Қайднома

Қидирув

Мессисиз янги «Барселона» қандай бўлади?

Мессисиз янги «Барселона» қандай бўлади?

  12.08.2020 13:13
  0
  420
Мессисиз янги «Барселона» қандай бўлади?

Айни дамда «Барселона» ўзининг афсонавий тарихидаги анча мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Азалий рақиб «Реал»га ҳар томонлама бой берилган мавсум, молиявий инқирозлар ва Мессининг клубдан аразлаши. Буларнинг барчаси жамоанинг кайфияти ва ўйинига таъсир этмай қолмади. Ҳозирда «Барселона» ва унинг мухлисларини сал бўлса-да овутиши мумкин бўлган ягона имконият бу Чемпионлар Лигасидаги ғалабадир.

2008—2016 йилларда клуб том маънода гуллаб яшнади. Майдон марказида ўша машҳур Хави—Иньеста тандеми, ҳимояда эса ҳақиқий қоя — Пуйоль. Жамоанинг ҳар учала афсонаси ҳам «Ла Масия» яъни, «Барселона» академияси битирувчилари эди.

2010 йилги «Олтин тўп» совринини қўлга киритиш учун каталонияликларнинг бир-йўла уч футболчиси даъвогарлик қилди — Месси, Хави ва Иньеста. Роналдудек футболчилар кучли учликка (6-ўрин) кира олмагандан кейин «Барселона»нинг ўша пайтдаги қудратини ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг.

Бироқ ҳозирги «Барселона»да вазият умуман бошқача. Сеҳргарлар жуфтлиги аллақачон нафақага чиқиб бўлган. 33 ёшли Месси ҳам энди аввалгидек югурмаяпти. Жамоада ўша авлоднинг асосий ижрочиларидан Пике (33 ёш) ва Бускетс (32 ёш) қолган, холос. Аммо улар ҳам ўттизлик довондан ошганига бир неча йил бўлди.

Жамоанинг қолган вакиллари эса асосан ёшлар. Улар ҳали Европа майдонларидаги ғалабаларнинг таъмини ҳис қилиши керак, бунинг учун эса «Барселона» Мессисиз жамоани тузиши керак. Боиси даҳо эртами, кечми фаолиятини якунлайди.

Бўлажак юлдузлар

Эҳтимол, 2019/20 йилги мавсум натижалари клубдагиларнинг кўнглини хира қилгандир, бироқ «Ла Масия»дан икки нафар ёш иқтидор асосий жамоага қабул қилинди. Гап 20 ёшли Рикард Пуч ва 17 ёшли Ансу Фати ҳақида бормоқда. 

Пуч мавсумнинг иккинчи ярмида Фрэнки де Ёнгнинг жароҳатидан «фойдаланди» ва майдонда завқ билан ҳаракат қилди. Кўплаб испан нашрлари Рикард Пуч Иньестанинг меросхўри бўлишини таъкидламоқда.

Рикининг жамоа натижаларидаги ҳиссаси (Ла Лигада 508 дақиқа ўтказиб, 2 та голга ҳаммуаллифлик қилди) унчалик аҳамиятли кўринмаса-да, у «Барселона»нинг ўйинига ўзгача бир шижоат ва кескинлик бағишлай олди.

Ёш ярим ҳимоячида тўп билан муомала қилиш борасида муаммо йўқ, шунингдек, майдонни жуда яхши кўради. Мухтасар айтганда у Иньестанинг барча фазилатларига эга. Агарда бироз тажриба тўплайдиган бўлса, келажакда жамоанинг «мияси» бўлади.

Ансу Фатининг пайдо бўлиши эса бутун Европани ҳайратда қолдирди. У ушбу ёшида Мессидан кўпроқ гол (7 та) уришга муваффақ бўлди. «Барселона» унинг трансфер нархини 400 миллион евро этиб белгилаб, бошқа гранд клубларга унинг сотилмаслигини билдириб қўйгандек гўё. Айнан Ансу Фати «Барселона»нинг келажакдаги асосий юлдузларидан бири бўлиши кутилмоқда.

«Барселона« Лионель Мессининг кетишига тайёр бўлиши керак

Аслида, бир вақтлар Лионель Мессининг ўрнини эгаллаш учун Неймар сотиб олинганди. Бразилиялик футболчи ҳақиқатан ҳам Каталониядаги тўрт мавсуми давомида ўзига билдирилган ишончни оқлади. Месси, Неймар ва Суарес учлиги бутун Европани остин-устун қилиб ташлаган даврни эсланг... 

Бироқ ажойиб кунларнинг (2017 йилда) бирида Неймар фаолиятини Парижда давом эттиришга қарор қилди. Тўғри, «Барса» бунинг эвазига 222 миллион евро олди, лекин унинг ўрнига Месси учун бошқа бир ворис топиш масаласи кун тартибига чиққанди.

Клуб қайсидир маънода бунга ҳаракат қилди. Бироқ сўнгги йилларда «Барса»даги трансферларнинг бирортасини ижобий баҳолаш мушкул. Табиийки, бу ерда асосий босим яна Леонинг елкасига тушди. Бироқ Месси бу вазифани яна қачонгача бажара олиши ноаниқ. Клуб Мессисиз ўйнашни ўрганиши керак.

«Барселона» президентлигига номзодини қўйган Виктор Фонт айнан шу мақсади кўзламоқда. У янги «Барселона»ни Лионель Мессисиз қурмоқчи ва бор эътиборни кўпроқ «Ла Масия» битирувчиларига қаратмоқчи. Очиғини айтганда, клуб академиясидан Месси даражасидаги ўйинчининг чиқишини кутишнинг ўзи мантиққа тўғри келмайди. Лекин на илож, бир вақтлар айнан Месси сабаб футбол сеҳргари Роналдиньодан воз кечилганди.

Клуб президенти Бартомеу бир неча йилдан бери катта пуллар эвазига жамоани кучайтирмоқчи бўлиб, қатор харидларни амалга оширди, бироқ бу стратегия ҳам «Барселона»ни инқироздан олиб чиқа олмаяпти.

«Барса»нинг ёшларга ишонишдан бошқа чораси йўқ. Бартомеунинг катта-катта харажатлар қилганини ҳисобга олиб, клуб эндиликда бюджетни барқарорлаштиришга ҳаракат қилиши лозим. Айниқса дунёда пандемия ҳукм суриб турган вақтда. Агар «Барселона»да ҳозирги каби тушунарсиз сиёсат давом этадиган бўлса, бу клубнинг ички ва халқаро натижаларига таъсир ўтказмай қолмайди.

Пуч ва Фати билан бир қаторда «Барселона»да яна кўплаб истеъдодли ёшлар бор. Роналд Араухо ва Жан-Клер Тодибо ҳимоя чизиғини бемалол кучайтира олади. Бундан ташқари, португалиялик Тринкаунинг келажакда янги Криштиану бўлиши таъкидланмоқда. Шундай экан «Барселона»нинг келажаги ёшлар қўлида.

«Барселона» Чемпионлар Лигасидаги ғалаба қозонган тақдирда ҳам, бу муаммолар ҳеч қаерга йўқолиб қолмайди. Каталонияликлар ҳозирдан ўзлари тайёр бўлмаслиги мумкин бўлган келажак ҳақида ўйлашни бошлаши керак.


Манба: daryo.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz