Қайднома

Қидирув

ЕЧЛ: «Аталанта» «ПСЖ»га қарши. Имкониятлар қандай?

ЕЧЛ: «Аталанта» «ПСЖ»га қарши. Имкониятлар қандай?

  12.08.2020 22:50
  0
  162
ЕЧЛ: «Аталанта» «ПСЖ»га қарши. Имкониятлар қандай?

Кўҳна қитъанинг энг нуфузли мусобақаси — Европа Чемпионлар лигаси ўзининг энг муҳим ва ҳал қилувчи паллаларига етиб келмоқда. Бугундан бошлаб чорак финал баҳсларига старт берилади ҳамда яқин икки кун мобайнида ярим финал йўлланмасига эга чиққан 4 та клуб номи маълум бўлади. Жуфтликлар анчайин қизиқ. Айниқса, қолганларига нисбатан фаворит нисбатан номаълум бўлган «Аталанта» ва «ПСЖ» қарама-қаршилиги кўпчиликнинг диққат марказида.

Ўзи умуман номлар жиҳатидан ҳам эътибор қаратсак, клубларнинг молиявий аҳволи хусусида сўз борса, тан олиш керак бу ерда парижликлар яққол устунликка эгалар. Агар жамоанинг бир йиллик ялпи бюджети ҳисоблаб чиқилса, 635 миллион евро атрофидаги сумма келиб чиқади. «Аталанта»нинг эса бу борада унчалик ҳам мақтарли томони йўқ. Клубнинг мана шу камтарингина аҳволи билан ҳам ушбу босқичгача етиб келиши аслида катта натижа ҳисобланади. Лекин «Аталанта»нинг бу билангина чекланиб қолмоқчимаслигини ўйинларидан пайқаш қийин эмас. Клубларнинг айни пайтгача ушлаб турган балансидан келиб чиқиб ушбу жуфтликда фаворит йўқдек туюлиши мумкин. Лекин уларга юкланаётган босим ўртасида фарқ яққол сезилиб туради. Яъни қандай босим-раҳбарият ва мухлислар томонидан қўйилаётган босим.

2011 йилда парижликлар хўжайини сифатида Қатар инвесторлари иш бошлагач, клуб яқин 8-9 йил ичида супер даражада ўсишга эришди. Энг аввало, Францияда мутлақ гегемонга айланиб олди. Мана ўша йиллардан буён ички дивизионда деярли чемпион бўлиб келади. Лекин сармоядорларнинг бош мақсади Франция кубоклари эмас. Улар УЭФАда ғолиб бўлишни кўзлашган. Бироқ яқин йиллар ичида турли омадсизликлар ва мавжуд тажрибасизлик оқибатида бу натижа амалга ошмай келмоқда. Ҳатто, жамоа бирор марта ҳам кучли тўртталикка кира олмаган ва айнан ушбу ўйин орқали бунга эришиш мумкинлиги тўғрисида жуда кўп гапирилмоқда. Асосий босим ҳам шунда. Демак, қўшимча юк билан ўйнайдиган жамоа хатоларидан рақиб максимал фойдаланиб кетиши ҳам мумкин. «Аталанта»да эса босим нисбатан камроқ. Улар мусобақада иштирокини давом эттираётган ягона итальян клуби бўлиб туришибди. Дебютант сифатида бу босқичгача келиб шахсий рекорд ўрнатишди, кейинги йил ҳам ЕЧЛда иштирок этишади. Ўз даражасидан келиб чиқиб, шунингдек, молиявий база ва мураббий нуқтаи назаридан келиб чиққан ҳолда бергамоликлар бу мавсумни максимал даражада якунлаб бўлишди аслида. Мана шу факторлар эвазига ҳам уларда мотивация бироз камдек кўринади. Бинобарин, босим остида ўйнайдиган Тухел шогирдлари масъулиятни кўпроқ ҳис қила олмасалар, қўпол хатоларга йўл қўйсалар жиддий қаршиликка учрашлари аниқ.

Жамоалар қандай формада?

«ПСЖ» бу баҳсга мамлакатнинг учта ички кубокларини қўлга киритган ҳолда келишади. Улар "Лига 1" чемпионлигидан кейин Франция кубоги ва Лига кубогини ютишди. Кайфият яхши бўлиши табиий, мухлислар қаршисида бир нечта ўртоқлик ўйинларини ҳам ўтказишди. Лекин, бўш стадионда ўтадиган битталик учрашувда бу қанчалик ёрдам бера олиши номаълум. Ўйин амалиётига тўхталадиган бўлсак, бу борада Тухел шогирдларининг рақибларига нисбатан имкониятлари пастроқ(биласиз, Франция биринчи дивизиони рестарт олмаган).

«Аталанта»да эса бу борада муаммолар йўқ. Улар яқин ҳафталаргача керак бўлса чемпионлик учун курашишди десак ҳам бўлади. Айнан мана шу прогнозларнинг бугунги баҳсда сезиларли тус олиши ва муҳим аҳамият касб этишини унутмаслик керак.

«Аталанта» иштирокидаги ўйинларга тўхталар эканмиз, ҳар бир рақибга ишланган доимий тактик ёндашувни алоҳида таъкидлаш жоиз. Бир қарашда оддий кўринган ва асосан бир хил ўн битталикдан иборат бу таркиб мураккаб жойлашувга эга. Айнан мана шу ички ротациялар эвазига ҳам Гасперини ички чемпионатда қандай натижаларга эришганини барчамиз кўрдик. «Аталанта»ни бу баҳсда имкониятларини ошириб берувчи асосий омиллардан бири ҳам айнан шу — жамоанинг қизиқарли тактик ўйини. Бергамоликлар прессингни хуш кўрадилар. Айнан шунинг эвазига катта клублар бир неча бор таслим этилганининг гувоҳи бўлдик. Ўйин қурилиши 3-4-2-1 схемасига амал қилади, яъни ҳужумкор. «Аталанта» шундай жамоаки, ундан яхлит битта ҳужумчининг ажралиб чиқиши қийин. Ярим ҳимоя ва ҳимоядагилар ҳам кези келганда бирдек олдинга ўтишади ва дарвозага асосий тўпларни йўллашади. Бу борада Луис Муриел, Дуван Сапата, Ёсип Иличич ва Марио Пашаличлар деярли бир хил кўрсаткичга эга экани фикримизнинг исботи. Булардан ташқари қолган футболчиларда ҳам гол уриш имконияти анча юқори ҳисобланади. Ички чемпионатда жамоа умумий 98 маротаба сермаҳсуллик намойиш этган ва бу Европада учинчи натижа саналади. Лекин қанчалик кўп рақиблар дарвозасини ишғол этишмасин, италияликлар шунчалик кўп гол ҳам ўтказиб юборишлари бор гап. Бу ҳолат жамоанинг ҳимояси заифлигидан эмас, балки ҳужум типига асосланган жанговар ўйин оқибатида юзага келади. Натижада, футболчилар майдонда ҳаддан ташқари кўп энергия йўқотишади ва турган гапки захира ўриндиғига бўлган талаб ҳам ошади. Шу билан бирга «Аталанта» захирасини мақтарли ҳолатда деб айтиб бўлмайди. Айниқса, бу мана шундай катта турнирларда яққол кўзга ташланиб қолади. Оддий мисол, "А Серия"да мавсумнинг сўнгги турларида бу ҳолат клубга анчайин минусга ишлаганини кўрдик. Кучсиз захира оқибатида асосий таркиб ўйинчилари мавсум якунланиб боргани сари толиқиб боришмоқда ва жароҳатлар ҳам сезиларли ошгани бор гап. Бугунги баҳсда йўқотишлар мавжуд. Клубнинг асосий тўпурари Ёсип Иличич турли хил сабабларга кўра баҳсни ўтказиб юборади. Лекин бу борада парижликлар ҳам тўкис ҳолатда эмаслар. Клуб бугун Анхел Димария ва Марко Вератти сингари кучлар кўмагидан фойдалана олмайди. Бунинг устига жамоа етакчиси ва тўпурари Кйлиан Мбаппенинг майдонга тушиши сўроқ остида. Аммо, шундай бўлса-да, «ПСЖ» таркиб борасида асосий фаворит ҳисобланмоқда. Юқорида санаб ўтилган омиллар сал бўлса ҳам французларга тарозининг тошини босиб бериши мумкин. Бунинг учун эса айёрона қарши ҳужумлар уюштирилиб, Руслан Малиновски томонидан бериладиган кучли зарбалар бартараф этилса, ҳамда Рафаэл Толои бошлиқ ҳимоя қўрғони ёриб ўтилса бўлгани. Лекин бунинг осон бўлмаслиги аниқ. Томас Тухелнинг ўзи ҳам буларни яхшигина англаб турган бўлса ажаб эмас. Нима бўлган тақдирда ҳам голларга бой ўйин бизни кутиб тургани аниқ.

Интервьюлар.

Жан Пиеро Гасперини:

«Ўйинда қандай натижа бўлишидан қатъи назар биз мағлубиятга учралган ҳисобланмаймиз. Ёки ютамиз ёки керакли хулоса чиқариб оламиз. Муҳими кейинги босқичларга тажриба йиғяпмиз. Рақибнинг кучли таркибини ҳурмат қиламан. Лекин биз Бергамо шарафини ҳимоя қиламиз».

Томас Тухел:

«Аталанта» махсус шакллантирилган жамоа. Уларга қарши ўйнаш жуда қийин кечади. Жисмоний ҳолатдан уларда камчилик йўқ ва ноодатий услубга эга. Қарши ҳужумга бутун жамоа бўлиб ўтишади ҳамда бутун майдон бўйлаб босим уюштиришади. Бугун бизга қийин бўлиши кутиляпти".

Эслатиб ўтамиз, учрашув бугун Тошкент вақти билан 00:00 да старт олади.

ЕЧЛ, 1/4 финал

 

15.08 - 24:00

Манчестер Сити (Англия) - Лион (Франция)

1

14.08 - 24:00

Барселона (Испания) - Бавария (Германия)

2

13.08 - 24:00

Лейпциг (Германия) - Атлетико (Испания)

3

12.08 - 24:00

Аталанта (Италия) - ПСЖ (Франция)

 

Юсуфбек Сайдалиев 


Манба: xs.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz