним, тарих фани бўйича репетитор Ўткирбек Маматвалиев билан қўнғироқлашиб, «Ўзбекистон тарихи» дарсликларида «Пахтакор»-79 ҳақида маълумот бор-йўқлигини суриштирдим. Минг афсуски, маълумот йўқ экан. Халқ тарихининг бир бўлаги, ажралмас қисми саналган жамоа фожеа­си ҳақида дарсликларда маълумот берилмабди. Тарих шу тариқа аста-секин унутилади. Мутасаддилар бу хусусда ўйлаб кўришса яхши бўларди. Бизни муболағада айбламанг, савол-жавобларимиздан аёнлашмоқдаки, «Пахтакор»-79 ҳақидаги хотиралар хиралашмоқда. Онгда ўрнашмаган маълумот тарихий хотирага айланмайди. Бефарқ қарамайлик, азизлар.

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz