Қайднома

Қидирув

Лука Модрич: «Роналдусиз ҳам зафар қучишимизни билардим...»

Лука Модрич: «Роналдусиз ҳам зафар қучишимизни билардим...»

  13.08.2020 04:04
  0
  509
Лука Модрич: «Роналдусиз ҳам зафар қучишимизни билардим...»

«Реал»нинг Испания чемпионати рестартидан кейинги ғолибона юришида ҳал қилувчи роллардан бирини ижро этган хорватиялик ярим ҳимоячи Лука Модрич машаққатли меҳнатдан кейин қисқа муддат ҳақли равишда ватанида ҳордиқ чиқарди. Нега қисқа муддат? Чунки «Қироллик клуби»ни олдинда «Манчестер Сити»га қарши ўйин (ЕЧЛ нимчорак финали жавоб учрашуви) кутиб турганди. Хуллас, Хорватиянинг Sportske Novosti газетаси юзага келган имкониятдан фойдаланиб, Лукани суҳбатга чорлади. Ярим ҳимоячи «Реал» ихтиёрига қайтишидан олдин саволларга қандай жавоб бергани билан қизиқсангиз, марҳамат, қуйидаги интервьюни ўқиб чиқинг.

 

- «Реал» ҳисоб бўйича 34-чемпионлик унвонини қўлга киритди, албатта, сизнинг иштирокингиз билан. Айни пайт ўзингизни қандай ҳис этяпсиз?

- Аъло даражада! Мен учун иккинчи олтин медалнинг шукуҳи шунчалик кучли бўлдики, ҳалигача хурсанд­чиликдан теримга сиғмай кетяпман. «Мадрид» таркибида 16та соврин, жумладан, 4та ЧЛ кубогини ютдим, лекин охирги «олтин» бебаҳодек...

- Балки 8 йил бадалига 2-марта тахтга кўтарилганинглар учун шундайдир?

- Эҳтимол, лекин бошқа сабаблари ҳам йўқ эмас. Аслида жамоамиз янада кўпроқ миллий совринларга лойиқ, аммо доимий равишда ғолибликка эришишнинг иложи йўқ. Ишончим комил, ушбу чемпионлик кейинги мусобақалардаги иштирокимизга ижобий таъсир кўрсатиши аниқ.

- Пандемия туфайли мавсум ғайритабиий тус олди. Умумий таассуротларингиз қандай?

- Менимча, бутун мавсум давомида савияли футбол кўрсатдик. Айниқса, мажбурий танаффусдан ке­йин айнан ўзимиз истаган ўйинни намойиш этишга тушдик: 10та ғалаба ва 1та дуранг. Бундан ташқари, январда Испания суперкубогини ютдик, ЕЧЛда курашни давом эттиряпмиз (мадридликлар «Сити»га қарши жавоб ўйинида ҳам мағлубиятга учраб, турнирдан чиқиб кетишди).

- «Реал»нинг бир неча ойлик танаффусдан кейинги гегемонлиги сизни ажаблантирмадими?

- Очиғи, йўқ: карантин даврида маш­ғулотларни тўхтатмадик. Жамоадошларим билан мунтазам алоқада бўлиб турдим ва уларнинг тинимсиз ишлашганини биламан. Шу ўринда пандемия кутилмаган синов вазифасини ўтаганини таъкидламоқчиман: шахсан биз учун қўшимча мотивация берди. Узоқ танаффусдан кейин жамоавий машғулотларга киришганимизда, янада жипс­лашганимиз яққол сезилди. Шу уюшқоқлик мавсумнинг ҳал қилувчи босқи­чида роса қўл келди.

- Бироқ қаторасига 10та учрашувда зафар қучишни ўйламагандирсиз...

- Тан оламан, ўйламагандим. Бироқ Ла Лига қандайлигини яхши тушунамиз: ўта кучли ва мураккаб турнир. Унда ғалабали серия қайд этиш осон эмас. Қаранг, бу ишни мухлислар кўмагисиз ва захира стадионида уддаладик.

- 695та ўйинда 100та гол урган Серхио Рамоснинг «ака»сисиз...

- Тўппа-тўғри. Укам - феномен футболчи! 8 йил давомида чинакам муносабатлар ўрнатганимиз учун шундай деяпман: оилавий дўстлармиз, дам олишга доимо бирга йўл оламиз. Рамос - улкан қоя. Мана, 34 ёшни уриб қўйганига қарамай, ҳамон дадил, рақобатбардошликни ҳам йўқотгани йўқ. Хуллас, у жамоанинг чин етакчиси ва дунёдаги энг яхши ҳимоячидир.

- Мавсум мобайнида айнан ким сизни кўпроқ ҳайрон қолдирди?

- Қайсидир жамоадошимни алоҳида тилга олишни истамайман. Ҳозирги «Реал»нинг асосий қудрати - жамоавий ҳамжиҳатлик! Муваффақиятга ҳар бир футболчи ўз имконияти даражасида ҳисса қўшди. Ҳаттоки, Винисиус, Родриго каби ёш иқтидорлар ҳам...

- Эден Азардан анча кўп нарса кутилганди, аммо кўринишидан, унга жароҳатлар халал берди.

- Гап номи катта ҳарфлар билан ёзиладиган ўйинчи ҳақида кетяпти. Унинг «Челси»даги ўйинларини ҳам мароқ билан кузатардим. Дарҳақиқат, сафимизга қўшилганидан кейин саломатлиги бироз панд берди. Лекин маҳорати, иштиёқи шубҳадан холи. Янги муҳитга мослашиш жараё­ни осон эмаслигини ўз тажрибамдан биламан. Эден ҳали сабр-тоқат билан изланиши лозим. «Сити»га қарши ўйинга тайёр бўлса, жамоага катта ёрдам бериши мумкин. Асосийси, янги мавсумни 100 фоиз соғлом ҳолда бошласа, бас.

- Ниҳоят, Карим Бензема ҳам барчанинг эҳтиромига эришди.

- Карим учун жуда хурсандман - бизга маълум маҳоратини ниҳоят, мухлисларга ҳам намойиш этди.

- Балки бунга унинг Роналду соясидан чиққани сабабдир...

- Криштианунинг муҳим ўрни хусусида гапиришдан маъно йўқ. Аммо шуни тан олиш керак, унинг йўқлигида ҳам жамоанинг иззатталаблиги камаймади. Шахсан мен Роналдусиз ҳам юксак натижаларга эришишимизга шубҳаланмагандим. Жамоа ҳар доим энг буюк футболчидан ҳам устун тургани - айни ҳақиқат.

- Вальверде, Винисиус, Родриго... Ёшлар ҳамлага шайланишмоқда.

- Жуда тўғри, ҳиссиёт, навқиронлик, жисмоний қудрат ва шижоатнинг янги тўлқини бутун жамоага қайтадан жон бағишлади. Клуб ва бош мураббий бу масалада ақл билан иш тутди. Бош мураббий шунинг баробарида тажрибали футболчиларга ҳам қўшимча мотивация бериб, ўйин суръати ошишини таъминлади. Мана, натижани кўриб турибмиз.

- Олға ташланган қадамнинг бош ижодкори - Зайниддин Зидан. Бу фикрга қўшиласизми?

- Шак-шубҳасиз! Зидан ўзининг ноёб иқтидорини нафақат фантастик футбол, балки ажойиб инсон сифати билан ҳам исботлади. Биринчидан, у жамоа ичида ва атрофида аъло муҳит яратди. Сизга айтсам, Зидан қандайдир хотиржамлиги билан футболчиларни ўзига яқинлаштиради. Футболда ўйин амалиёти камлигидан нолийдиган футболчилар доимо топилади. Мураббий ҳаттоки, шундай норози кайфиятдаги шогирдларини ҳам жамоанинг бир бўлаги эканликларига ишонтиради. Натижада таркибда «тиррақи бузоқлар» қолмади.

- Аввал ишлаган ва қайтган Зидан ўртасидаги тафовут нимада сезилди?

- Бир қарашда, фарқ йўқ - Зидан ҳар икки ҳолатда ўта садоқатли шахс ва ўйинчиларни мукаммал тушунадиган мураббий сифатида гавдаланди. Қисқаси, у буюк футболчи эди ва шогирдларига қачон нима дейиш ва қандай муносабатда бўлишни яхши билади. Жамоа тараққиёти ҳақида гапиряпмизми, тактика бобидами ёки мураббийга тегишли қарорлар хусусида - бунинг фарқи йўқ. Вазиятни ўзгартириш талаб этилган паллада эътиборни тортолмаган инқироз сонияларига ҳам гувоҳ бўлганмиз - руҳан кучли инсонларда бундай ҳолатлар учраб туради. Назаримда, Зидан «Реал»даги иккинчи фаолиятида барча жабҳаларда янада мукаммаллашгандек: машғулотлар ва тактик тайёргарликка қандайдир янгиликларни жорий этиш асносида илгари уддалолмаган ижобий силжишни амалга оширди. Бунда аввало, ҳимоявий ўйин­га боғлиқ ўсишни назарда тутяпман. Ҳимоя кучайгани айниқса, танаффусдан кейинги 11та учрашувда яққол билинди.

- Шунга қарамай, ҳозир ҳам Зиданни танқид қилаётганлар бор.

- Футболда кўп нарса кўрдим, эшитдим. Шу боис ҳам, бундай юзаки гап-сўзларга эътибор қаратмайман: мураббий ўз малакасини совринлар билан тасдиқлаб турганида, танқидлар кулгули туюлади. Зидан - «Реал» тарихидаги энг сара мураббийларнинг бири. Қолаверса, у ўта кескин рақобат шароитида иш олиб бормоқда. Фикримча, Зизу дунёнинг энг яхши мураббийи мақомига бемалол даъвогарлик қилади.

- Айтингчи, шахсан сиз Зиданнинг ўйин амалиёти тақсимоти борасидаги қароридан бирор марта норози бўлганмисиз?

- Мени яқиндан танийдиганлар ўйин­нинг бошидан охиригача майдонда ҳаракатланишни хуш кўришимни яхши биладилар. Машғулотлар, ўртоқлик учрашуви ёки расмий беллашув - бунинг аҳамиёти йўқ. Табиийки, «Реал»дек жамоада бунинг иложи йўқ. Зидан эса шогирдларидан ротацияни тўғри қабул қилишларини сўрайди, ҳар бир футболчининг иштироки муайян дозадан ошмаслигини таъкидлайди. Одатда мусобақалар бошлангач, жамоанинг ҳар 3 кунда майдонга тушишига тўғри келади. Демак, кучни тежаш ва ақл билан тақсимлаш ҳам муҳим. Тўғри, олдин бундай ҳисоб-китобларга тоқат қилолмасдим. Лекин ҳозир барчасига бошқача қарайман.

- Ўтган йилнинг кузида Хорватия терма жамоаси ихтиёрида жароҳатланганингиздан клубдошларингиз, жумладан, Вальверде унумли фойдаланган, Зидан эса «Атлетико», «ПСЖ» ва «Барселона»га қарши баҳс­ларда сизга бошланғич таркибдан жой бермаганди. Ўшанда «Мадрид»даги ўрнингиз дахлсизлиги тугаётгандек туюлганди...

- Биринчидан, ушбу мавсум мен учун омадсиз бошланди - илк учрашувда ортимдан келаётган «Сельта» футболчиси оёғини тасодифан босиб олиб, 56-дақиқада фаолиятим давомида илк марта қизил карточка олдим. Оқибатда кейинги учрашувни ўтказиб юбордим, «Вильярреал»га қарши баҳс бошида эса захира ўриндиғида қолдим. Кейин миллий жамоа таркибида Озарбайжон термасига қарши беллашувда жароҳатга йўлиқиб, яна 3та ўйин томошабинига айландим. Тузалганимдан сўнг мураббий таваккал қилишни хоҳламадими,  «Атлетико» ва «Гранада» билан бўлган ўйинларда ҳам бошланғич таркибга киритмади.

- Муҳими, «Гранада»га қарши учрашувнинг 34-дақиқасида жароҳатланган Тони Кроос ўрнини эгаллаб, фаолиятингиздаги энг ширали голлардан бирини урдингиз.

- Ҳа, ўша пайт шундай ижобий турт­кига муҳтож эдим: зарба шунчалик кучли чиқдики, дарвоза тўрини дабдала қилишига «бир баҳя» қолди. Шундан кейин омадсизлик ортда қолгандек эди. Бироқ афсуски, Хорватия - Уэльс учрашувида яна шикастландим.

- Декабрга кўчирилган «Эль-класико»да ҳам захира ўриндиғидан жой олдингиз...

- Бош мураббий шундай қарорга келди - бу унинг хоҳиши. Қулоқ солинг, Зидан билан илк танишувимиз­дан буён самимий муносабатдамиз, у ўша пайт  Анчелоттининг ёрдамчиси эди. 2016 йили бош мураббийга айлангач, ўзимга нисбатан ишончнинг ортиши ва самарали тўп суришимга сабабчи бўлди. Эсимда, ўзаро мулоқотларнинг бирида Зидан менинг «Олтин тўп»га муносиблигимни айтганди. Натижада янада кучлироқ ишонч билан ўйнай бошладим.

- Мураббий ҳақ бўлиб чиқди - кейинчалик нуфузли соврин соҳибига айландингиз. Аммо қишда ўйи­нингиз ҳам, мураббий билан муносабатингиз ҳам қовушмай қолди. Бу ОАВ фикри.

- Жароҳатлар ва мусобақалардаги беқарор маром матбуотда шундай муҳитни юзага келтирди. Аслида мураббий билан доимо яқин алоқада бўлганман. Машғулотларда кўп ишлаганим боис, ўйинларда ҳам имкониятдан яхши фойдаланганман. Кейин камтарликни бир четга суриб, мураббийнинг бу борадаги фикрини сўрадим. Футболчи учун энг муҳими - раҳбарнинг баҳоси.

- Фаолиятингизни Мадридда якунлаш ҳақида кўп гапиргансиз...

- Ким буни истамайди? Бироқ клубнинг позицияси қандай - буниси номаълум. «Мадрид» - жонажон уйим. Лекин клуб учун нима фойдали эканлигини раҳбарият ҳал қилади. 35 ёшгача тўп суриш камдан-кам ярим ҳимоячиларга насиб этади. Агар клуб талабларга жавоб бера олишимга ишонса, бунга тайёрман.

- Шартномангиз муддати тугашига 1 йилдан озроқ қолди.

- Ҳозирча аниғи шуки, 2021 йилнинг июнига қадар «Реал»да ўйнайман.

- Кейинчи?

- Бу ёшда келажак ҳақида кўп ўйлаш яхши эмас (кулади), ишнинг юришига қараб, олға интилавераман. Фаолиятим энди бошланмаганини  яхши биламан. Лекин оёқларимда бир неча йилга етадиган қувват бор, менимча. Бордию, талаб даражасида ўйнолмаслигимни сезсам, дарҳол кетишга рухсат сўрайман.

- Айрим хабарларга кўра, клуб раҳбарияти билан келажагингиз хусусида гаплашишга улгурган экансиз.

- Йўқ. Флорентино Перес ва Хосе Анхель Санчес билан самимий муносабатдаман, лекин бу масалада шошилиш ярамайди. Вақти келиб, барчасига ойдинлик киритамиз, албатта. Ҳозир эса энг муҳими - бор эътиборни «Реал», ундан кейин Европа чемпионатига қаратиш.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz