Қайднома

Қидирув

Даврон Ҳошимов: "Навбаҳор"нинг мақсадлари улканлиги учун шу ерга келдим"

Даврон Ҳошимов: "Навбаҳор"нинг мақсадлари улканлиги учун шу ерга келдим"

  12.08.2020 22:40
  0
  322
Даврон Ҳошимов:

Coca-Cola Суперлигада 10 август куни трансфер ойнаси очилди ва шу заҳоти Даврон Ҳошимовнинг “Навбаҳор”га ўтгани расман эълон қилинди. “Локомотив”да тўп суриб келаётган иқтидорли ҳимоячининг наманганликлар сафига қўшилиши эътиборга молик трансферлардан бири бўлди.

У 2018 йили ҳам “Навбаҳор”да тўп сурганини ишқибозлар яхши билишса керак. Шуни аниқ айтиш мумкинки, наманганликлар Ҳошимовни қўлга киритиш орқали янада кучайишга эришадилар. Чунки Давроннинг қандай ўйинчи эканлигини барча яхши билади. Футболчи “Локомотив”дан “Навбаҳор”га кўчиб ўтганидан сўнг, sports.uz мухбирига дастлабки интервьюни берди.

-  “Навбаҳор” клубига ўтишингизнинг сабаби нимада?

-  Мавсум бошида олдимда бир қатор таклифлар бор эди. Шунга қарамай, “Локомотив” билан шу йилнинг охиригача шартномам борлигини уларга тушунтиргандим. Ўзинглар ҳам кўриб турибсизлар, охирги пайтларда “Локомотив”да ўйин сифати бироз пастлади. “Навбаҳор” эса “Локо”дан менинг трансферимни сотиб олди. Кетар чоғимда “Локомотив”дагилар менга илиқ фикрлар билдиришиб, омад тилашди. Кейинчалик яна қайтишимни хоҳлашди. Биз бир-биримиз билан дўстона равишда хайрлашдик. “Навбаҳор”нинг олдига эса катта мақсадлар қўйилган. Ўзим ҳам мана шундай юқори ўринларга интилишни истаётгандим. Бундан ташқари, менда бошқа вариантлар ҳам бор эди. Шунга қарамай, “Навбаҳор”ни танладим. Қолаверса, бу менинг собиқ жамоам ҳисобланарди. Наманганда футболни қанчалик севишларини барча яхши билади. Менга билдирилган ишончни оқлашга ҳаракат қиламан.

-  “Локомотив”ни бир қатор етакчи ўйинчилар тарк этмоқда. Клубда эса молиявий томондан муаммолар ҳам борлиги ҳақида эшитиб турибмиз. Айтинг-чи, сизнинг у ердан кетишингизга молиявий жиҳат қанчалик таъсир кўрсатди?

-  Тўғрисини айтсам, “Локомотив”да молиявий аҳвол анча яхшиланган. Маблағ борасида муаммолар борлиги тўғрисидаги хабарлар эса қуруқ гап-сўз холос. Албатта, ҳар бир жамоада ойлик маош борасида бироз узилишлар бўлади. Лекин “Локомотив” барибир барча ўйинчилар билан охиригача тўлиқ ҳисоб-китоб қилади. Бу борада “Локо”га ҳеч қандай эътирозим йўқ.

-  Барибир “Локомотив” мавсумни яхши бошлай олмади. Устига-устак, чемпионат аввалида ҳам клубни етакчилар тарк этишганди. Шу кунгача эса темирйўлчилар ўз даражаларида ўйнай олишмаяпти. Клубга нима бўляпти? Бош мураббий эплай олмаяптими ёки бошқа муаммо борми?

-  “Локомотив” олдиндан яхши шаклланган жамоа эди. Бу ерда доим ҳамжиҳатлик бўлиб келган. Бу йил эса клубдан кўплаб ўйинчилар кетишди. Жамшид Искандеров, Ислом Тўхтахўжаев, Остон Ўрунов ва ҳоказо. Натижада жамоа ўзаги йўқолиб қолди. Тўғри, таркибга айрим тажрибали ўйинчилар қайтишди. Аммо уларга ҳам мослашишларига вақт керак бўларди. Айтмоқчиманки, бу жамоага бироз вақт талаб этиляпти. Бунгача жамоа бир қатор ютуқларни қўлга киритди. Уч марта Ўзбекистон чемпиони бўлди ва бундай натижага эришиш ҳар кимга ҳам эмас. Кубок ҳамда Суперкубокни ҳам қўлга киритди. Энди “Локомотив”да янгиланиши учун бироз “пауза” бўляпти, деб ўйлайман. Бу клубнинг келажаги бор. Ҳамиша бундай жамоаларни ҳурмат қилиш керак. “Локомотив” хоҳлаган пайт ўзини кучайтиришга қодир. Фурсатдан фойдаланиб, клубда бирга тўп сурган футболчиларга, раҳбарлар ва мураббийларга раҳмат айтаман. Андрей Фёдоровдан ҳам миннатдорман. Уни қаттиқ ҳурмат қиламан. Бизга кўп нарсаларни ўргатди. “Локомотив”га ҳамиша омад тилайман. Барибир бу клуб юрагимда қолади.

-   Сизни хорижда легионер сифатида ўйнашингизни ҳам кутишаётганди. Қанот ҳимоячисининг четда тўп суриши бироз қийинроқми?

-  Тўғри, мана шу мавзу бўйича агентларим ҳам музокаралар ўтказишди. Қанот ўйинчиларига четдан талаб камроқ бўлади. Агар марказий ҳимоячи ёки ярим ҳимоячи бўлсангиз, унда таклифлар кўпроқ кузатилади. Олдимда хориждан 50х50 вариантлар ҳам йўқ эмасди. Аммо мен 100 фоизлик аниқ таклиф билдирган “Навбаҳор”ни танладим. Бу ерга келишдан аввал олдимга катта мақсад қўйдим. “Навбаҳор”ни Осиё Чемпионлар Лигасига чиқишига ўз ҳиссамни қўшишни истайман ҳамда бу ердаги 1,5 йиллик фаолиятим давомида четдан 100 фоизлик аниқ таклиф бўлишини кутиб қоламан.

-  Сир бўлмаса, хизматингизга хориждан қайси клублар қизиқиш билдирганди?

-  Масалан, Жанубий Кореянинг Кей-2 лигасидан вариантлар бор эди. Лекин бу 100 фоизлик  чақирувлар эмасди. Жиддий таклиф бўлмагани учун мен ҳам жиддий қарамадим. Лекин мен тўғри танловни қабул қилдим. “Навбаҳор”да янада ўсишга эришаман, деб ўйлайман.

-  “Навбаҳор”дан аввал сизни “Қизилқум”га ўтишингиз ҳам кутилаётганди. Чиндан ҳам навоийликлардан таклиф олганмидингиз ёки бу қуруқ гап-сўзмиди?

-  Йўқ, ростдан ҳам “Қизилқум”дан таклиф бор эди. Ҳамиджон ака Актамов менга қўнғироқ қилганди ва биз гаплашгандик. Улар менинг “Локомотив”дан трансферимни сотиб олишга ҳам тайёр туришганди. Кейин эса ўзим Актамовга қўнғироқ қилиб, футболчи сифатида янада ўсмоқчи эканлигимни таъкидлаб, бунинг учун менга “Навбаҳор”дан таклиф тушди, мени тўғри тушунинг, деб вазиятни маълум қилдим. Ҳа, “Қизилқум” пастки ўринда, лекин барча жамоаларни ҳурмат қилиш лозим. Таклиф билдиргани учун навоийликларга ҳам раҳмат. Шунчаки, мен “Навбаҳор”ни танладим.

-  Фикрингизча, Андрей Канчельскиснинг Андрей Фёдоровдан қандай фарқли томонлари бор, деб ўйлайсиз?

-  2018 йили “Навбаҳор”да Канчельскис бошчилигида бешта ўйинда тўп сургандим. Барибир ҳар бир мутахассиснинг ўзига яраша жиҳатлари бўлади. Уларнинг тактикалари турлича. “Навбаҳор”га қайтганимдан кейин бош мураббий билан ҳам суҳбатлашдим. Унинг тактикаси ва қандай ўйин услубини хоҳлаётганини эшитиб чиқдим. Энди Канчельскис айтган схемада ўйнашга ҳаракат қиламан. Кейинги учрашувлардан сўнг бу саволга аниқроқ жавоб беришим мумкин. Фёдоров билан эса икки йил давомида бирга ишладим. 

Вадим Абрамов миллий терма жамоага бош мураббий бўлиб келгач, йиғинлардан ва ўйинлардан четда қоляпсиз. Термага чақирилмаётганингиздан ранжимаяпсизми?

- 2018 йили “Навбаҳор”га келганимда шу клуб орқали миллий терма жамоага қайтаман, деб интервью бергандим. Чиндан ҳам ўшанда “Навбаҳор” орқали термага қайтгандим. Эктор Купернинг ишончига киргандим. Кейин эса Вадим Абрамов бош мураббий бўлди. Уларга кимдир ёқади, кимдир ёқмайди. Бу мураббийнинг қарори ва танловидир. Тўғри, миллий терма жамоадан чақирув олмаётган пайтда футболчига бу ёқимсиз туюлиши мумкин. Айниқса, ҳар сафар терма жамоамиз йиғилган пайтда ҳамда ўйин ўтказаётган чоғида таркибда йўқлигимни кўриб, хафа бўлиб кетаман. Оила аъзоларим бундай пайтда менга кўп сиқилаверманг, ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, деб далда бериб туришади. Мен шунақа тезда кўнглимга олувчанман. “Навбаҳор”да янада ёрқинроқ ўйнашга ва бу орқали терма жамоага муносиб эканлигимни исботлайман. Мен ҳали таслим бўлмадим. Худо хоҳласа, миллий термадан чақирув олишимда наманганлик мухлислар ҳам мени қўллаб-қувватлашади, деган умиддаман.

-  Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, “Навбаҳор” бу йил қайси ўринни қўлга киритишга қодир, деб ўйлайсиз?

-  Биласизми, менга “Навбаҳор”дан таклиф бўлганидан сўнг жамоанинг барча ўйинларини кўриб чиққанман. Таркибдаги футболчилар ҳақида ҳам маълумотларга эгаман. Бу ердаги кўплаб йигитлар билан бирга ўйнаганман. Масалан, “Пахтакор”да Азим Аҳмедов билан бирга тўп сурганмиз. Мирзоҳид Ғофуров, Азиз Турғунбоев ва яна бошқалар билан ҳам ўйнаганман. Шундан келиб чиқиб айтаманки, “Навбаҳор” чемпионлик учун кураша олади. Камида совринли ўринларга кира олади. Ундан пастки поғоналар эса “Навбаҳор”нинг ўрни эмас. Энг асосийси, Ўзбекистон кубогини қўлга киритишдир. Чунки ушбу мусобақанинг финал баҳси Наманганда бўлади.


Манба: sports.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz