Қайднома

Қидирув

Михаэль Цорк: «Мақсадимиз аниқ-тиниқ, яъни...»

Михаэль Цорк: «Мақсадимиз аниқ-тиниқ, яъни...»

  11.08.2020 07:07
  0
  454
Михаэль Цорк: «Мақсадимиз аниқ-тиниқ, яъни...»

1982 йил олинган жамоавий фотосуратга қарасак, Михаэль Цорк қуюқ саватсочлари билан бошқалардан яққол ажралиб туради. Айни пайт Дортмунд «Боруссия»сида спорт директори лавозимини эгаллаб турган собиқ футболчидан интервью олишни режалаштирган RN нашри журналистлари меҳмонга ўша суратни кўрсатиш билан унинг кайфиятини кўтаришни режалаштиришганди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли Цорк таҳририятга ташриф буюролмади, муҳими, у телефон орқали интервью беришдан бош тортгани йўқ.

- Футболчилик пайти қалин соч турмагингиз билан мақтаниб юрадиган, баъзан тартиб-интизомни бир четга суриб, «ялло» қиладиган чапани йигит бўлганингиз ростми?

- О, узун сочлар ёшлик каби ўтмишда қолди. Лекин шўхликка ўч исёнчи бўлганимни тан олмайман. Мактабда ўқиб юрган даврдаёқ  жамиятда ҳаммаси ҳисоб-китоб қилиниши, муҳокамалардан ўтишини анг­лаб етгандим. Бор гап шу.

- Суҳбатни шундай бошлаганимизнинг сабаби бор - «Боруссия» футболчиларининг сартарошхонага рухсатсиз кетиб қолишгани муҳокама қилинган вақт уларни ортиқча айбламабсиз...

- Охирги 40 йил давомида таниқли ўйинчиларга эътибор ҳаддан ортиқ даражада ортиб кетди. Шахсан мен учун нафақат ёш ўйинчилар, балки машҳур юлдузларнинг ҳам гоҳида сартарошхонага боришлари аҳамиятли. ОАВнинг бор диққат-эътибори Жейдон Санчога қаратилган. Дарвоқе, Бундеслиганинг бошқа жамоалари футболчилари орасида соч­ларини олдирмай юрганларини кўрганим йўқ. Балки улар ақллироқ бўлиб қолишгандир... (кулади).

- Рестартдан кейин Бундеслига маълум муддат барчанинг диққат марказида турди. Гарчи «Боруссия» ходимлари кўрсатмаларга тўлиқ риоя қилган бўлсаларда, сизда мавсумни кўнгилдагидек якунлолмаслик хавотири туғилмадими?

- Рестартдан кейинги ўйинлар барчамиз учун ўта жиддий синов бўлди. Санитария-гигиена шароити аъло даражада йўлга қўйилди, қатъий интизомга оғишмай риоя қилинди. Бу жараёнда қатнашган барча-барча мақтовга лойиқ ишлади. Асосий мақсад инфекция тарқалишига йўл қўймаслик эди. Ҳафталар давомида 18та жамоада бирор хасталик аломати аниқланмадими, демак, зарур чора-тадбирлар ўз самарасини берди. Айрим сиёсатчилар мухлислар борасида муаммолар юзага келиши мумкинлигини айтишганди. Хайриятки, ҳеч қандай кўнгилсизлик кузатилмади. Демакки, мухлисларга ҳам миннатдорчилик билдириш керак - тасанно!

- 23 йиллик менежерлик фаолиятингиз давомида бир қатор экстремал вазиятларга учраганингиз табиий ҳол. Коронаинқирозни энг мураккаб вазият сифатида тилга олиш ўринлими? Бинобарин, ҳозирги ҳолат қандай ривожланишини тахмин қилиш ҳам қийин.

- Ҳа, бу қандайдир режага кирмаган ўзига хос мураккаб ҳолат. Инсон саломатлиги бебаҳо неъмат эканлиги барчага маълум. Шундай экан, ҳали эҳтиёткорликни пасайтирмаслигимиз лозим. Футболчилар эса бу вақтда ўйинга нисбатан иштиёқларини йўқотмасликлари шарт. Мисол учун, ўз майдонимизда кечган охирги 2 учрашувни олсак, уринишларимиз зое кетмади. Рестартдан кейинги алоҳида жадвал - «корона» турнирида 2-ўринни эгалладик.

- Мухлисларсиз ўйнаш қийнаб юборгандир, айниқса, уларнинг мададига ўрганиб қолган «Боруссия»­ни?

- Шундай, муҳими, соф футболни олсак, ўйинлар ўйлаганимиздан ҳам яхшироқ чиқди. Ҳаттоки, футболчилар майдонда тўп билан хотиржамроқ муомала қилишгандек туюлди. Хусусан, кескин вазиятларда шошма-шошарлик кам кузатилди. Савияли ва ҳамжиҳат жамоалар кўпроқ устунликка эришди. Албатта, мухлислар, эҳтиросларнинг йўқлиги сезилиб турди. Ўзи фанатлар ўрнини босадиган восита йўқ. Бироқ уларсиз ўйнашдан бошқа чорамиз ҳам йўқ эди.

- Тимо Вернернинг айтишича, жисмоний қувват ва эътибор чамаси 60-дақиқадан кейин анча пасайибди...

- Бир жиҳатнинг иккинчисига таъсири бор, албатта. Мажбурий танаффус чоғи талаб даражасида тайёргарлик кўришнинг имконияти бўлмади. Буни ҳамма тўғри тушуниши лозим. Чунки узоқ вақт чемпионат қачон тикланиши номаълумлигича қолди. Буни сувсиз ҳовузда сузишга қиёслаш мумкин. Машғулотлар тақвими ва ҳажми ҳақида гапирмай қўя қолай.

- Агар ёзги танаффусдан кейин ҳам мухлисларсиз ўйнашга тўғри келса, мусобақага бошқачароқ тайёргарлик кўриш зарурати борми?

- Йўқ. Биринчи галдаги вазифамиз - жамоанинг жисмоний тайёргарлигини ошириш. Умуман олганда, Бундеслига баҳслари, лоақал мавсумнинг маълум қисмини мухлислар кузатувида ўтказишдан умидвормиз.

- Коронавирус зиммангиздаги вазифаларни адо этишингизга жиддий халақит бераётгани тайин. Боз устига, нохуш ҳолат яқин кунларда ўзгармайдиган кўринади. Ҳозир биринчи навбатда, қайси трансферни рўёбга чиқаришни истайсиз?

- Месси жамоамизга текинга ўтмоқчи. Бироқ ҳозир бунинг иложи йўқ (кулади). Жиддий гапирсам, ҳозирги вазият бизнесимиз, трансферларга катта зарар келтирмоқда. Табиийки, ўзини ўзи таъминлайдиган клублар ғазнасида маблағ оз қолди. Сармоядорлар тасарруфидаги жамоа­лар эса, зарар учун қандайдир товон пули олиши мумкин. Балки уларга қўшимча маблағ ҳам берилар...

- Демак, «Боруссия»да футболчилар «олди-сотдиси»га боғлиқ янгилик озроқ бўлади, шундайми?

- Нимани исташимиз ва қандай ишларга қурбимиз етишини яхши биламиз. Трансферлар дарчаси анча вақт очиқ бўлади. Бироқ аввалги дарчалардаги каби фаоллик сезилмаса керак.

- Сизлар учун бозордаги асосий масала Жейдон Санчо тақдирига ойдинлик киритишми? Ундан аниқ баёнот кутяпсизларми?

- Санчо трансферининг қандай ҳал бўлиши ҳолатимизга таъсир этмаслигини айтсам, бу соддалик ҳисобланади. Агар келишув амалга ошса, унинг ўзига яраша иқтисодий аҳамия­ти бўлади. Аммо янги мавсумни ҳам Жейдон билан ҳамкорликда бошлашимизни яққол ҳис этяпмиз. Чунончи, у бизга спорт нуқтаи назаридан керак. Ҳаммаси яқин ҳафталар ичида ҳал этилади.

- Бироқ у октябрь ойида қандайдир истак билан келмайди-ку...

- Агар шу оҳангда давом этсангиз...

- Мавсум охирида Леонардо Балерди каби ёшлар етарли ўйин амалиётига эга бўлишди, Тобиас Рашль Бундеслигада дебют қилди. Уларнинг янги мавсумда нималар кутмоқда?

- Барчаси футболчиларнинг ўзларига боғлиқ. Яъни юксак савияда тўп сура олишларини кўрсатишлари керак. Бу борада камдан-кам ҳолда ўзгарадиган аниқ мезонга эгамиз.

- Яна бир футболчи хусусида алоҳида сўраш керак - бу жамоангиз сардори. Айтингчи, Марко Ройс етук профессионал футбол босимига дош беришга қодирми?

- Бу масалада амалга оширилаётган режали ишимиз унинг мавсумга шай ҳолда киришишини таъминлаши керак. Терапевт ва фитнес-мураббийлар шу вазифа устида ишламоқдалар. Буни Марконинг ўзи ҳам жуда-жуда истайди, «Боруссия» ҳам. Чунки Ройснинг ажойиб спорт формасига кириши жамоа учун нақадар муҳимлиги ҳеч кимга сир эмас. Марко жароҳатланишидан аввал 19та учрашувда 11та гол ва 6та самарали узатма муаллифига айланганди.

- Жамоа бош мураббийи «арзимас омадсизлик» ҳақида гапирди. Бунинг режаларга таъсири борми?

- Аслида Ройснинг сўнгги бир неча ўйинда қатнашишига умид боғлагандик. Бироқ охирги паллада таваккал қилмаслик, аксинча, август ойигача сабр қилиб, тўлиқ соғайиб сафга қайтишини кутишни маъқул кўрдик. Шу режа бўйича ишлашда давом этяпмиз.

- «Хоффенхайм»га 0:4 ҳисобида имконият бой берилди, буни қандай изоҳлайсиз? Балки шундай кўнгилсиз ҳолатларга тушмаслик учун жамоага қандайдир вакцина керакдир...

- Йўқ, бу борада бошқачароқ фикрга эгаман. Чемпионатни 2-ўринда якунлаган бўлсакда, ўйин савиясини оширишимиз зарур. Матбуот хулосасига қараганда, ирода масаласида жамоамиз сўнгги поғонада экан. Лекин бунга умуман қўшилмайман. Ғалабага чан­қоқлик ва иродасизлик билан 18та жамоа орасида 2-ўринни эгаллолмасдик. Тўғри, «Майнц» ва «Хоффенхайм»­га қарши ўйинларда кўрсатилган мазмунсиз футбол бошқа такрорланмаслиги керак. Мақсадимиз ҳам шу.

- «Боруссия» янги мавсум режаларини ошкор этишни истамаяпти. Бу жамоанинг ўз олдига нисбатан жўнроқ вазифалар қўйганини англатмайдими?

- Ташқарида юз бераётган ишларни ички юмушлардан фарқлай олиш муҳим. Айрим ўйинчиларимиз янада юқорироқ поғонага кўтарилиш истагини билдиришдими, бу уларда ҳар бир спортчи учун зарур саналган иззатталаблик жойида эканлигидан далолат. Шуни таъкидламоқчиманки, охирги 5 йилдан буён мудом мавсум учун белгиланган мақсад - вазифамиз ҳақида сўрашмоқда. Ўтган йили бунга жавобан чемпион бўлишга лоақал уриниб кўришимизни айтдик. Бироқ аввалига 2 ҳафта, кейин ойлар давомида «Боруссия»ни минимал мақсад сари интилаётганликда айблаб, роса тан­қид қилишди. Бундан томошаларнинг кераги йўқ. Хуллас, ёзинг - «Боруссия» ўз олдига аниқ-тиниқ мақсадлар қўйган.

- Демак, бундан кейин ҳам «Бавария» «бурнини ишқаш»га уриниш давом этади...

- Нега энди «Бавария»? Фақат мавжуд имкониятлардан максимал самара чиқаришни ўйлаймиз. Шахсан мени «Бавария» мутлақо қизиқтирмайди.

- Салоҳиятни қайси жиҳатларда кўряпсиз? Ёш иқтидорлар ўз маҳоратларини оширишлари мумкин, аммо Аксель Витцель каби тажрибали ўйинчилар ўз имкониятларини тўла намойиш этолмадилар...

- Футболчиларни ошкора танқид қилишни ёқтирмайман. Ўз вазифамга муносабатим кўпчиликка аён. Якуний хулоса шуки, мавсум давомида жадвалнинг қуйи қисмидан жой олган рақибларга қарши баҳсларда керагидан анча кўп очко йўқотдик. Агар «Бавария»ни назарда тутсангиз, очиқ айтаман: унга қарши икки учрашувда ҳам соф енгилдик. Ваҳоланки, бу ўйинларда ҳам яхшироқ натижага эришишимиз мумкин эди.

- Бу фикрингиз кубок мусобақаларига ҳам тааллуқлими?

- Ҳа. Айтишим мумкинки, кубок турнирларига жинояткорона менсимаслик кайфияти билан ёндашдик. Дортмундда ўта йирик уюшма вужудга келган. Унинг вакиллари май ойи охирида А2 трассаси орқали Берлинга йўл олишганди. Юришнинг асосий мақсади клублар ўртасидаги ҳамжиҳатликни оширишга қаратилганди. Бу чақириққа муносиб жавоб қайтариш ниятидамиз. Хуллас, янги мавсумда сўнгги 2 йил ичида йўл қўйилган камчиликларга барҳам бермоқчимиз.

- Куз ойлари тиғиз ҳафталарсиз ўтмайди, қишки таътил деярли йўқ. Бундай шароитда жамоа таркибини 1-2 футболчи билан кучайтириш лозим, тўғрими?

- Таркибимиз чиндан ҳам, жуда кичик. Албатта, бу масалани кўриб чиқамиз. Ротация тушунчаси тиғиз тақвим туфайли ўз маъносини йўқотмоқда. Яхшики, мавжуд ўйинчиларнинг талабга мувофиқ спорт формасида бўлишларини таъминлаш учун етарли вақт бор. Европа чемпионати туфайли мавсумни узайтириш мумкин эмас. Демак, шу шароитга ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан пухта тайёргарлик билан бориш шарт.

- Шартномангизни 1 йилга узайтирдингиз (2022 йилгача). Бу билан нафақага чемпион сифатида чиқиш имкониятини оширишни мўлжалладингизми?

- Клубдаги фаолиятимни 2021 йили якунлашим ҳақида ҳеч қачон гапирган эмасман. Тўғри, шундай фикр хаёлимдан ўтганди. Лекин сўнг­ги ойлар ичида кўп ўзгаришлар юз берди, коронавирус туфайли янги чорловлар пайдо бўлди. Муҳими, фаолиятимни давом эттира олишимдан хурсандман. Саволингизнинг сўнгги бандига жавобим оддий: зафар ёр бўлиб турган палладаги меҳнат кўпроқ лаззат бағишлайди. Ўтган асрнинг 80-йилларида таниқли мураббийлардан бири менга айнан шундай деганди...

Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz