Қайднома

Қидирув

Алишер Никимбаев: «УЕФАга ўтиш учун асосимиз борми?»

Алишер Никимбаев: «УЕФАга ўтиш учун асосимиз борми?»

  12.08.2020 05:23
  0
  811
Алишер Никимбаев: «УЕФАга ўтиш учун асосимиз борми?»

Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блоги ва таниқли мутахассис Алишер Никимбаев ўртасидаги суҳбат давоми. Ўзбекистон чиндан ҳам, УЕФАга аъзо бўлиши мумкинмиди? Мутахассис ОФКдан нега кетганди? Алишер Никимбаев интервью давомида шу каби қизиқарли саволларга жавоб қайтарди.

- Вақтида Ўзбекистоннинг УЕФАга аъзо бўлиши ҳақида гап-сўзлар урчиганди. Бу ҳақиқатга қанчалик яқин эди? Умуман, УЕФАга кириш Ўзбекистон футболига фойда келтирармиди?

- Ҳа, шундай гап-сўзлар тарқалган, ҳаттоки, Усмоновдан олдин ишлаган федерация раҳбариятида ҳам шундай фикр туғилган. Аслида бундай хабарларга танқидий руҳ билан қараш керак. Зеро, бизда УЕФАга қўшилишдан мантиқ йўқ. Қозоғистонда ҳудудий сабаб бор - ушбу мамлакатнинг 14 фоиз ери Европада жойлашган. Биз эса ҳеч қанақасига УЕФА таркибидан жой олишга даъвогар бўлолмаймиз. Имкониятимизни 1992 йилдаёқ йўқотганмиз. Шунга кўнишимиз, айни пайтдаги шароитда ишлашда давом этишимиз керак. Кўпчиликнинг фикрича, УЕФАга аъзо бўлиш орқали футбол ривожида олдинга қадам ташлаш мумкин экан. Жанубий Корея ва Японияни олайлик. Нима, бу мамлакатлар футболни ривожлантириш учун УЕФА таркибига кирдими? Атайин араб мамлакатларини тилга олмадим, чунки уларда молиявий ҳолат мутлақо ўзгача. Аксинча, араб дунёси футбол структураси бизникига ўхшаш. Японлар ва корейсларда тижорий тузилма муҳим саналса, бу арабларда асосий жиҳат эмас, худди биздаги каби. Шунга қарамай, Япония ва Жанубий Корея - Европасиз ҳам кўп нарсага эришиш мумкинлигига яққол мисол. Ҳар ҳолда, японларда ҳам, корейсларда ҳам натижалар ва ютуқлар анча барқарор.

- Ўзбек футболидаги яна бир ҳолат: мамлакатимиз вақтида аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Аммо кейинчалик бу ҳуқуқ бекор қилинган. Эсимда, Мираброр Усмонов 31 декабрь куни «Спорт» телеканали орқали ФИФАнинг ушбу қарори ҳақида кескин гапирганди. Бироқ савол мавзуси бошқа. Ўша йили ФИФА таъсис этган «Фэйр-плей» соврини ЎФФга топширилди. Шундай тасаввур уйғонадики, Блаттер ушбу совринни топшириш билан мундиални Ўзбекистондан олиб қўйгани учун ўзини оқламоқчи бўлган... Бу ҳақиқатга нечоғли яқин?

- Ҳа, ўша чемпионатни айнан биз ўтказишимиз керак эди. Ҳужжатларни тайёрладим, уларни шахсан ўзим Швейцарияга олиб бордим. Тушунишимча, ўша паллада федерацияда қизиқиш йўқолган. Балки бошида жуда катта маблағ сарфланишини инобатга олишмагандир. Рости, аниғини билмайман. Лекин манбалардан маълумки, Ўзбекистон томонидан қизиқиш сусайгани ФИФАга ёқмаган. Ташкилот мустақил иш юритадиган ташкилий қўмита тузишни талаб қилган, бироқ у вақтида шакллантирилмаган. 2011 йилнинг октябрида ФИФА ОФКга Ўзбекистон ўрнига бошқа мезбон тайинлаш бўйича топшириқ берган. Бундан хабар топгач, федерация­нинг ўша пайтдаги раҳбарларини огоҳ этганман: «Қарор чиқарилиши яқин, бугун-эрта турнирни биздан олиб қўйишади». Бироқ хотиржам жавоб беришди: «Йўқ, ҳаммаси жойида». Оқибатда декабрь ойи бошида чемпионат мезбонлигини Японияга бериш бўйича қарор чиқарилди. «Фэйр-плей» совринига келсак, у мундиал олиб қўйилгани эвазига берилганми-йўқ - буни аниқ билмайман. Эҳтимол, барчаси ҳақиқатдир. Ушбу масала бўйича Блаттер ёки «Фэйр-плей» соврини бўйича қарор чиқарганлар жавоб беришлари керак. Эсласак, Ўзбекистон мазкур совринга даъвогар 3та мамлакатдан бири эди. Федерациямиз ўша йили ОФКдан айнан «Фэйр-плей» совринини олгани туфайли ушбу учликка киритилганди. Яъни қандайдир алоқадорлик бўйича шубҳаланадиган бўлсак, биринчи навбатда, ОФКдан гумон қилиш керак. Осиё футбол конфедерацияси эса ушбу номинация ғолибини аниқ критериялар, баллар йиғиндисига кўра, аниқлайди. Мазкур масалада ОФКни осонликча алдай олмайсиз.

Мавзуга доир яна бир қўшимча: нега кўпчиликда «ФИФА ушбу сов­ринни топшириш орқали жаҳон чемпионатини олиб қўйгани учун компенсация тўламоқчи бўлган» қабилида фикр туғилган? Айнан ўша 2012 йили, Ўзбекистон «Фэйр-плей»га муносиб кўрилганда, ФИФА 5та сариқ карточка воқеаси учун (ЖЧ-2014 саралаш босқичи доирасида Тошкентда ўтган баҳс назарда тутилмоқда. Ўшанда Ўзбекистон термаси вакиллари аҳамиятсиз ҳисобланган кейинги ўйинни ўтказиб юбориш мақсадида атайин «сариқ» йиғишган) ЎФФга 30 минг франкдан кўпроқ жарима солганди. Ўйин 2011 йили ўтказилган бўлсада, воқеалар 2012 йили ривожланганди. Шу ерда тушунмовчилик бор. ФИФАнинг ўзи бизни жазолаб, ке­йин эса «Фэйр-плей» совринини топширяпти. Чалкашлик борлиги аниқ, аммо ҳақиқатни фақат қарор чиқарганларнинг ўзлари айтишлари мумкин.

- Сизга ўзбекистонлик мутахассислар орасида биринчилардан бўлиб Осиё футбол конфедерациясида ишлаш шарафи насиб этди. Ўшанда қандай вазифани бажаргандингиз?

- Федерация ва клубларнинг ОЧЛ талабларини бажаришини назорат қилардик. Бу профессионал футбол бўлими эди. Йил мобайнида турли мамлакатларга сафар уюштирардик. Клублар ҳолатини ўрганардик. Бизнинг ҳисоботларимиз асосида махсус қўмита муайян мамлакат нечта йўлланма олиши кераклиги бўйича қарор чиқарарди. Бундан ташқари, ОФКда клубларни лицензиялаш тизимини ташкил этиш зарурати туғилди. Ишга киришимдан аввал бундай тизим мавжуд эмасди. Регламент тасдиқланган, аммо тизим бўлмаган. У фақат Японияда бор эди, аммо ушбу мамлакат вакиллари барчасини ОФК иштирокисиз ўзлари тузишганди. Вазифага кўра, жамоалари ОЧЛда қатнашадиган барча мамлакатлар учун клубларни лицензиялаш жараё­нини ташкил этишни режалаштирдик ва мақсадимизга эришдик.

- УЕФА билан солиштирганда, ОФКдаги ташкилотчилик ва футболни ривожлантириш даражаси қандай?

- Солиштириш қийин. Ҳаммаси нимани назарда тутаётганимизга боғлиқ. Агар бутун қитъа бўйича гапирсак, бу борада кўп факторлар Европа фойдасига ишлайди. Чунки «кўҳна қитъа» футболи нисбатан қизиқарлироқ, пул, ҳомий, телевидение эътибори, мухлислар бисёр... Бу эса бошқа конфедерацияларга қараганда, кўпроқ даромад орттириш имконини беради. Европада ривожланиш учун катта маблағ сарфланади, кўпроқ дастурлар амалга татбиқ этилади. Шу тариқа «кўҳна қитъа» вакиллари нафақат Осиё, балки бутун дунёдан олдинда юришади. Ташкилотлар ҳақида гапирсак, УЕФА бу борада ҳам илғор. Технологиялар нуқтаи назаридан олганда, ҳаммаси пулга бориб тақалади, демакки, УЕФА ушбу масалада инновация бў­йича нисбатан олдинроқда. Маълумки, ЕЧЛ ва ЕЛ баҳслари деярли бир вақтга белгиланади. Яқиндан бошлаб, 2та ўйинни эртароқ ўтказишга одатланишди. Қолган ўйинлар тенг бошланади. Европа Лигасида икки хил вақтдан фойдаланилади. Яъни ўйинлар тенг иккига бўлинса, дейлик, гуруҳ босқичидаги 24та учрашувдан 12таси бир вақт, қолгани бошқа вақтга белгиланади. 12та баҳс бир вақтда бошланганида, УЕФАдаги ўйин-маркази мутахассислари барча учрашувларни жонли эфирда томоша қилишади. Бу уларга жараёнга тезда таъсир ўтказиш имконини беради. Барча маълумотлар шу марказга келади ва улар орқали УЕФА ходимлари ўйинлар ташкилотчилиги бўйича тадқиқот ўтказишади. Бу битта оддий мисол. Аслида шу каби мисоллар жуда кўп.

- ОФКдан кетишингизга БАА футбол ассоциациясидан тушган таклиф эмас, балки ФИФАнинг Муҳаммад бин Ҳаммам (2002-2011 йилларда ОФК президенти)га чеклов қўйгани сабаб бўлгани ростми? Зеро, ўшанда ушбу мутасадди қўл остида ишлагандингиз...

- Худди шундай. Ишга мени айнан бин Ҳаммам таклиф этганди. 2012 йили уни тўлиқ дисквалификация қилишгач, бутун жамоанинг кетиши ойдинлашиб қолди. Бир йил мобайнида ОФКни кўпчилик тарк этди, кимнингдир шартномаси муддати тугади, айримлар эса ўзаро келишган ҳолда, битимни бекор қилишди. Тўғриси, ташкилотдан кетаётганимда, олдимда аниқ таклифлар йўқ эди. БАА ассоциациясидаги дастлабки лойиҳамни эса 2013 йилнинг февралида бошладим ва март ойидан тўлақонли ишга киришдим.

- Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари хорижлик ҳамкасбларидан айнан қандай жиҳатларни ўрганишлари керак?

- Яқинда Австралия футбол федерациясида бош котиб алмашди, ушбу лавозимга Жеймс Жонсон тайинланди. У билан ОФКда бирга ишлаганмиз, кейинчалик ФИФАда, «Манчестер Сити»да фаолият юритди, янги вазифага жойлашгач, интервью берди. У гапирган икки универсал жиҳатга эътибор қаратиш керак. Биринчиси - футбол атрофидаги барча қарорлар фақат тижорий аҳамият касб этмаслиги лозим. Эҳтимол, бу бизга тааллуқли эмасдир. Аммо мутахассис крикет ва регби билан рақобат туғдириш зарурати мавжуд бўлган мамлакатда шу мавзуда гапиряптими, демак, шундай қилиниши шарт. Ҳозир Ўзбекистонда футболнинг молиялаштирилиши ҳақида кўп гапирилади, футболга давлат томонидан пул ажратилишини тўхтатиш керак. Балки мазкур вазиятга бошқача қараш зарурдир. Бу билан футбол давлат маблағидан батамом холи бўлиши керак, демоқчи эмасман, аммо ҳаётда ҳаммаси ҳам пул билан ўлчанмайди. Бу биринчи ҳолат. Жонсон айтган иккинчи жиҳат: кўп ҳолларда ўйинда қатнашадиганлар фикри эътиборга олинмайди. Яъни бу ҳам диққатга молик масала. Футболчилар, мураббийлар, клублар гапи инобатга олиниши жоиз. Ўзбек футболида кўп қарорлар маслаҳатлашмаган ҳолда қабул қилинади. Масалан, кўтарма пули масаласи. Кимдир буни вазият, структура, тизимни тушунмаган ҳолда бекор қилишни хоҳлайди. Ушбу жараёнга мухлисларнинг муносабат билдиришлари ҳам тушунарли. Кўпчиликнинг катта миқдорда маош олаётганларга қарши эканлигини тўғри тушуниш мумкин. Такрорлайман, ҳар бир масалага теран ёндашиш керак, ҳар икки томоннинг фикрини ўрганиш даркор. Чунки томонларнинг ўз далил-исботлари бўлади. Буни ҳам тушуниш лозим. Яна бир жиҳат: халқаро тажриба. Буни айнан халқаро эканлиги учун қабул қилмаслик керак. «Мана бу мамлакатда шундай экан, келинглар, биз ҳам айни йўналишни танлаймиз» қабилида иш тутиш ярамайди. Нимани қўллаш мумкин, нималар мумкин эмаслигини тушуниш зарур.

Энг асосийси, бир неча йиллик стратегик ривожланиш дастури керак. Ҳужжатлар тўплами эмас, айнан қайси йўналишда давом этишни англашимиз  даркор. Нега Купернинг ишлари юришмади? Ҳамма хорижлик мураббий келишини хоҳлаганди-ку, аммо нега унинг фаолияти кўнгилдагидек кечмади? Ҳар бир қабул қилинадиган қарор замирида жиддий таҳлил бўлиши даркор.

---------------------------------------------

Мазкур интервьюнинг давоми билан газетамизнинг кейинги сонларида танишишингиз мумкин.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz